«Oila va TABIAT» мухбири «Олтин қалам» соҳиби бўлди
Газетамиз мухбири Эрпўлат Бахт журналистика соҳасидаги нуфузли мукофот – «Олтин қалам» соҳиби бўлди.
БатафсилҲар бир болада иқтидор, қобилият бор. Кимдир шеър ёзади, бошқаси ранг-тасвирда беназир, яна бирови ихтиро қилишни хуш кўради. Бизнинг қаҳрамон эса математик мисолларни ишлаш учун дунёга келгандай.
Урганчлик Ҳакимбой Эгамберганов эндигина йигирма икки ёшга тўлганига қарамай, дунёнинг манаман деган математикларини лол қолдириб улгурган. Фикри теран, билими кучли, чинакам истеъдодли бу йигит Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси ҳамда «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиби. Эришган ютуқларини эса санаб улгурмайсиз.
Ҳакимбой оилада уч ўғилнинг тўнғичи. Онаси Ирода Қултиева мактабда математикадан дарс берган. Шу боис Ҳакимбой математика бўйича илк сабоқларни онасидан ўрганган. Кейинчалик ҳам Ирода опа уйида ўғлининг ушбу фан бўйича салоҳиятини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратган. У билан ҳар куни шуғулланган.
— Мактабга чиққан кезларим синфдаги бирор боланинг математикадан мендан ўзиб кетишига йўл қўймасдим, — дейди Ҳакимбой. — Борди-ю, шундай бўлса, маррага биринчи етиб бориб, уни мағлуб этмагунча уззукун ўқирдим. Бу ўжарлик менга асқатди.
Ҳакимбой 8-синфга ўтганида Шовот туманидаги Ал-Хоразмий номли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида таҳсил олишни давом эттирди. Янги мактабга келибоқ ўспирин ўз билимини бу ердаги ички мусобақада синаб кўрди. Қараса, ундан кучлилар кўп: бешинчи ўринда қолди. Шундан сўнг, у ўзига қарор қилди. Энди аввалгидан икки ҳисса кўпроқ ўқиши, интилиши лозим.
— Ҳатто тушларимда ҳам математик формулаларни такрорлаб, мисолларни ишлардим, — дейди у. — Йил сўнггида вилоят олимпиадаси бўлди ва менга яна қатнашиш имкони берилди. Менга билдирилган ана шу ишонч катта-катта ютуқларга эришиш йўлидаги илк қадам бўлиб хизмат қилди. Олимпиадада иштирок этиб, ғолиб чиқдим.
Аммо Ҳакимбой бундан ҳаволаниб кетмади. Унинг халқаро математика олимпиадасида уч марта қатнашиб, иккита бронза ва битта кумуш медални қўлга киритган Умид Раҳмоновга ихлоси баланд эди. Бу кучли математик Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Саъди Сирожиддинов номидаги академик лицейда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Ҳакимбой шу инсондан таълим олишни истади. Ва бу хоҳиш уни Хоразмдан Тошкентга етаклади.
2012 йил «Лицейим — фахрим» номли республика академик лицей ўқувчилари ўртасидаги олимпиадада олинган II даражали диплом ўсмирнинг кейинги поғонага кўтарилишига йўл очди. У кетма-кет икки йил (2013-2014 йил) Тошкент шаҳри мусобақасида биринчи ўринни қўлга киритди.
Икки босқичда ўтказилган ўша олимпиадада 50 баллдан 49 балл тўплади. Ҳакамлар уни «биринчи ўрин соҳиби бўлдинг», дея табриклаб турган бир пайтда, у умуман хурсанд эмасди. «Нега энди 49 балл? Ахир, ҳаммасини тўғри бажарган эдим-ку, қаерда хато қилдим? Лицей директорига 50 баллдан кам олмайман деб сўз бергандим? Энди нима бўлади?» қабилидаги саволлар хаёлини чулғаб олганди.
