Болалигимизда 1 июнь келишини орзиқиб кутардик. Чунки шу куни туманимиз марказидаги истироҳат боғи ишларди, телевизорда кўп мультфильм қўярди. Биз учун шуям катта бахт эди.
Бу — ўтган асрнинг саксонинчи йилларидаги гап.
Ҳозир-чи? Ҳозир истироҳат боғлари йил-ўн икки ой ишлайди. Улардаги аттракционлар ҳам хилма-хил, замонавий. Ҳаммасида учиш, барча ўйинларни ўйнашга бир кун камлик қилади.
Илгари одамлар истироҳат боғларига онда-сонда, байрамларда борган бўлса, ҳозир бу ҳаёт тарзимизнинг ажралмас қисмига, оддий ҳолга айланган. Қачон борманг, боғларда болажонларнинг чопишиб, қийқириб юрганини кўрасиз.
...Тунов куни ишдан борсам, тўрт яшар қизим «паркка бормаганимизгаям анча бўп кетди» дейди. Савол назари билан онасига қарасам «мен ўргатмадим», дея ишора қилди.
Тўғри, ҳозирги болаларга биров ўргатиши шарт эмас. Улар шунга одатланган. Ҳаёт ҳар доим шундай бўлган, деб ўйлайди. Шунга яраша ўз ҳақини талаб қилади.
Боғлардан ташқари кўп қаватли уйлар олдида болалар ўйингоҳлари, маҳаллаларда сўлим гузарлар, йўл бўйларида хиёбонлар ташкил этилган. Ота-оналар ушбу масканларда сайр этиб, ҳордиқ чиқаради, болажонлар мириқиб ўйнайди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов халқимизнинг мана шундай обод яшашини хоҳлар эди. Бунёдкорлик ишлари билан танишганида атрофга кўпроқ дарахт ва райҳонлар экишни, одамлар дам оладиган соя-салқин масканлар барпо этишни буюрарди. Бугунги обод масканлар ана шу ғамхўрлик ҳосиласи.
Бундай халқпарвар ишлар изчил давом эттирилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятлар ва Тошкент шаҳри туманларига ташрифлари чоғида истироҳат боғлари, кўнгилочар масканлар бунёд этиш лойиҳаларини ҳам белгилаб бермоқда. Уларнинг ҳар бири ўзига хос дизайн ва йўналишга эга бўлади. Ушбу масканлар ишга тушса кўринг болажонларнинг қувончини.
Ҳозир Ўзбекистонда энг кўп кўриладиган телеканал қайси, деб савол берди бир куни Носир дўстим. Ҳаммасининг ўзига яраша мухлислари бор, десам, энг кўп кўриладигани «Болажон» телеканали, деди у қатъий.
— Ўзинг ўйлаб кўр, деярли ҳар бир ўзбек хонадонида ёш бола бор. Ёшлар фарзандлари, кексалар неваралари даврасида хуш-хандон. Ҳаммамиз учун болаларнинг хоҳиши биринчи ўринда. Болалар ҳам «бало» — уларни яхши кўришимизни яхши билади. Телевизорнинг пульти ҳам уларнинг қўлида. Катталар ҳам кун бўйи «Болажон» телеканалини кўраяпти, — дея фикрини изоҳлади дўстим.
Биз болалигимизда бир кунда бир мультфильм кўрсак дўппимизни осмонга отардик. Телевидение ҳам мультфильм камлигидан 3-4 картинани айлантириб қўяверарди. Ҳозир болалар учун бутун бошли телеканал бор. Мультфильмлар шунчалик кўпки, бири тугаб бошқаси бошланаверади. Болаларбоп кўрсатувлар ҳам ранг-баранг: инглиз тили, мусиқа, меҳнат дарслари, спорт машғулотлари, интеллектуал ўйинлар. Ҳаракатлар стратегияси ҳам содда тилда тушунтириб берилмоқда.
Ҳозир болаларга бизнинг давримиздагидек гўдак, деб қаралмайди. Бугун улар ҳамманинг диққат марказидаги инсонлар. Ҳар бирининг соғлиғи, тарбияси, ўқиши, келажаги давлат эътиборида. Бугун улар мамлакатимизнинг фахрига, таъбир жоиз бўлса, замонамиз қаҳрамонларига айланган. Ўзбекистоннинг илк ордени «Соғлом авлод учун» дея номлангани, мамлакатимизнинг «юраги» бўлмиш Мустақиллик майдонига ҳам она ва бола ҳайкали ўрнатилгани шундан далолат. Фарзандларини бунчалар яхши кўрадиган, кўкларга кўтарадиган бошқа халқ, миллат бўлмаса керак дунёда.
Бундай меҳр-эътибор самараси фарзандларимизнинг саломатлигида, баркамоллигида яққол намоён бўлмоқда. Бугунги болаларнинг соғлиғи, фикрлаши, ҳаракатлари 25-30 йил олдинги болалардан бутунлай бошқача. Гап-сўзлари, қобилияти ва ютуқлари билан ҳаммани ҳайрон қолдирмоқда. Ҳали мактабга бормасдан компьютерни билади, инглиз тилида гапиради, чемпион бўлади.
Болалар учун мўлжалланган китоблар, ўқув қуроллари, спорт комплекслари каби яна кўплаб имкониятлар ҳам борки, уларнинг ҳаммасига тўхталиш қийин. Ҳар бир жабҳада аввалгига қараганда осмон билан ерча фарқ бор. Бу шароитларни кўриб, болалик аслида шундай бўлиши керак экан-да, деган ўкинч кўнгилдан ўтади. Болалигингни қайтадан яшагинг келади. Чунки бугунги болалар ҳар кун бахтли.
Анвар САМАДОВ,
ЎзА шарҳловчиси
Парламентда қабул қилинган янги қонунлар: халқ манфаати – олий мезон
🕔15:56, 13.04.2026
✔52
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат хавфсизлиги ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Батафсил
Шавкат МИРЗИЁЕВ: «Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак»
🕔16:03, 02.04.2026
✔154
Давлатимиз раҳбари тадбирда нутқ сўзлар экан, халқимиз азал-азалдан Наврўз кунларида, оиласида фарзанд туғилганда томорқасига, майдон ва хиёбонларга, йўл четларига яхши ният билан кўчат қадаб, гул-у райҳонлар экканини таъкидлади.
Батафсил
Ўзбекистоннинг «яшил» тараққиёт сари дадил қадамлари
🕔15:48, 26.03.2026
✔182
Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Батафсил