катта жиноятга йўл очмасин
«Қаерда адашдим, ҳайронман. Кеча ўғлимни етаклаб келган ўқитувчиси унинг тенгқурлари билан тез-тез ёқалашадиган одат чиқарганини айтганда, ичимдан нимадир узилгандай бўлди. Ҳатто, бир синфдошига жароҳат ҳам етказибди. Балки бунга фарзандимни отасиз ўстирганим сабаб бўлаётгандир...»
Таҳририятимизга Наманган вилояти Чортоқ туманидан қўнғироқ қилган Зарнигор опани қийнаётган бу изтироб фақатгина ўша оиланинг муаммоси эмас. Унинг таъсири жамият ҳаётида ўз аксини топиши, шубҳасиз. Шундай экан, ҳатто битта бўлса ҳам ҳуқуқбузарликни аҳамиятсиз қолдириб бўлмайди. Йўқса, у худди чирмовиқ каби бошқа ёшларни ҳам ўз домига тортиб кетиши ҳеч гап эмас. Хўш, бунинг олдини олишда кўпроқ нималарга эътибор қаратишимиз лозим? Тарбиянинг қайси усуллари болани бузғунчи эмас, яратувчанлик ғояси билан ҳаёт кечиришга ўргатади? Бу саволларга жавоб қидирганда, бевосита боланинг руҳий кечинмаларини ҳам инобатга олмай илож йўқ. Айниқса, ўсмирлик даврида у билан тўғри муомала қилиш, каттага ҳурмат кичикка иззат кўрсатишига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.
— Инсон онгини улкан муз қоясига қиёслаш мумкин, — дейди Наманган муҳандислик қурилиш институти ўқитувчиси Феруза МАЪМУРОВА. — Унинг кичик қисми кўриниб турса, қолган катта бўлаги сув остида яширин бўлади. Онг ости ҳам худди шундай, ўзини яққол намоён қилмаслиги мумкин, аммо аста-секин юзага чиқиб бораверади.
Умид билан фарзанд ўстираётган ота-она унинг онг остига ижобий таъсир кўрсатиш учун ўрнак бўлиши, кўпроқ суҳбатлашиши, турли ривоятлар айтиб бериши яхши самара кўрсатади. Бунинг барчаси унинг келажакдаги хатти-ҳаракатларида ўз ифодасини топади.
Айниқса, ўсмирлик даврида боланинг бўш вақтини фойдали ишларга сарфлаш керак. Уни айнан ўзи қизиққан ва иқтидори юқори бўлган соҳага йўналтириш келажакдаги аниқ мақсад сари етаклайди.
Айтайлик, ота-она фарзандининг ноўрин ишидан хабар топди. Энди улар болани жазолаш, койиш билан тўғри йўлга солмоқчи бўлади. Бу усул эса ҳамиша ҳам яхши натижа кўрсатмаслиги мумкин. Ҳаммаси боланинг характер хусусиятлари билан боғлиқ. Шундай вақтда психологга мурожаат қилиб, унинг кўмагига таяниш энг тўғри йўл. У болани характеридан келиб чиққан ҳолда, қийнаётган муаммоларини ўрганади, бартараф этиш учун тўғри тавсиялар бера олади.
Вояга етмаганлар жиноятчилигининг юзага келишида муҳит катта ўрин тутишини ҳеч қачон ёддан чиқармаслик зарур.
— Ота-онанинг фарзандига эътиборсизлиги, ўзаро мулоқотнинг йўқлиги кўпгина ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлиб қолмоқда, — дейди Яккасарой тумани ИИБ ҲПБ катта инспектори, подполковник Нилуфар МУИНОВА. — Айрим ота-оналар асосий эътиборни болани моддий таъминотига қаратади. Фарзандининг қизиқишларига, онг-тафаккурига бефарқ. Қолаверса, унинг атрофидаги дўстлари, ким билан мулоқот қилаётганига эътибор беришмайди. Оқибатда кичик, ҳатто, 10-12 ёшли болаларнинг ўғрилик қилиши, 16-17 ёшда фирибгарлик, 17-18 ёшда эса янада оғирроқ жиноятларга қўл уриш ҳолатлари учраб турибди. Жиноят йўлига кирган боланинг қайта бу кўчага кирмаслигининг олдини олишда, аввало, ота-оналарнинг масъулиятини оширишга ҳаракат қиляпмиз. Қолаверса, маҳалла мутасаддилари билан ҳамкорликда хонадонма-хонадон юриб, жиноятга мойиллиги бор ёшлар билан алоҳида суҳбатлар ташкиллаштирилмоқда. Амалиётда ўз натижасини кўрсатаётган шу каби усулларни кенгроқ татбиқ қилиш зарур.
Ҳа, ёшларимиз бугунги кунда ўз йўлини йўқотиб қўймаслиги, тўғри йўналишни топиб олишида ота-она билан бирга жамиятнинг ҳар бир фуқароси масъул. Юрт ривожи ва мамлакат тараққиётини ўйлаган виждонли инсон бу масалага бефарқ қараб турмаслигига ишонамиз.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА
«Оила даврасида» мухбири
Экопартия депутати – таълим ҳомийси
🕔14:56, 09.10.2025
✔34
Яқинда умуммиллий байрам – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Ўзбекистон Экологик партиясидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зайниддин Салямов «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Қандай хизматлари учун дейсизми? Бир сўз билан айтганда, кўплаб ўқитувчию ўқувчилар меҳрини қозониш, келажак авлод учун мудом қайғуриш орқали сазовор бўлди бу эътирофга.
Батафсил
Атроф-муҳит муҳофазасига оид қонун лойиҳалари муҳокамалар марказида
🕔09:15, 26.09.2025
✔77
Парламент Қонунчилик палатасининг кечаги мажлиси ҳам қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Депутатлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим долзарб масалаларни муҳокама қилар экан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари қатъий позициясини намоён этишди.
Батафсил
Устозларга эҳтиром кўрсатиш – стратегик тараққиёт гарови
🕔16:10, 18.09.2025
✔96
Ҳар қандай соҳанинг ислоҳи, ривожи ва тараққиёти етарли билим, малака ва кўникмага эга мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари билан амалга оширилади. Мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи билимдон мутахассислар эса, шубҳасизки, устоз ва мураббийлар фаолиятининг самарасидир.
Батафсил