Ҳаёт тарбияси нима?
Бу — ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда кўчанинг, сиз танийдиган, танимайдиган одамларнинг болангизга берадиган намунаси. Уларнинг ҳам ўз болалари бор. Улар сизнинг болангизга ўз фарзандидек қарашига, жон куйдиришига ишонасизми? Сиз ўзингиз қачон, қаерда бировнинг боласини нотўғри иш қилаётганида тўхтатиб, танишиб, тўғри йўлга солиб, ота-онасига бу ҳақда хабар бериб қўйгансиз?
Иккинчидан, сиз машинангиз, кредит картангизни, кафолат хатини бегона кишига ишониб бериб қўясизми? «Йўқ», дедингиз, шекилли? Бу матоҳлар фарзанд деган мўъжизангиз олдида ҳеч нима эмас. Унда нега Оллоҳнинг сизга ато этган неъматининг тақдирини, ўзингизнинг кексайганда мадорингиз, суянчингиз масаласини бировларга ишонмоқчисиз? Таваккал қилмоқчисиз? Мураккаб ва таҳликали даврда?
Бола ҳаётда ижтимоийлашади. Ижтимоийлашув бу — болангиз мактабга бориб, келгунча дуч келадиган минглаб ўткинчи, таниш-нотаниш одамлар, вазиятлар, воқеалар дегани. Болангиз эртага мактабга боришда ёки қайтишда кимларга, қандай яхши-ёмон вазиятларга дуч келишини биласизми? Йўқ, албатта. Ҳаёт тарбиялайди, деб болангизни тақдир измига ташлаб қўясизми? Йўқ. Чунки бу — тарбия дегани эмас. Тарбия — аниқ фазилатларни бола хулқида кўриш мақсадини кўзлаб, муайян вақт давомида, ишончли, билимли одамлар томонидан амалга ошириладиган иш.
Махсус тарбия бу — суғориладиган ерда, ҳаёт тарбияси — лалми ерда деҳқончилик қилишга ўхшайди. Суғориладиган ерда деҳқончилик ҳосилининг 90 фоизи Сизга боғлиқ. Чунки вазиятни Сиз назорат қиласиз, бошқарасиз. Лалми ердаги деҳқончилик эса 90 фоизи об-ҳавога боғлиқ. Сизга 10 фоизи боғлиқ. Сиз бир марта бериладиган ҳаётингиз ҳосилини — болангиз тақдирини об-ҳавога ишониб қўядиган ота-онамисиз? Албатта, йўқ!
«Вақтим йўқ»
«Вақтим йўқ», деб бу ишни ота-она қилмаса, болани уларнинг ўрнига кўча, ўткинчи одамлар, тасодифий воқеалар тарбиялайди. Бунинг натижаси қандай бўлиб чиқишини ҳеч ким билмайди. Сиз шундай таваккал қила оласизми?
Яхши ота-оналар фарзандларининг бахтли бўлишини астойдил истайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) ота-она фарзандига яхши хулқдан зиёд мерос қолдира олмайди, деган экан. Демак, болаларимизни яхшилаб боқсак-у, тарбияламасак, на бу, на у дунёмиз обод бўлади.
Адиб Абдуқаҳҳор Иброҳимовдан ҳикоя
Бой оиланинг ўқимаган болалари қисмати
Бундан анча йиллар олдин икки бой-бадавлат ҳаммаҳалламиз қуда-анда бўлишди: бири ўн саккиз яшар ўғлини уйлантирди, иккинчиси ўн етти яшар қизини узатди. Катта тўю томошалар бўлиб, бир неча кун давом этди. Бир неча йил мобайнида келин-куёвлар иззатда бўлишди, гўё жаннатдагидек яшашди, ҳеч бир нарсадан камчилик йўқ. Келин институтга киритилиб қўйилди-ю, лекин ўқишга бормади — оғироёқ бўлиб қолган эди. Куёв ҳам университетдаги ўқишини ташлаб юборди. На касб орттирди, на ҳунарли бўлди. Бой отаю бадавлат қайнотанинг даврида чет эл русумидаги қора енгил машинасини миниб, даврон суриб юраверди. Бу орада беш йилда тўрт фарзандли — икки ўғил, икки қизли бўлишди — келин бир йилда икки марта январда ва декабрда фарзанд кўрди. Гўдаклар она сутига тўймагани сабабли нимжон, касалманд; келиннинг ҳуснига ҳам путур етди, юзларига билинар-билинмас ажинлар тушди, ўттизга етмай «ўтин» бўпқолди. Қаримсиқ бўлиб қолаётган хотинидан куёвнинг кўнгли совиб, кимгадир илакишаётгани ҳақида кўча-жойда гап тарқалди...
Вақти соати етгач, балогардон ота дунёдан ўтди, тоғдек суянчиқ бўлиб юрган қайнота ҳам бандаликни бажо келтирди. Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас деганларидек, оила моддий жиҳатдан қийналиб қолди, бунинг устига, тўрттала фарзанд касал, еган-ичганга қараганда дори-дармонга кўп маблағ кетади. Келин аввалига ўзи аъло баҳолар билан битирган мактабига фаррош бўлиб ишга кирди. Лекин орадан кўп ўтмай, фаррошликнинг ойлиги камлик қилди шекилли, ўз аризасига биноан мактабдан бўшаб кетди. Дунёда раҳмдил одамлар ҳам бор. Дугонасининг аянчли аҳволидан хабар топган асли шу маҳаллалик, қўшни маҳаллага келин бўлиб тушган, институту аспирантураларни битириб, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, эндиликда доцент лавозимида ишлаётган дугонаси уни уй хизматчиси, яъни оқсочликка ёллади. Бир пайтлар кимсан фалончи бойвучча келин эрталаб дугонасиникига уларга нонушта тайёрлагани шошилади, пешинда у ердан у-бу олиб, касалманд болаларидан хабар олиб кетади. Шомдан кейин елим халта кўтариб уйига қайтади. Собиқ бойвачча куёв аввалига унча-бунча ишга бўйни ёр бермади. Кейинча, рўзғорнинг олахуржуни бўйнига тушгач, шахсий машинасида киракашлик қилди. Бир марта ҳам таъмирланмаган машина тез орада шалоғи чиқиб, минишга яроқсиз бўлиб қолди. Яқинда Эски шаҳардаги бензин қуйиш шохобчаларидан бирида машина бакларига ёнилғи қуйиб, харидорларга ойна артадиган дока матоларини таклиф қилаётганига кўзим тушди.
Экопартия депутати – таълим ҳомийси
🕔14:56, 09.10.2025
✔34
Яқинда умуммиллий байрам – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Ўзбекистон Экологик партиясидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зайниддин Салямов «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Қандай хизматлари учун дейсизми? Бир сўз билан айтганда, кўплаб ўқитувчию ўқувчилар меҳрини қозониш, келажак авлод учун мудом қайғуриш орқали сазовор бўлди бу эътирофга.
Батафсил
Атроф-муҳит муҳофазасига оид қонун лойиҳалари муҳокамалар марказида
🕔09:15, 26.09.2025
✔77
Парламент Қонунчилик палатасининг кечаги мажлиси ҳам қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Депутатлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим долзарб масалаларни муҳокама қилар экан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари қатъий позициясини намоён этишди.
Батафсил
Устозларга эҳтиром кўрсатиш – стратегик тараққиёт гарови
🕔16:10, 18.09.2025
✔96
Ҳар қандай соҳанинг ислоҳи, ривожи ва тараққиёти етарли билим, малака ва кўникмага эга мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари билан амалга оширилади. Мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи билимдон мутахассислар эса, шубҳасизки, устоз ва мураббийлар фаолиятининг самарасидир.
Батафсил