Давр нафаси      Бош саҳифа

СОҲИБҚИРОН ҚЎЛЛАГАН ДЕМОКРАТИЯ

Амир Темур бобомиз дунё тарихида катта из қолдирган давлат арбоби ва моҳир саркарда эканини бутун дунё билади. У қисқа вақт ичида Мовароуннаҳрни бирлаштириб, уни ўз даврининг энг йирик салтанатига айлантира олгани ҳам тарихдан маълум.

СОҲИБҚИРОН ҚЎЛЛАГАН ДЕМОКРАТИЯ

Соҳибқирон бобомиз ҳақида гап кетганда, унинг оламшумул бу ютуқларининг сабаби нимада эди, қандай қилиб у бехато сиёсат олиб борган, деган савол шу давргача кўпчиликни қизиқтириб келган. Унинг сиёсатини ўрганмаган бирорта йирик давлат арбоби, халқаро институт ё муаррих қолмади қисоб.

Назаримизда, унинг энг катта ютуғи ҳар бир ишни маслаҳат ва машваратга таяниб олиб борганидадир. Темур бобомиз ана шу фазилати билан бошқа давлат арбобларидан фарқланиб турган. «Темур тузуклари»даги «Давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим», деган ҳикматли сўзлари орқали Амир Темур ютуқларининг асл сабабларини англаб етиш мумкин.

Ушбу манбага таяниб,  Темур ҳамманинг ҳам маслаҳатига амал қилаверган экан-да, деган хулосага бориб бўлмайди, албатта. У маслаҳатнинг икки турини айтиб ўтган: бири тил учида айтилган маслаҳат, иккинчиси чин дилдан бирор масалани тўғри ҳал қилишга донолар томонидан берилган маслаҳат-тавсиялардир. Бундан кўринадики, Амир Темур ижтимоий фикрга таяниб давлатни бошқарган, ўз даврининг энг илғор кишилари жамият фикрини, муаммоларини ва уларни ҳал қилишни яхши билган.

Соҳибқирон атрофида ўз даврининг энг кучли олимлари, мантиқ илми усталари, пирлари, тажрибали сипоҳийларни тутган ва улар билан доимий кенгашу маслаҳатларни олиб борган. Салтанат девонида кичик ва катта кенгашлар, очиқ ва ёпиқ мажлислар бўлиб турган. Мажлисларда давлат бошқарувига оид энг муҳим масалалар кўриб чиқилган, маслаҳат кенгашидан ўтказилиб, энг сўнггида мақбул, қатъий қарорлар қабул қилинган.

Ўша даврнинг қурултойлари ҳам муҳим маслаҳат институти эди. Қурултойларда бутун салтанат маҳаллий ҳокимияти вакиллари, тажрибали кишилари иштирок этган ва уларнинг муаммолари ўртага ташланиб, камчилик ва хатолар талаб ҳамда истаклар, фикрлар асосида тўғриланиб,  ҳал этиб борилган. Бу ўша даврнинг ўзига хос шарқона демократия тизими эди. Соҳибқирон «Тузуклар»да «Юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри кенгаш билан амалга ошириш мумкин», деган фикрни кўп бор таъкидлаган. Амалда ҳам буни исботлаган: бир неча марта оз сонли қўшини билан кўп минг сонли қўшинларни мағлубиятга учратган.

Амир Темур саройидаги жамулжам бўлган интеллектуал ва сиёсий элита — ўз даврининг билимдон донишмандлари, олимлари, фозил ва хос ишончли кишилари ҳамда амирлари билан ўтказилган маслаҳату машваратлар ҳар доим ўзининг ижобий самарасини берган. Ҳарбий юришларда зафар қучган, халқнинг фаровонлигига эришган, илм-фан, маданият, бунёдкорлик ва ободликда тўғри йўлдан адашмаган. Демак, машварат, маслаҳат, кенгашлар, улардан хулоса чиқариб қўлланилган тадбир-стратегиялар Амир Темурнинг давлат бошқарувидаги муҳим ютуқларидан ҳисобланган.

Тарих — ҳар қандай масалада йўл кўрсатувчи маёқ, донишманд устоздир. Буюк саркарда бобомиз Амир Темур амал қилган, бир умр ҳаётий қоида деб билган ана шу кенгашиш, маслаҳатлашиш ва кўпни кўрганларнинг фикрини билиш одати сизу биз учун ҳам беқиёс аҳамият касб этади. Бирор ишга қўл уришдан аввал билгичлардан бир оғиз маслаҳат сўраш, очиқ мулоқот қилиб, фикр билиш ҳар қандай ишни пишиқ-пухта, бекаму кўст адо этишда жуда қўл келади.

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб номланган жорий йилда мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришлар, халқимиз билан юзма-юз, очиқ мулоқотлар ҳамда шу орқали кўплаб масалаларнинг ижобий ҳал этилаётганини кўриб, кузатиб, кўнгилдан бир ўй ўтади: Соҳибқирон Амир Темур бобомиз қўллаган демократия изчил давом этмоқда. Зеро, бу фазилатлар аждодларимиз томонидан қўлга киритилган муҳим олтин мерос бўлиб, бугунги кунда ана шу демократия, ижтимоий институт анъаналарини қайта тиклаш фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шоҳистахон ЎЛЖАЕВА,

тарих фанлари доктори




Ўхшаш мақолалар

Кучли  партия гуруҳлари  маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади

Кучли партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар ва ҳудудлар ривожига ҳисса қўшади

🕔11:43, 20.08.2026 ✔84

Бугун сиёсий партиялар маҳаллий Кенгашлар фаолиятида ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида партия гуруҳлари инс­титути имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия гуруҳлари фаолияти миллий қонунчиликда белгиланган ваколатлар асосида амалга оширилиб, маҳаллий вакиллик органларида сиёсий плюрализм ва депутатлик назоратини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Батафсил
2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади?  Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди

2030 йилгача экологик маданиятимиз қанча ошади? Экология қўмитаси раиси парламент сўровига жавоб берди

🕔14:36, 14.08.2026 ✔189

Инсонда табиатга оқилона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш ва атроф-муҳит соф­лиги учун масъ­улият ҳисси ёшликдан, оиладан ҳамда таълим-тарбия даргоҳларидан бошланадиган узлуксиз маънавий ва маърифий жараёндир.

Батафсил
Мустақиллик  қиёфаси

Мустақиллик қиёфаси

🕔14:35, 14.08.2026 ✔178

Ўзбекистон бундан ўн йил бурун қандай эди, ҳаётимиз, шароитларимиз, туриш-турмушимиз, тафаккуримиз, бийрон тилимизнинг ҳоли нечоғли эди ўша пайтларда?!

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар