Бу жумлани кўп эшитамиз. Бирор кимсанинг бошига юмуш тушса, ўзи таниган ҳаммадан «фалон жойда танишинг борми?» деб сўраб қолади. Замона зайлини билганлар ҳеч иккиланмай «йўқ» деб қутулади. Борди-ю, бирор мардум соддалик қилиб «бор» деб қўйса, балога қолгани ўша бўлади.
«Таниш» ўзи ким, у ерда қандай лавозимда ишлайди, бунинг талабини ҳал қилиб беришга нима ваколати бор, муаммони ҳал қилиш амалдаги қонунчиликка, инсонийлик мезонларига қай даражада тўғри келиши ҳеч кимни қизиқтирмайди. Муаммо эгасининг дарди битта: оладиганини олиб, ҳал қилиб берсин, тамом.
Бундай ҳолатга кўп дуч келамиз. Хўш, танишлар нега керак? Аксарият ҳолларда ўзимиз йўл қўйган хатоларни тўғрилашга, кимнингдир ўрнини тортиб олишга, аслида меҳнат билан эришиладиган нарсага пул воситасида осон йўл билан эришишга ва ҳоказо.
Масалан, машинамизда белгиланган тезликдан ошиб кетяпмиз. Табиийки, аввало ўзимиз учун, сўнг атрофдагилар учун хавф вужудга келмоқда. Йўл патруль хизмати ходими тўхтатса, хатомизни англаб, уни қайта такрорламасликка, шу йўл билан ўзимизни ҳам, жамиятни ҳам турли хатарлардан муҳофаза қилиш ўрнига икки йўл билан айбимизни беркитмоқчи бўламиз. Биринчиси: «каттакон» акаларга телефон қилиш; иккинчиси: «қанчага келишамиз?..»
Иккита йўлимиз ҳам ўтмаса, машина бошқариш ҳуқуқини олиб қўйиб, қўлимизга жарима қоғозини тутқизади. Қолгани виждонга ҳавола.
Шу пайтда уларнинг идорасидаги «катта»лардан таниш қидирилади. Ўзимиз қоидани буздик. Аммо пора олмагани учун ЙПХ ходимини сўкамиз, қарғаймиз. Давлат қонунини оёқости қилиб, виждонини пуллаганларни эса ҳурмат қиламиз. Нега шундай?!
Ёшлар ўқишга кириши учун ўқиб-ўрганиши, маълум малакага эга бўлиши лозим. Лекин ота-она унинг билим олишини ташкил этиш ўрнига пора эвазига «киритиб» қўядиган «таниш»лар қидиради. Спорт мусобақаларида, турли танловларда ғолиблик ўринларини сотиб олишга бор кучларини ишлатиб ҳаракат қилишади. Ҳаммасида изланадиган кимса битта — «таниш». Аслида эса ўша «таниш» пора оладиган шахс.
Сўнгги йилларда порахўрлик, «таниш»чилик каби ҳолатларни йўқ қилишга қаратилган бир қанча меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Масъул идораларга бунинг ижроси уcтидан назорат қилиш вазифаси топширилди. Билганлар, амал қилганлар бундан наф олмоқда. Булардан кўзланган асосий мақсад, шаксиз, одамлар ҳаётини енгиллаштиришдир. Аммо биз ўзимиз била туриб давлатимизга қарши иш олиб боряпмиз-ку!
Келинг, ўша «таниш»ларсиз бир яшаб кўрайлик.
Нодир МАЖИД
Темир йўл хизмати: Йўловчилар эътирозларига вазирнинг эътибори қаратилди
🕔15:04, 11.06.2026
✔185
Темир йўл транспорти соҳасида рақамлаштириш ва янги йўналишлар қурилиши борасида ижобий кўрсаткичлар кўзга ташланаётган бўлса-да, тизимнинг ички ҳолати, хизмат кўрсатиш сифати ва оддий йўловчилар учун яратилган шароитлар жиддий ислоҳотларга муҳтожлигини кўрсатмоқда.
Батафсил
Пиёда ва велосипед учун ноқулай кўчалар: Дангасалик ва ижтимоий муаммолар томон етакламоқда
🕔16:45, 04.06.2026
✔257
Инсон саломатлиги ҳақида гап кетганда кўпинча овқатланиш, спорт ёки зарарли одатлар тилга олинади. Аммо инсоннинг ҳар куни қандай юриши, қанча ҳаракат қилиши кўп жиҳатдан унинг яшаётган шаҳри билан боғлиқ.
Батафсил
Хатарли «рекорд»лар ёхуд жароҳат ёқасидаги масъулиятсизлик
🕔15:50, 21.05.2026
✔446
Яқинда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган навбатдаги видео лавҳа жамоатчиликни ҳам ҳайратга солди, ҳам чуқур хавотирга қўйди.
Батафсил