Тозалик ва озодалик ойлиги Поклик – иймондандир
Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.
БатафсилЎзбекистоннинг географик жойлашуви, табиий иқлим шароити, фаслларнинг ўзига хос алмашинуви, сув ресурсларига қулайлиги ҳамда унумдор тупроғи каби омиллардан самарали фойдаланиш бугунги глобал экологик муаммолар ечимида энг мақбул чора бўла олиши шубҳасиз.
Мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш ҳар қандай муаммонинг ижобий ҳал этилишида ўта муҳим ҳисобланади. Бундай юқори кўрсаткичга эришиш учун ҳар бир фуқаро онгли равишда, вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда ўз фаоллигини кўрсатиши талаб қилинади. Қолаверса, бугунги экологик вазият биздан шуни талаб қилмоқда.
Глобал муаммога қарши ягона нажоткор
Бугун Марказий Осиёдаги экологик вазият чиндан-да ўта жиддий. Ҳаво ҳароратининг кутилгандан ҳам тезроқ ошиб бораётгани сўнгги йилларда яққол сезилди. Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи ҳисоб-китобига кўра, 1850 йилдан бошлаб дунёда ҳарорат ўртача 1,1 даража кўтарилган бўлса, бу кўрсаткич минтақамизда 2,2 даражани ташкил қиляпти. Кўриниб турибдики, минтақамизда ҳароратнинг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баробар кўпдир. Энг хатарлиси, бу глобал исиш тўхтовсиз давом этмоқда. Демак, вазият тобора аянчли тус олаверади.
Шунинг учун ҳам бугун мамлакат ривожланиш кўрсаткичларини белгилайдиган омиллар санаб ўтилганда шу юртда ҳар бир одам бошига нечтадан дарахт тўғри келиши ҳам, албатта, инобатга олинади. Атмосфера ҳавоси мусаффолигини таъминлаш, сув ва тупроқни янгилаш, умуман табиатдаги мувозанатни барқарор ушлаб туришда яшиллик, хусусан, дарахтлар энг асосий манбалардан ҳисобланади.
Мамлакатимиз иқлим шароти, географик жойлашуви нуқтаи назаридан глобал иқлим ўзгаришларига тайёр туриш ва унинг оқибатларини юмшатишда биз учун ягона нажот – яшилликни кўпайтиришдир. Бизда глобал исиш ва атмосфера ҳавоси ифлосланишидан сақловчи бошқа манба йўқ. Сабаби, мамлакатимиз дунё океанларидан анча олис масофада жойлашган, денгиз ва улкан кўлларимиз жуда оз миқдорда. Шунинг учун ҳам дарахт бизга она табиатимиз берган энг азиз неъмат ҳисобланади.
Халқ ҳаракатига айланди
Буни ўз вақтида тўғри баҳолай олган Ўзбекистон муаммога амалий ечим бўла оладиган йирик лойиҳага қўл урган эди. Мамлакатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан бундан уч йил муқаддам бошланган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси Ўзбекистоннинг эртанги куни, халқимизнинг соғлом келажаги учун, энг муҳими, ҳаётимизга хавф солиб турган глобал экологик буҳронларга қарши туришда самарали қалқон бўла оладиган ҳаётбахш ҳаракатга айланди. Йилдан-йилга лойиҳа кўламининг кенгаяётгани шундай дейишга тўла асос беради.
Жойларда бўлганимизда масъул ташкилотлар вакиллари билан бир сафда туриб кўчат экаётган фидойи юртдошларимизни кўриб шуни чин дилдан ҳис қилдик. Бу эзгу лойиҳада маҳалла аҳли, ёши улуғ инсонлар фарзандлари ва набиралари билан биргаликда, ўзлари ташаббус кўрсатиб кўкаламзорлаштириш ишларида фаол иштирок этаётганларига кўп гувоҳ бўлдик. Шундай фидойи халқимизнинг саъй-ҳаракатлари билан уч йил ичида юртимизнинг яшил ҳудудлари миқдори режадагидан ортиқ даражада кўпайишига эришилди.
Лойиҳада юртимизнинг ҳар бир фуқароси, каттаю кичиги ўз ҳиссасини қўша олди, десак хато бўлмайди. Айниқса, ҳар йилги кўчат экиш тадбирларини давлатимиз рабарининг шахсан ўзлари намуна ўлароқ бошлаб беришлари ватандошларимизни руҳлантириб юборди.
Мазкур лойиҳадан кўзланган асосий мақсад сифатида яшил ҳудудларимизни кўпайтириш, яшил белбоғ ва иҳотазорлар яратиш орқали қум бўронлари ва чанг-тўзонларга қарши ҳимоя қалқонлари яратиш, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқаришига кўмаклашиш учун хиёбонлар барпо этиш кабилар кўзда тутилган эди. Ўтган муддат давомида белгиланган вазифаларни ортиғи билан бажаришга эришилди. Биргина якунига етаётган 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар таҳлилига назар солсак бунга тўла амин бўлишимиз мумкин.
