Жараён      Бош саҳифа

Сурнайда берилган сабоқлар

Одамларни йиғиб, узундан-узун қуруқ ва баландпарвоз жумлалардан иборат маъруза қилиш бугунги креатив ёндашувларга мос деб бўлмайди. Ўзбекистон Экологик партияси Боғот туман кенгаши тарғибот ишларини ташкил қилишнинг ўзига хос ечимини топган.

Сурнайда  берилган  сабоқлар

Бу ерда ҳар бир учрашув ва тадбир одамлар кўнглидан жой оладиган дилтортар мусиқа оҳангида ташкил қилинади.

Хоразмда «Йўлдош сурнайчи» деган ном билан танилган мўътабар инсонни танимайдиганлар кам. Ўзининг ярим асрлик санъат соҳасидаги фаолияти давомида унинг дилтортар куй ва қўшиқлари янграмаган тўй-томоша ва байрамлар бўлмаса керак. У Тошкентдаги консерваторияни қўшнай, рубоб, пирима, буломон, сурнай мутахассислиги бўйича ўқишни 1972 йилда муваффақиятли тамомлаган. 1977 йилда ўз даврида дунё кезиб, анча танилган «Қалдирғоч» халқ ансамблида мусиқа раҳбари бўлиб иш фаолиятини бошлаб, кўплаб кўрик-танлов ва фестивалларда нуфузли ўрин соҳибига айланди. Айниқса, унинг қирқ йилдан бери республика мақомчилар кўрик-танловида фаол иштирок қилиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келаётгани элдошларимизга яхши маълум.

Ўзбекистон Экологик партияси ташкил қилинганда Йўлдош ака биринчилар қаторида унга аъзо бўлди. Унинг сиёсатга нечоғли дахлдорлиги билан қизиққанимизда, буни у қуйидагича изоҳлади:

– Табиат, экология билан санъат ҳар доим муштарак ва уйғун бўлиб келган. Уларнинг ҳар иккаласида ҳам инсоннинг эстетик маданиятини шакллантириш қудрати мавжуд.

Узоқ йиллар давомида Хоразм телевидение­си қошидаги Мақомчилар ансамблида мусиқа раҳбари лавозимида меҳнат қилган Йўлдош Тожиевнинг маҳорат билан ижро қилган сурнай наволарида билвосита табиатнинг маҳобати, куч-қудрати, гўзаллиги ва саховати тараннум қилинади. Айниқса, турли хил ҳайвонлар ҳаракатини акс эттирувчи пантомимик рақсларга мўлжалланган куйлари тингловчига завқ бағишлайди. Айни дамда Боғот туманидаги 14-сон болалар мусиқа мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаётган қаҳрамонимиз атроф-муҳит ва экологиянинг чинакам жонкуярига айланган. У Оролнинг салбий оқибатларини юмшатиш борасидаги «Оролга мадад», «Мўйноққа мадад» ва «Парламентнинг Оролга нигоҳи» акцияларининг доимий фаол иштирокчиси саналади. Шунингдек, Йўлдош ака ҳар йили Ўзбекистон Экологик партиясининг жонкуяр аъзолари билан биргаликда Мўйноққа бориб, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда жонбозлик кўрсатади.

Йўлдош ака экологик тадбирларга нафақат ўз мусиқаси, балки амалий ҳиссаси билан боради. Боғот туманининг Қорақум этакларига туташиб кетган ҳудудларида фермерлик қилаётган миришкорлар билан ҳамкорликда саксовул, сўзан ва юлғун уруғлари ва кўчатлари тайёрлашни ўзига доимий одат қилган. Орол бўйларига етиб боргач, уруғ ва кўчатларни ҳамжҳатликда экиб бўлиб, сеҳрли сурнайини қўлга олади. Дастлаб у «Сақили наво» куйини маромига етказиб ижро қилади. Бу қадимий куйда инсон ва табиат руҳиятининг чамбарчас боғлиқлиги, умид ва армонлари ифодалангандек гўё. Шу боис уни одамлар ички бир чанқоқлик билан тинглашади. Сўнгра куй-куйга уланиб, Хоразм­нинг шўхчан оҳанглари янграйди, «Лазги», «Норим-норим», «Оразибон» наволарини чалганида барча шод-хуррам рақсга тушиб кетади...

– Йўлдош сурнайчи нафақат бизнинг, балки бутун Қуйи Амударё минтақасида ўтказилаётган нуфузли тадбир ва байрамларга ўзининг дилрабо куй-қўшиқлари билан файз бағишлаб келмоқда, – дейди фахр билан ЎЭП Боғот туман кенгаши раиси, маҳаллий Кенгаш депутати Улуғбек Иброҳимов. – Айниқса, Мўйноққа борсак қорақалпоқ эли уни ўз оғасидек қучоқ очиб қарши олади. Чунки партиямиз аъзоси бўлган санъаткор тадбир доирасидан ташқарида ҳам мактаб ва меҳнат жамоаларида беминнат хизмат қилиб келади.

Йўлдош Тожиевнинг залварли меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У иккинчи даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланди.

– Агар билсангиз, Хоразмда жуда кўплаб пантомимик куйлар бўлиб, одамлар уларга рақс тушганида турли хил ҳайвонлар ҳаракатларини ифодалашган. Шулардан энг машҳури «Қум пишик» рақсида юмронқозиқнинг ажабтовур ҳаракати акс эттирилади. Бошқа кўплаб куйларимизда ҳам дарё, дарахт ва гулларнинг гўзаллиги тараннум қилинади. Келгусида табиатга, атроф-муҳитни асрашга меҳр ҳиссини уйғотувчи кўплаб куй-қўшиқлар яратишни режалаштирганман, – дейди суҳбатдошимиз Йўлдош Тожиев.

Ҳа, санъаткорнинг куй-қўшиқлари шунчаки тўй-томошаларда ҳордиқ олиш учун тингланмайди. Уларда улуғ бир тарбия, сабоқ мужассам. Бу тарбия ва сабоқ тингловчида борлиқни англашга, меҳр билан севишга ўргатади.

 

Эрпўлат БАХТ




Ўхшаш мақолалар

«Oila va TABIAT» мухбири  «Олтин қалам»  соҳиби бўлди

«Oila va TABIAT» мухбири «Олтин қалам» соҳиби бўлди

🕔13:54, 05.07.2025 ✔18

Газетамиз мухбири Эрпўлат Бахт журналистика соҳасидаги нуфузли мукофот – «Олтин қалам» соҳиби бўлди. 

Батафсил
Барқарор ривожланиш  мақсадлари рейтингида  мамлакатимиз 19 поғонага кўтарилди

Барқарор ривожланиш мақсадлари рейтингида мамлакатимиз 19 поғонага кўтарилди

🕔15:55, 26.06.2025 ✔43

«Бизнинг вазифамиз – келажак авлодлар барқарор, хавфсиз ва фаровон дунёда яшаши учун барча чора-тадбирларни кўриш»

Шавкат Мирзиёев

Батафсил
Сурнайда  берилган  сабоқлар

Сурнайда берилган сабоқлар

🕔15:52, 26.06.2025 ✔37

Одамларни йиғиб, узундан-узун қуруқ ва баландпарвоз жумлалардан иборат маъруза қилиш бугунги креатив ёндашувларга мос деб бўлмайди. Ўзбекистон Экологик партияси Боғот туман кенгаши тарғибот ишларини ташкил қилишнинг ўзига хос ечимини топган.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар