Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

САРҒАЙГАН МАКТУБЛАР

мудраётган ҳисларни уйғотишга қодир

Бувим доим қутичада эскириб, сарғайиб кетган аллақандай қоғозларни сақларди. Баъзан қўлига олиб, нурсиз кўзлари билан уларга узоқ тикилар, хўрсиниб кўз ёши қилар эди. Сарғайиб, ёзувлари кўринмай кетган қоғозларда нималар ёзилганига қизиқардим, албатта. Бироқ бувимдан ҳайиқибми ёки андиша сабабми, қутига қўл теккизмасдим. Фақат бувим ҳаётдан кўз юмганидан кейингина қутичани очишга жазм этдим...

САРҒАЙГАН МАКТУБЛАР

Қутичада бувимнинг ўз қўли билан бобом учун тиккан рўмолчаси, сирғалари ва сарғайган, ёзувлари кўринмай кетган мактублар бор экан. Уларни ўқий бошладим. Англадимки, буларни бобом хизмат сафарида юрганида бувимга ёзган. Ўқир эканман, бобомнинг ёнгинасида тургандек ҳис қилдим ўзимни. Гўё бобом бувим билан суҳбатлашарди. Мен эса уларнинг суҳбатини четдан кузатардим. Сездим, бувим бобомни соғинганида мактубларини қайта-қайта ўқиб, таскин топар экан. Мактубларни қўлимда тутганча шу пайтгача ҳеч кимга мактуб ёзмаганимни ўйладим. «Нима учун шу пайтгача ҳеч кимга мактуб ёзмаганман-а?», дея ўзимга-ўзим савол бердим. «Ахир, менинг ҳам мактуб ёзишим керак бўлган инсонларим талайгина-ку!» Саволимга эса яна ўзим жавоб бердим. «Бугунги интернет замонида мактуб ёзиб ўтиришга ҳожат йўқ. Бироқ...»

Сониялар сайин тараққий топиб бораётган техника асри барчамизни лол қолдиряпти. Авваллари чопарлар, кабутарлар ва почта ходимлари ўтаган вазифани бугун биргина ижтимоий тармоқ бажаряпти. Қолаверса, бунга сониялар кифоя. Бироқ бобомнинг мактубларини ўқиб, менда бир савол туғилди: улар мактуб берган завқни бера олармикан?

«Ўткан кунлар» романини ҳар сафар ўқиганимда, ўзим учун яна бир янгиликни кашф қиламан. Бу сафар Кумушнинг Отабекка йўллаган мактубини ўқиб, қандайдир нотаниш ҳислар қалбимни чулғаб олди. Уларга ҳавасим ҳам келди... Чунки бу мактуб муҳаббатларининг бир парчаси бўлиб қолади. Бугун-чи? Муҳаббат изҳорлари сониялик SMSларга жо бўлиб, ўз қадрини йўқотмаяптимикан?

Дугонам доим чет мамлакатда яшайдиган дўстларига мактуб йўлларди. Бу менга эриш туюларди. Бобомнинг бувимга ёзган мактубларини ўқигач эса, ўзим ҳам Бухоро вилоятида хизмат қилаётган акамга мактуб жўнатдим. Ўша куниёқ жавобини кута бошладим. Бу кутиш оддий автобус ёки очиққанда таом тайёр бўлишини кутишга ўхшамас экан. Унда ҳаяжон ва энтикиш бир-бирига қўшилиб кетаркан. Жавоб мактубини ўқиш эса ҳаммасидан ҳам завқлироқ бўларкан. Ўша лаҳзада мен мактуб нима-ю, у инсонга нима беради, деган саволларнинг жавобини ўзим учун кашф қилдим. Акам ҳам ўз жавоб хатида «Сира кутмагандим мактуб ёзишингни. Энди ўзимни аскардек ҳис қилдим», деб ёзибди. Ахир, шу биргина мактубим билан акамда мудраб ётган йигитлик бурчини уйғотган бўлсам, ажаб эмас.

Бугун телефон ёки компьютерларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Уларсиз ҳаётдан узилиб қолгандек бўламиз. Иш, ўқиш ва ҳатто, овқатланаётганимизда ҳам улар биз билан бирга. Мулоқот қилишнинг осон воситаси. Лекин баъзан биз учун нотаниш бўлиб бораётган нарсаларни ҳам амалда қўллаб туришимиз лозим. Зеро, тарихдан бизга мерос анъаналарнинг ҳам ўз гашти ва қадри бор.

Ирода МИРҲАМИДОВА




Ўхшаш мақолалар

Исроф  занжири: дастурхондан сайёрагача

Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача

🕔14:28, 22.10.2026 ✔27

Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.

Батафсил
Қонунларимиз  болаларни  интернет  хавфларидан ҳимоя  қила оладими?

Қонунларимиз болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қила оладими?

🕔13:16, 15.10.2026 ✔157

Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, дунёнинг исталган нуқтасидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда.

Батафсил
Асалари учраётган  хатар –  экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф

Асалари учраётган хатар – экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф

🕔14:57, 08.10.2026 ✔221

Табиатда шундай жонзотлар борки, уларнинг миттигина фаолияти бутун инсоният ҳаёти учун катта аҳамият касб этади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар