Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш — нафақат давлат, балки бутун жамият учун устувор вазифалардан бири саналади. Ҳар куни юз минглаб инсонлар турли йўлларда ҳаракатланади.
Улар орасида пиёдалар, ҳайдовчию, йўловчилар ҳам бор. Шу боис, йўлларда тартиб, қулайлик ва хавфсизлик — умумий ҳаёт сифати ва ижтимоий барқарорлик мезонидир.
Сўнгги йилларда соҳада бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди: онлайн мурожаатлар тизими жорий этилди, йўл ҳаракати ходимлари техник жиҳатдан таъминланди, сунъий интеллект орқали қоидабузарликлар аниқлана бошланди. Бироқ мавжуд муаммолар ҳамон жиддий эътиборни талаб қилмоқда.
Маълумотларга кўра, ўтган 2024 йилда мамлакат бўйлаб 9 мингдан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Натижада, қарийб 9 минг киши жароҳат олган, 2 минг 200 дан зиёд фуқаро ҳаётдан кўз юмган. Ҳар тўртинчи авария инсон ҳалокати билан якунлангани нафақат ҳайратланарли, балки ачинарли ҳолатдир. Бу фақат рақамлар эмас, балки юзлаб оилаларнинг пароканда бўлиши, минглаб ҳаётларнинг синган тақдиридир.
Аварияларнинг асосий сабаби — ҳайдовчилар томонидан қоидаларнинг бузилиши. Лекин фақат бу сабаб билан чекланиб бўлмайди. Йўл инфратузилмасидаги камчиликлар, белгиларнинг етишмаслиги, пиёда ўтиш жойларида қулайлик йўқлиги, қайрилиш нуқталари етарлича эмаслиги ҳам ҳалокатларнинг сабабчисига айланган.
Ўтган ҳафтада давлатимиз раҳбари иштирокида шу масалага бағишлаб ўтказилган йиғилишда «Хавфсиз йўл» миллий дастурининг бошланиши эълон қилинди. Бу дастур соҳада амалга ошириладиган ишлар самарадорлигини оширишда, уларни мувофиқлаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Дастур доирасида «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» жамғармаси фаолияти қайта ташкил этилади. У жамоатчилик назорати асосида фаолият юритади. Яъни, йўлларга сарфланадиган ҳар бир сўм манзилли, шаффоф ва оқилона йўналтирилиши шарт қилиб қўйилади. Жамғарма маблағлари, биринчи навбатда, йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез юз берадиган йўл участкаларини тартибга солиш ишларига йўналтирилади.
Айни пайтда йўл ҳаракатида жамоатчилик иштирокини таъминлашга қаратилган яна бир муҳим ташаббус — аҳоли фикрини ўрганишга мўлжалланган электрон порталнинг ишга туширилиши бўлди. Энди фуқаролар бевосита овоз бериш орқали қаерга йўл белгиси, пиёда йўлаги ёки светофор кераклигини ўзлари кўрсата олади. Энг муҳими, қилинган ишлар натижаси фото ва видео тарзда очиқ эълон қилинади, халқнинг ўзи уларни баҳолайди. Бу — шаффофлик, ҳисобот бериш ва халқ манфаатларига хизмат қилишга қаратилган давлат сиёсати ҳаётда ўз ифодасини топаётганининг яққол исботидир.
Йиғилишда жамоат транспортини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. Автобуслар ва микроавтобуслар учун имтиёзлар, субсидиялар ва утилизация тўловларидан озод қилиш каби чоралар — одамларни шахсий авто воситасидан кўра, жамоат транспортидан фойдаланишга ундайди.
Бундай ёндашув нафақат шаҳар кўчаларидаги тирбандликларни сезиларли даражада камайтиради, балки фуқароларни жамоат транспортидан фойдаланишга рағбатлантириш орқали шахсий автомашиналар сонини қисқартиради. Бу эса, ўз навбатида, ҳавога чиқарилаётган зарарли моддалар миқдорини камайтириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу долзарб масала Ўзбекистон Экологик партиясининг диққат марказида бўлган асосий мақсадлардан биридир.
Йўл ҳаракати маданиятини шакллантириш болаликдан бошланиши керак. Шу боис мактаб ва боғчаларда ҳаракат хавфсизлигига оид янги дастурлар ишлаб чиқилади. «Яшил чироқ» мусобақалари қайта тикланади. Бу нафақат билим бериш, балки болаларни ҳурмат ва масъулиятга ўргатишнинг самарали йўлидир.
Йўлларда хавфсизликни таъминлаш, аввало, жамиятнинг умумий маданияти ва фуқароларнинг шахсий масъулиятига боғлиқ. Бу фақат давлат органларининг вазифаси эмас — қоидаларга риоя қилиш, ўзаро ҳурмат ва ҳушёрлик ҳар биримизнинг кундалик бурчимизга айланиши зарур. Зеро, йўлдаги тартиб — ҳаётимиздаги тинчлик ва хавфсизликнинг ажралмас қисмидир.
Сапаргул УТЕМУРАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси ўринбосари,
ЎЭП фракцияси аъзоси
Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда мантиқ борми?
🕔11:00, 04.12.2025
✔31
Тоза ҳаво бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун дунё мамлакатларининг оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир давлатда демографик кўрсаткичлар ўсиб боргани сайин тоза ҳаво масаласи ҳам кўндаланг муаммога айланмоқда.
Батафсил
Сунъий ёмғир атмосфера ҳавосини тозалашда қанчалик самарали?
🕔10:59, 04.12.2025
✔24
Тошкент шаҳрида бир неча ҳафтадан буён давом этаётган ҳаво ифлосланиши фонида сунъий ёмғир ёғдириш масаласи яна муҳокамалар майдонига чиқди. Тўғри, юртимиз осмонида сунъий ёмғир ёғдириш ҳақида бир неча йиллардан буён айтиб келинади.
Батафсил
Уй ҳавосини энг яхши тозаловчи етита ўсимлик
🕔10:54, 04.12.2025
✔23
Қиммат техникалар эмас, табиий йўллар самарали ва зарарсиз
Батафсил