Кейинги йилларда мамлакатимиз бўйлаб бунёдкорлик ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Шаҳар ва туман марказларида тураржой, корхона, ташкилотларнинг осмонўпар бинолари қад ростламоқда. Уларнинг кўпчилиги мавжуд тартиб-қоида ва меъёрий талаблар асосида барпо қилинаётган бўлса, айримларида эса бунинг аксини кўриш мумкин.
Ўзбекистон Экологик партияси Урганч шаҳар кенгаши томонидан қурилиш соҳасида турли хил салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида депутатлар иштирокида доимий ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Яқинда кенгаш томонидан ўтказилган жамоатчилик эшитувида қурилиш ва бунёдкорлик соҳасидаги долзарб муаммолар таҳлил қилинди. Унда Экологик партия фаоллари, халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари ҳамда қурилиш ва архитектура соҳаси мутасаддилари иштирок этди.
– Урганч шаҳри Хоразмнинг кўзгуси, ҳар куни юзлаб сайёҳ ва меҳмонлар ташриф буюрадиган маскан ҳисобланади. Шу боисдан ҳам шаҳримизни кўз кўрса қувонгудек аҳволда сақлашга ҳаракат қилишимиз зарур. Бунинг учун, аввало, яшил маконларни кўпайтириш, мавжудларини асраб-авайлашимиз лозим. Аммо бу борада қатор камчиликлар ҳам мавжуд. Бу камчиликлар нима сабабдан пайдо бўлмоқда? Кимлар уни келтириб чиқаряпти? Бу саволларга жавоб топиш мақсадида мансабдор раҳбарларни эшитишни изчил йўлга қўйсак, айни муддао бўларди, – дейди халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгаши депутати Наргиза Машарипова.
Дарҳақиқат, ҳар бир ҳудудда бунёдкорлик ишлари олиб боришнинг ўзига хос талаблари шундан иборатки, қурилишга ажратилган ер учаткасининг 30 фоиз қисмида яшил ҳудуд, автотураргоҳ ва болалар майдончаси ташкил қилиниши шарт. Айрим қурилиш ташкилотлари эса ана ўша 30 фоиз қисмига ҳам иморат қуриб юбормоқда. Натижада янги қад ростлаган кўпқаватли тураржойлар атрофида на яшил ҳудуд, на болалар ўйингоҳини учратиш мумкин. Бу хусусда тадбирда иштирок этган Урганч шаҳар архитектура бўлими катта мутахассиси Журъат Оллаберганов куюнчаклик билан гапириб ўтди.
– Ўтган йиллар мобайнида қурилиш меъёрлари ва мавжуд тартиб-қоидаларни менсимаган бир қанча корхона ва ташкилотларга тақдимномалар киритилган. Қуюшқондан чиққан айрим фирма ва масъулияти чекланган жамият раҳбарлари хатти-ҳаракатлари прокуратура томонидан холис ўрганилиб, тегишли тартибда огоҳлантирилди, баъзилари суд орқали жазога тортилди. Лекин шундай бўлса-да, яна тартиб-қоидаларни бузишга уринувчилар учраб турибди. Биз, Экопартия фаоллари билан тушунтириш ишлари олиб боришдан эринмаслигимиз керак, – дейди халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашидаги ЎЭП депутатлик гуруҳи аъзоси Н.Шарипова.
Мавжуд маълумотлар таҳлил қилинганида вилоятдаги нуфузли қурилиш корхоналаридан «Anva-goldcompany», «Urgench sohil bo‘yi» каби МЧЖларда юқорида тилга олинган меъёрлар бузилганлиги аниқланган. Шаҳар архитектура бўлими томонидан уларга ўн беш кун ичда камчиликларни бартараф этиш талаби юборилган.
Таассуфки, айрим жисмоний шахслар ҳам хусусий тарзда уй-жой қуриш жараёнида табиатга жиддий зиён етказиб қўймоқдалар. Яқинда олиб борилган рейд-текширув жараёнида вилоят марказидаги «Саховат» маҳалласидаги Амударё ва Мустақиллик кўчалари кесишмасининг бурчак қисмида қурилиш ишлари режалаштирилган ер майдонидаги 7 туп манзарали, 7 туп мевали дарахтларни ҳеч қандай рухсатсиз фуқаро О.Ғ. томонидан ноқонуний равишда кесиб ташланганлик ҳолати аниқланди. Шунингдек, фуқаро мазкур ер майдонидаги 29 туп мевали кўчатларни бошқа жойга кўчириб ўтказиш мақсадида қўпориб қўйганлик ҳолати аниқланди. Аниқланган ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-модда 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 10 млн 300 минг сўм жарима ва 105 млн 472 минг сўм табиатга етказилган зарар белгиланди.
Дарҳақиқат, юртимизда бунёдкорлик ишларининг ривожланиши жамиятимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигидан дарак беради. Бироқ бу ишларни амалга оширишда она табиат ва атроф-муҳит муҳофазасига панжа орасидан қараш – кечириб бўлмайдиган ҳолат саналади. Бу борада ишлар рисоладагидай бўлиши учун биз ўз фаоллигимиз ва ҳушёрлигимизни янада оширишимиз лозим.
Яқинда бўлиб ўтган мансабдор шахсларни эшитув – бу шунчаки навбатдаги ҳисобот учун ўтказилган тадбир эмас эди. Бу тегишли ташкилот мутасаддилари ва Экологик партия фаолларининг ҳамжиҳатлиги, ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир катта қадамдир.
Шокир ҲОЖИМУРОДОВ,
ЎЭП Урганч шаҳар
кенгаши раиси
Экологик тоза ҳудудларда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар чекланади
🕔15:11, 11.06.2026
✔76
Давлатимиз раҳбари жорий йил 14 майда «Экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланиши муносабати билан «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонунни имзолади.
Батафсил
Президент ташаббуслари яшил тараққиёт ва иқтисодий интеграцияда янги босқични бошламоқда
🕔17:05, 04.06.2026
✔118
Бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти чуқур трансформация босқичини бошдан кечирмоқда. Геосиёсий ўзгаришлар, таъминот занжирларидаги узилишлар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши давлатлар олдига мутлақо янги вазифаларни қўймоқда.
Батафсил
Eco Expo Central Asia 2026: Экологик ғоялар инвестицияга айланмоқда
🕔17:00, 04.06.2026
✔106
Самарқанд яна бир халқаро мулоқот майдонига айланди. «Silk Road Samarkand» мажмуасида ўз ишини бошлаган «Eco Expo Central Asia 2026» халқаро экологик кўргазмаси нафақат экологлар ва инвесторларни, балки минтақанинг барқарор ривожланиш истиқболларига бефарқ бўлмаган минглаб мутахассисларни бир жойга жамлади.
Батафсил