Халқимизда кексаларни қадрлаш, уларга ҳурмат, эҳтиром кўрсатиш азалий қадриятларимиздан ҳисобланади. Маҳалла-кўй юмуши, тўй-маъракаларда, жамоатчилик тадбирларида уларнинг маслаҳатларига қулоқ тутилади, тажрибасига таянилади. Бу халқимиз минг йиллардан бери амал қилиб келаётган анъаналардан.
Яқинда Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан Тошкент шаҳридаги «Уруш ва меҳнат фахрийларининг республика пансионатида уюштирган бир тадбирида қатнашдим.
Партиянинг «Халқ билан мулоқот ижтимоий ҳимоянинг энг самарали йўли» лойиҳаси доирасида пансионатда истиқомат қилаётган қарияларнинг яшаш шароити билан яқиндан танишдик. Ёлғиз кексаларга кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар сифатини ошириш мақсадида улар билан юзма-юз мулоқот бўлди. Нуронийларнинг яшаш шароити, ҳомийлар ва давлатимиз томонидан яратилаётган қулайликлар ва уларнинг бунга муносабати ҳақида дилдан суҳбатлашдик. Кексаларни қийнаб келаётган муаммолар, айтмоқчи бўлиб юрган дилидаги гапларини эшитдик.
Пансионатда 133 нафар ногирон, меҳнат фахрийлари истиқомат қилади. Улардан 40 нафари ётиб қолган хаста кишилар. Пансионат директорининг таъкидлашича, васийлик кенгаши томонидан янги қурилган бинога 128 нафар қария кўчиб ўтиши режалаштирилган. Эски бинода эса фақат ўсал қариялар қолади.
— Улар ҳам вақтинча, яъни ётиб қолган қариялар учун бинонинг қурилиб, ишга туширилгунга қадар туришади, — дейди пансионат директори Фарангиз АКРАМОВА. — Чунки айни пайтда янги қурилган бинодаги шарт-шароит тик оёқда юрадиган қариялар учун мўлжалланган. Тўшакка михланиб қолган кексалар учун бино ҳам ҳомийларимиз томонидан қурилиши режалаштириляпти. Бино махсус жиҳозлар, тиббиёт анжомлари билан таъминланиши кўзда тутилган.
Пансионат «Меҳр қўлларини узатайлик» шиори остида фаолият олиб боради. Айнан шу шиорга ҳомийлар ҳам амал қилишини бу ердаги қариялар ҳам таъкидлашди. Чунки бу ерда ҳар доим маданий ҳордиқ чиқаришга бош-қош бўладиган ҳомийлар уларнинг хизматига ҳозир. Яқинда айни ёзнинг иссиқ кунларида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси қариялар учун «Хумсон»га саёҳат уюштирган бўлса, Ўзбекистон Халқ демократик партияси қарияларга ётоқ кийимлари совға қилишди.
— Шароитлар яхши, энг асосийси, бу ерда эътибор ва меҳр бор, — дейди меҳнат фахрийси Саидмаҳмуд НИШОНОВ. — Зерикмаймиз. Хонамда гулларим бор. Уларни парваришлашни ёқтираман. Бундан ташқари, ҳар ҳафта шахмат-шашка бўйича мусобақа ўтказамиз. Турли кечалар, базмлар уюштиришади. Оёғим оғриса ҳам, маза қилиб рақсга тушаман.
Қариялар пансионатда яратилган шароитлардан мамнун. Айниқса, юртимизнинг саховатпеша инсонлари кунора уларни йўқлаётганини жилмайиб гапиришади. Меҳр қўлларини узатадиган бағрикенг инсонларни дуолар қилишади.
Гўзал МАТЁҚУБОВА,
«Оила даврасида» мухбири
Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача
🕔14:28, 22.10.2026
✔24
Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.
Батафсил
Қонунларимиз болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қила оладими?
🕔13:16, 15.10.2026
✔155
Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, дунёнинг исталган нуқтасидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда.
Батафсил
Асалари учраётган хатар – экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф
🕔14:57, 08.10.2026
✔220
Табиатда шундай жонзотлар борки, уларнинг миттигина фаолияти бутун инсоният ҳаёти учун катта аҳамият касб этади.
Батафсил