Жорий йилдаги ютуқлар
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йилда жами 224 млн туп кўчат экилди. Баҳорги кўчат экиш мавсумида республика бўйича 138 млн туп кўчат экилган бўлиб, бу кўрсакич режага нисбатан 110,5 фоизни ташкил этади. Кузги мавсумда эса, 86 млн туп кўчат экилиб, белгиланган режа 107 фоизга уддаланди. Буларнинг барчаси жойларда иш тўғри ташкил қилингани ва халқимиз бу умуммиллий лойиҳага уюшқоқлик билан ҳисса қўшганидан далолат беради.
Олдинги йилларда орттирилган тажрибалар асосида кўчатларни фақат экиш билан чекланмасдан уларнинг кейинги парвариши учун ҳам масъулият белгилаб олинган эди. Шунга кўра, дарахтларни суғориш, ўғитлаш, кескин иқлим шароитларидан ҳимоялаш ишлари ҳам назарда тутилди. Экилган кўчатлар агротехникасини таъминлаш мақсадида жорий йилда дарахтларни суғориш учун 253 та сув чиқариш қудуқлари қазилиб, 2 минг 906 км узунликда суғориш тизимлари ташкил этилди.
Йирик саноат корхоналари ҳудудлари ва атрофида 5,3 млн (режага нисбатан 105 фоиз) туп дарахт кўчатларини экиш орқали яшил белбоғлар ташкил қилинди. Очиқ бюджет тизими орқали «Менинг боғим» лойиҳаси ишга туширилиб, фуқаролар томонидан ташаббус билдирилган 215 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, «Яшил боғ» ва «Яшил жамоат парклар» барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
Республикада экологик вазиятни барқарорлаштириш мақсадида 222 минг гектар майдонда ўрмон барпо қилиш ва қайта тиклаш тадбирлари амалга оширилиб, республиканинг ўрмон билан қопланганлик даражаси 8,1 фоизга (3,65 млн гектар) етказилади. Жумладан, Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида қум кўчиши ҳамда атмосфера ҳавосига туз-чанг кўтарилишини бартараф этиш мақсадида 215 минг гектар майдонда яшил қопламалар барпо қилиниб, уларнинг майдони 1,9 млн гектарга етказилди.
Чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларида чўлланиш ва қум кўчиши, сув ва тупроқ эрозиясининг олдини олиш мақсадида минг гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди. Ўрмон барпо этиш ҳамда кўкаламзорлаштириш тадбирлари учун дарахт ва буталарнинг 1039 тонна уруғлари жамғарилиб, 127 млн туп манзарали ва мевали ниҳол ва кўчатлар етиштирилмоқда. Ниҳолхона ва кўчатхоналар майдони 1,1 минг гектарга етказилди. Ўрмон хўжаликларида 5,6 минг гектарда доривор ва озуқабоп ўсимликлар плантацияси барпо этилиб, 9,6 минг тонна доривор ва озуқабоп ўсимликлар хом ашёси тайёрланди.
Авлодларга яшил олам қолсин
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш жараёнида ҳар йили 200 миллион туп дарахт кўчатлари экиш ва республикада кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш режалаштирилган. «Яшил макон» лойиҳасида ҳар бир шаҳарлар атрофида «яшил белбоғ»лар яратилмоқда. Мана, яқинда пойтахтимизнинг Бектемир туманида Тошкент ҳалқа йўли бўйида яшил ҳудудга асос солинди. Бунинг учун 100 гектар ер ажратилган бўлиб, икки йилда жами 100 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши режалаштирилган. Уларни парваришлаш учун 3 та сунъий сув ҳавзаси ва 12 та қудуқ барпо этилди. Ушбу ҳудуд Тошкент «яшил белбоғ»ининг бир қисми бўлади. Яъни пойтахтимиз мусаффо ҳавосини таъминлайдиган манба, инсон омили туфайли атмосферага чиқарилаётган заҳарли газларнинг табиий фильтрига айланади.
Биргина Орол фожиасининг бутун минтақа ҳаётига кўрсатаётган салбий таъсирини юмшатиш, чекинган денгиздан қолган Оролқум чўлини яшил масканга айлантириш учун 2 миллион гектар майдонда саксовул, қорабуроқ, қандим, черкез ва чўл яйлов ўсимликлари экилиб, йирик ўрмонлар барпо этилди. Мана шунинг ўзи минглаб тонна туз ва қум атмосферага кўтарилишининг олдини олмоқда.
Бу улкан лойиҳа шунчаки дарахт экиш акцияси эмас. Унга мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган, келгуси неча юз йилликларга дахлдор бўлган улкан стратегик вазифа сифатида қарасак, айни муддао бўлади. Кириб келаётган 2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилида мазкур лойиҳанинг янада янги босқичларга олиб чиқилиши олдимизда турган экологик вазият учун муносиб амалий ечим бўла олади.
Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
Ўзбекистон Экологик партияси
Марказий Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатасидаги партия фракцияси раҳбари
Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.
БатафсилМамлакатимизда жорий йилнинг июнь-июль ойларида учта веб-платформа ва бир нечта ижтимоий тармоқ ўрганилганда 17 турдаги – жами 1300 дан ортиқ ҳайвонлар таклиф қилинган 544 та онлайн эълон қайд этилган.
БатафсилМамлакатимиздаги ҳар бир идора ва ташкилот фаолиятига баҳо берганда биринчи галда унинг халқ билан мулоқоти, муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф қилишдаги саъй-ҳаракатига эътибор қаратилади.
Батафсил