Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилТелевидение ходими Моҳирбек Жўраевнинг байрам арафасида ишлари шу қадар кўпайдики, бош қашишга ҳам вақт тополмай қолди. Асосий юмуши бўлмиш футбол шарҳига ҳам аранг улгуради.
Бугун ҳам тумандаги тасвирга олишдан жуда кеч қайтди. Келди-ю ғарибона тановулдан сўнг монтажга муккасидан кетди. Уни ярим тунда якунлагач, эсига хаёллаб юргани — футбол шарҳи тушди. Шарҳни ҳам эрталабки ахборот якунига тайёрлаб қўйди.
Кўнгли хотиржам бўлган Моҳирбек тонгга яқин уйга қайтди. Донг қотган Жўраевни қўл телефони қўнғироғи уйғотди. У кўзларини аранг очиб аввал соатга қаради. Эрталабки ўн. Кейин телефонга қулоқ тутди. Бошлиқ котибаси экан.
— Тезда келаркансиз, — салом-аликсиз индаллосини айтиб қўя қолди котиба.
— Ҳамма топшириқлар бажарилган. Тушдан кейин бораман.
— Ҳозир келар экансиз. Проблема бор экан, — дейилди-ю, алоқа узилди.
Ишга борса, раис қиличини яланғочлаб турган экан.
— Қовун туширибсиз-ку! Мексика — Голландия 2:2?!
Толиқиш, чала уйқу туфайли гапнинг пайровига тушуниб бўлмасди. Моҳирбек талмовсиради.
— Бўлса бордир. Нима муаммо?..
— Муаммо шуки, бу ўйин ҳали ўйналгани йўқ. Бугун бўлади...
— Ие... — дея пешонасига беихтиёр шапатилади. Хаёлида «прогноз»ини қилиб юрган ўйин натижасини олдиндан эълон қилиб юборгани калласига лоп этиб келди. Терга ботиб, курсига ўтириб қолди. Лекин шу дамда табиатан дадиллиги иш берди. — Нима бўпти? Насиб этса... шундай натижа бўлади.
— Насиб этмаса-чи? — тутақди бошлиқ.
— Унда бошимизни кундага қўямиз-да. Тақдиримиз қўлингизда бўлади.
— Аммо… ишдан бўшаш билан қутула олмайсиз. Алам қиладиганроқ жазо ўйлаб топаман.
Жўраев хонага кирибоқ аламини монтажчидан олди.
— Ҳали ўйин бўлмаган, деб огоҳлантириб қўйсанг бўларди-ку!
— Эй, футболизни қаёқдан билай? Ишқибоз бўлмасам.
Шундагина у бу йигитчадан беҳуда хафа бўлаётганини англаб, елкасига қоқиб қўйди. Шу пайт телефони жиринглади.
«Моҳир ака, прогноз қилиб юборибсиз. Даже, прогноз ҳам эмас. Аниқ ҳисобни айтиб юбордингиз. Отвечат бўладими?»
Энди поезд кетган, ғишт қолипдан кўчган эди. Ортга йўл йўқ.
— «Отвечат» эртага бериладиган шарҳда бўлади, — жавобни қисқа қилди.
Бу ҳолваси экан. Кечгача бундай қўнғироқлар, ғалати иддаолар унинг жиғибийронини чиқарди. Телефонини ўчириб қутулди. Хизмат телефонидан эса, кўчага чиқиб кетиб халос бўлди. Лекин «Хаёлингиз қаерда эди?», «Бу қанақа масхарабозлик?», «Шунчаликка борасизми?», «Натижа бошқача бўлса нима қиласиз?» каби саволлар миясини пармадек ўярди. Энг ёмони, куннинг ўтиши қийин бўлди. «Асрга татигулик кун»-да, дея ўз ёғига ўзи қовриларди. Кеч кирди, аммо футбол бошланадиган ярим тунга етиб олиш-чи?
Ўйин бошланишига етиб олиш қанчалар азоб бўлса, уни кўриш ўн чандон оғир кечди. Чунки ўйин бошланиб, кўп ўтмаёқ Голландия иккита голни «таппа-таппа» уриб қўйганди. У шу топда энди Мексикага шундай мухлисга айландики, Эргаш Каримовнинг ишқибоз қаҳрамони унинг олдида ип эшолмасди. Шу онларда мексикалик ўйинчилар голланд дарвозаси ёнида пайдо бўлса, у ўрнидан туриб кетар, «Бўл! Теп! Зарба!» дея қичқирарди. Голландияликлар Мексикага ҳужум уюштириб қолса, «ишқибоз»нинг дами ичига тушиб кетар, уй бурчига суқилиб олиб, икки қўли билан бошини чангаллаб, кўзларини қия очганча қалтирай-қалтирай, мўлтираб экранга нигоҳ ташларди. Хавф ўтиб кетгач, яна сакраб ўрнидан турар, бақириб, Мексика футболчиларини олқишларди.
Катта ўйинлар бўладиган кунлари хотин-болалари одатдагидек четдаги хонани ичидан зич ёпиб олишар, қичқириқларини эшитмаслик учун зарур «чоралар»ни кўришарди. Аммо бугунги бошқача бақиришлардан безовталанган хотини бир неча бор ундан хабар олди. Ўша қичқириқ Мексиканинг биринчи голига олқиш эди. Моҳирбекка энди жон кириб қолди. Иккинчи гол ҳам куттирмади. Унинг кучли бақириғидан бутун «дом» уйғонди-ёв. Уйқуси бузилганлар уни роса «алқашди». Улар ишқибозликни тушунишармиди!
Бироқ 2:2 дан кейинги ўйин охиригача шу қадар имиллаб ўтдики, Моҳирбек сиқилиб сил бўлаёзди. Ҳайриятки, шу натижа билан ўйин якунланди. Шунда у учинчи марта қичқирдики, бутун кичик даҳа уйғонди.
Унинг юлдузли онлари бошланганди. Эрталабгача телефон овозлари тинмади. «Сиз генийсиз!», «Ҳақиқий башоратчи экансиз», «Энди сизнинг прогнозингиз билан иш тутамиз» каби олқишлар тинмасди. Эрталаб ишга ҳам ғоз туриб борди. Ҳамкасблари олқишларга кўмиб юборишди.
Бошлиқ эса бир неча кунгача қорасини кўрсатмади. Аммо сийловлар тобора кўпайиб борарди.
— Аждодингизда авлиёлар йўқмиди?!
— Мунажжимлик қилсангиз ҳам бўларкан.
Аммо шу билан бирга, кейинги ўйинлар натижасини сўраб унинг бошини қотира бошлади. Аввалига камтарлик қилиб турди. Хиралик қилаверишгач, бир-икки ўйин натижасини тахминан айтиб юборди. Бу тахминлар ҳам тўғри чиқса бўладими! Ана, энди кўринг томошани. Бир куни қўшниси чиқибди.
— Биласиз, ўйинлар бўйича гаров ўйнаб турамиз. Келгуси ўйин нима бўларкин?
— Ака, мен башоратчи ҳам эмасман, мунажжим ҳам.
— Ие, кароматгўйлигингизни кўрсатиб қўйдингизу. Хўп, ҳақини бераман.
Бошқа бир куни ўгай акаси қўнғироқ қилиб қолди.
— Илтимос, «МЮ»нинг бу йилги тақдирини айтиб юборгин.
— Бу йил «Андижон» олий лигада қоладими? — дея сўради яна бир фанат.
— Ўғлингизнинг ўқитувчиси илтимос қилибди. Эри Европага чемпионат кўргани борармишу, ким ғолиб бўлишини айтиб бериши керакмиш.
— Ҳа, кароматгўйингни топибсан. Бор, бошқа Нострадамус топиб олсин, — дея ўғлини уришиб берди.
Орага хотини тушди:
— Дадаси, бегоналарга майли, ўзимизга йўқми?!. Энди ўғлингизга қолганда... Нақ чорагини тушириб юборади-я...
Қўйингки, оддий бир қишлоқ турнирининг натижасини билиб беришни сўраб ҳам мурожаат қилишарди. Лекин унинг «прогноз»лари негадир кетма-кет тўғри чиқар, у машҳур бўлиб борарди. Аммо бундай сўровлар кўпайгандан кўпаяётганига «дод» деб юборай дерди. Ҳаммасидан Тошкентдаги таниқли мураббийнинг сўрови уни танг қолдирди.
— Моҳирбек, скажи пожалуйста... А как будет наш следуюший матч?
Ҳа, у ҳам командасининг келгуси ўйини тақдирини сўраётганди. Аммо нима деб жавоб бергани эсида йўқ.
Бироқ куни кеча бўлган қўнғироқ... Инглизчани унча-мунча тушунадиган Моҳирбек гўшакни кўтариб, бироз қулоқ солди-да, аввал йиқилиб, сўнг гўшак қўлдан тушдими, аввал гўшакни ташлаб, кейин йиқилдими, билмай қолди. Ошхонада овқат тайёрлаётган аёли югуриб келиб эрига боқди. Сўнгра гўшакни кўтариб, айюҳаннос солиб сўка бошлади:
— Эй ўлгур, кимсан? Эримга нима дединг? Қасдинг борми? Ҳали жавоб берасан!
Гўшакда кимдир инглиз тилида бир нималарни ҳадеб такрорларди. У инглиз тилини ўрганаётган қизини чақирди.
— Ҳой, Ойниса, кел, манави чулчут нима деяпти? Дадангда қанақа хусумати бор экан, бил-чи.
Қиз югуриб келиб, дам ҳушсиз дадасига, дам онасига ваҳима аралаш қаради-да, қўрқа-писа гўшакни олди. Бироз қулоқ солгач деди:
— Ая, чет эллик бир футбол командаси мураббийи дадамдан эртага бўладиган ўйини натижасини сўраяпти...
Восит АҲМАД
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилЖадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.
БатафсилҲар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.
Батафсил