Набирам билан телевизор кўриб ўтиргандик. Бу йилги Наврўз байрамини муносиб нишонлаш ҳақидаги Президент қарори ўқиб эшиттирилди…
— Нима бўлди, бобо, мазангиз бўлмаяптими?
Набирамнинг бу саволидан ўзимга келдим. Қарасам, кўзёшларим юзимни ювибди...
— Бирон жойингиз оғрияптими? — деб сўради набирам хавотирланиб.
— Дилим... — дея олдим, холос...
...Набирам бу йил ўн саккизга тўлди. Бундан ўттиз йилча олдин эрта баҳор кезлари бошимизга қандай савдолар тушгани, улар дил тубида қанчалик жароҳатлар қолдирганидан у ҳали бехабар. Балки у кунлар набирам тенги ёшларга чўпчак бўлиб туюлар. Лекин бу — халқнинг аччиқ қисмати. Бунга мен каби миллионлаб кишилар гувоҳ...
Қатағон қилинган Наврўз
Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида собиқ совет тузуми кўпдан бери кўз тикиб юрган Наврўз байрамига очиқдан-очиқ ҳужум бошлади. Минг йиллардан бери баҳор байрами сифатида қадрлаб келинаётган Наврўзни халқ ҳаётидан юлиб олиш учун қатъий ҳаракатлар бошланди. Ўша кезлари давр қаҳратонларида яшаётган халқ учун Наврўз — бир ҳовучгина бўлса-да, илиқлик нашидаси эди. Ота-боболаримиздан қолиб келаётган миллий байрамларимиздан фақат Наврўзгина ҳали-ҳамон пана-пастқамларда бўлса ҳам давом этиб келарди. У кунни байрам қилишга бирон кўрсатма бўлмаган, бу халқнинг кўп йиллик иродаси, хоҳиш-истаклари инъикоси эди. Ахир, одамлар ўз ўтмишидан бирон мужда излаб, шунга юкуниб, юзига бир чимдим табассум улашиш, лоақал бир коса тансиқ таомни қўни-қўшни, маҳалла-кўй билан бирга баҳам кўриши учун ҳам шундай миллий тутумларимиз керак эди-да.
Наврўзни узил-кесил йўқ қилиш учун ўша даврда ҳеч ким инкор этолмайдиган сабаб ўйлаб топишди. Шу сабабдан сўнг уни оқлашга ёки ҳимоя қилишга ҳеч ким журъат қилолмас эди. Наврўзни дин билан боғлаш, уни диний байрам деб ҳисоблаш тиш-тирноғи билан динга қарши курашаётган айрим кимсаларнинг асосий қуроли бўлди. Наврўзни нишонлаш у ёқда турсин, расмий доираларда кимдир уни тилга олса ҳам ҳамманинг кўзига балодай кўринадиган бўлди. Ҳеч шубҳасиз, бундай киши мафкуравий қолоқ кимсага, эскилик сарқитлари тарғиботчисига айланиб қолар, жиддий ҳайфсан берилар, партиядан ўчириш билан қўрқитиларди.
Оддий меҳнаткаш халқнинг бу гаплардан унча хабари йўқ. Ҳатто, ҳеч бир диний таомилга амал қилмайдиган кишилар ҳам Наврўзни ота-боболардан ўтиб келаётган расм-русум сифатида қадрлар, кези келганда, баҳорий таомлар пишириб, биргалашиб ўйин-кулги қилишга одатланган эди. Ҳеч кимга зарар етказмаган ҳолда оддий байрам қилиш «мафкуравий душман»га айлантириб қўйишига ақл бовар қилмас эди. Ҳатто, сумалак пишириш ёки дала-даштдан бойчечак теришнинг мафкурага зарари борлиги кимнинг тушига кирибди...
Салла ўрнига каллани оладиган тузумнинг баъзи бир амалдорлари юқоридагиларга ўзини кўрсатиш учун эрта баҳор кезлари халқни оралаб, ҳатто катта дошқозонда қайнаб турган сумалакни тепиб ағдариш каби «қаҳрамонлик»лар кўрсатишгани ҳам рост. (Ҳақиқатда уларга юқоридагилар шундай кўрсатма берганми ё бу ўзларининг «жасорат»ларими, буниси менга қоронғи.) Лекин халқни ўзи суйган, ўрганган нарсасидан ажратиш осон эмас. Улар Наврўзнинг ўрнига бошқа бир байрам ўйлаб топиб, одамларга шуни тарғиб қилмоқчи ҳам бўлиб кўришди. Халқ учун шунчаки байрам эмас, ота-боболар йўлини давом эттириш ҳам жуда муҳим эди. Шу сабабли ўйлаб топилган байрамга ҳеч ким харидор бўлмади. Одамлар қўрғони эшигини қулфлаб, кечалари, ҳеч кимнинг кўзи тушмайдиган жойларда сумалак пишириб, бир-бирига меҳр-оқибат улашишни канда қилмади. Айниқса, ёши улуғлар, хаста-ногиронлар, ёлғиз қариялар, қиш заҳмидан омон чиққан ҳамма-ҳаммага бир пиёла сумалак илингани ё бир дона бойчечак кўтариб, уйма-уй юрган болалар олам-олам қувонч улашгани айни ҳақиқат.
Саксонинчи йиллар охирига келиб вазият бир мунча ўзгарди. Айниқса, Ислом Каримов раҳбарлиги бошлангач, халқнинг елкасига офтоб теккани туфайли кўпчиликда эртанги кунга катта умид уйғонди. Ҳеч кутилмаганда одамларга ер участкалари ажратилиши, ўзбек тили тўғрисида қонун қабул қилиниши қарийб бир асрдан бери рўшнолик кўрмай келаётган халқни тўлқинлантириб юборди. Аммо одамларда энди бошқа орзуларимиз ҳам ушалармикан ёки эндигина оғзимиз ошга етганда бошимиз тошга тегармикан, деган хавотир ҳам йўқ эмас эди.
Тикланаётган ишонч
Тўқсонинчи йил мартида ҳеч кутилмаган воқеа бўлди. Ўзбекистонда президентлик лавозими жорий қилиниб, Олий Совет депутатлари бу борадаги халқ иродасини намойиш этиб, Ислом Каримовни президентликка сайлашди. Энди халқимиз пуч ғояларга эмас, ўз иродаси билан сайлаган одил ва оқил раҳбарга ишона бошлади.
...Ўша кезлари мен республика радиосида ишлардим. Болалар ва ўсмирлар учун эшиттириш тайёрлаш мақсадида жойларда бўлганимда баъзан Наврўзни яширинча нишонлашаётганини сезиб қолардим. Лекин маҳаллий раҳбарлар «пойтахтдан келган мухбир»дан ҳадиксираб, бу ҳақда имкон қадар менга билдирмасликка ҳаракат қилишарди. Шунда мен: «Наврўзни очиқ-ошкора байрам қилсак бўлади, энди бизга ҳеч ким тазйиқ ўтказа олмайди», десам, бу гапга биров ишонмасди. Гўёки бу билан мен кимнидир хонавайрон қилиб, тузоққа тушириш учун пайт пойлаётгандай туюлардим. Ўзбекистон раҳбари Наврўзни кенг миқёсда ўтказишга шахсан ўзи ташаббускор бўлганини ҳали кўпчилик билмасди. «Бундан буён Наврўзимиз ҳамма жойда катта байрам сифатида нишонланади», деган гапларга одамлар ишонишга ҳам, ишонмасликка ҳам ҳайрон эди. Аммо ҳамон кимлардир Наврўзни нишонлашга бош-қош бўлганлар жазога тортилармиш, деса, бошқаси ундан ҳам ваҳимали гапларни ўйлаб топарди...
Катта жасорат
Ниҳоят, 1990 йилнинг 3 майида Биринчи Президентимизнинг «Наврўз халқ байрамини ўтказиш якунлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Унда шундай жумлалар бор эди: «Наврўзнинг байрам қилиниши теран халқ анъаналари, ерга ва табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, деҳқон меҳнатини ҳурмат қилиш, яхши қўшничилик, меҳр-мурувватга ва бошқаларнинг дардига малҳам бўлишга интилишлари қудратли омил бўлди. Наврўз халқ байрамининг инсоний ва байналмилал моҳияти ҳам худди ана шундадир».
Фармонда байрамни ўтказишда ёрдам кўрсатганларга миннатдорлик билдирилган, ҳар йили 21 март дам олиш куни ва умумхалқ Наврўз байрами, деб эълон қилинган эди.
Ўша пайтларда Наврўз халқнинг ягона миллий байрами эди. Шу муносабат билан турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ юртдошларимиз илк бор республиканинг юксак унвонлари билан мукофотланди.
...Шукрки, ана шундай кунлардан ҳам эсон-омон ўтиб олдик. Юртимизнинг ҳар бир гўшасида Наврўз тантаналари ойлаб нишонланаётган бугунги кунимизда қатағонга учраган байрамимиз ҳақидаги аччиқ тарих хотирамизнинг бир четида аламли кечинма бўлиб турибди.
...Бу гапларни набирамга айтиб берсам, унинг ҳайрати ошди:
— Йўғ-э, ростдан ҳам шундай бўлганми? Сумалакни ерга тўкиб ташлашганми? Ахир, сумалакнинг айби нима?
...Мен ҳам шунга ҳалигача ҳайронман...
Азиз ЁҚУБОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист