Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

ЖИНОЯТ ИЛДИЗИГА БОЛТА УРИЛСА

жамият ҳам хавфдан холи бўлади

Экилган ниҳол барқ уриб ўсиши, катта дарахтга айланиши учун унинг илдизлари мустаҳкам бўлиши керак. Шундагина ернинг қувватини бутун танасига етказиб бера олади. Бу табиатнинг ўсимлигу инсоният тақдирига тааллуқли азалий қонунияти.

ЖИНОЯТ ИЛДИЗИГА БОЛТА УРИЛСА

Аммо илдизнинг чуқурлашиб бориши ҳамиша ҳам ҳаётимизда ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмаслиги мумкин. Баъзан у салбий иллатларнинг янада авж олишига замин яратади. Шундай иллатлардан бири жиноятчиликдир. Унинг инсонлар ва жамиятга келтирадиган хавфининг олдини олиш учун эса, оила ва маҳаллада илдиз отишига йўл қўймаслик лозим.

Каттага ҳурмат, кичикка иззат билан муносабатда бўлиш умуминсоний қадриятдир. Унинг замирида ҳар кимнинг ўз ёши ва ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб, жамиятда муносиб ўринни эгаллаши зарурлиги ётади…

Неча минг йиллардан буён эскирмай, қадр топаётган бу қадриятнинг ноўрин бузилиши эса кейинчалик афсус ва надоматларга сабаб бўлиши яна бир карра ўз исботини топди. Бир неча йиллардан буён девор-дармиён бўлиб истиқомат қилаётган қўшнилар мусиқа овозининг баландлиги, телевизор товушини пасайтириш важидан тортишиб қолишди. Оқибатда йигирма икки яшар йигит отаси тенги қўшнисига мушт туширди. Унинг зарби эса қирқ иккидан ошган қўшнисининг жағини синдирди. Бу эса навқирон ёшдаги йигитнинг устидан жиноий иш очилишига сабаб бўлди.

Сергели туман политехника касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган жиноят иши муҳокамасидан айни шу масала ҳам ўрин олди. Сўз олган жабрланувчи ҳам, жавобгар ҳам бўлиб ўтган воқеада баробар айбдор экани, арзимаган вазиятга дўстона ечим топиш мумкинлигини кеч тушунганини афсус билан таъкидлашди.

Бугунги тинч ва фаровон турмушимизнинг қадрига етиб яшаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Лекин орамизда қилаётган ишининг якуни нақадар аянчли тугаши мумкинлигидан бехабар, билиб-билмай нотўғри қадам ташлайдиганлар ҳам учраб туради. Уларнинг кўзини каттароқ очиш, танлаган йўлининг охири яхшилик билан тугамаслигини уқтириш мақсадида жойларда шу каби жиноят ишлари муҳокамалари ўтказилмоқда. Бундай тадбирлар, айниқса, ёшлар тарбиясида ижобий натижаларга эришишда катта аҳамият касб этади.

— Ҳудудимизда содир этилган бу жиноят иши бўйича халқ олдида ёшлар билан муҳокама ўтказилди, — дейди Сергели туман ИИБ профилактика инспектори, майор ­Маҳмуджон ­ФОЗИЛОВ. — Бундан кўзланган асосий мақсад қўшнилар, маҳалладошлар олдида бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш, уларни ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга чорлашдан иборат. Ҳозирда мазкур иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Якуний сўзни эса, суд айтади.

Жойларда ўтказилаётган бундай муҳокамалар фақат фуқароларнинг аҳил-иноқ турмуш кечириши, жиноятнинг олдини олиш учун хизмат қилибгина қолмай, балки шу ҳудуд мутасаддиларининг огоҳлигини янада оширишга хизмат қилади. Маҳалла раиси ёки уй бошқарувчиси аҳоли ўртасида юзага келаётган салбий ҳолатлардан ўз вақтида хабардор бўлиши, унга ечим топишида ҳам анча самара беради.      

— Маҳалламиз кўп миллатли ҳисобланиб, 1900 хонадон, 8000 га яқин аҳоли истиқомат қилади, — дейди «Йўлдош» МФЙ раиси Нилуфар ­ПИРМАТОВА. — Бугун иши муҳокама қилинган фуқароларимиз аслида тинч оилалардан эди. Қўшниларидан ҳеч қандай шикоят бўлмаган. Улар ўйламай қилиб қўйган ишидан афсусда. Иккиси ҳам ёлланма ишчи бўлиб ишлайди. Баъзида ишда, баъзан бекорчи. Уларни яқинда туманимизда очилган янги иш ўринларига жойлаштириб, фойдали меҳнатга жалб этиш кераклигини тушундик. Жавобгар йигит йигирма икки ёш. Ҳаёти, келажаги ҳали олдинда. Агар доимий иш билан банд бўлса, бекор вақти ҳам бўлмайди. Қолаверса, суд жараёнида маҳалла мутасаддилари кафиллик берса, унинг жазосини бироз енгиллаштириши мумкин.

Маҳаллаларда ўтказилаётган бундай муҳокамалар ва сайёр судларда, асосан, жамоатчилик фикри инобатга олинмоқда. Шундай ҳолатларда биз, маҳалла аҳли унинг бу хатони такрорламаслигига кафиллик беришимиз мумкин.  Жавобгар шахсга мураббий бириктириб, унинг кейинги хатти-ҳаракатлари назоратга олинади.

Боғбон кўчатни ерга қадашдан аввал унинг қандай дарахт экани, қачон ҳосил бериши, инсонларга келтирадиган нафи ҳақида пухта ўйлайди. Бутун умрини бахшида қилаётган боғига мевасиз дарахтни раво кўрмайди. Биз ҳам умримизни худди шу уста боғбон каби яшаб, ҳаётимизга фақат яхшилик ва дўстлик ниҳолларини қадайлик. 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔11

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар