одамларга аниқ ёрдам бера оляптими ёки бу шунчаки хўжакўрсингами?
Чуст тумани «Олмос» ҚФЙ Қоракапа маҳалласида яшовчи Каримжон Холиқов томорқасида иссиқхона қуриш ҳаракатида эди.
Бироқ бунга анча-мунча пул керак. Қишлоқ одами учун рўзғордан маблағ орттириш эса осон эмас. Каримжон ака ҳам озгина бошланғич сармояга эҳтиёж сезди-ю, уни қаердан, қандай топишни ўйлаб боши қотди. Ана шундай кунларда унинг хонадони эшиги тақиллаб қолди.
Не кўз билан кўрсинки, остонасида бир гуруҳ кишилар — қўлларига дафтар-ручка тутиб, уйма-уй юриб, одамларнинг дардини тинглаб, муаммоларига ечим топишга ёрдам бераётган давлат одамлари, яъни турли ҳокимлик, вазирлик ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла оқсоқоли турибди. Каримжон ака уларнинг йўқловидан, айниқса, оиласини қийнаётган муаммолари ҳақида сўрашиб, ёрдам кўрсатишини эшитгач, суюниб кетди.
Иссиқхона қуриш масаласи ҳам тезда ҳал этиладиган бўлди: «Агробанк» вакили кредит учун ҳужжатларни тайёрлашга ёрдам берди ва «МехМаш» корхонасидан тайёр ҳолдаги иссиқхона конструкцияси олиб келиниб, Каримжон аканинг томорқасига ўрнатиб берилди.
Худди шунингдек, Чуст туманининг «Шўркент» ҚФЙда яшовчи Умаржон Қосимовнинг ҳам томорқасида иссиқхона қилиш учун кредит олиш масаласи Халқ банки томонидан ҳал этилиб, тайёр иссиқхона олиб келиб ўрнатилди.
Булар жойларда бўлаётган халқ билан мулоқот натижасидан айрим мисоллар. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида кўплаб вазирлик ва давлат ташкилотлари раҳбарларига жойларга чиқиб, оилаларга кириб, улар билан мулоқот қилиш, муаммоларини ўрганиш бўйича берган топшириғи одамлар оғирини енгил қилишда кенг йўл очди. Шунга кўра, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, «Нуроний», «Маҳалла» жамғармалари, «Камолот» тузилмалари, Дин ишлари бўйича қўмита, Савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари мутасаддиларидан иборат тузилган ишчи гуруҳлари жорий йил 20 январидан бошлаб Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида кўчама-кўча, хонадонма-хонадон юриб, мавжуд вазиятни чуқур ва пухта ўрганмоқда.
— Мисол учун, Наманган шаҳридаги ўрганишлар давомида 2258 та хонадондаги 5131 та оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказилди, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора МАЪРУФОВА. — Мулоқот мобайнида 453 та муаммоли масала аниқланган. Улардан 160 таси иқтисодий, 49 таси ижтимоий-маънавий муҳит, 69 таси маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти, 30 таси таълим, 49 таси соғлиқни сақлаш, 96 таси хизмат кўрсатиш соҳаларига тааллуқлидир. Аҳоли томонидан кўтарилган муаммоли масалалардан 393 таси ишчи гуруҳлар томонидан жойида ижобий ҳал этилган.
Наманган шаҳар ҳокимлигида олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштирувчи штаб фаолияти ўрганилди. Штабда 12 нафар аъзо фаолият олиб бормоқда. Улар томонидан штабга тақдим этилаётган масалалар таҳлил қилиниб, аниқланган муаммолар туркумларга бўлиниб, қисқа муддатларда ҳал этилиши назоратга олинган.
Хўш, ишчи гуруҳлар аъзолари ростдан ҳам одамларга аниқ ёрдам кўрсата оляптими? Ёки барчаси фақат қоғозда «ҳал» этиляптими?
Гулнора Маъруфованинг маълум қилишича, Наманган шаҳрида оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш жадвалига асосан, 5 февраль куни Наманган шаҳар «Диёр» МФЙда истиқомат қилаётган оилаларни ижтимоий-маънавий муҳити, хонадонларнинг ҳолати атрофлича ўрганилди.
