Муҳаммаджон ҚУРОНОВ
Болангизни ким тарбияламоқда?
Ўзбекистонда ҳозирги кунда 7,5 миллиондан ортиқ оила бор. Бу — 7,5 миллиондан ортиқ ота, 7,5 миллиондан ортиқ она, 7,5 миллиондан ортиқ тарбия муҳити демакдир.
Ота-оналарнинг бола тарбияси борасидаги билим ва малакаси ҳар хил. Мисолларга эътибор берайлик:
Абдушукур ака: «Мен болаларимни яхши едириб, ичирсам бўлди. Мактаб бор-ку, тарбиялайди-да».
Санобар опа: «Боламни ҳаёт тарбиялайди. Вақти соати келса, ўзи одам бўлиб кетади».
Орамизда «Бола ҳам, унинг тарбияси ҳам меники, ҳеч кимнинг иши бўлмасин», дейдиганлар ҳам, афсуски, учраб туради.
Ота-оналарнинг бола тарбиясига эътибори қандай?
Педагог олим Ҳусниддин Норқулов билан биргаликда (2005 йил): «Бугунги ўзбек оилаларида педагогик муҳит қандай? Оилаларда ғоявий тарбия жараёни қандай олиб борилмоқда?» деган масала бўйича ота-оналарнинг муносабатини ўргандик. Самарқанд, Фарғона вилоятларида 261 нафар она ва 213 нафар ота билан ўтказилган сўровлар, суҳбатларда уларнинг бир кунда болалари билан махсус суҳбатга ажратаётган вақтлари 7 дақиқани, якшанба кунлари эса 9 дақиқани ташкил этиши аниқланди.
Ота-оналар бўш вақтларини томорқа ишлари, дам олиш, тўй, маърака, гап, меҳмондорчиликка бориш, телевизор кўриш билан ўтказади. Оталарнинг бола тарбиясига ажратган вақти яна ҳам кам. Сўралган ота-оналарнинг атиги 10 фоизи болалари билан бирга дам олиш, театр, майдонча, хиёбонларга боришар экан.
Ота-оналар (айниқса, оталар)нинг ўсмирлар билан мулоқотдан қочиши ҳам бир муаммо. Оталар болалари билан кўпроқ дастурхон устида гаплашади, овқат еб ўтириб, уларнинг ўқиши, ишлари ҳақида тергаб қўяди. Афсуски, бундай «тарбиявий суҳбат»ларда кўпроқ ўсмирлар томонидан содир қилинган (она томонидан эслатилган) қусурларни гапириш ва танбеҳ бериб қўйишдан нарига ўтилмайди. Болалар билан эркин, тенг мулоқот, уларнинг келажагини бирга, дилкаш муҳокама қилиш жуда кам учрайдиган ноёб ҳолдир. Ота (баъзан она)ларнинг болаларининг кўзи олдида спиртли ичимликлар истеъмол қилиши оила тарбиясига зарар етказмоқда.
Оила муҳитида китоб, журнал ва газеталарни бирга мутолаа қилиш деярли учрамайди. Бу муаммолар сизнинг оилангизда йўқлиги қандай яхши.
Фарзанд нега севилади?
Икки ёш расман никоҳдан ўтган кундан бошлаб кутганимиз — фарзанд. Йигит (хотин олиб, уйланиб) — эрга, қиз (эрга тегиб, турмушга чиқиб) — хотинга айланди. Ҳадемай эр — ота, хотин — она бўлади. Аслида, йигит ва қизнинг бир бирига қилган севги изҳорларидан мақсад, муддао — фарзанд экан. Қураётган уйларимизга, қилаётган тўйларимизга ифтихоримизга сабаб ҳам фарзанд.
Сочимизга оқ тушиб, суянаётганимиз — фарзанд. У дунёга хотиржам кетишимизга сабаб ҳам — фарзанд. У дунёда ётиб, бизни бир дуода эсласайди, деб умидвор кутадиганимиз — фарзанд. Хуллас, ҳамма иш, ташвишларимиз фарзандларимизни бахтли қилишга восита, имконият экан. Бош мақсад — ўғил-қизларимизнинг бахти экан. Президент Ислом Каримовнинг «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!» деган даъвати ҳар бир ота-онанинг энг эзгу муддаосини ифода этади.
Болани боқиш осон, тарбиялаш қийин
Биз ош қилишни, SMS ёзишни, машина ҳайдашни, намоз ўқишни, пул топишни, компьютерда ишлашни яхши билармиз.
Тарбияни-чи? Боламизни биз боқмасак, биров боқади. Биз тарбияламасак, кўча, бошқалар тарбиялайди. Ким тарбияласа, бола ўшаники. Туғдирган, туққан, боққан эмас, тарбиялаган оқибат кўради. Режани тузиб, уйқуни бузиб кузатганга, тузатганга, қараганга, тараганга, кўрсатганга, ўргатганга, машқ қилдирганга, чиниқтирганга бола оқибат кўрсатади.
Кўнглингиздан: «Фалончи ака боласини тарбиялаш билан алоҳида шуғулланмаган. Лекин болалари жуда яхши чиқди-ку. Болани ҳаётнинг ўзи тарбиялайди», деган ўй ўтгандир. Тўғри. Ҳаёт тарбиялайди. Лекин бу кафолатга эмас, таваккалга таяниш.
Экопартия депутати – таълим ҳомийси
🕔14:56, 09.10.2025
✔34
Яқинда умуммиллий байрам – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Ўзбекистон Экологик партиясидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Зайниддин Салямов «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Қандай хизматлари учун дейсизми? Бир сўз билан айтганда, кўплаб ўқитувчию ўқувчилар меҳрини қозониш, келажак авлод учун мудом қайғуриш орқали сазовор бўлди бу эътирофга.
Батафсил
Атроф-муҳит муҳофазасига оид қонун лойиҳалари муҳокамалар марказида
🕔09:15, 26.09.2025
✔77
Парламент Қонунчилик палатасининг кечаги мажлиси ҳам қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Депутатлар мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим долзарб масалаларни муҳокама қилар экан, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари қатъий позициясини намоён этишди.
Батафсил
Устозларга эҳтиром кўрсатиш – стратегик тараққиёт гарови
🕔16:10, 18.09.2025
✔96
Ҳар қандай соҳанинг ислоҳи, ривожи ва тараққиёти етарли билим, малака ва кўникмага эга мутахассисларнинг фидокорона меҳнатлари билан амалга оширилади. Мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи билимдон мутахассислар эса, шубҳасизки, устоз ва мураббийлар фаолиятининг самарасидир.
Батафсил