Тошкент шаҳрида бир неча ҳафтадан буён давом этаётган ҳаво ифлосланиши фонида сунъий ёмғир ёғдириш масаласи яна муҳокамалар майдонига чиқди. Тўғри, юртимиз осмонида сунъий ёмғир ёғдириш ҳақида бир неча йиллардан буён айтиб келинади.
Уч йил муқаддам Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет) бош директори ўринбосари Ибратжон Каримов сунъий ёмғир ёғдириш технологиясини қайта жорий этиш режалаштирилаётганини айтган эди.
Ўшанда бу лойиҳа учун 10 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиш таклиф этилган ва республикадаги йирик ташкилотлар билан музокаралар олиб борилаётгани ҳам маълум қилинганди. Аммо ҳалигача бу амалиёт оммавий қўлланилмади. Ўзгидромет мутасаддилари ҳам бу масала хусусида бирор маълумот беришгани йўқ.
Шу ўринда савол туғилади: сунъий ёмғир ёғдириш ўзи нима, жараён қандай амалга оширилади, унинг қандай фойда ва зарарлари бор? Бу Ўзбекистон учун имконсиз нарсами?
Бу технология қандай ишлайди?
Сунъий ёмғир – бу табиий булут таркибига махсус моддалар киритиш орқали ёмғир ёки қор ёғишини рағбатлантириш жараёни. Оддий қилиб айтганда, булутга таъсир этиб, унинг ички тузилишини ўзгартириш орқали ёмғир ёғишига шароит яратилади. Бунда юқоридан кумуш йодид (AgI), қуруқ муз ва гидроскопик туз каби моддалар атмосферадаги булутларга сепилади ва булут таркибидаги сув заррачаларининг оғирлиги оширилади.
Булут, асосан, уларнинг ички ҳароратига қараб «совуқ» ва «иссиқ» турларга бўлинади. Ушбу таснифга қараб уларга қандай усулда ва қайси кимёвий моддалар ёрдамида таъсир ўтказишни аниқлаш мумкин. Совуқ булутларда умумий ҳарорат 0 градусдан паст бўлса, иссиқлари бу кўрсаткичдан юқори бўлади.
Совуқ булутларда ёмғир кумуш йодид ёрдамида ҳосил қилинади. Бунда кумуш йодид жуда совуқ томчиларни муз ядроларига айлантиради ва муз кристаллари атрофдаги сув буғини йиғиб, тезда оғирлашади. Етарлича оғирлашган кристаллар ҳаво оқимини енгиб пастга туша бошлайди ва илиқроқ қатламларда эриб, ёмғирга айланади.
Иссиқ булутларда эса тузлар асосий рол ўйнайди. Гидроскопик тузлар ҳавони ўзига тортади ва бошқа томчиларга қараганда анча катта бўлган томчиларни ҳосил қилади. Бу томчилар пастга тушиш мобайнида йўлида бошқа майда томчилар билан тўқнашади ва бирлашади. Бир нечта сув томчилари йиғилиб оғирлашади ва ёмғир ҳосил қилади.
Самолёт ёки ракета керак
Бу жараён одатда уч хил усулда: самолётлар, ердаги генераторлар ёки ракета ва снарядлар билан амалга оширилади.
Самолётлар ёрдамида сунъий ёмғир ёғдириш энг кенг қўлланиладиган усул ҳисобланади. Бу жараёнда самолёт булутларнинг юқори қисмига ёки ёмғир пайдо бўлиши эҳтимоли энг юқори бўлган жойга учиб боради. Самолёт қанотлари ёки танасига ўрнатилган махсус қурилмалар орқали кумуш йодид эритмаси ҳавога сепилади, бу эса булутлар ичида сув томчиларини бирлаштириб, ёмғир ёғишига сабаб бўлади.
Ердаги генераторлар орқали сунъий ёмғир ёғдириш асосан тоғли ҳудудларда қўлланилади. Бундай генераторлар юқори тоғ чўққиларига ўрнатилади ва улардан кумуш йодид эритмаси юкланган моддалар ҳавога чиқарилади. Моддалар ҳаво оқимлари ва шамол ёрдамида юқори қатламларга кўтарилади ҳамда булутларга таъсир қилади.
Шунингдек, сунъий ёмғир ёғдиришда ракета ёки снарядлардан фойдаланиладиган усул ҳам мавжуд. Бу усулда ер юзасидан махсус қурилмалар ёрдамида юқори баландликка моддалар етказилади. Снаряд ёки ракета белгиланган баландликка етгач портлайди ва ёмғир келтириб чиқарадиган агентлар булут ичига тарқалади. Бироқ бу усул юқори харажатли бўлгани учун доимий равишда қўлланилмайди.