Фуқаролар йиғинининг «Нодим» кўчаси, 14-хонадонида истиқомат қилувчи, диний экстремистик оқимига аъзо сифатида рўйхатда турувчи Фозилжон Ғозиевнинг хонадонига борилганда хонадон соҳиби оилавий тадбиркорлик (қандолатчилик цехини ташкил этиш) билан шуғулланиш истаги борлигини билдирди. Унга тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кредит олиш тартиби тушунтирилди ва Наманган шаҳар ҳокимлигининг масъул вакили, «Ягона дарча» маркази раҳбарига ижрони таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Шу кўчада яшовчи яна бир фуқаро — Баҳром Ҳайдаров хонадонида 4 та хўжалик (3 нафар ўғиллар ўз оилалари билан) атиги 5 сотихли ҳовлида истиқомат қилади. Баҳром Ҳайдаров оила аъзоларига уй-жой ёки ер участкаси олишда амалий ёрдам беришни сўраган. Унга 2017 йилда Наманган шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйлардан олиш учун тегишли тартибда Наманган шаҳар ҳокимлигига ариза билан мурожаат этилиши ва ушбу аризага асосан фарзандлари уй-жойли бўлиши тушунтирилди. Мазкур масала юзасидан Наманган шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳамда уй-жой сектори раҳбарига ёш оилаларга имтиёзли равишда уй-жой билан таъминлашда амалий ёрдам берилиши ва ишчи гуруҳ томонидан назоратга олиниши юзасидан кўрсатмалар берилди.
Яна бир фуқаро — «Нодим» кўчаси, 12-уйда истиқомат қилувчи, кам таъминланган оила рўйхатида турган, қандли диабет касаллигига чалинган 52 ёшли Жавлонбек Файзуллаевнинг Эндокринология шифохонасида стационар даволаниши ҳамда имтиёзли равишда инсулин дори воситаси билан доимий таъминланиб борилиши, шу билан биргаликда, Наманган шаҳридаги 1-оилавий поликлиника шифокорлари томонидан ҳужжатлари тайёрланиб, ТМЭКга тақдим этилиши назоратга олинди.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Янгиқўрғон тумани «Нурафшон» МФЙда яшовчи Малика Ҳайдарова хонадонига 2 тонна кўмир берилишида, «Навкент» ҚФЙда яшовчи Олимжон Холиқовга турмуш ўртоғи Солияхон Ҳусайиновани даволатиш учун маҳалла томонидан моддий ёрдам ажратилишида ёрдам кўрсатилди.
Норин тумани «Қўшариқ» МФЙда Дониёрбек Исмонов ишга жойлашишда ёрдам сўраган. У ўша куннинг ўзида «Норин тола» акциядорлик жамиятига ишчи вазифасига ишга жойлаштирилди. Косонсой туман, «Сойча» МФЙда 2015 йилда туғилган болаликдан ногирон Зиннура Умаралиева ичак атрезияси касаллиги бўйича жарроҳлик амалиётига муҳтожлиги аниқланган. Ишчи гуруҳ аъзолари кўмаги билан ушбу бемор қизалоқ учун Тиббиёт бирлашмасига ордер олиб, ётқизилишига эришилди.
Албатта, мутасаддилар бутун мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг катта-кичик масалаларини ҳал этиш, оддий одамларнинг оғирини енгил қилиш учун тиним билмай, эшикма-эшик юрган бир пайтда юртдошларимиз ҳам қараб тургани, қачон давлат одамлари келиб, муаммомизни ҳал қилиб берар экан, деб ўтиргани йўқ.
Масалан, Тўрақўрғон туманидаги ўнлаб оилалалар ўрганилганда, хонадон эгалари аллақачон амалий ишлар бошлаб юборганининг устидан чиқишди. Хусусан, фуқаро Зиёвуддин Асқаров 2 сотихли томорқасига 7,5 миллион сўмлик, Каримжон Тўхтаназаров 1,5 сотихли томорқасига 3,5 миллион сўмлик кредит олиб, лимон кўчатларини экиш ва парваришлаш учун иссиқхоналар ташкил этишган. Уларнинг бошқа маҳалладошлари — Абдурасул Убайдуллаев ва Илҳомжон Назаровлар эса кредит расмийлаштириб, паррандачиликни ривожлантириш мақсадида 50 тадан парранда олиб боқмоқда.
Ҳа, одамларга керакли вақтда маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатилса, зарур ҳолларда тиргак бўлиб, қўллаб юборилса, бас. Халқимиз — азалдан ўз меҳнати, пешона тери билан оиласини, рўзғорини тўкин тебратиб келган. Зеро, одамларни нафақат амалий ёрдам, балки бир оғиз рағбат, қўллаб-қувватловчи ширин сўз ҳам руҳлантириб юборади.
Жасур ЖАМИРОВ