Экоолам      Бош саҳифа

Дунёда илк «рақамли давлат» пайдо бўлмоқда

Тинч океанида жойлашган Тувалу давлатининг бугунги бутун сиёсий ҳаёти иқлим муаммолари атрофига қурилган.

Дунёда илк  «рақамли  давлат»  пайдо бўлмоқда

Чунки бу мамлакатда экология ва иқлим ўзгариши ҳаёт-мамот масаласига айланиб улгурди. Бу давлат яқин йилларда дунё харитасидан йўқ бўлиб кетиши мумкин. Бу урушлар ёки босқинлар туфайли эмас, балки сув тошқинлари оқибатида оролларнинг океан қаърига ғарқ бўлиши туфайли юзага келади.

Тувалу ороли экватордан унча узоқ эмас, шу сабабли бу ерда ҳақиқий тропик иқлим ҳукмрон. Ҳаво ҳарорати 26 даража иссиқдан пастга тушмайди. Ёмғирлар мавсуми октябрь ва ноябрь, қурғоқчилик майдан октябрь ойига қадар давом этади.

Жўғрофий жиҳатдан олиб қараганда Тувалу Тинч океанидаги тўққизта оролда жойлашган давлатдир. Улар 350 километр узунликка чўзилган бўлиб, ҳеч қандай тоғлар ёки адирликлар мавжуд эмас. Ороллар бир-бири билан қайиқлар ҳаракати орқали боғланади. Мисол учун, Нуи оролидан Ваитупу оролига етиб олиш учун 172 километр масофани босиб ўтишга тўғри келди.

Мамлакатнинг энг баланд нуқтаси – 5 метр. Тувалу умуман олганда, денгиз сатҳидан ўртача 2 метр баландликда жойлашган. Бироқ мамлакат аҳолисининг 60 фоизи истиқомат қиладиган пойтахт Фунафути денгиз сатҳидан атиги 1 метр баландликда экани хавотирни жуда оширмоқда.

1972 йилда рўй берган Бебе тўфони оқибатида Тувалудаги деярли барча бинолар ва техникалар вайрон бўлган, 90 фоиз дарахтлар илдизи билан қўпорилган эди.

Тувалуда аср бошларида ишга туширилган Миллий ҳаракатлар дастури ўсимликларни кўпайтириш, ерлар унумдорлигини ошириш, биохилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришларига чидамли инфратузилмаларни барпо этишни кўзлайди. Унда денгиз ва қуруқликдаги флора ва фаунани, жумладан, 350 турдаги балиқ, 28 турдаги қушларни қатъий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилгани таҳсинга сазовор.

2017 йилдан эса БМТ Тараққиёт дастури ва Яшил иқлим фонди кўмагида Тувалунинг қирғоқ ҳудудларининг мослашувчанлиги дастури амалга оширилмоқда. Унга кўра, 800 метр узунликдаги қирғоқбўйи ичида барқарор инфратузилмани қуриш, 7,3 гектар ерни асримиз охиригача денгиз сатҳидан баланд бўлиб қолишини таъминлаш режа қилинган.

Халқаро кўмак ва тизимли режалаштиришга қарамасдан, ресурсларнинг чеклангани сабабли аллақачон пишиб етилган инқироз олдини олишнинг имкони бўлмаяпти. Охир-оқибат глобал исиш ва жаҳон океани сатҳининг кўтарилиши туфайли 2050 йилга бориб, ушбу давлат тўлиқ сув остида қолиши башорат қилинмоқда.

Чунки сўнгги 30 йилда ороллар атрофидаги сувнинг ҳажми 15 см кўтарилиши оқибатида Тувалу қирғоқлари кескин емирилмоқда, йўллар ва қирғоқбўйидаги иншоотлар нураб тушмоқда.

Тупроқда кислота кўплиги сабабли ёмғирлар мавсумида вужудга келган намликни ушлаб қолиш имконсиз. Одамлар бу ерда фақат банан ва кокос етиштириши мумкин, қолган барча озиқ-овқат четдан олиб келинади.

Оролда дарё йўқ, шу сабабли чучук сув жуда қиммат нархларда импорт қилинмоқда. Одамлар ёмғир сувларини бетон цистерналарда сақлайди. Бўронлар туфайли денгиз суви тўлқини оролларга тошиб чиқмоқда ва қудуқларни шўрламоқда, қиш­лоқ хўжалиги ерларини вайрон қилмоқда.

Боз устига, чиқиндини қайта ишлаш имконияти йўқлиги сабабли улар тобора кўпайиб бормоқда.

 

«Иқлим визаси» орқали бошқа давлатга

Иқлим инқирози сабабли Тувалу ҳукумати 11 минг аҳолисини бошқа давлат ҳудудига кўчириш дастурини ишлаб чиқишга, ўз суверенитетини сақлаб қолиш учун «биринчи рақамли давлат» лойиҳасини ишга туширишга мажбур бўлмоқда. Бу халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳам жуда ноёб ҳодисага айланмоқда. Чунки халқаро ҳуқуққа кўра, давлатнинг мавжудлик шартларидан бири унинг муаяйн ҳудудга эга бўлишидир. Аммо ҳудуд мавжуд бўлмаса, бундай ҳолатда давлат аҳолиси қаердан жой олиши мавҳумлигича қолмоқда.

