Атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган маблағлар 2 баравар кўпайтирилишига эришилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2024 йил 3 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида «2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Келгуси йилга мўлжалланган Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш давомида Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарида қилган маърузаларидаги стратегик йўналишлар, аниқ вазифаларга эътибор қаратилди. Қўмиталар томонидан ўтказилган йиғилишлар, сиёсий партиялар фракцияларидаги муҳокамаларда депутатлар томонидан 100 дан ортиқ саволлар, 10 дан ортиқ концептуал аҳамиятга эга таклиф ва тавсиялар берилди.
Мажлисда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари ва харажатлари, маҳаллий бюджетлар ва Давлат мақсадли жамғармаларига оид лойиҳада кўзда тутилган тадбирлар, уларни молиялаштириш манбаларига оид маълумотлар чуқур таҳлил қилинганига алоҳида эътибор қаратилди.
Аҳамиятли томони, Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг таклифлари инобатга олиниб, мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилаш, трансчегаравий гармсел шамоллари ва чанг-қум бўронларининг атроф-муҳитга зарарли таъсирларининг олдини олиш мақсадида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси учун ажратилиши режалаштирилган маблағлар 2 бараварга кўпайтирилди.
Шунингдек, партиямиздан сайланган депутатлар кўтарган чўлланишга қарши курашиш, яйловлар деградациясини тўхтатиш, иҳота ўрмонларини барпо этиш бўйича илмий тадқиқотларни кучайтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этиладиган Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти тажриба станцияси фаолиятини ташкил этиш учун ҳам етарлича маблағ ажратилишига эришилди.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда 2025 йилда белгиланган тадбирларни молиялаштириш масалаларига аниқлик киритилди. Шунингдек, келгуси йил «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили» деб эълон қилингани муносабати билан ушбу йўналишларга сарфланадиган маблағларнинг манзиллилиги ва натижадорлигига эътибор қаратилди.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари учун йўналтирилаётган маблағлар манзиллилиги, бунда коррупцияга йўл қўйилмаслик учун қандай чоралар кўрилиши, яшил бюджетлаштириш учун режалаштирилган харажатлар натижадорлиги, шунингдек, бюджет маблағлари устидан молиявий назорат тизимларини такомиллаштириш бўйича савол ҳамда аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Қонун лойиҳасида бюджет тақчиллиги чекланган миқдорининг ошиб кетишига йўл қўймаслик, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ҳисобидан қўшимча харажатларни амалга оширишда қонун талабларига қатъий риоя қилиш, давлат ташқи қарзининг ва давлатнинг шартли мажбуриятлари бўйича лойиҳада белгиланган чегарадан ошиб кетмаслик бўйича ҳукуматнинг ўз зиммасига олаётган мажбуриятлари депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Яшил иқтисодиётни
ривожлантириш борасида қандай солиқ имтиёзлари берилади?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шароитлар яратиш мақсадида бир қатор масалалар назарда тутилмоқда.
Хусусан, келгуси йилда асосий солиқ турлари, жумладан фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий солиқ, айланмадан олинадиган солиқ, қўшилган қиймат солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ турлари бўйича ставкалар ўзгаришсиз қолдирилмоқда. Мобиль алоқа хизматлари соҳасига инвестициялар миқдорини кўпайтириш, мобиль алоқа ва интернет хизмати сифатини ошириш мақсадида мобиль алоқа операторлари учун акциз солиғи бекор қилинмоқда.
Маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш, иш ўринларини легаллаштириш ҳамда солиқ бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ваколатларини ошириш мақсадида уларга якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган миқдорлардаги ставкаларини фаолият тури ва жойлашган ҳудудига қараб белгилаш ваколати берилмоқда.
Якка тартибдаги тадбиркорларнинг ёллаган ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ўзлари учун белгиланган қатъий солиқнинг 50 фоизини тўлаш ҳуқуқини бериш ҳамда бозор ва савдо комплексларида фаолият юритаётган якка тадбиркорларнинг ёллаган ходимлари учун ижтимоий солиқ ставкасини пасайтириш каби нормалар киритилмоқда.
Муҳокамаларда халқ вакиллари лойиҳадаги қатор нормаларни маъқуллаган ҳолда савол ва таклифларни ўртага ташлади. Хусусан, Экопартия фракцияси аъзоси Моҳира Хўжаева 2025 йилги солиқ сиёсатида яшил иқтисодиётни ривожлантириш, иқлим ўзгаришларига қарши курашиш борасида қандай чоралар белгиланаётгани билан қизиқди.
Бунга жавобан вазир ўринбосари халқаро молия институтлари билан бирга солиқ сиёсатининг атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва иқлим ўзгаришларини яхшилашга мувофиқлиги юзасидан диагностика амалга ошириш режалаштирилгани, қуёш батареяларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахсларга бир қатор солиқ имтиёзлари берилиши, чиқиндиларни қайта ишлаш, утилизация борасида қатор солиқ имтиёзлари берилаётганини қайд этди.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Табиатнинг ҳам, мамлакатнинг ҳам ишонган кучи – ёшлар
🕔14:03, 05.07.2025
✔18
Янги Ўзбекистонда янги тарих яратадиган олтин авлод улғаймоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ёшлар билан ўтказган учрашувида бу яна бир бор ўз ифодасини топди.
Батафсил
Иқтисодий ва экологик самарадорлик янги қонунлар негизини ташкил қилмоқда
🕔14:02, 05.07.2025
✔16
Қонун – бу фақат қоғоздаги ҳужжат эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳаётига дахлдор, турмуш тарзини, ишончини ва келажакка бўлган қарашини белгилаб берадиган мезондир.
Батафсил
Аҳоли манфаати учун: қонун ижодкорлигида
🕔15:56, 26.06.2025
✔41
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида халқ манфаатларига хизмат қиладиган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари биринчи ўқишда қабул қилинди. Қонун ижодкорлигидаги бу янгиланиш мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамламоқда.
Батафсил