Инқилобий кашфиёт
Сунъий ёмғир ёғдириш тарихи Иккинчи жаҳон уруши даврларига бориб тақалади. Ўша вақтда авиация учун энг катта хавфлардан бири бу булутлар ичидаги совуқ сув томчилари туфайли самолёт қанотларининг музлаши эди. Музланишнинг олдини олиш йўлларини ўрганиш устида эса General Electric компанияси ишлаган. Урушдан кейин ҳам ушбу лабораторияда Нобель мукофоти совриндори Ирвинг Лангмюр ва унинг тадқиқот гуруҳи ушбу муаммо устида ишлашни давом эттирди. 1946 йилда Винсент Шефер музлашга қарши кураш бўйича тажрибалар ўтказаётганида, тасодифан лаборатория музлаткичи камерасидаги булут ичига қуруқ муз ташлаб юборади. Натижада сунъий равишда қор кристаллари ҳосил бўлади. Ўша йилнинг ноябрь ойида Шефер самолёт ёрдамида Массачусетс штатининг Питсфильд шаҳри яқинидаги булутга қуруқ музни сепиб, биринчи марта очиқ ҳавода муваффақиятли синов ўтказади ва булутдан қор ёғишига эришади.
Жаҳон тажрибаси
Хитой, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ, Австралия ва Россия каби давлатлар бу усулдан катта ер майдонларини суғориш, дўл муаммосини камайтириш ва гидроэнергетика соҳаларини ривожлантиришда қўллаб келади.
Энг катта булутли экиш тизими Хитойда бор. Хитой осмонга кумуш йодидли ракеталар отиш орқали қурғоқчил ҳудудларда ёмғир миқдорини оширади. Бирлашган Араб Амирликлари олимлари ҳам ўта иссиқ иқлим туфайли мамлакатдаги сув таъминоти тақчиллигини тўлдириш учун булутли экиш технологиясидан фойдаланади. Синоптиклар ва олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, булутли экиш операциялари ёмғирни тоза атмосферада 30-35 фоизгача, намроқ атмосферада эса 10-15 фоизгача ошириши мумкин.
Ҳиндистонда 1983, 1984-87 ва 1993-94 йилларда қаттиқ қурғоқчилик туфайли Тамил Наду ҳукумати томонидан булутли экиш операциялари ўтказилган. Эрон эса 1953-1957 йилларда самолёт ва кумуш йодид бирикмасидан фойдаланган ҳолда Караж ва Жажруд тўғонлари ҳудудидаги булутларни «уруғлантирган».
Ўзбекистон учун
бу имконсизми?
Ушбу амалиёт Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Жорий йилнинг апрель ойида ҳам мамлакатнинг энг қуруқ иқлимли ҳудудларидан бири Навоий вилоятининг Конимех туманида сунъий ёмғир ёғдириш технологияси амалга оширилган эди. Ўшанда жараён муваффақиятли кечса, республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ушбу технологиядан фойдаланилиши айтилган эди. Аммо ўшандан буён бу мавзу бошқа кўтарилмаган, орадаги жимликни эса пойтахт ҳавосининг кучли ифлосланиши «бузди».
Ушбу масала яна кўтарилгач Ўзгидромет Тошкентда бир марта сунъий ёмғир ёғдириш 50 минг долларгача харажат талаб қилишини айтиб чиқди. Ўзгидромет бу амалиётни амалга ошириш учун муайян табиий ва техник шартлар кераклигини таъкидлади. Жумладан, булутларнинг мавжудлиги, ҳарорат ва намлик даражаси белгиланган меъёрда бўлиши лозим. Тошкентда бу каби шартлар асосан баҳор ва куз ойларида кузатилади.
Сунъий ёмғирдан кейин ҳаводаги ифлос моддалар 20-40 фоизгача камайиши мумкин. Масалан, 2025 йил 4 ноябрдаги ёмғирдан сўнг Тошкентда ифлосланиш даражаси 60-70 мкг/м³ дан 5-10 мкг/м³ гача пасайган.
Маълумотларга кўра, бу технология жуда қиммат – бир операция 25-50 минг долларга тушади. Шунингдек, сунъий ёмғир ёғдириш технологиясининг афзалликлари қаторида ҳаво тозаланиши ва саломатликка ижобий таъсир қайд этилса, хавф сифатида вақтинчалик самара, ёмғирнинг нотекис тақсимланиши ва кимёвий моддаларнинг тупроққа таъсири санаб ўтилган.
Шу боис, Ўзгидромет лойиҳани техник-иқтисодий асослаш, пилот тарзда синаш ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширишни таклиф этмоқда. Лойиҳа 2026-2030 йилларга мўлжалланган атмосфера ҳавосини яхшилаш дастури доирасида кўриб чиқилиши мумкинлиги қайд этилган.
Шаҳруза САТТОРОВА