Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб дурдоналаридан бири бўлиб, унда тарих, адабиёт, география, этнография, атроф-муҳит ва инсон руҳияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда акс этган. Асарнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири – табиат ва инсон муносабатларининг чуқур, самимий ва фалсафий талқини.
Шоҳ ва шоир томонидан ёзилган тарихий-мемуар обида туркий тилда ёзилган ўзбек мумтоз адабиётининг энг нодир асарларидан биридир. «Бобурнома» – ўзбек адабиёти ва жаҳон маданияти тарихида алоҳида ўрин тутадиган асар. У инсон ҳаёти, тарих ва табиатни уйғун ҳолда акс эттирган бебаҳо маънавий мерос бўлиб, бугунги авлод учун ҳам илм, ибрат ва тафаккур манбаидир.
«Бобурнома» асари XV аср охири – XVI аср бошларида ёзилган. Асарда Бобурнинг болалик давридан бошлаб Ҳиндистонда Бобурийлар давлатини барпо этгунга қадар бўлган ҳаёт йўли муаллифнинг хотиралари асосида баён этилган. «Бобурнома» халқона тилда ёзилган бўлиб, бадиий тасвирларга бой мемуар-тарихий асар сифатида Бобурнинг тарихий ҳаёт йўлини ифодалаб беради. Асар нафақат тарихий воқелик, жанг майдонлари, давлатни бошқариш, халқларнинг урф-одатлари, маданияти, балки шоҳ Бобурнинг қадами етган жойларнинг табиати, яъни ўсимлик ва ҳайвонот олами, жўғрофияси, иқлими, тупроғи, мевалари каби жиҳатларни батафсил ёритиши билан ҳам кенг қамровли манба ҳисобланади.
Бобур табиатни қалбдан ҳис қилади. У тоғлар, дарёлар, боғлар, гуллар, мева-сабзавотларни майда тафсилотигача тасвирлайди. Она Ватани Андижонни эслар экан, «Ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши бўлур, ҳавоси хўб ва оқар суйи фаровондур. Баҳори бисёр яхши бўлур» – дея таърифлайди. Бу эса унинг нозик ҳиссиётли, кузатувчан ва зукко инсон эканини кўрсатади. Табиатга муҳаббат Бобурнинг маънавий оламини очиб беради. Қолаверса, асарда Бобур ростгўй, адолатли шоҳ ва табиатга ошно қалб сифатида таърифланган.
Бобурнинг кайфияти кўпинча табиат тасвири орқали ифодаланади. Масалан, ғалаба, умид ва фаровонлик пайтларида яшил боғлар, мусаффо ҳаво, ҳосилдор ерлар; мағлубият ва изтироб даврларида оғир йўллар, қаҳратон совуқ, саҳро ва тоғлар тасвири учрайди. Бу тасвирларда табиат манзаралари орқали Бобурнинг руҳиятини ҳис килиш мумкин.
«Бобурнома»да инсон табиатни бўйсундирувчи эмас, балки у билан ҳамнафас яшовчи мавжудот сифатида тасвирланиб, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик ифодалаб берилган. Бобур Она Ерни обод қилиш, боғлар, сув иншоотлари барпо этишга жиддий эътибор қаратган. Бу каби хайрли амаллар эса, Бобурнинг табиатга нисбатан масъулияти ва бунёдкорлик мунособатини янада ёрқинроқ очиб беради.
Бобур табиатни нафақат бадиий, балки илмий аниқлик билан тасвирлайди. Шунинг учун ҳам иқлим, ер ҳосилдорлиги, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳақидаги маълумотлар асрлар оша долзарблигини йўқотмаган.
«Бобурнома»да табиат ва инсон муносабатлари муҳаббат, ҳурмат ва уйғунлик асосида қурилган. Табиат Бобур учун тириклик манбаи, илҳом, руҳий тасалли ва инсон камолотининг бир қисми. Шу маънода, асар барчамизга табиатни асраш, уни ҳис қилиш, борлиққа меҳрли бўлишга ундаши билан ғоятда муҳимдир.
Бобур боғлар яратиш, ободонлаштириш, сув чиқариш ишларига катта эътибор қаратганини фахр билан таърифлайди. Бу ҳолат инсоннинг табиатга нисбатан масъулияти, уни асраб-авайлаш ва ундан оқилона фойдаланиш ғоясини илгари суради. Бобур учун табиат фақат истеъмол манбаи эмас, балки инсон камолотини таъминловчи неъматдир.
Жаҳонгир ШАРИПОВ,
Халқ депутатлари Бухоро вилоят
Кенгаши депутати
Илдизлар омон бўлса...
🕔14:40, 12.03.2026
✔25
Инсон ҳаётидаги бирламчи восита сувдир. Унга инсонларнинг ҳар кун эҳтиёжи тушади. Кўл ҳам инсонларга беминнат хизмат қилади. Сув ҳар қандай нотоза нарсани тозалай олади, ҳар қандай кирни ювиб кеткиза олади. Инсонларнинг ҳам пок ва озода бўлишини таъминлаб беради. Сув инсоннинг танасини покласа, илм инсоннинг қалбини ҳар қандай чиркиндилардан тозалаб, уни поклашга хизмат қилади.
Батафсил
Табиат ва инсон муносабатларининг Теран ифодаси
🕔14:58, 12.02.2026
✔101
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб дурдоналаридан бири бўлиб, унда тарих, адабиёт, география, этнография, атроф-муҳит ва инсон руҳияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда акс этган. Асарнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири – табиат ва инсон муносабатларининг чуқур, самимий ва фалсафий талқини.
Батафсил
Олимларимиз тўлиқ биопарчаланадиган плёнка ишлаб чиқди
🕔14:55, 12.02.2026
✔86
Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти олимлари маҳаллий ўсимликларнинг сувда эрувчи полисахаридлари асосида экологик тоза ва тўлиқ биопарчаланадиган плёнкалар олишнинг янги оптимал рецептурасини ишлаб чиқди.
Батафсил