Табиат      Бош саҳифа

«Яшил архитектура»: уй қуришда табиат  билан ҳисоблашиш шарт

Уй фақат девор ва томдан иборат эмас. Унинг қандай қурилгани ёзда хона қанчалик қизишига, қишда иссиқлик қанча сақланишига, ҳатто кондиционерга қанча пул сарфлашимизга ҳам таъсир қилади.

«Яшил архитектура»:  уй қуришда  табиат  билан  ҳисоблашиш  шарт

Деразанинг қаерга қарагани, айвоннинг бор-йўқлиги, деворнинг қалинлиги, ҳовлида дарахтнинг қаерга экилиши – буларнинг барчаси уйнинг иқлим билан «муомала»сини белгилайди. Аждодларимиз эса буни замонавий технологияларсиз ҳам яхши билган: ҳовли қуёш, шамол, соя ва мавсумий ҳарорат ҳисобга олинган ҳолда қурилган.

Бугун шаҳарлар ўзгармоқда. Ҳовлили уйлар ўрнини кўп қаватли бинолар эгаллаётган бир пайтда анъанавий архитектурамиздаги иқлимга мос ечимларни замонавий уйларга қандай кўчириш мумкин, деган савол ўртага чиқяпти. Балки экологик ва энергия тежамкор уй қуриш учун ҳар доим қиммат технологиялар шарт эмасдир? Балки ечимларимизнинг бир қисми ўз меъморий меросимизда аллақачон бордир?..

Яқинда Тошкентдаги Локомотив боғида бўлиб ўтган «Яшил уйим» экологик фестивалида архитектор, Италиянинг Парма университети магистранти Меҳринисо Исмаилова ана шу масалаларга тўхталди. Ўз маърузасида анъанавий ўзбек уйларидаги ҳовли, айвон, қалин девор, дераза ва табиий шамоллатиш каби оддий кўринадиган элементлар аслида қанчалик пухта иқлимий ечимларга асослангани ҳақида тўхталди.

 

Иқлим ва қадриятлар билан уйғунлик

Мен магистратурада тадқиқ қилаётган мавзуларим Ўзбекистонда ҳам долзарб бўлгани учун уларга биргаликда ечим излаймиз. Кимдир ҳовлида, кимдир кўп қаватли уйларда яшаши мумкин, лекин уларда кўриб туриб, эътибор бермайдиган элементларимиз бор, дейди замонавий мутахассис Меҳринисо Исмаилова.

Бизнинг анъанавий ҳовли уйларимиз лойи­ҳалари иқлим ва қадриятларимиздан келиб чиқиб тузилган. Аввало уй қуришдан олдин жой белгиланади. Ҳамма анъанавий уйларимизнинг юраги – ҳовлиси ҳисобланади.

Олдинлари ҳовли қуришдан олдин «қуёш қаердан чиқади?», «шамол қаердан келади?», «қишда иссиқликни қандай сақлаш мумкин?» каби саволлар ўртага ташланган.

Ўзбекистон уйларидаги ҳовлилар ҳар бир вилоятда турли қисмларда жойлашиши мумкин. Тошкентдаги анъанавий уйларда ҳовли ўртада жойлашса, Бухоро тарафларда уйнинг олди ёки орқасида бўлади. Иқлим ва қадриятлар ҳудудга қараб ўзгаргани боис лойиҳаларда ҳам бири бошқасини такрорламайдиган ўзига хосликлар бор.

 

Қуёш тушиши – биринчи масала

Аввало қуёшнинг тушишига тўхталиш керак. Бунинг учун асосий географик йўналишлар – шимол, жануб, шарқ ва ғарбни белгилаб оламиз. Қуёш шарқдан чиқиб, ғарбда ботади. Ёзнинг иссиқ пайтида эса ўртароқда айланади.

Ҳовли қурилганда энг кўп қуёш тушадиган томон жануби-шарқий қисм ҳисобланади. Бу нуқта иссиқ бўлгани боис қарама-қарши шимол томондан салқин шамол келади.

Биласиз, ҳозир ҳамма жойда ҳам ҳовли қурилмаяпти, одамлар замон ўзгаргани сайин кўп қаватли уйларга ўтишяпти. Бу эса анъанавий уйларимиз принципларини қайта кўриб чиқиш заруратини пайдо қилади. Улардаги кўплаб ечимларни кўп қаватли уйларга кўчириш мумкин. Бу билан қадриятларимизни замонга мослаштирибгина қолмай, ўзбек уйларидаги маданий кодларни ҳам сақлай оламиз.

Анъанавий ечимларни замонавий уйларга кўчиришда Тошкентда Космонавтлар метроси яқинидаги «Марварид» («Жемчуг») кўп қаватли уйи энг чиройли намуна ҳисобланади. Ундаги ҳар уч қаватда битта ҳовли мавжуд. Архитектор миллийлигимиз принцип­ларига таянган ҳолда мазкур экспериментал уйни қурган.

 

Айвон – табиий кондиционер

Анъанавий уйлардаги иккинчи муҳим элемент – айвон. Буни ҳозирги табиий кондиционер дейиш мумкин. Анъанавий уйларимизда айвон уйдан бир устунга баланд қурилган бўлади. Бу шабада эсиши ва уйнинг таги қизиб кетмаслигига ёрдам беради. Демак, айвонларимиз физик, аэродинамик, ҳаво алмашинуви каби илмларга таянган ҳолда яратилган.

Айвонларни кўча билан ичкари ёпиқ ҳудудни боғловчи коридор дейишимиз ҳам мумкин. Чунки aйвон ярим очиқ жой булиб, секинлик билан ҳавони киргизади ва бунинг натижасида қишда ичкари хоналар исcиқлик, ёзда салқинликни ушлаб туради.

Ички балконлар эса кўп қаватли уйлардаги айвоннинг замонавий талқини. Балкон ҳам икки хил бўлади, ташқи балкон айвон ҳисобига кирмайди. Собиқ иттифоқ даврида қурилган барча тўрт-беш қаватли уйларда ички балконлар бўлган. Лекин афсуски, бугунгa келиб аксар уй эгалари уларни ёпиб, хона сифатида фойдаланишади. Натижада уйда ҳаво алмашинувини табиий равишда таъминловчи қисм йўқoтилган.

Шунингдек, бугун қуёш панелларидан ҳам фойдаланишади. Улар ҳам фасадга қўйилади, айвоннинг вазифасини минимал даражада бажариб, қуёшдан сақлай олади.

 

Қалин деворлар қанчалик муҳим?

Учинчи элемент – иқлим билан тўғри муносабат қилишга ёрдам берадиган қалин деворлар. Олдинги анъанавий уйларда ташқи деворларнинг қалинлиги 450-500 миллиметр бўлган. Мавсумга қараб иссиқ ёки совуқ ҳаво деворга қаттиқ урилганда, қалин деворлар уларнинг ичкарига ўтишини секинлаштирган.

Лекин қалин деворлар кўп жой эгаллагани ва бинони оғир қилгани сабабли, кўп қаватли осмонўпар биноларда девор орасига термал масса ёки иссиқлик изоляцияси ўрнатилади.

 

Эшик ва деразаларни тўғри жойлаштириш

Тўртинчи элемент – эшик ва деразалар. Қаерда эшик-дераза қўйилса, ўша ердан шамол ва иссиқлик тўғридан-тўғри киради.

Битта дераза фақат шамол киришига ёрдам беради. Лекин шамолнинг қаердан чиқиб кетишини ҳам ўйлашимиз лозим. Акс ҳолда, уйда димлик пайдо бўлади.

Қуёш тикка тушганда, асосан туш пайти ҳовли исийди. Кечга бориб шамол келганда пастга йиғилган иссиқ ҳаво тепага кўтарилади. Агар деразалар қарама-қарши ҳолатда тўғри қўйилса, иссиқ ҳавони ташқарига итаради ва ҳаво айланиши бошланади.

«Ахир аксар кўп қаватли уйларда ҳар бир хонада иккитадан дераза қўйилмайди-ку», деган савол пайдо бўлиши тайин. Қандай уй бўлишидан қатъи назар, лойиҳалашда уч тур ҳаво алмашинуви мавжуд: тўғридан-тўғри шамоллатиш (битта деразали хоналар учун), бурчакли шамоллатиш (ёнма-ён деворлар орқали), диагональ шамоллатиш (қарама-қарши деворлар орқали кесиб ўтувчи).

 

Қайси хона қаерда бўлиши керак?

Ухлаш осон ва уйқу сифатли бўлиши учун ётоқхона кўпроқ қоронғироқ бўлиши керак. Бунинг учун қуёш урувчи энг иссиқ томонга айвон қурилади, юқорида айтганимиздек, у иссиқликни салқин қилиб киргизади. Шимолий тарафга дам олиш ва ётоқхона хоналари жойлаштирилади. Ошхона ёки меҳмонхоналар эса айвондан ташқарида ҳам жойлашиши мумкин.

Булар табиат ва иқлимдан келиб чиққан қоидалар. Kимдир тонгда эрта туриш учун қуёш тушадиган томонда яшашни яхши кўрса, шунга қараб лойиҳалаши мумкин.

Агар кўп қаватли уйлар тўғридан-тўғри қуёш тушадиган томонда қурилса, ўша тарафда ички балконлар яратиш зарур. Улар қуёш нури ўтишини тўсади ва салқинлик беради. Орқа томондан эса шамол киради. Уни тўғри йўналтириш учун ойна қўйиш мумкин. Аксинча, ойна ён томонларга қурилса, иссиқликнинг тўғридан-тўғри киришига олиб келади.

 

Уй қуришда материалларнинг аҳамияти

Уй қуриш учун энг яхши материал – исталган турдаги ғишт. Ғишт қалин ва зич бўлгани ҳисобига ҳарорат ўтишини секинлаштиради. Аммо бугунги кунда ғишт экологик жиҳатдан қиммат материал бўлгани боис «газоблок» ва «пеноблок» материаллари ҳам ишлатиляпти.

Ҳозир деворларга қалин «обой»лар ёпиштириш оммалашган, аммо уларнинг касрига девор нафас олмайди. Девор учун энг яхши ва ҳаво айлантирувчи нарса – бўёқлар ҳисобланади. Биринчидан – янгилаш осон, иккинчидан – ҳозирда бўёқларнинг ҳам турлари кўп. Аммо уларда лак миқдори қанча кам бўлса, шунча фойдали. Лак ҳам пластикнинг бир тури, ёпишган жойида ҳаво ўтказмайди. Ёки оддий тахта панеллар ҳам девор учун мақбул вариантдир.

 

Экология – архитектуранинг бир қисми

Айвон ёки балкон қилинмаган уйлар хоналарини ёпиш учун парда қилишади. Пардадан кейин эса кондиционер ёқмасликнинг иложи йўқ. Бу иқтисодий жиҳатдан икки ҳисса ва давомий сарфлаш дегани.

Қолаверса, аксариятимиз хона қизиса, биринчи навбатда кондиционер ўрнатиш ва ёқишни хоҳлаб қоламиз. Аслида аввало шамоллатиш воситаси бўлган ойналарни тўғрилаш, уларнинг яқинига дарахт экиш ёки нимадир ўстиришни режалаштириш керак. Бу билан табиий ҳаво айланишини таъминлаб берамиз.

Дарахт тури ер ва тупроққа боғлиқ. Тошкентда тупроқ нам бўлгани учун вариантлар кўп, ёғингарчилик кам бўлган Қорақалпоғис­тон ва Хоразм тарафларда эса сувсизликка чидамли гужум дарахти энг яхши танлов ҳисобланади.

Яна такрорлаш ўринли: кондиционер, совитиш, иситиш воситалари ёки безаш дизайн­лари иккинчи даражада туради. Биз уларга катта пул тиксак ҳам биринчи даражадаги омиллар – шамолни айлантириш, ҳавони тўғри йўналтириш, ҳавони лойиҳалашни тўкис, тўғри қилмаган бўлсак, ҳаётимиз қийин­лашишда давом этади.

Ҳар биримиз, ўзимизнинг ҳаётимиз учун архитектор бўлган ҳолда тўғри фикрлашимиз лозим. Чунки архитектор тўғри уй қургани билан ундан оқилона фойдаланилмаса, меҳнат, пул, инсон энергияси ҳавога совурилиши ҳеч гап эмас.

 

Шахруза САТТОРОВА

тайёрлади.




Ўхшаш мақолалар

Пойтахт экологияси:  муаммо ечими  сари жиддий қадамлар  қачон қўйилади?

Пойтахт экологияси: муаммо ечими сари жиддий қадамлар қачон қўйилади?

🕔11:06, 18.09.2026 ✔43

«Агар ҳавода чанг ва зарарли зарралар бўлмаганида, инсоннинг умри минг йилгача чўзилиши мумкин эди», – Абу Али ибн Сино.

Батафсил
Кореянинг «ақлли» иссиқхоналари Ўзбекистон яшиллик оламини бойитади

Кореянинг «ақлли» иссиқхоналари Ўзбекистон яшиллик оламини бойитади

🕔10:54, 18.09.2026 ✔45

Ўзбекистон яшиллик даражасини оширишда замонавий технологияга таянмоқда. Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги «ақлли иссиқхоналар» мамлакат ўрмонларини кўпайтиришга ҳисса қўшади.

Батафсил
«Яшил архитектура»:  уй қуришда  табиат  билан  ҳисоблашиш  шарт

«Яшил архитектура»: уй қуришда табиат  билан ҳисоблашиш шарт

🕔13:16, 17.09.2026 ✔46

Уй фақат девор ва томдан иборат эмас. Унинг қандай қурилгани ёзда хона қанчалик қизишига, қишда иссиқлик қанча сақланишига, ҳатто кондиционерга қанча пул сарфлашимизга ҳам таъсир қилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар