Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

«ОДОБЛИ БЎЛ» ДЕЙИШ БИЛАН ИШ БИТМАЙДИ...

Эртасидан умиди бор одам фарзанд тарбиясига бир лаҳза бўлсин, эътиборсиз қарамайди. Баъзан ҳаётда обрў ва ҳурматга эга инсонларнинг фарзандлари қилмишини кўриб ҳайрон қоласан киши. Наҳотки, шундай инсоннинг фарзанди... Бу кимнинг хатоси?

«ОДОБЛИ БЎЛ» ДЕЙИШ БИЛАН ИШ БИТМАЙДИ...

Ҳа, ҳаёт мураккаб. Болалигидан фарзанди тарбиясига ­эътибори суст бўлган отанинг бошига кулфатлар ёғилиши аниқ. Шундай экан, оила, маҳалла қолаверса, юрт истиқболи ҳар томонлама тарбия кўрган ва таълим олган фарзандлар билан эканини эътибордан соқит қилиш ўринсиздир. Ишидан ортмаган, бозор-ўчар, тирикчилик ташвиши, рўзғор юмушлари билан банд бўлиб, болаларининг таълим-тарбияси бир ёқда қолиб кетган ота-онанинг, шу оиланинг эртага фиғони кўкка чиқиши муқаррар.

Ўсиб келаётган ёш авлодни имон-эътиқодли, ватанпарвар, юксак салоҳиятли ва эл-юртига наф келтирадиган комил инсон қилиб вояга етказишда оиладаги муҳит, ота-она тарбияси муҳим ҳисобланади. Чунки инсон  ҳаётидаги жуда кўп нарса унинг болалигида олган тарбияси билан чамбарчас боғлиқ.

Афсуски, бугунги кунда баъзи ота-оналар фарзанд тарбиясига лоқайдлик билан қарамоқда. Айримлар боласини билим олиш, бирор касб-ҳунар эгаллашга эмас, балки пул топишга ундаётгани асло кечириб бўлмайдиган ишдир.

Мамлакатимизда мажбурий таълим жорий этилган, ота-оналар фарзандларининг ана шу давр мобайнида мактабда, коллежда ўқиши учун масъул эканликларини унутмаслиги лозим.  Лекин орамизда шундай ота-оналар ҳам борки, фарзандларини мактабга юбормай, бозорга чиқишга мажбур қилади. Айрим ёшларнинг турли иллатлар гирдобига тушиб қолиши, ҳатто жиноят кўчасига кириб кетишига ҳам кўпроқ ота-она, уларнинг эътиборсизлиги сабаб бўлаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Тўғри, ота-она фарзандига ёмонликни раво кўрмайди. Бироқ назоратсиз қолаётган, қўлига уч-тўрт сўм пул тушган болалар кўнгли тусаган ишни қилиб, охир-оқибат муаммолар гирдобида қолмоқда.

Ўтган йилнинг 8 июнь куни соат 21:00 атрофида Яшнобод туманининг Бойсун кўчасида пойтахтлик Ирода Мелисова безорилик оқибатида келиб чиққан жанжалда Э.Мустафаеванинг бош ва тана қисмларига темирсимон восита билан уриб, тан жароҳати етказган.

Манзара нақадар аянчли. Жанжалкаш қизнинг ота-онаси боши хам. Айниқса, яқинлари, қўни-қўшнилари олдида нима деган одам бўлди? Ўғил бола бўлганида-ку, тушуниш мумкиндир. Аммо қиз боланинг бу қилмиши уятли. Ўз-ўзидан савол туғилади: кеч соат тўққизда қиз бола бир ўзи кўчада нима қилиб юрибди? Уни сўроқлайдиган ота-онаси йўқми? Бир болага етти маҳалла ота-она дейди доно халқимиз. Ота-она кўз-қулоқ бўлмаган экан, наҳот бирор маҳалладоши кечқурун ёлғиз юрган қиз тақдири билан қизиқмаса? Аслида бундай аянчли воқеаларнинг асл сабаби бепарволигимиз. Бировники тугул, ўз ҳаётимиз, болаларимиз тақдири ҳақида қайғурмаганимизда.

Она суд залида турган қизига қараб йиғлар экан, қаерда хато қилдим,  дея ўзини койир эди. Ахир, унинг қизи ҳаммадан аъло баҳоларга ўқирди. Ўқитувчилари бирор марта нолишмаганди. Ҳа, инсон ҳар доим ҳам қаерда хато қилганини чуқур англаб етмайди.