2024 йил августда Австралия билан имзоланган «Фалепили Иттифоқи» битими иқлим ўзгариши натижасида вужудга келган миграция тўғрисидаги жаҳондаги илк ҳужжатдир.  Унга мувофиқ, ҳар йили 280 нафар фуқаро «иқлим визаси» орқали Австралияда доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритиши мумкин. Улар бу ерда ишлаш, илм ва тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

2026 йил июль ҳолатига кўра, Австралиядаги махсус комиссияга 9 минг Туалу аҳолиси ариза билан мурожаат этган. Агар аҳолининг ҳозиргидек чиқиб кетиши давом этса, келгуси 10 йил ичида мамлакат аҳлининг ярми хорижда яшаётган бўлади.

Тувалу ташқи ишлар вазири Саймон Кофе 2022 йилда Мисрда бўлиб ўтган Иқлим ўзгариши ҳақидаги БМТ Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясида «Рақамли миллат» лойиҳаси ҳақида эълон қилган эди. Бундай кенг кўламли ишларни амалга ошириш учун Тувалу ички ишлар, иқлим ўзгариши, атроф-муҳит муҳофазаси, маданият ва чиқиндиларни бошқариш вазирлиги  тузилган.

Гап шундаки, 26 квадрат километр­га тенг митти мамлакатнинг ноёб тарихи ва маданиятини сақлаб қолиш учун унинг рақамли нусхасини яратишга қарор қилинди.

Миллат руҳини илҳомлантириш мақсадида тантанали рақслар, болалар овозлари, ёрқин хотираларнинг барчаси вертуал мегаархивда сақланади.

Шу тариқа келгусида Тувалу давлати технологиялар ёрдамида вертуал ҳақиқатга айланиши мумкин. Бунда ҳукумат ўзининг фаолиятини рақамли шаклда давом эттиради ва барча фуқаролари ҳам рақамли паспортга эга бўлади. Бу пас­порт улар фуқаролар референдумларда иштирок этиши, туғилганлик, ўлим ва никоҳ ҳолатларини қайд этиши, рақамли форматдаги бошқа кўплаб расмий жараёнларни амалга ошириши мумкин.

Ҳозир халқаро қонунчилик базасида «рақамли давлат» тушунчаси белгиланган бўлмаса-да, албатта, ҳар қандай мамлакатнинг ҳуқуқий мақоми бошқа давлатларнинг унга нисбатан ёндашувига бевосита боғлиқ бўлади. Гап шундаки, ушбу экологик муаммо қўшни Кирибати, Маршалл ороллари ва Мальдив билан ҳам келгусида юз бериши мумкин. Лекин улар аҳолиси қайси мамлакатдан қўним топади – мана бу ҳақиқий муаммога айланади.

Албатта, ҳукумат ҳозир қачон юртимизни сув босар экан, деб қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Жорий йилдан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун кокос тармоғини қайта тиклаш ва нон дарахтини етиштириш, улардан турли озиқ-овқат маҳсулотларини олиш, қадоқлаш ва узоқ муддатли сақлаш бўйича 2030 йилга қадар мўлжалланган дастурни ишга туширди.

Жаҳон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ташкилоти билан 2026-2028 йилларда чорвачиликни иқлимга мослаштириш бўйича янги дастур бош­ланди. Австралия ҳукумати билан сув ресурс­ларини бошқаришни модернизация қилиш ва тупроқ емирилишини ҳимоя этиш бўйича 2025-2030 йилларга мўлжалланган Шериклик режаси ишга туширилган.

Аҳолининг фақатгина Австралияга эмас, балки Янги Зеландияга кўчириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда ушбу мамлакатда 5 минг нафар тувалулик истиқомат қилмоқда.

Ҳукумат яқин истиқболда четдан дизел ёнилғиси келтиришни тўлиқ чеклаб, қайта тикланадиган энергия манбаларини 100 фоизга олиб чиқиш ниятида. Бу энергетик мустақилликни тўлиқ таъминлайди.

Тувалуга тегишли ва жаҳондаги кўплаб телеканаллар фойдаланаётган машҳур .tv веб-доменидан тушган даромадларнинг бир қисми экологик муаммолар билан курашиш бўйича ташаббусларни молиялаштиришга йўналтирилмоқда.

 

Мунира МУХТОР қизи




Ўхшаш мақолалар

«Яшил  макон» билан  соғлом ҳаёт сари

«Яшил макон» билан  соғлом ҳаёт сари

🕔14:43, 22.10.2026 ✔18

Ургутда экология ва спорт форуми бўлиб ўтди

Батафсил
Пластик чиқиндилар  мустаҳкам йўл  бўлиб қайта  оладими?

Пластик чиқиндилар мустаҳкам йўл бўлиб қайта оладими?

🕔14:36, 22.10.2026 ✔19

Ҳар куни чиқиндихонада қанча миқдорда пластик чиқинди тўпланишини биласизми? Ишлатиб бўлинган елим пакетлар, бутилкалар, турли қадоқлар...

Батафсил
Янги Тошкент –  табиат уйғунлигига асосланган янги маданият

Янги Тошкент – табиат уйғунлигига асосланган янги маданият

🕔13:21, 15.10.2026 ✔103

Янги Тошкент ло­йиҳаси – бу шунчаки қурилиш эмас, балки инсон ва табиат уйғунлигига асосланган тараққиёт маданиятидир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар