Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

АБИТУРИЕНТЛАРНИНГ ЎҚИШГА КИРИШ  ИМКОНИЯТИ ҚАНЧА?

Омад муҳимми ёки билим?

АБИТУРИЕНТЛАРНИНГ ЎҚИШГА КИРИШ  ИМКОНИЯТИ ҚАНЧА?

МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб бизнинг юртимизда олий таълим муассасаларига қабул тест синовлари асосида амалга оширила бошлади. Бундай тизим ёшлар билими, қобилияти ҳамда лаёқатини аниқлашнинг холис, ҳаққоний, ишончли ва тезкор усули эканини вақтнинг ўзи исботлади.

Йилдан-йилга олий маълумотга эга бўлишни истаган ёшлар сафи ортиб боряпти. Улар олдида турган дастлабки вазифа — истаги, қизиқиши, истеъдоди ва иқтидоридан келиб чиқиб йўналиш танлаш. Тўғри танлов — бу,  аввало, ўз имкониятларига муносиб баҳо бериш.

Шу ўринда абитуриентлар бу вазифани қай даражада бажаряпти, бунда уларга ота-она, маслаҳатчи тавсиялари ёрдам беряптими? Жорий йилда мамлакатимиз олий ўқув юртларига қайси соҳалар бўйича кўпроқ ҳужжат топширилмоқда? Абитуриентлар ўзларининг ўқишга кириш имкониятини қандай баҳоламоқда? Қабул жараёнида ҳужжат топшираётган абитуриентлар ва уларга ҳамроҳ ота-оналарнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.

Музаффарбек МИРЗАБЕКОВ, Тошкент шаҳри:

— Қизим Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетининг хорижий филология йўналишига ҳужжат топширди. Лицейда инглиз тилини ўрганиб, фанлардан тайёргарлик кўрди. Энди университетда испан ва француз тилларини ҳам ўрганмоқчи. У ёшлигидан тил ўрганишга, таржимонликка қизиқади. Ўзи хоҳлаган, қизиққан соҳани танлади ва мен буни албатта қўллаб-қувватлайман, келажакда яхши мутахассис бўлишини хоҳлайман.

Ҳилола ЎНҒОРОВА, абитуриент, Тошкент вилояти:

— Ўтган йили ўқишга киролмадим. Бу вақт давомида ўқув курсида фанлардан тайёрланиб, бу йил Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг тарих йўналишига ҳужжат топширдим. Ота-онам ўқитувчи, уларга ҳавас қилиб, шу касбга меҳр қўйганман. Мен ҳам келажакда ўқувчиларга билим беришни ният қилганман. Мактабда фанлар ичида тарихни кўпроқ яхши кўрардим. Катта бобом тарихчи бўлган. Кўп тарихий ривоят, ҳикоятлар айтиб берарди. Бу фанга муҳаббат болалигимдан уйғонган. Бу йил билимимга таяниб, давлат гранти асосида ўқишга киришни ният қилганман.

Касб танлашда ҳар бир йигит-қизнинг ўзидан ташаббус чиқса, бу бутун бир жамиятнинг ютуғи бўлади. Сабаби бу ёшларнинг олдига қўйган ўз мақсади борлигини билдиради.

Қабул жараёнида ҳеч бир фандан тайёргарлиги йўқлиги учун айрим йигит-қизлар қайси йўналишга ҳужжат топширишни билмаётганига гувоҳ бўляпмиз. Афсуски, абитуриентлар орасида шунчаки, омадини синаб кўришни истаганлар ҳам бор.

— Ҳозир оддий мактаб дарслигини яхши ўзлаштирмасдан туриб, олий таълим муассасасига ҳужжат топшираётганлар ҳам бор, — дейди Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети муҳандислик тизимлари йўналиши маслаҳатчиси Алижон АБДУРАҲМОНОВ. — Улардан тайёргарлиги бўлмай туриб, бу йўналишни танлаганининг сабабини сўрасак: «таваккал қилиб кўрмоқчиман», деб жавоб беришади. Уларга яхшироқ тайёргарлик кўриб, кейин ҳужжат топширишни ёки бошқа йўналиш танлашни маслаҳат берамиз. Айрим ота-оналар қулоқ солмай, ўз билганидан қолмайди.

Ҳозирдан юзаки қарор қабул қилиш келгусида бирор касбнинг мутахассиси бўлганда ҳам ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмайди.

Абитуриентлар сони бу йил ўрта таълимни тамомлаганлар ва бир неча йилдан бери ўқишга киролмаётганлар билан қўшилиб кўпчиликни ташкил қиляпти. Ўтган йили олий ўқув юртларига 605 минг 845 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Олдинги йилларга қиёсланганда абитуриентлар сони йилига ўртача 10-15 фоиз ўсиб боряпти.

Фаррух АБДУЛЛАЕВ, абитуриент, Тошкент шаҳри:

— Коллежни тамомлаганимга икки йил бўлди. Ҳар йили университетга ҳужжат топшираман, лекин ўқишга киролмайман. Бу йил Тошкент давлат техника университетининг технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш йўналишига ҳужжат топширдим. Очиғи, фанлардан тайёргарлик кўрмаганман. Коллежда ўзим таҳсил олган йўналишга яқин бўлгани учун шуни танладим.

Дилдора ҚУРДОШЕВА, абитуриент, Фарғона вилояти:

— Ўзбекистон миллий университетининг психология йўналишига ҳужжат топширдим. Бу университетни танлашимга сабаб, ўйлаб кўрсам, ҳозирги яшаш жойимга яқин, қатнаш учун қулай экан. Яна, танишларим ҳам: ўқиш осон, деб шу ерни тавсия қилишди. Психология йўналишида биология, тарих, она тили фанларидан имтиҳон топширилар экан. Фақат биология фанидан ўқув марказида тайёрланганман. Шундай бўлса-да, таваккал қилиб, омадимни синаб кўрмоқчиман.

Қаерда ишлаш ҳақида ҳали ўйлаб кўрганим йўқ. Олдин ўқишга кириб олай, қолгани бир гап бўлар.

Мақсадли кадрлар тайёрлаш учун абитуриентларни саралай олиш муҳим. Эҳтимол, абитуриентларнинг билим даражасини аниқлаш учун бир неча босқичдан иборат синов усулларидан кўпроқ фойдаланиш керакдир. Натижада имтиҳонгача билимлилар сараланади. Тайёргарлик даражаси паст бўлганлар эса, яхшироқ тайёрланиши учун яна бир имкониятга эга бўлади.

Аниқ фанларга оид саволлар жавобини аниқлаш кўпроқ вақт талаб қилади. Масалан, тарих, биология, чет тили, она тили ва адабиёт каби фанлардан тест имтиҳони топшираётганда битта саволнинг жавобини топиш учун ярим ёки бир дақиқа етарли бўлади. Математика, физикада эса, битта мисол ёки масалани ечиб, жавобини топишга ўн дақиқагача вақт сарфланиши мумкин. Шуни ҳисобга олсак, қабул комиссияси мутасаддиларининг аниқ фанлар йўналишидаги имтиҳон вақтини узайтириш керак, деган таклифи жўяли, албатта. Балки мутасаддилар келгусида тажрибали ўқитувчиларнинг бундай таклифини ҳам бир ўйлаб кўришар?..  

Бундан кўзланган мақсад имтиҳон жараёнида абитуриентлар учун қулай шароит яратиш. Улардан фақат белгиланган вақт давомида ўзининг талаба деган номга муносиб эканини исботлаш талаб этилади, холос.

Олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиниш учун хоҳиш-истак, қизиқиш, омад ҳамда эҳтиёжларнинг мослиги камлик қилади, албатта. Бунда билим ва аниқ белгиланган мақсад ҳам зарур.

Бу йил республикамиздаги 13 та олий таълим муассасасида 18 та янги таълим йўналиши очилди. Демак, имкониятлар ҳам кенгайди. Аввало, дастлабки қадамни тўғри ташлаш, яъни йўналиш танлашда адашмаслик муҳим. Кейин энг билимли ва омадли йигит-қизлар «абитуриент» номини «талаба» мақомига ўзгартиришига асло шубҳа йўқ.

Шаҳноза РАЖАБОВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔6

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔124

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар