— Аксарият ҳолларда ўсмир йигит-қизлар бошқалардан ажралиб туришга ҳаракат қилади. Лекин 16 ёшли қизимда бунинг мутлақо акси. У ҳамма билан бир хил бўлишга шу қадар интиладики... Кийинишидан тортиб, гапириш, юриш-туришигача ўртоқлариники билан бир хил бўлиши керак. Бу ҳам ўтиш даврига хос ҳолатми?
Мавлуда БЕКМУРОДОВА,
Гулистон шаҳри
— Ўсмирлик даврида кузатилувчи физиологик ўзгаришлар деярли бир хил кечса-да, руҳий ва феъл-атвор бобидаги ривожланиш ҳаммада ҳар хил ўтади, — дейди психолог Гавҳар ХЎЖАЕВА. — Кимдир дўстларидан ажралиб туришни, яна кимдир ҳамма билан бир хил бўлишни хоҳлайди. Ҳар икки ҳолатни ҳам ўтиш даври учун меъёр, деб ҳисоблаш мумкин. Чунки шахс сифатида ўзини топгунча ўсмир ҳар хил ролларни «ижро этиб» кўради.
Атрофдагилардан фарқ қилишдан қўрқиш, бир хилликка интилиш психологияда конформизм, деб аталади. Руҳиятдаги бу ўзига хослик кўпинча ўсмирлик даврида кузатилади. Тўғри психологик ёрдам берилса, ҳолат балоғат ёшига келиб ўтиб кетади.
Ўсмирнинг бутун диққат-эътибори дўстлари билан бир хил бўлишга қаратилганини пайқаш қийин эмас. У атрофдагиларни доимо кузатиб боради. Кийим-боши, соч турмагидаги бироз ўзига хосликдан ҳам қаттиқ ташвишга тушади. Одатда, бундай ўсмирлар ўзи тушган муҳитга қараб, гапириш оҳанги, талаффузи ва умуман бошқа хатти-ҳаракатларини ўзгартириб туради. Тўғри, бу ўзгарувчанлик оила аъзоларининг ғашини келтириши, «ўзингга ўхша», «ўзингдай бўл», сингари дашномларга сабаб бўлиши мумкин. Аммо буни ўсмир йигит-қиз атайлаб қилмаётганини тушуниш лозим. Бу унинг руҳий ҳолати билан боғлиқ.
Ўсмир ҳамма билан бир хил бўлишга интилишининг асосий сабаби — ўзига ва оила аъзоларига бўлган ишончнинг пастлигида. Кўп ҳолларда конформизм таъсиридаги ўсмир бошқаларнинг (ота-онасининг эмас!) фикрига қарам бўлади. Бола учун қайсидир синфдошининг «Кийган кўйлагинг ўзингга ярашмапти», деган гапи бутун оила аъзоларининг кўйлак ярашгани ҳақидаги фикридан устун туради.
Бу ҳолатнинг яна бир сабаби сифатида ҳадиксирашни келтириш мумкин. Бошқалардан фарқ қилса, ноқулай вазиятга тушиб қолиши, атрофдагилар кулиши ёки ҳамманинг эътибори унда бўлишидан доимий ҳадиксираш ҳам ўсмирда конформизм ривожланишига олиб келиши мумкин.
Ушбу ўзгаришлар ўтиш даври учун табиий, деб бунга эътибор бермаслик ярамайди. Чунки ҳамма билан бир хил бўлишга интилиш етуклик даврида ҳам сақланиб қолиши мумкин. Атрофдагиларнинг фикрига қарамлик эса кишининг шахсий хусусиятлари, ўзига хослигининг йўқолиб боришига олиб келади. Бу ҳолат кейинчалик мустақил фикрлаш қобилиятига таъсир эта бошлайди.
Бир хилликка интилаётган ўсмирга ёрдам беришнинг энг яхши йўли — ўзига бўлган ишончини ошириш. Бундан ташқари, ҳар бир инсон алоҳидалиги, ўзига хос камчилик ва бошқалардан устун томонларга эгалиги билан фарқланиб туришини тушунтириш лозим. Бир хиллик ютуқ эмас, аксинча, ўзликдан чиқиш, табиийликни йўқотишдир. Биз ҳар биримиз такрорланмас феъл-атвор ва ташқи қиёфага эгамиз. Шунга мувофиқ, дид ва танлов борасида ҳам бир-биримиздан фарқ қилиб туришимиз табиий. Қайсидир ўзига хос жиҳатимиз билан атрофдагилар эътиборини тортишнинг уятли ёки ноқулай томони йўқ. Мана шуни ўсмирга ётиғи билан тушунтириш зарур.
Дилроз АБРАЕВА
ёзиб олди.
Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда мантиқ борми?
🕔11:00, 04.12.2025
✔40
Тоза ҳаво бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун дунё мамлакатларининг оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир давлатда демографик кўрсаткичлар ўсиб боргани сайин тоза ҳаво масаласи ҳам кўндаланг муаммога айланмоқда.
Батафсил
Сунъий ёмғир атмосфера ҳавосини тозалашда қанчалик самарали?
🕔10:59, 04.12.2025
✔36
Тошкент шаҳрида бир неча ҳафтадан буён давом этаётган ҳаво ифлосланиши фонида сунъий ёмғир ёғдириш масаласи яна муҳокамалар майдонига чиқди. Тўғри, юртимиз осмонида сунъий ёмғир ёғдириш ҳақида бир неча йиллардан буён айтиб келинади.
Батафсил
Уй ҳавосини энг яхши тозаловчи етита ўсимлик
🕔10:54, 04.12.2025
✔28
Қиммат техникалар эмас, табиий йўллар самарали ва зарарсиз
Батафсил