Экоолам      Бош саҳифа

Қай бири муҳим: Янги «парковка» ёки яшил ҳудуд?

Тошкент марказидаги 1,3 гектар яшил майдон тақдири сўроқ остида

Қай бири муҳим:  Янги «парковка» ёки яшил ҳудуд?

Тошкентда дарахт экиш учун янги жой қидириш бир масала, бор яшил ҳудудни сақлаб қолиш эса бошқа масала. Пойтахт марказида эса бу икки тушунча баъзида аралашиб кетаётгандек: аллақачон кўкаламзор, одамлар фойдаланаётган 1,3 гектар майдонда пулли автотураргоҳ ташкил этиш, кейин эса уни яна «ободонлаштириш» ва мингдан ортиқ дарахт-буталар экиш...

Гап Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ортида, Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси, Мустақиллик майдони ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги оралиғида жойлашган яшил ҳудуд ҳақида кетмоқда. Лойиҳа жамоатчилик орасида жиддий эътирозларга сабаб бўлди. Кўпчилик оддий, аммо принципиал саволни ўртага ташламоқда: нега аллақачон шаклланган хиёбонни автомобиллар турадиган жойга айлантириб, кейин яна ўша ерда «хиёбон ташкил этиш» керак?

Масала яна бир жиҳати билан жиддий: Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотига кўра, лойиҳа бўйича ҳозирча экологик экспертиза хулосаси мавжуд эмас. Шундай экан, Тошкент марказидаги 1,3 гектар яшил майдоннинг келажаги фақат «парковка» масаласи эмас. Бу шаҳарда ер, дарахт, жамоат макони ва автомобиль ўртасида қайси бирига устуворлик берилаётгани ҳақидаги савол ҳамдир.

 

Яшил ҳудуд ўрнида 10 миллиард сўмлик «парковка»

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Миллий кутубхона ортидаги 1,3 гектар ерда давлат-хусусий шериклик асосида автотураргоҳ ташкил этишни режалаштирмоқда. Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг 2026 йил 14 сентябрдаги қарорида жами учта ҳудуд бўйича лойиҳалар назарда тутилган.

Биринчи объект – Юнусобод тумани «Қашқар» МФЙ, Истиқлол кўчасидаги Миллий кутубхона ортида жойлашган майдон. Қолган икки объект Чилонзор туманида – «Катта Дўмбиробод» МФЙнинг Гавҳар кўчаси ҳамда «Бешқўрғон» МФЙнинг Бунёдкор шоҳкўчасида жойлашган.

Жамоатчиликнинг асосий эътибори биринчи объектга қаратилди. Сабаби оддий: бу бўш турган ёки ташландиқ майдон эмас. Ҳудуд аллақачон кўкаламзорлаштирилган.

Лойиҳа шартларига кўра, Миллий кутубхона ортидаги ердан хусусий шерик 10 йил фойдаланиши ва камида 10 миллиард сўм инвестиция киритиши керак. Ҳудуд 514 млн 228 минг сўмлик бошланғич қиймат билан электрон аукционга чиқарилиши белгиланган.

Автотураргоҳда ҳар бир автомобилдан ундириладиган тўловнинг 15 фоизи давлат шеригига, яна 5 фоизи «Пулли тўхташ жойи» операторига ўтказилиши кўзда тутилган. «Toshkent Invest kompaniyasi» АЖ эса давлат шериги ҳисобланади.

Бир қарашда лойиҳа фақат парковкадан иборат эмасдек кўринади. Техник шартларда мавжуд дарахт­ларни сақлаш, янги кўчатлар экиш, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, дам олиш, болалар ҳамда воркаут майдончаларини ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Ҳатто мингдан ортиқ дарахт ва бута экиш режаси ҳам бор. Аммо муаммо айнан шу ерда бошланади.

Нега мавжуд яшил ҳудудга автомобилларни киритиш, кейин эса ўша ерни қайтадан кўкаламзорлаштириш керак?

 Шаҳар экологияси нуқтаи назаридан янги экилган кўчат билан йиллар давомида шаклланган дарахт­ларни тенглаштириб бўлмайди.

