Тўй — орзу-ҳавасларимиз, қувончли кунларимиз шодиёнаси. Яхши ният билан дастурхон ёзиб, икки ёшнинг никоҳ базмини ёру дўстлар даврасида нишонлашнинг гашти бўлакча.
Аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бу удумдан моҳиятига кўра бир мақсад кўзланади — икки ёш қўша қариб, ўғил-қизли, бахтли бўлсин! Кексаларимиз дуога қўл очганда тинчлик-хотиржамликдан сўнг «топган-тутганинг тўйга буюрсин, ҳаммамизни тўйларга етказсин», деб улуғ ният қилади. Фарзандини улғайтириб, тўй кўрсам, элга дастурхон ёзсам, деган орзуни дилига тугмаган ота-она бўлмаса керак. Чунки бу кунлар узоқ кутилади, ширин ташвишлар билан тайёргарлик кўрилади.
Бироқ... бутун умр йиғиб-терганини биргина тўй ва унинг ташвишига совуриб, эртага топажак даромадини эса тўйдан кейинги машмашалару қарз-ҳаволани қайтаришга сарфлаётган айрим шуҳратпараст кишиларнинг аҳволидан оғринасан киши.
Президентимиз 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида тўйларимиз хусусида сўз юритар экан, тўйларда меъёридан ортиқ дабдаба-ю, кераксиз урфлар кўпайиб бораётгани ҳақида очиқ-ойдин гапирди.
Маърифатпарвар Абдурауф Фитрат «Оила» номли асарининг «Қалин (пули) ва тўй қандай бўлиши лозимлиги ҳақида» бобида иқтисодий саводсизликни миллатимизнинг энг катта камчилиги дея таъкидлаган, одамлар бутун умр йиққан мол-дунёсини бир кунлик тўйга сарфлаб, исрофгарчиликка йўл қўйишини куюниб ёзган эди. Орадан қарийб бир аср ўтган бўлса-да, тўйлар билан боғлиқ муаммолар, ҳавойи орзу-ҳавас ва ортиқча дабдаба ортидан келаётган ташвишлар ҳамон ҳаётимизни тарк этмади.
Фарғона вилоятида ҳам бугунги кунда тўйлардаги дабдабаларнинг олдини олиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ёши улуғ, маҳаллада обрў-эътибор қозонган инсонлар ўзларининг ҳаёти мисолида тўйларда исрофгарчиликка йўл қўймаслик, турли ортиқча маросимларнинг олдини олиш борасида тушунтириш бермоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан «намунали тўйлар» ўтказилмоқда.
— Оила мустаҳкамлиги унинг қурилишидаги харажатларга эмас, балки икки ёшнинг ўзаро меҳрига, одоб-ахлоқи ва оила тўғрисидаги тушунчаларига боғлиқ, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қува тумани кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Азимжон Йўлдошев. — Бугунги кунда ёш оилалар ўртасидаги ажримлар бизни кўпроқ ташвишга солмоқда. Оилавий ажримлар туфайли қанчадан-қанча болалар ота ёки она меҳридан мосуво бўлмоқда. Барчамиз тўйларда ортиқча сарф-харажат ва исрофгарчилик кўпайиб бораётгани ҳақида гапирамиз-у, ўзимизга келганда ўша исрофгарчиликни қилаверамиз. Нима эмиш, одамлар гап-сўз қилар эмиш. Оиланинг мустаҳкамлиги муҳимми ёки айрим оғзига кучи етмайдиганларнинг гап-сўзлари?!
— Шаҳримиздаги 52 маҳалла фуқаролар йиғинида тўйларни ихчамлаштиришга қаратилган тадбирларни мунтазам йўлга қўйганмиз, — дейди Марғилон шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Эргашева. — Очиғини айтганда, фотиҳа, меҳмон чақирди, юз очди каби ортиқча маросимлар кейинги пайтда авж олганди. Маҳаллалар фаоллари билан келишиб, бундай маросимларга бутунлай чек қўймоқдамиз.
Тўйхона — муродхона, дейдилар. Аммо ўйлаб кўрайлик, турли спиртли ичимликлар дастурхоннинг тўрини эгаллаган, айниқса, ёш-яланг очиқ-сочиқ кийиниб, меъёридан ортиқ базму жамшид қилаётган, келин-куёв саҳнанинг ўртасида обдан рақс тушаётган, уларнинг бошидан пул сочилаётган, бошқача айтганда, исрофгарчилик ва дабдаба устун келиб, шарқона мезонлар оёқости бўлаётган бундай тўйхонада тиланган эзгу дуолар ижобат бўлармикан?
Тўйхона олдида қатор турадиган ҳашаматли замонавий машиналарни кўриб, ҳайратдан ҳам кўра уларнинг ярим кунлик хизмат ҳақи ҳақида ўйлайсан киши. Хомаки ҳисоблардан иқрор бўласизки, шу уловларнинг ижара пулига оила учун замонавий кир ювиш машинаси ёки музлатгич харид қилиш мумкин. Аммо тўй куни кўчани тўлдириб ҳаракатланаётган, гўё кимўзарга беллашаётган машиналарни кўриб, мутасаддилар нега бефарқ, деган савол туғилади кишида.
— Муборак ҳадисларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб-ташвиқ этилади, — дейди Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили Турсунтоҳир Эрбўтаев. — Хусусан, «Аллоҳнинг ноз-неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайр-эҳсон қилинглар, кийиниб-ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар». Бинобарин, Аллоҳнинг амри, ризоси билан никоҳ ўқилиб, тўй бўлаётган хонадондаги тартибсизлик, исрофгарчилик ва манманлик ҳолатлари муқаддас динимизга ҳам ёт иллатлардандир.
Оиланинг пойдевори мустаҳкам, бахти тўкис бўлишини истасак, эл оғзига тушишни эмас, ёш оиланинг келажаги ҳақида ўйлаш лозим.
Маъсуджон CУЛАЙМОНОВ,
ЎзА
Кучли партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади
🕔11:43, 20.08.2026
✔84
Бугун сиёсий партиялар маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида партия гуруҳлари институти имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия гуруҳлари фаолияти миллий қонунчиликда белгиланган ваколатлар асосида амалга оширилиб, маҳаллий вакиллик органларида сиёсий плюрализм ва депутатлик назоратини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Батафсил
2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади? Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди
🕔14:36, 14.08.2026
✔189
Инсонда табиатга оқилона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш ва атроф-муҳит софлиги учун масъулият ҳисси ёшликдан, оиладан ҳамда таълим-тарбия даргоҳларидан бошланадиган узлуксиз маънавий ва маърифий жараёндир.
Батафсил
Мустақиллик қиёфаси
🕔14:35, 14.08.2026
✔178
Ўзбекистон бундан ўн йил бурун қандай эди, ҳаётимиз, шароитларимиз, туриш-турмушимиз, тафаккуримиз, бийрон тилимизнинг ҳоли нечоғли эди ўша пайтларда?!
Батафсил