ёхуд бу оламга туйнукдан кираётганлар
Бир тадбирда интервью олиш учун ёшлар даврасига кирдим. Шунда бир бола олдимга келди-да, ўзини «шоирман» деб таништирди. Тез-тез газета-ю журналларда чиқиб туриши билан мақтаниб ҳам қўйди. Буни қарангки, «шоир»имиз камера олдида нақ ўн беш дақиқа бир нарсаларни валдиради. Кейин қаерда тургани ва нима деяётганини унутиб, баланд овозда шеър ўқишга тушди.
Унинг ўқиётган шеърида на маъно бор эди, на қофия. Сўзлари пала-партиш, фикри жуда саёз, жумлаларнинг эса бир-бирига мос тушмагани етмагандек, атрофдагиларга нисбатан ҳурматсизлиги одамнинг ғашига тегарди. Кетган вақтиму камеранинг қувватига, айниқса, шеъриятга путур етказаётган бундай «шоир»га ачиндим...
Атрофимизда, айниқса, ёшлар орасида шеърият оламига даъвогарларни кўп учратамиз. Ҳақиқий истеъдод эгаларини кўриб, кўнглимизда қанчалик ҳавас туйсак, бундай «шоир»лардан, уларнинг «ижод намуна»ларидан шунчалик дилимиз ғашланади. Ахир, иккита сўзни бир-бирига мос тушириш дарров шоирликка даъвогарлик қилиш керак, дегани эмас-ку. Шоирлик, шеърият икки қўлдан чиқадиган чапак эмаски, учраган киши тўрт мисранинг қофиясини ўхшатиб, ўзини шоир дея таништирса...
Шеърият олами баъзилар учун гўёки зерикканда ўйналадиган овунчоққа айланиб қолгандек. Баъзи бир ғалати шеърларга кўзингиз тушиб, беихтиёр ёқа ушлайсиз. Ўхшовсиз жумлаларни ўқиб, ҳатто, шеър дейишга ҳам иккиланасиз.
Катта-кичик давраларни қўя турайлик, кўпчиликнинг тасдиғидан ўтиб, муштарийларга тақдим этилаётган шеърий тўпламларда ҳам худди шундай алмойи-алжойи шеърлар чиқаётганига нима дейсиз? Китобхон уларни ўқиб маънавий озиқ олиш ўрнига бу қадар савиясизлик ва аҳмоқгарчиликдан дили ранжийди, холос. Мана, масалан:
«Мени тушунмайди нега инсонлар,
Ҳис туйғуларимни ҳеч назарга илмас.
Ортимдан қувлайди ғийбат, иғволар,
Шуларни ўйласам, яшагим келмас…»
«Шоир»имиз шеърида атрофдагиларнинг гап-сўзига чидолмай, Худо берган умрни завол топтиришни ўқувчига тарғиб қиляптими?
Энг ачинарлиси, ана шундай «шоирвачча» ёки «шоира»лар орасида зўрма-зўракилик билан ёки «зўр» танишлари орқали маълум бир натижаларга эришаётганлари ҳам йўқ эмас.
Бир ҳамкасбим мукофот олган қиз билан унаштирилиш тараддудига тушиб кетди. Шу кундан бошлаб яхшигина истеъдоди бор ҳамкасбимиздан айрилдик-қолдик. Нима эмиш, бўлажак келин машҳур шоир бўлишни орзу қиларкан. Агар шоир бўлмаса, отасининг ортидан олинган мукофоти ва эгаллаб турган олий ўқув юртидаги ўрнидан хижолат чекармиш. Йўқ истеъдодни юзага чиқариш илинжида танноз хонимнинг ўрнига ҳамкасбим туну кун изланади, ўз иши қолиб, шеър ёзиш билан шуғулланади. Охир-оқибат, ҳамкасбим ишсиз, шоирлик эса ўлда-жўлда қолди. Яхшигина истеъдоди бор бир қизнинг институтдаги ўрни аллақачон банд қилиб бўлингани бизни афсуслантирди, холос...
Шоирлиги орқасидан имтиёз билан ўқишга қабул қилинган бир қизни билардим. Ҳар гал назорат иши топшириш вақти келганида унинг пайтавасига қурт тушарди. Баҳо олиш учун бор иқтидорини ишга солиб, домлаларга ҳар доим махсус «илтимоснома»лар ёзар, кўз ёши қилар, бу билан устозларнинг кўнглини юмшатишга эришарди. Домлалар ҳам унга ўша «илтимоснома» учунгина баҳо қўйишарди. Тўрт йил кўз очиб юмгунча ўтди-кетди. Турли «танка»лар, янгидан-янги «илтимосномалар» «шоир»нинг жонига оро кирди. Аммо талабалик ўз якунига етди ҳамки, «шоиримиз»дан бирор шеър эшитиш бахтига мушарраф бўла олмадик...
Шеъриятнинг асл намояндалари машаққат чекиб, бир шеър устида ойлаб, йиллаб, не-не устозларнинг таълимини олиб шоирлик даражасига кўтарилганда бугунги айрим ёшларимиз бу соҳага қайси йўл билан кириб келмоқда? Истеъдод ва изланиш билан эришиладиган бу ижод оламидан хархаша-ю эркалик орқали мустаҳкам жой эгаллаб бўлармикан? Бундай кўзбўямачилик, кўтар-кўтарларни амалга ошираётган масъул кишилар, адабиёт ихлосмандлари бу масалада ҳам бир бош қотириб кўришса, эзгу ишлар учун хизмат қилинган бўларди...
Соҳиба СУЮНОВА
Исроф занжири: дастурхондан сайёрагача
🕔14:28, 22.10.2026
✔46
Музлатгични очиб, бир неча кунги овқатни кўриб, «эҳ, исроф бўлди-ку...» деб афсусланган пайтларингиз бўлгандир. Бу ҳолат сизга таниш. Аммо шу кичик исроф бутун сайёра миқёсида кўпайтирилса, ундан чиқадиган рақам ақлни шоширади. Гап шундаки, бугун дунё ўзи етиштирган озиқ-овқатнинг деярли бешдан бир қисмини шунчаки чиқиндига ташламоқда.
Батафсил
Қонунларимиз болаларни интернет хавфларидан ҳимоя қила оладими?
🕔13:16, 15.10.2026
✔172
Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Интернет орқали билим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, дунёнинг исталган нуқтасидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятлари тобора кенгаймоқда.
Батафсил
Асалари учраётган хатар – экологик ва иқтисодий тизим учун катта хавф
🕔14:57, 08.10.2026
✔231
Табиатда шундай жонзотлар борки, уларнинг миттигина фаолияти бутун инсоният ҳаёти учун катта аҳамият касб этади.
Батафсил