2016 йил 4 декабрь. Бу мамлакатимиз ҳаётида муҳим давр — тарихимизнинг янги саҳифаси очилган кун сифатида қолди. Шу куни тонгдан юртдошларимиз катта қувонч ва зўр кайфият билан сайлов участкалари томон ошиқди...
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун мамлакатимизда 9 минг 383, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий ваколатхоналари ҳузурида 44 сайлов участкаси тузилган эди. Сайлаш ҳуқуқига эга ҳар бир юртдошимиз ўз сиёсий ҳуқуқидан фойдаланиб, фуқаролик бурчини фаол адо этди: сайловда ўзи муносиб деб билган номзодга овоз берди! Бунинг учун ҳар бир сайлов участкасида барча имконият ишга солинди: сиёсий тадбирга ташкилий-ҳуқуқий ва моддийтехник жиҳатдан юксак даражада тайёргарлик кўриш, уни миллий сайлов қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилган демократик принципларга тўлиқ мувофиқ ҳолда, очиқ-ошкора ва адолатли ўтказиш учун ҳамма шарт-шароитлар яратилди.
Бу галги Президент сайлови кўп янгиликлар билан эсда қолди. Аввало, сайловда илк бор жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг овоз беришда иштирок этиши учун қулайликлар яратиш мақсадида сайлов участкаларида пандуслар ўрнатилди, кабиналардан бири ногиронлар учун ажратилди. Брайль алифбосида кўзи ожиз сайловчиларга мўлжалланган сайловга оид турли рисолалар тайёрланди, илк марта улар учун махсус сайлов бюллетенлари чоп этилди. Сайловда илк бор иштирок этаётган ўғил ва қизларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини бешта халқаро ташкилот — Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, 46 давлатдан 600 га яқин кузатувчи кузатиб борди. Сайловда қатнашган тўрт сиёсий партиянинг 37 мингдан зиёд вакили ҳам овоз бериш ҳамда овозларни санаб чиқиш жараёнини кузатиб борди. Сайлов комиссиялари томонидан уларнинг фаолият кўрсатиши учун барча шарт-шароит яратиб берилди. Сайлов жараёнини мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 1 минг 400 нафардан зиёд вакили кенг ёритиб борди.
Сайлов кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказидан ташқари, бу йил «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича «Press klub: Saylov.uz — 2016» пресс-клуби ташкил этилди. У ерда сайлов кампаниясида қатнашган миллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун халқаро стандартларга мос қулай инфратузилма ва шароитлар яратилиб, интерфаол медиа майдони барпо этилди.
2016 йил 5 декабрь куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтказилган брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижалари тўғрисида маълумот берилди. Унга кўра, сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 461 минг 805 нафар сайловчининг 17 миллион 951 минг 667 нафари овоз беришда иштирок этди. Бу сайловчилар умумий сонининг 87,73 фоизини ташкил этади.
Шундай қилиб, 2016 йил 4 декабрь куни ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонди.
«Бутун жараён ошкоралик ва холислик асосида ўтди»
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида сайлов жараёнини кузатиб борган халқаро ташкилотлар миссиялари якуний матбуот анжуманларини ўтказди.
ШҲТ кузатувчилари миссияси матбуот анжуманида миссия раҳбари, ШҲТ Бош котиби Рашид АЛИМОВ ўқиб эшиттирган миссиянинг баёнотида Президентликка номзодларга ОАВдан фойдаланишда тенг имкониятлар берилгани, сайловолди ташвиқотини олиб боришда қонунни бузиш ҳолатлари аниқланмагани қайд этилган.
Овоз бериш жараёни ва сайлов якунларини сарҳисоб қилишни холис баҳолаш мақсадида миссия участка сайлов комиссияларининг фаолияти билан ҳам танишди. Ўз фаолияти давомида миссия 13 сайлов округида 235 сайлов участкасида бўлди. Миссия кузатув якунлари бўйича Президент сайлови мамлакат сайлов қонунчилиги, Марказий сайлов комиссиясининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ва Ўзбекистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга тўла мувофиқ ҳолда, очиқ ҳамда демократик вазиятда ўтгани таъкидланди.
* * *
МДҲ кузатувчилари миссиясининг матбуот анжуманини бошқарган МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — ижрочи котиби Сергей ЛЕБЕДЕВ Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилигига кейинги йилларда киритилган ўзгартишлар уни янада такомиллаштирганини таъкидлади.
— Биз сайлов жараёнини эркин кузатишимиз учун барча шароит яратиб берилди, — деди Сергей Лебедев. — Сайлов комиссиялари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари билан учрашдик, фуқаролар, сиёсий партиялар кузатувчилари билан суҳбатлашдик. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида бўлиб, жойларда сайловга тайёргарлик ишлари билан танишдик, овоз бериш жараёнини кузатдик. Сайлов юксак савияда ташкил этилганига гувоҳ бўлдик. Сиёсий партиялар кузатувчилари ва халқаро экспертлар билан фикр алмашиб, сайлов очиқ ва ошкора ўтгани ҳақида якдил хулосага келдик.
* * *
Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси кузатувчилари миссиясининг матбуот анжуманини бошқарган миссия раҳбари, ассоциация Бош котиби Ким Ён ХИ сайлов куни миссия вакиллари Тошкент ва Бухоро шаҳарларидаги сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш ҳамда уларни санаб чиқиш жараёнини кузатганини таъкидлади. Миссия раҳбарининг фикрича, сайлов юксак ташкилий даражада ўтди, сайловчилар овоз беришда фаол иштирок этди, овозларни санаб чиқиш жараёни очиқ ва ошкора амалга оширилди. «Кузатув давомида сайлов қонунчилиги бузилганига гувоҳ бўлмадик, — деди Ким Ён Хи. —Сайлов участкаларида овоз бериш учун барча шарт-шароит яратилган, комиссия аъзолари юқори тайёргарликка эга».
* * *
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилари миссияси раҳбари, элчи Йохан Петер Трауготт ТЕЙЛЕР Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан самарали сайловолди ишлари ташкил этилгани, мазкур тадбирлар қонунда кўзда тутилган муддатларда бажарилганини қайд этди. Тўрт сиёсий партиядан Президентликка кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари сайловчилар умумий сонининг беш фоизидан бир фоизига қисқартирилгани, сайлов комиссияларининг ошкоралик ва холисликни таъминлаш борасидаги ишлари ижобий баҳоланди.
СЎЗ CАЙЛОВ КУЗАТУВЧИЛАРИГА
Жим МОРАНН, конгрессмен (АҚШ): — Тўрттала номзоднинг ҳам дастури билан танишдим. Ҳар бир дастурда мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий фаровонлигига эътибор қара тилган. Сайлов жараёнларида ёшлар жуда фаол. Мен кўзлари чақнаб турган Ўзбекистон ёшларини кўриб, мамлакат келажаги ҳам шундай порлоқ бўлишига ишондим.
Масанори АИКЁ, Аичи Миллий университети президенти (Япония): — 14-Тошкент сайлов округида ва бир нечта сайлов участкасида бўлиб, аҳолининг овоз бериш жараёнини кузатдим. Аҳоли сайловга жиддий ёндашаётгани менда яхши таассурот қолдирди. Сайлов очиқ-ошкора, демократик руҳда ўтди. Ўзбекистондаги бу қадар юксалиш диққатга сазовор.
Шин Хюн ДУ, «The Seoul City» журнали президенти (Корея Республикаси): — Ўзбекистонда сайлов жараёнига катта тайёр
гарлик кўрилгани ва барча тадбирлар демократик тамойиллар ҳамда сайлов қонунчилигига мувофиқ амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдим. Қисқа вақтда мана шундай юксак даражада тайёргарлик кўриш ҳамда сайловларни адолатли ўтказиш — бу осон эмас. Айниқса, сайлов куни барча бирдек фаоллиги, ўз ҳуқуқидан фойдаланиб, овоз беришга келгани эътиборимни тортди. Барча сайловчиларнинг 87,73 фоизи овоз беришда иштирок этиши — бу жуда катта кўрсаткич.
Исмини КРИАРИ, Афина Пантеон ижтимоий ва сиёсий фанлар университети ректори, конституциявий ҳуқуқ профессори (Греция): — Сайлов участкаларида она ва бола хонасининг ташкил этилгани эътиборимни тортди. Бизнинг сайлов тизимимизда оналар ёки болалар учун бундай имконият яратилмаган. Бу тажрибани дунё миқёсида оммалаштиришни таклиф этган бўлардим.
Фредерик СТАРР, Ж.Хопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, профессор (АҚШ): — Ўзбекистон мустақиллик йилларида амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар натижасида улкан ютуқларга эришди. Бу соҳадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганини таъкидлаш жоиз. Тошкент шаҳридаги бешта сайлов участкасида бўлдим. Фуқароларнинг рўйхатдан ўтиб, белгиланган хонада яширин овоз бериш жараёнларини кузатдим. Аҳолининг барча қатлами — ёшлар, кексалар, ёш болали оналар, ногиронларнинг бирдек иштирок этганига гувоҳ бўлдик. Бунинг учун уларга ҳамма шароит яратилган.
«Тилимизнинг бойлигини четдан эмас, ўзидан қидиришимиз керак»
🕔09:20, 23.10.2025
✔7
Ўзбек адабий тили сўз бойлигининг такомиллашувида ташқи манба, яъни бошқа тиллардан кирган сўзлар сезиларли ўрин эгаллагани, унинг луғат таркибида санскрит, суғд, хитой, юнон, араб, мўғул, форс-тожик, қадимий яҳудий, рус ва рус тили орқали бошқа Европа тилларидан ўзлашган сўзлар хусусида манбалар, илмий тадқиқотлар ҳамда луғатларда кўплаб маълумотлар учрайди.
Батафсил