 Катта дарахтлар фақат «яшиллик фоизи» эмас. Улар соя беради, ёзги иссиқликни юмшатади, чангни ушлайди, тупроқ ва намлик режимини сақлашга ёрдам беради, қушлар ва бошқа тирик организмлар учун муҳит яратади.

«Парковка» эса, дарахтлар кесилмаса ҳам, ҳудуднинг функциясини ўзгартиради. Автомобиллар оқими, қаттиқ қопламалар, шовқин, чиқинди газлар ва тупроққа тушадиган антропоген босим ортади.

 

«Шундоқ ҳам хиёбон у ерлар»

Жамоатчилик фаоллари лойиҳанинг айнан шу зиддиятига эътибор қаратмоқда. Davletov.uz телеграм канали техник шартларда парковка билан бирга «хиёбон ташкил қилиш» режаси кўрсатилганини танқид қилди: «Техник шартларда автотураргоҳ билан бирга, «хиёбон ташкил қилиш» режаси ҳам кўзда тутилган бўлса-да, бу шунчаки кўзни шамғалат қилишдан бош­қа нарса эмас, деб ўйлаймиз. Шундоқ ҳам хиёбон у ерлар».

Бу эътироз ортида мантиқий савол бор: агар майдон бугуннинг ўзида яшил ҳудуд бўлса, уни аввал парковка функцияси билан юклаб, кейин «хиёбон ташкил этиш» қандай экологик натижа беради?

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев эса масаланинг бошқа томонига – шаҳар марказидаги қимматли жамоат майдонини автомобиллар учун ажратиш қанчалик асосланганига эътибор қаратди. У яқин атрофда аллақачон пулли «парковка»лар мавжудлигини эслатиб, яна бир катта автотураргоҳ қуриш муаммони ҳал қилиш-қилмаслигини савол остига олди.

Бу ерда яна бир муҳим шаҳарсозлик муаммоси пайдо бўлади: шаҳар марказида «парковка» етишмаслигига жавоб яна кўпроқ «парковка» қуриш бўлиши керакми? Ёки жамоат транспорти, пиёдалар ва велосипед инфратузилмасини яхшилаб, марказга шахсий автомобилда келиш эҳтиёжини камайтириш керакми?..

Филолог Шаҳноза Соатова эса муаммони Тошкентнинг тобора иссиқлашиб бораётган шаҳар муҳити билан боғлади. У асфальт ва бошқа қаттиқ қопламалар кўпайиши ёзда шаҳарда яшашни янада оғирлаштираётганини таъкидлаб, бу ҳудудга тегмасликка чақирди.

Унинг фикрида муҳим бир зиддият ҳам тилга олинади: бир томондан, «Автомобилсиз кун» ўтказилади, одамлар шахсий транспортдан камроқ фойдаланишга чақирилади. Иккинчи томондан эса шаҳар марказидаги яшил майдонда яна автомобиллар учун инфратузилма яратиш режалаштирилмоқда. Бу икки хил ёндашув бир-бирига қанчалик мос келади?

 

Экологик экспертиза хулосаси берилмаган

Жамоатчилик муҳокамалари фонида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳам масалага муносабат билдирди. Қўмита маълумотига кўра, Миллий кутубхона ортидаги майдонда автотураргоҳ ташкил этиш лойиҳаси бўйича ҳозирча экологик экспертиза хулосаси мавжуд эмас.

Қўмита ҳудуддаги ҳар қандай қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, жумладан, дарахт ва буталарга, яшил майдонларга ҳамда тупроқ қопламига таъсир қилиши мумкин бўлган ишлар тегишли экологик баҳолашдан ўтказилмасдан амалга оширилиши мумкин эмаслигини таъкидлади. Бу лойиҳа учун ҳал қилувчи масалалардан бири.

Чунки экологик баҳолаш фақат нечта дарахт кесилишини ҳисоблашдан иборат бўлмаслиги керак. Автотураргоҳ қурилиши тупроқ қопламига қандай таъсир қилади? Сув ўтказувчан табиий майдон қанча қисқаради? Автомобиллар оқими қанча ортади? Шовқин ва ҳавога чиқариладиган ташламалар қандай ўзгаради? Мавжуд дарахтларнинг ёши, тури ва экологик қиймати қандай?.. Лойиҳа амалга оширилишидан олдин бу саволларга жавоб бўлиши керак.

Экоқўмита яна бир муҳим нуқтага урғу берди: лойиҳа доирасида мингдан ортиқ дарахт ва бута экиш режалаштирилган бўлса-да, янги кўчатлар мавжуд кўп йиллик дарахтлар ва шаклланган яшил ҳудудларнинг экологик, иқлимий ҳамда рекреацион аҳамиятининг ўрнини тўлиқ боса олмайди. Бу фикр жуда муҳим.

Шаҳарсозлик лойиҳаларида «ўрнига кўчат экилади» деган ёндашув кўпинча яшил ҳудуд йўқотилишининг компенсацияси сифатида кўрсатилади. Лекин бир неча метрлик ёш ниҳол билан ўнлаб йиллик дарахтнинг экологик хизмати бир хил эмас. Янги кўчатнинг катта дарахтдек соя бериши, ҳавони совитиши, чангни ушлаши ва тирик организмлар учун барқарор муҳит яратиши учун анча йиллар керак.

Шу сабаб Экоқўмита мавжуд яшил майдон ва дарахтларни максимал даражада сақлаб қолиш, уларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда лойиҳа ҳужжатларини белгиланган тартибда экологик экспертизага тақдим этиш зарурлигини билдирди.

 

Гап фақат  1,3 гектарда эмас

Автотураргоҳ қуриш бўйича бу баҳсли қарор ло­йиҳаси аслида каттароқ бир масалани очиб бермоқда. Тошкентда автомобиллар сони ва уларни жойлаштириш муаммоси ҳамон долзарблигича қоляпти. Тартибсиз «парковкалар» пиёдалар йўлакларини эгаллаши, ҳаракатга халақит бериши ҳам реал муаммо.

Лекин автомобиллар учун жой етишмаётганининг ечими шаҳарнинг мавжуд яшил майдонларини автомобиль инфратузилмасига мослаштириш бўлса, бир муаммони ҳал қилиш ҳисобига бошқа, узоқ муддатли экологик муаммо вужудга келиши мумкин.

Айниқса, Тошкент каби ёзи иссиқ, ҳаво сифати мунтазам жамоатчилик муҳокамасида бўлган мегаполисда ҳар бир шаклланган яшил ҳудуднинг қиймати фақат унинг квадрат метри ёки аукциондаги бошланғич нархи билан ўлчанмайди. Унинг қиймати – дарахтлар сояси, тупроқнинг сувни сингдириши, ҳавонинг нисбатан салқин бўлиши ва пиёдалар учун автомобилсиз макон мавжудлиги билан ҳам белгиланиши шарт. Шунинг учун бу мунозарали лойиҳа бўйича ҳали жавобсиз турган саволлар кўп.

Энг асосийси: нега айнан мавжуд яшил ҳудуд танланди? Тошкент марказига яна бир «парковка» кўпроқ керакми ёки мавжуд яшил ҳудудни сақлаб қолиш?

 

Шаҳруза САТТОРОВА




Ўхшаш мақолалар

«Яшил  макон» билан  соғлом ҳаёт сари

«Яшил макон» билан  соғлом ҳаёт сари

🕔14:43, 22.10.2026 ✔18

Ургутда экология ва спорт форуми бўлиб ўтди

Батафсил
Пластик чиқиндилар  мустаҳкам йўл  бўлиб қайта  оладими?

Пластик чиқиндилар мустаҳкам йўл бўлиб қайта оладими?

🕔14:36, 22.10.2026 ✔18

Ҳар куни чиқиндихонада қанча миқдорда пластик чиқинди тўпланишини биласизми? Ишлатиб бўлинган елим пакетлар, бутилкалар, турли қадоқлар...

Батафсил
Янги Тошкент –  табиат уйғунлигига асосланган янги маданият

Янги Тошкент – табиат уйғунлигига асосланган янги маданият

🕔13:21, 15.10.2026 ✔103

Янги Тошкент ло­йиҳаси – бу шунчаки қурилиш эмас, балки инсон ва табиат уйғунлигига асосланган тараққиёт маданиятидир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар