«Шукрки, дилимиздагини айтяпмиз, бизни эшитадиган бор»
Президентимиз Ислом Каримов 30 июнь – 1 июль кунлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига ташриф буюриб, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди, вилоятлар фаоллари ва деҳқонлар билан учрашди. Қарши туманидаги «Абдиев Мажид» фермер хўжалиги раҳбари, сенатор, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Суюн АБДИЕВ ана шу учрашув таассуротлари — дилидан ўтган гапларни сўзлаб берди.
— Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз жанубига ташрифи икки улуғ айём — Рамазон ҳайити ва Ватанимиз мустақиллигининг чорак асрлик тўйи арафасида, қатор янги объектларнинг фойдаланишга топширилишига тўғри келгани тасодиф эмас, — дейди Суюн Абдиев. — Чунки истиқлол туфайли халқимизнинг қалби ва қадди тик бўлди, ғурури уйғонди. Бу жараёнда барча ҳудудда бўлганидек, Қашқадарё вилояти ҳам ўзининг янги умрини яшамоқда.
Президентимиз куни кеча ғалла ғарқ пишган далада биз деҳқонлар билан самимий суҳбатлашаркан, Қашқадарёда раҳбар бўлиб ишлаган даврларини яна бир бор ёдга олдилар. Эсимда: ўша вақтлар вилоят йиғилишида бир бригадир қишлоқ хўжалигидаги мавжуд оғир-мураккаб шароит ҳақида гап бошлаган эди, «райком»нинг бежо қарашидан тилини тишлаб қолди. Шунда Ислом ака бригадирга «дилингиздаги ҳамма гапни қўрқмай айтинг, мана, биз эшитамиз», деди. Кўп ўтмай, вилоятда шу муаммоларга барҳам беришга киришилди. Ёки ўшанда «пахта иши» деган туҳматлар билан қамалган қашқадарёликларни биринчи бўлиб ҳимоя қилиб чиққан инсон ҳам айнан Ислом Каримов эканини бугун барчамиз катта ҳурмат-миннатдорлик билан эслаймиз.
Истиқлол туфайли ўзбек деҳқонларининг кўксига шамол тегди, ҳаёти тубдан ўзгарди: бугун фермерларимиз мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90-92 фоизини етказиб бериш билан бирга, қишлоқ тараққиётида ҳал қилувчи етакчи кучга айланиб улгурди.
Пахта экилмаган фақат томнинг усти қолган кунларни кўрган деҳқонларгина бунинг қадрини билади. У пайтларда пахта даласи одамларнинг томорқасидан бошланарди. Ғўзага ишлов бериш учун эса турли заҳарли кимёвий дорилар ишлатилар, оқибатда турли юқумли касалликлар кўпайгандан кўпаярди. Миллион-миллион тонналаб пахта етиштирган халқимиз боласига тоза пахтали кўйлак олиш учун магазинда навбатга турарди. Ҳозир кўпчилик ишонмас, лекин кафанликка сурп «райисполком» қоғози билан берилган пайтлар ҳам бўлган. Одам қадри кепакдан арзон кунлар эди-да...
Бугун фермернинг меҳнати қандай қадр топаётганини ўз ҳаётим мисолида ҳам яққол кўраман. Фермер хўжалигимиз майдони 87 гектар: 46 гектарида ғалла, 38 гектарида пахта, қолганида сабзавот ва чорва озиқаси етиштирамиз. Мана, куни кеча давлатга 184 тонна ғалла (шартнома режаси 161 тонна эди) топширдик, ўртача 68-70 центнердан ҳосил олдик. Ҳали анча ғалламиз бор — ишчиларга, кам таъминланган оилаларга тарқатамиз. Пахтадан эса ўтган йили 41 центнердан ҳосил олганмиз. Бу йил ҳам кам бўлмайди.
Илгари Қарши ё Шаҳрисабз шаҳарлари сал ободроқ қишлоқдек эди. Бугун эса чин маънода пойтахт шаҳарларга айланди.
Масалан, олдинлари вокзал деса, кўпчилик энг нотоза жой ва безорилар уясини тушунарди. Бугун эса вокзал айланиб, поездга миниб, маза қиласиз. Мана, Қарши темир йўл вокзали қандай ажойиб қиёфага кирди. Агар чорак аср аввал димиққан поездда тик туриб кетаётган йўловчига «оғайни, ҳали Қаршидан Тошкентга юқори тезликдаги электропоездда ўтириб, газета-журнал ўқиб ё кино кўриб кетасан», деса устингдан кулиши тайин эди. Ваҳоланки, ана шу орзулар рўёби кўп куттирмади.
Илгари кўпчилик Қаршидаги тарихий кўприкдан шунча ўтиб-қайтса ҳам, унинг Соҳибқирондан мерос эканини билмаган. Мана, бугун Амир Темур кўприги ҳам тарихий, ҳам замонавий қиёфада. Айниқса, тунда худди Соҳибқирон давридаги машъалалардай замонавий чироқлар ёғдусида янада кўркам, салобатли кўринади.
Қаранг, биргина шу кўприк таъмири баҳона Қашқадарё дарёсида учта тўғон қурилди. Қирғоқ бўйидаги эски бинолар ўрнида гўзал хиёбон бунёд этилди. 24 гектар майдон кўкаламзорлаштирилиб, 4 мингдан ортиқ манзарали дарахтлар экилди. Болалар учун замонавий аттракционлар, спорт майдончаси — барчаси аҳоли ва меҳмонлар ихтиёрида.
Илгари курантни фақат Тошкентда кўрганмиз. Мана, Қарши шаҳрининг Мустақиллик ва Ўзбекистон кўчалари (номларнинг уйғунлигини қаранг) чорраҳасида қарийб 30 метрлик оқ мармарли курантга эга бўлдик. Ниятимиз — бу курант абадул-абад истиқлол вақтини кўрсатиб турсин. Зеро, бугун ўқиб толмайдиган, ишлаб чарчамайдиган, яшаб зерикмайдиган кунлар келди.
Умид ЁҚУБОВ
ёзиб олди.
Кучли партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади
🕔11:43, 20.08.2026
✔78
Бугун сиёсий партиялар маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида партия гуруҳлари институти имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия гуруҳлари фаолияти миллий қонунчиликда белгиланган ваколатлар асосида амалга оширилиб, маҳаллий вакиллик органларида сиёсий плюрализм ва депутатлик назоратини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Батафсил
2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади? Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди
🕔14:36, 14.08.2026
✔188
Инсонда табиатга оқилона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш ва атроф-муҳит софлиги учун масъулият ҳисси ёшликдан, оиладан ҳамда таълим-тарбия даргоҳларидан бошланадиган узлуксиз маънавий ва маърифий жараёндир.
Батафсил
Мустақиллик қиёфаси
🕔14:35, 14.08.2026
✔177
Ўзбекистон бундан ўн йил бурун қандай эди, ҳаётимиз, шароитларимиз, туриш-турмушимиз, тафаккуримиз, бийрон тилимизнинг ҳоли нечоғли эди ўша пайтларда?!
Батафсил