Лиссабон университети олимларининг янгича тадқиқотига кўра, шаҳарлардаги ҳаво ҳароратига нафақат асфальт, бетон ёки саноат фаолияти, балки кўчаларда юрадиган автомобилларнинг ранги ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Қуёш нурини қайтарувчи оқ автомобиллар ҳаво ҳароратига деярли таъсир қилмайди, қора машиналар аксинча, уни сезиларли оширар экан. Тадқиқотчилар ёзнинг иссиқ кунида кўчада турган иккита оқ ва қора автомобиль атрофидаги ҳаво ҳароратини таққослади. Маълум бўлишича, қора автомобиль атрофдаги асфальтга нисбатан ҳаво ҳароратини 3,8 даражага кўтарган, оқ автомобил эса унга деярли таъсир қилмаган. Сабаби рангда: оқ бўёқ қуёш нурини 85 фоизгача қайтаради, қора бўёқ эса бор-йўғи 10 фоизгача қайтаради, қолганини ютади. Машинанинг юпқа металл корпуси тез қизийди ва иссиқликни тўғридан-тўғри ҳавога беради.
Шаҳар бўйлаб минглаб шундай машиналар кичик иссиқлик манбаи вазифасини бажаради ва уларнинг ранги кўчалардаги ҳаво ҳароратига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
«Иссиқлик ороли»
Тадқиқотчилар бу ҳолатни шаҳарларга хос «иссиқлик ороли» эффекти билан боғлайди. Бу шаҳарлар атроф қишлоқларга нисбатан анча иссиқ бўлиб қолиши ҳодисасидир.
Асосий сабаблар қуйидагича:
– асфальт ва бетон иссиқликни тўплайди ва сақлайди;
– зич қурилиш ҳавонинг эркин айланишига тўсқинлик қилади;
– ишлаётган автомобиллар, кондиционерлар ва саноат корхоналари ҳам иссиқлик ажратади;
– таъсир, айниқса, тунда сезилади, шаҳарларда ҳарорат қишлоқ жойларга қараганда 10 даража юқори бўлиши мумкин, чунки бинолар ва йўллар кун давомида тўпланган иссиқликни аста-секин чиқариб юборади.
Шунинг учун ҳам шаҳарларда кундузи иссиқдан қочиш имкони чекланган бўлса, кечаси уйқу вақтида ҳам организм ором ололмайди. Бу эса инсон саломатлиги учун катта хавф туғдиради: юрак-қон томир касалликлари, қон босими ошиши, асабийлик, ҳатто ўлим хавфи ортиши мумкин.
Нима қилиш керак?
Олимлар фикрича, «иссиқлик ороли» таъсирини юмшатиш учун шаҳар инфратузилмасини қайта кўриб чиқиш зарур. Жумладан: яшил майдонларни кўпайтириш; оқ ёки ёруғ рангдаги қурилиш материалларидан кўпроқ фойдаланиш; автомобиль рангида ҳам экологик ёндашувни тарғиб қилиш.
Олимлар бунга жиддий эътибор қаратмасак, келгуси йилларда шаҳарларда ёз мавсуми янада оғир кечишини таъкидламоқда.
Шаҳруза САТТОРОВА
тайёрлади.
Геоэкологик барқарорлик: Сув, тупроқ ва ер ости бойликларини асраш масъулияти
🕔14:30, 22.10.2026
✔12
Бугунги кунда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, сув ва тупроқни муҳофаза қилиш, ер ости сувлари ҳолатини кузатиш ҳамда геоэкологик мувозанатни сақлаш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Батафсил
Иссиқхоналар «яшил» технологиялар асосида экологик хавфсиз фаолият юритади
🕔13:24, 15.10.2026
✔92
Ўтган йилларда куз-қиш ойларида шамол сустлашиши ва ҳарорат инверсияси туфайли иссиқхоналардан чиқадиган ташламалар пойтахт ва унинг атрофида тўпланиши кузатилди.
Батафсил
Термизнинг чанг бўронлари ва ҳаво ифлосланишига чидамлилиги оширилади
🕔13:15, 24.09.2026
✔135
«Термиз шаҳрида қум ва чанг бўронлари ҳамда ҳаво ифлосланишига нисбатан жамоалар ва соғлиқни сақлаш тизимининг барқарорлигини табиатга асосланган ечимлар орқали мустаҳкамлаш» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Батафсил