Болалар ҳаётда энг аввало, ота-онасидан намуна олади. Шу ўринда айрим оила бошлиқларининг ичкиликка ружу қўйиб, маст-аласт юриши,  уйига келганида эса фарзандларини хақоратлаб, уриб-сўкишидан болалари қандай тарбия олади? Ўзида мавжуд бўлмаган эзгу хислатларни қандай қилиб фарзандида шакллантириши мумкин? Кўча-кўйда очиқ, ярим яланғоч либослар кийиб олиб, ўзига ҳаддан зиёд оро бериб юрган аёллар жамиятга қандай қизларни тарбиялаб беради?

Афсуски, фаолиятимиз давомида нафақат ёшларнинг безориликлари, балки арзимаган сабаблар эвазига пароканда бўлиб кетаётган оилаларни кўриб ачинасан киши. Ахир, у оилада фарзандлар улғаймоқда. Ота-онанинг касри ва уларнинг арзимас хатолари туфайли ўсиб келаётган ниҳол бўй чўзмай, синмоқда, пайҳон бўлмоқда...

Арслон Ҳусанов эндигина 18 ёшга қадам қўйганди. Ота-онаси унинг келажакда жамият равнақига ҳисса қўша оладиган инсон бўлиб етишишидан умидвор эди. Аммо ўтган йилнинг 19 май куни кечки соат 20:20 ларда Яшнобод тумани Авиасозлар 2-даҳасида 2001 йилда туғилган М.Михайловни сабабсиз уриб, тан жароҳати етказган ва унга тегишли бўлган қимматбаҳо мобиль телефон аппаратини олиб қочиб, воқеа жойидан ғойиб бўлган.

Ҳали эндигина 18 ёшга тўлган йигитча бугун шунақа безори ва ўғри бўлиб қолмагандир? Ўғирликка қўл уриш, бировга тажовуз қилишни қачон ўргана қолди? Ота-онаси ўғлини бемаҳалда қаерда, ким билан эканини ҳатто билмагани-чи? Ҳеч йўқ, у таълим оладиган ­Яшнобод туманидаги Авиасозлар касб-ҳунар коллежи раҳбарияти ўқувчисининг хулқидан хабардормикан? Мана, бепарволикнинг илдизи қаерда! Давлатимиз бу каби ёшларга бирданига жазо тайинламасдан, уларга яна бир имкон беришни лозим кўради. Юқорида исмини тилга олганимиз Ирода Мелисова ҳам, Арслон Ҳусанов ҳам ҳали вояга етмагани ҳисобга олиниб, уларга нисбатан барча кузатувлар бекор қилинди.

Тарбия бериш фақатгина «Одобли бўл, яхши ўқи» деб айтишдангина иборат эмас, балки шахсий намуна бўлишдир. Шундай экан, фарзандларга тарбия берувчи ота-она, устозлар кенг феълли, чиройли хулқ ва яхши амаллар соҳиби бўлмоғи жоиз. Зотан, маънан етук, жисмонан соғлом, комил фарзандгина юрт таянчи, оила ва ота-онанинг ифтихори бўла олади.

Гулноза ЭРКИНХЎЖАЕВА,

Яшнобод туман прокурори ёрдамчиси




Ўхшаш мақолалар

Сунъий интеллект ва  энергетика инқирози:  ChatGPT учун  ким тўлайди?

Сунъий интеллект ва энергетика инқирози: ChatGPT учун ким тўлайди?

🕔09:12, 23.10.2025 ✔11

Бугун техник имкониятлар яшин тезлигида ривожланиб бормоқда. Ҳатто бошланғич синф ўқувчиси ҳам сунъий интеллект нималигини ва ундан фойдаланишни билади. Албатта, бу жуда кўп-кўп соҳаларда катта ижобий имкониятларни бермоқда. Ҳа, сунъий интеллект имкониятларини биз ҳали тўлиқ баҳолай олганимизча йўқ. Аммо танганинг иккинчи томони борлигини унутмаслигимиз зарур.

Батафсил
1 октябрдан  нималар ўзгаради?

1 октябрдан нималар ўзгаради?

🕔15:41, 03.10.2025 ✔55

Ўзбекистонда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида билишни хоҳлайсизми? Марҳамат танишинг, уларни бу ерда жамладик.

Батафсил
Дунё бўйича  гўшт нархи  ошмоқда

Дунё бўйича гўшт нархи ошмоқда

🕔10:47, 11.09.2025 ✔125

Бунга иқлим ўзгаришининг қандай алоқаси бор?

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар