Бировнинг онг-тафаккурида нималар кечаётганини билишнинг иложи йўқ. Ҳамма вақт одамзод учун бу ниҳоятда оғир ва муаммоли масала бўлиб келган. Зотан, бир инсоннинг қалбида кечаётган ўзгаришлар — у хоҳ яхши томонга бўладими, хоҳ ёмон томонга бўладими — аввало бу унинг ён-атрофидаги одамларга, оиласига, маҳалласига... ва катта куч бўлиб жамиятга таъсир ўтказиши бор гап.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига сафари давомида фаоллар билан учрашар экан, айни шу долзарб масалага кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратди. Давлатимиз раҳбари бугун фарзандларимиз онгини, керак бўлса қалбини эгаллашга уринаётган ғаразли кучлар, уларга қарши туриш, болаларимизни ҳар қандай диний, ғоявий оқимлар таъсиридан ҳимоялаш борасида нима ишлар қиляпмиз, нега бу масалада лоқайдликка йўл қўймоқдамиз, деган ўткир саволларни ўртага ташлади. Телевизорда ҳаммамиз кўрдик, Президентимиз муқаддас ислом динимиз билан, динни ниқоб қилган оқимларни ажратиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, сўзи бошқа-ю қалби ва амали бошқа кимсаларни тўғри йўлга бошлаш, ёшларимизга, фарзандларимизга ислом динининг муқаддас қадриятларини ўргатиш зарурлиги ҳақида куюниб гапирди.
Бу ҳақиқатдан жуда долзарб ва ечимини бир дақиқага ҳам кечиктириб бўлмайдиган масала. Чунки бугун глобаллашувнинг шиддатли оқими ҳеч бир жабҳани, бирор оилани, қолаверса, ҳеч кимни четлаб ўтаётгани йўқ. Ҳар қандай ёвузлик, ҳар қандай иллат эшикдан ҳайдасанг, тешикдан кириб келадиган замон ҳозир.
Хўш, мана шундай мураккаб бир даврда ёшларни турли ёвуз кучлардан қандай асрашимиз керак? Бундай пайтда маҳалла, таълим муассасалари, оила, умуман кенг жамоатчиликнинг ўрни қандай бўлиши керак?
Ота-боболаримиз «Бир болага етти маҳалла ота-она» деган нақлни бежиз айтмаган. Нуронийлар кўчадан ўтаётган ёки бўлмаса, бирор шўхлик қилаётган болани тўхтатиб кимнинг боласи эканини суриштириши, зарур бўлса, дакки бериши яқин-яқингача яхши анъаналардан эди. Ўқитувчини мактабдан бошқа жойда — бозор ёки тўйда кўриб қолган болалар ўзини секин четга оларди. Булар, замонавий тил билан айтганда, жамоатчилик назоратининг ёрқин кўринишлари эди. Давлат раҳбарининг хавотири ҳам шунда. Болаларни «Бу менинг болам эмас», «Бу қўшнининг боласи», «Бу бошқа туманнинг боласи», дея ажратиб катта хатога йўл қўймаяпмизми? Бир боланинг келажагига бефарқлик қилиб юртнинг, жамиятнинг эртасини бой бермаяпмизми?
Тўғри, баъзида ўз болангга ҳам сўзинг ўтмай қолади. Лекин бу ҳолатда ҳам айбни бошқа жойдан қидириш шарт эмас. Агар болани, унинг тарбиясини ниҳолга қиёслайдиган бўлсак, демак, ўша ниҳолни ўзимиз парваришлаб, ўзимиз ўстирганмиз-ку.
Яна бир гап. Маҳалла, мактаб ва бошқа жамоатчилик боланинг тарбиясида нақадар муҳимлигига заррача шубҳа йўқ. Бироқ мана шу ўта муҳим ишни улардан сўрашдан олдин ўзимизга ўзимиз савол бериб кўрсак яхши бўлар эди: болаларимиз билан оила даврасида охирги марта қачон бир дилдан суҳбат қилдик? «Ўғлим, келажакда ким бўлмоқчисан, мақсадинг нима?», «Қизим, касб-ҳунар сен учун қандай аҳамиятга эга, сени ҳозир нималар кўпроқ қизиқтиряпти», «Болаларим, маҳаллада, қишлоқда, шаҳарда фалон ишлар қилиняпти экан, шу ҳақида фикрингиз қандай?..» деган саволларни оила даврасида бирор марта ўртага ташлаганимизни эслай оламизми?.. Афсуски, бунга ҳеч ким жўяли жавоб бера олмаслиги кундай равшан. Ҳар куни пул топиш, рўзғор, бола-чақа кам-кўстини бутлаш билан оворамиз. Бироқ боламизнинг тафаккурида нима кечаётгани, онги қандай ғоялар билан суғорилаётгани, қарашлари, орзу-интилишлари ҳақида билишга бизда оддийгина ҳафсала етишмаяпти. Ва болаларимиз биздан ҳам, ўзидан ҳам бегона бўлиб ўсади. Бундайлар, Худо кўрсатмасин, эртага ҳамма нарсага лоқайд ва эътиқодсиз, фикр-хаёли истаган томонга оғиб кетаверадиган бир касга айланиши ҳеч гап эмас.
«Бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бетараф ва бепарво қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган одамдан қўрқиш керак. Улардан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Чунки уларда на иймон, на ирода бўлади. Улар ҳатто ўз халқи ва Ватани тақдирига ҳам бамисоли бегона одамдек қарайди» деб ёзган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида.
Шундай экан, болаларимиз тарбиясини шу бугундан бошлайлик. Уларнинг қалбига иймон, эътиқод, яхшилик уруғларини сочайлик. Бу муҳим ишни амалга оширишнинг илк қадами эса оиладан, оила даврасидан бошланади.
Ҳусниддин БЕРДИЕВ
Парламентда қабул қилинган янги қонунлар: халқ манфаати – олий мезон
🕔15:56, 13.04.2026
✔52
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат хавфсизлиги ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Батафсил
Шавкат МИРЗИЁЕВ: «Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак»
🕔16:03, 02.04.2026
✔154
Давлатимиз раҳбари тадбирда нутқ сўзлар экан, халқимиз азал-азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гул-у райҳонлар экканини таъкидлади.
Батафсил
Ўзбекистоннинг «яшил» тараққиёт сари дадил қадамлари
🕔15:48, 26.03.2026
✔182
Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Батафсил