Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

БУ ТАНЛОВ ИМКОНИЯТИ БИР МАРТА БЕРИЛАДИ

Уни кимга ишонган маъқул: ота-онагами ёки ҳис-туйғуга?

«Бўлажак турмуш ўртоғимни ўзим танлайман, бунга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, ҳатто ота-онамнинг ҳам...».

«Фарзандим мен танлаган инсон билан оила қуради, тамом...»

БУ ТАНЛОВ ИМКОНИЯТИ БИР МАРТА БЕРИЛАДИ

Бу каби гапларни кўп эшитамиз. Оила қуришдан олдин ота-она ва фарзанд ўртасида шу каби турли фикрлар пайдо бўлади, айрим ҳолларда ўзаро тушунмовчилик ҳам келиб чиқади.

Оила — мўъжазгина бир жамият, дейди доно халқимиз. Жамиятнинг дахлсизлиги унинг жипслигига боғлиқ. Оила халқнинг, жамиятнинг ҳаёти, турмушига оид урф-одатларни ўзида сақлайди, эр-хотин зиммасига қатор ижтимоий ва ахлоқий вазифаларни юклайди. Буларни бажара олиш учун муносиб умр йўлдоши танлаш инсон ҳаётидаги энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Оиланинг мустаҳкамлиги, фарзандларнинг таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи, сиҳат-саломатлиги, ҳатто қариндош-уруғ ва дўст-биродарлар билан бўладиган ижтимоий алоқа, яқинлик, борди-келдининг рисоладагидай сақланиб қолиши ҳам бевосита бўлажак умр йўлдошига боғлиқ. Осуда турмуш эр-хотиндан бирдек масъулиятни талаб этади.

«Ёшлар ташқи кўринишга учиб, қолган ҳамма нарсани четга суриб қўяди, умр йўлдоши танлашни уларнинг ихтиёрига қўйиб бермаслик керак», дейди айрим ёши улуғлар. Ёшлар орасида эса: «Турмуш бизники бўлгач, ўзимиз танлаймиз-да», дейдигани ҳам йўқ эмас. Шу ўринда бу борада энг тўғри ечим нима, умр йўлдошини ким танлагани маъқул, деган савол туғилади.

Комила ЖАББОРОВА,

пенсионер:

— Ёшлар умр йўлдоши танлашда ота-она кўмагига суянгани маъқул, деб ўйлайман. Негаки, бу танлов ҳаётий тажриба талаб қилади. Ўзининг болаларча тасаввуридан воз кечиб улгурмаган ёшлар бу борада тўғри қарор қабул қилолмай, кейин пушаймон бўлиши мумкин. Уларга ўз вақтида тўғри йўл кўрсатиш — ота-онанинг вазифаси.

Ўғлим мен танлаган қиз билан оила қурди. Шу кунгача турмушидан нолигани йўқ. Ҳар қандай оилада муаммолар бўлиб туради. Фикримча, бунда кимнидир айблаш эмас, муаммога ҳамфикрликда ечим топган маъқул.

Салим БЕРДИМУРОДОВ,

 фермер:

— Ҳозир ёш оилаларнинг ажрашиб кетаётганига тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Сабаби эса деярли бир хил: ёшлар бир-бирига тўғри келмаган. Бу аслида умр йўлдоши танлашдек масъулиятли вазифани ҳаётда ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган ёш йигит-қизларнинг ихтиёрига ташлаб қўйиш оқибати эмасмикан? Улар қанчалик ақлли бўлмасин, ёшликка хос беқарор бўлади, хатога йўл қўйиши ҳеч гап эмас. Ёшлар умр йўлдоши танлашда ота-она, буви-боболарнинг танловига ишониб, уларнинг қарорига рози бўлса қандай соз. Сабаби, ёши улуғлар танловда ҳар икки томоннинг бир-бирига муносиб ёки номуносиб эканини тўғри баҳолай олишади.

Эгизак қизларим бор. Уларни узатиш вақти келганда иккисига ҳам ўзим куёв танлаганман. Фарзандларим қароримга ҳеч қандай эътироз билдиришмаган. Ҳозир иккиси ҳам турмушидан мамнун.

Муқаддам ШАЙЗОҚОВА,

педагог:

— Умр йўлдоши танлаш масъулиятли вазифа. Бунда борди-келди, қуда-андачилик алоқаларини ҳам унутмаслик керак. Кўпчилик ёшлар буни ҳисобга олмай, кўпроқ ташқи кўринишга эътибор қаратишади. Кейин турмуш ўртоғи билан бирор муаммо пайдо бўлса, «сиз огоҳлантирмагансиз», деб яна ота-онасини айблашади. Шундай экан, улар истаса-истамаса ҳам келин ёки куёв танлашда катталарнинг аралашуви зарур.

Келин танлашда ўғлим билан кўп тортишганмиз. Иккимизнинг танловимиз бир-биримизга маъқул келмаган. Охири ўғлим мен топган қизга уйланишга рози бўлган. Оила қурганига ўн йилдан ошибдики, умр йўлдошидан асло нолимади. Ҳатто: «Менга ақлли аёл топгансиз», деб раҳмат ҳам айтган.

Малика АБДУЛЛАЕВА,

уй бекаси:

— Бу борада ёшларнинг фикри муҳимроқ, деб ўйлайман. Ўзи кўнгил қўйган инсон билан оила қуришни исташса, бунинг нимаси ёмон? Айрим ота-оналар фарзандимга муносиб умр йўлдош топаман, деб уларни ўзи истамаган инсон билан оила қуришга мажбур қилишади. Оқибатда фарзандининг бахтсизлигига сабабчи бўлишади.

Турмуш ўртоғимни ўзим танлаганман. Ота-онам эса, бунга қарши бўлиб, ўзлари танлаган бошқа инсонга турмушга чиқишимни хоҳлашган. Мен сўзимда қатъий туриб олгач, улар ҳам рози бўлишган. Тўйим ўтгандан кейин ҳам ота-онам уларнинг гапига кирмаганим учун мендан гина қилиб юришди. Аммо вақт ўтиши билан дилхиралик ҳам унутилди. Ҳозир бахтли ҳаёт кечиряпман.

Азамат РАҲМАТУЛЛАЕВ,

талаба:

— Кўпчилик: «Ёшлар тажрибасиз, яхши-ёмонни ажратолмайди». «Улар умр йўлдош танлашга юзаки қарайди», деган фикрда. Аммо бу фикрлар ҳар доим ҳам ўзини оқламайди. Айрим ота-оналар фарзандидан бир оғиз сўрамай-нетмай, яхши танимаган инсонига унаштириб қўяди. Фикримча, оила қуришда фақатгина томонларнинг муносиблиги эмас, кўнгил яқинлиги ҳам муҳим. Агар ота-она танлаган инсон фарзандига ёқмаса, унга кўнгил қўёлмаса, вояга етказганини пеш қилиб, уни мажбурламаслик керак.

Келажакда ўзим ёқтирган қизга уйланишни ният қилганман. Аммо бу оила аъзоларимнинг фикри, муносабатини инобатга олмайман, дегани эмас.

Шаҳноза АҲМЕДОВА,

архитектор:

— Умр йўлдошини ўзимиз танлаймизми ёки ота-онамизми — бу муаммо келтириб чиқарадиган ҳолат эмас, деб ўйлайман. Асосийси, бахтли турмуш кечириш. Фикримча, бу борада ота-она ва фарзанд ўртасида фикрлар хилма-хиллиги, зиддият бўлмаслиги керак.

Ота-она ҳеч қачон фарзандига ёмонликни раво кўрмайди, уларнинг орзусини рўёбга чиқариш эса, ҳар бир фарзанднинг бурчидир.

Ҳа, фикрлар хилма-хил. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам битта мақсадни кўзлайди: мустаҳкам оила қуриш.

Кимнингдир оила қурганини эшитиб қолсак, ҳавас билан «келин-куёв бахтли бўлишсин», деймиз. Лекин ёш оилаларнинг ҳаммаси ҳам бир умр бу муқаддас ошёнларини асрай олишмайди. Арзимас баҳоналар, гап-сўзлар ширин турмушни оғуга айлантиради. Демак, умр йўлдоши танлашда адашмаслик оила бузилишининг олдини олувчи асосий сабаблардан биридир. Бунда муносиб қарорни қабул қила олиш эса энг муҳим ишдир.

Шаҳноза РАЖАБОВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Фақат оила эмас,  ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?

Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?

🕔07:32, 04.08.2025 ✔218

Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шакл­ланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Батафсил
Фаровонлик  нима?

Фаровонлик нима?

🕔12:10, 15.05.2025 ✔256

Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.

Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган

Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган

🕔15:59, 12.12.2024 ✔430

Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Фақат оила эмас,  ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?

    Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?

    Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шакл­ланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

    ✔ 218    🕔 07:32, 04.08.2025
  • Фаровонлик  нима?

    Фаровонлик нима?

    Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.

    ✔ 256    🕔 12:10, 15.05.2025
  • Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган

    Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган

    Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.

    ✔ 430    🕔 15:59, 12.12.2024
  • Эрта турмушнинг  олди олинди

    Эрта турмушнинг олди олинди

    Косон туманидаги «Арабхона», «Юқори Арабхона» маҳаллалари аҳолиси ўртасида эрта турмуш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш мақсадида йиғилиш ўтказилди.

    ✔ 537    🕔 17:16, 12.07.2024
  • Оила ва никоҳ –  муқаддас қадрият

    Оила ва никоҳ – муқаддас қадрият

    Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида қадрланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор ривожланади. Бу борада халқ депутатлари Кўкдала туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат, тумандаги «Олтин бошоқ» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Дилноза Эшмаматованинг олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

    ✔ 808    🕔 16:36, 02.05.2024
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар