Дадам бугун ишдан ҳар доимгидан кеч қайтди. Чарчагани шундоқ юз-кўзидан билиниб турарди. Онам буни сезмадими, «дадаси, уйда гуруч қолмабди, олиб келсангиз ош қилмоқчийдим», деди.
— Худо хайрингни бергур, кеча шуни нега айтмадинг? Уйда мана булар йўқ, бозор қилиб келсангиз», десанг бўлмасмиди? Бугун кеч бўлди, бунинг устига, жуда чарчаганман, — дея дадам ичкарига йўналди…
Онам эса бу гапдан хафа бўлди, шекилли, қовоғини уйиб, ошхонага кириб кетди.
— Сизларга дуғоби олиб келиб берсам бўларкан, — деди бобом вазиятни кузата туриб.
Олдин бу сўзни эшитмаганим учун менга қизиқ туюлди.
— Бобожон, нима у? — дедим қизиқиб.
— Дуғоби — оиладаги меҳр-муҳаббатни, ҳурматни ушлаб турувчи кулолларнинг оддий косаси. Олдинлари бизда дуғоби коса бўларди, — деди бобом. — Бу кулоллар тайёрлайдиган каттагина коса. Уни баъзилар «шақилдоқ коса» ҳам деб атарди. Унга оиладаги муқаддас буюм сифатида қараларди. Дуғобининг моҳияти шундаки, у хонадон кираверишига, кўринадиган жойга қўйилади. Аёллар унга рўзғордаги маҳсулотлардан солиб қўйишади. Уйга кириб келаётган эркак аввал дуғобига бир қур назар ташлаб, кейин хонадонга кирарди. Агар косада бирор нима бўлса, унда рўзғорда камчилик йўқ, бордию идиш бўш бўлса, дарров белни маҳкам қилиб бозорга отланарди. Оилада уриш-жанжаллар бўлмасди. Аёл ҳам уним кам, буним кам деб эрига нолимайди, энг асосийси, тилини эҳтиёт қилиб, қаноатга, сабр-тоқатга ўрганади. Оилада ҳар ким ўз ўрнига эга бўлади, ўз вазифасини билади. Дуғоби эркакларга оилада устунлигини, оила учун ғамхўр бўлиш кераклигини эслатиб турарди.
Мана, масалан, ҳозир даданг ишдан чарчаб келди. Келин эса унга рўзғорда камчиликлар бор, деб айтди. Бу албатта отангга ёқмади. Агар дуғоби бўлганда келинни рўзғорни бутлаш керак, деган гапи бўлмасди, отанг ўзи билиб, нима керак бўлса, шуни олиб келаверарди.
Биласанми, ҳозир оилалардаги уриш-жанжалларнинг кўпи ҳам ўртадаги ҳурматнинг йўқолишидан, эр-хотиннинг ўз ўрнини билмаслигидан, сабр-қаноатсизликдан келиб чиқяпти.
...Бобомнинг гапларини эшита туриб халқимиз нақадар доно эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Наҳотки, арзимасдек кўринган оддийгина коса оиланинг муқаддас буюмига айланса. У орқали оилаларда аҳиллик-тотувлик ҳукмрон бўлса.
Назаримда, барча оилаларда шундай коса бўлмоғи керак. Дуғобиси бўлган оилада ҳеч қачон жанжал чиқмайди.
Дилфуза ТИЛЛАЕВА
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔305
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔323
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔488
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил