Ишдан таътил олиб опамникига — шаҳарга бордим. Жиянларимни жуда соғингандим ўзиям.
Шаҳарларда одамлар жуда бошқача-да... Ҳамма ўз ташвиши билан овора: кимдир ишга шошилса, бошқаси ўқишига ғизиллайди.
Опам куни билан ишда, болалар эса мактабда, боғчада, бир ўзим тўрт девор ичида зерикиб кетаман. Уйга кетай десам, опам: «Эртадан кейин жиянингнинг туғилган куни, поччанг ҳам сафарда, ҳеч бўлмаса сен қол», деб кўнмаяпти. Айланиб келай десам, шаҳарни яхши билмайман, қўшнилар-ку… опам ўн уч йилдан бери билмаган, танимаган бўлса, мен қаёқдан ҳам танирдим?!
Опам аввал кичкина қизи Моҳирани боғчага ташлаб, кейин ишга кетади. Буни кўриб:
— Опа, биринчи қаватдаги қўшнингизнинг ҳам Моҳинур тенги қизи бор экан, ўша билан бирга юборсангиз бўлмайдими? У ҳам шу боғчага борса керак? — дедим шошганча.
— Ҳа, у ҳам шу боғчага боради, аммо қизимни етти ёт бегонага ишониб бериб юборайми? — деди ҳайрон бўлганча.
— Нега энди бегона бўларкан, қўшнингиз-ку?! Маҳалламизда Соҳиб ака деган киши бор, танийсиз. Кўчанинг боғчага борадиган ҳамма боласини йиғиб, машинасида ташлаб келади. Ўзининг набираси ҳам шу боғчага боради-да. Баъзида Омад ака шунақа қилади. Ўзим ҳам ишдан келаётиб, кўчамизнинг ҳамма болаларини олиб келаман. Ҳеч ким ҳеч нима демайди. Ҳамма бир-бирига ишонади,бир-биридан кўнгли тўқ.
— Вой, содда синглим-эй. Ахир, бу ерни шаҳар, деб қўйибди…
— Шаҳар бўлса нима бўпти, шаҳарда одамлар яшамайдими, уларнинг бир-бирига иши тушмайдими? Аслида ҳамма сизга ўхшаб танимайман, бегона-ку, деб ўтираверса, қачон танишасиз? Иссиқ жон деб қўйибди, иссиқ-совуғингиздан шулар хабар олади-да!
— Э, кўп ақл ўргатмай қўя қол, сен билмайсан, бу ер сенга қишлоқ эмас. Яхшиси, эшикни яхшилаб қулфлаб ол. Мабодо бирор кимса тақиллатса, асло очма. Сен соддасан, ҳаммага ишонаверасан.
Хўп, деганча эшикларни қулфладим. Бу диққинафас хонада ўтиргим келмади, телевизор қўйдим, барибир бўлмади. «Одам тафтини одам олади», деганлари рост экан. Ҳеч эътибор бермаган эканман, эсимни танибманки, дарвозамизга қулф осилмаган. Илгичида эски ип осилиб турарди. Бирор узоқроқ жойга боргудек бўлсак, ўша ипни боғлаб кетаверардик. Уйда бўлсак, эшигимиз доим очиқ бўларди. Қишлоқларда ҳаёт бошқача-да…
Шуларни ўйларканман, қишлоғимизнинг содда, самимий, ишонувчан ва таниш одамларини беихтиёр соғина бошладим...
Дилфуза ТИЛЛАЕВА
Оила заминидаги ниҳол доимий эътиборимизга муҳтож
🕔11:38, 20.08.2026
✔46
Инсон дунёга келар экан, она қорнидалигидаёқ борлиқни ўргана бошлайди. Унинг биринчи таниган инсони онаси бўлади. Онаси орқали дунёни танийди: онасининг овози, ҳиссиётларини ҳис қилади. Онанинг феъл-атвори, ўй-фикрлари болага ўтади.
Батафсил
Аёл – миллат бунёдкори
🕔15:33, 06.03.2026
✔652
Бобомиз Амир Темур айтганидек, юртнинг қудрати қурилган биноларда акс этса, юртда маънавий қудрат, маданий юксаклик аёлга бўлган муносабат билан белгиланади. Аслида аёлни қадрлаш биз учун бобомерос туйғу. Бу мерос биз учун юз йиллик, минг йиллик эмас, балки жуда қадимданоқ халқнинг онгу-шуурига сингиб келаётган юксак қадрият ҳисобланади.
Батафсил
Экологик маданият – ОИЛА, МАКТАБ ва МАҲАЛЛА интеграциясига боғлиқ
🕔17:05, 08.01.2026
✔812
Оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигида инновацион экотизим яратиш, яъни барча тарбия ва таълим муассасаларини бир платформада уйғунлаштириб, замонавий технологиялар воситасида экологик тарбияни олиб бориш зарур.
Батафсил