— Бир балл кам олишга ҳаққим йўқ, дея норозилик билдирдим ва апелляцияга бердим, — дейди Ҳакимбой. — «Ҳой, барака топгур, шундоқ ҳам ғолиб бўлиб турибсан-ку», дея ҳамма ҳайрон эди. Аммо аҳдимдан қайтмадим. Хуллас, ўша кун мен билан алоҳида савол-жавоб ўтказишди ва бу бесамар кетмади: 50 баллни қўлга киритдим.
2014 йил Ҳакимбой Эгамберганов Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультетига имтиёз асосида қабул қилинди. Бу ерда у энг иқтидорли талабага айланди. Шу йилнинг ўзида Тошкент шаҳри университетлари талабалари ўртасидаги Тошмуҳаммад Қори Ниёзий хотира турнирида биринчи ўринни эгаллади. 2015 йили талабалар ўртасидаги республика олимпиадасида I даражали диплом билан тақдирланди.
Қисқаси, фан олимпиадасидаги кетма-кет ғалабалар ёш математикни тоблади. Энди навбат халқаро мусобақаларга етди. Қандай синов ва мусобақа бўлишидан қатъи назар, қаҳрамонимиз фақат ғалабага интилар, биринчи бўлмаса, барчаси бекордек туюларди. Мақсад — олтин медалга эга чиқиш. Бу ният қисқа фурсатларда рўй берди.
— 2015 йил август ойида Болгариянинг Благоевград шаҳрида талабалар ўртасида математика фани бўйича 22-Халқаро олимпиадани жуда яхши эслайман, — дея сўзини давом эттиради Ҳакимбой. — Иштирокчилар икки кун давомида бештадан жами ўнта масалани ишлаши керак эди. Вазият кутилмаган тус олди. Икки кун ичида уч масаладаги ечимимга «0» балл қўйишди.
Ҳакимбой бироз ваҳимага тушди, аммо таслим бўлмади. Сабаби, масалани ишлашда тўғри усулни қўллаган, шунга ишончи комил эди. Дарҳол апелляцияга берди. Эътирозини кўриб чиқиш икки соат давом этди. Шу икки соат унинг учун худди икки йилдек туюлди ўша онда. Ниҳоят, ҳакамлар ҳамюртимиз берган ечимни тан олди ва 8 балл беришди. Бу балл, ўз навбатида, ғалабани кафолатлади. Олтин медаль — Ўзбекистон ҳисобида...
Ёш математикнинг мақсади ушбу фан билан эришиш мумкин бўлган барча чўққиларни забт этишдан иборат. У математика соҳасидаги ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишда амалий иш кўрсатишни орзу қилади.
Математиканинг етти муаммоси бор, деган гапни эшитган бўлсангиз керак. Бу асрлар давомида ечилмай келаётган еттита мисол. 2004 йилда россиялик математик Григорий Перелман улардан бирини ечишга муваффақ бўлди. Ҳакимбойнинг мақсади — биринчи бўлиб қолган олтитасининг ечимини топиш. Бу йўлда унга омадлар тилаб қоламиз. Умид қиламизки, бу ишни у уддалайди.
Газетамиз мухбири Эрпўлат Бахт журналистика соҳасидаги нуфузли мукофот – «Олтин қалам» соҳиби бўлди.
Батафсил«Бизнинг вазифамиз – келажак авлодлар барқарор, хавфсиз ва фаровон дунёда яшаши учун барча чора-тадбирларни кўриш»
Шавкат Мирзиёев
БатафсилОдамларни йиғиб, узундан-узун қуруқ ва баландпарвоз жумлалардан иборат маъруза қилиш бугунги креатив ёндашувларга мос деб бўлмайди. Ўзбекистон Экологик партияси Боғот туман кенгаши тарғибот ишларини ташкил қилишнинг ўзига хос ечимини топган.
Батафсил