Тозалик ва озодалик ойлиги Поклик – иймондандир
Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.
БатафсилБир мамлакатнинг ҳар томонлама, айтайлик иқтисодий, сиёсий жиҳатдан тараққий топиши, унинг бошқа ривожланган мамлакатлардан қай даражада тажриба ўзлаштиргани ва янги ғоя, мақсадларни ривожланиш йўлида татбиқ қила олгани билан узвий боғлиқ. Бу хоҳ техника соҳаси бўлсин, хоҳ саноат – ўзаро тажриба мамлакатлар тараққиёти учун муҳим ўрин тутади.
Табиатга муносабат – энг асосийси
Туркияни биласиз, асрлардирки биз ўзбеклар турклар билан қардош, қадрдон халқмиз. Шу сабаб уларнинг маданияти, характери ҳақида ортиқча нимадир дейишга ҳожат йўқ. Аммо улардаги айрим қадрият ва маданиятдан ҳар қанча улги олсак арзийди. Бу уларнинг она табиатга муносабати ва экологик маданиятидир.
Туркия аҳолиси сони 85 млн нафардан ортиқ, майдони эса 783,6 кв.км ни ташкил этадиган катта мамлакат ҳисобланади. Иқтисодиётининг ривожланиш кўрсаткичларида анча-мунча давлатлар билан беллаша олади. Айниқса, «яшил» иқтисодиётга ўтиш, қайта ишлаш саноатида ушбу давлат тажрибасини ўрганиш, мамлакатимизда татбиқ этиш ҳар томонлама фойдалидир.
Жорий йилнинг 15-20 сентябрь кунлари Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази ходимлари иштирокида Туркия давлатининг Истанбул, Бурса ва Мерсин шаҳарларида бўлдик. Мақсад чиқиндиларни йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш, улардан иккиламчи хомашё сифатида фойдаланиш ҳамда ташиш жараёнларида тадбиқ этилган ва фойдаланилаётган замонавий технологияларни ўрганиш ҳамда тажриба алмашиш бўлди. Ушбу ўрганиш ишларида бизга «SamAvto» Самарқанд автомобиль заводи қўшма корхонасининг ички савдо бўлими раҳбари Азиз Нишонбоев ва асосий ишлаб чиқариш учун маҳсулотлар ҳамда хизматлар ташқи хариди бўйича бўлим мутахассиси Зафар Мамасолиев ҳамроҳ бўлишди.
Туркиянинг тадбиркор мутахассислари: Экология ишларини амалга ошириш учун махсус техникалар ишлаб чиқарувчи «Писирген» заводи, чиқиндиларни саралаш «Чевдосан» заводи ва чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқарувчи «Calde» заводи раҳбарлари билан мамлакатнинг экологик муҳити, технологиялари, саноати билан бирма-бир танишиб чиқдик.
Ишчи гуруҳимиз Туркияга сафари давомида чиқиндилардан иккиламчи ёқилғи сифатида фойдаланиш бўйича семинар тренингда қатнашди. Тўғрисини айтсам, Туркиядаги аксарият шаҳарларнинг экологик муҳити билан яқиндан танишиш чоғимда, туризм гуллаган бўлишига қарамай, шаҳарларнинг ниҳоятда ораста сақланиши, атроф-ёнингизда бирорта чиқиндининг кўзга кўринмаслиги ҳавасимни келтирди. Экологик табиий муҳит соф ҳолда сақланиб тургани яққол кўзга ташланади. Машина йўллари атрофи дарахтлар билан ўралган.
Бу махсус режа билан қилинганми ёки кимларнингдир ғаразли мақсади бўлганми – собиқ иттифоқ даврида кўплаб катта шаҳарларимиз, аҳоли зич ҳудудларда катта-катта ишлаб-чиқариш заводлари, саноат корхоналари шундоққина аҳоли бурнининг тагида қурилган. Бугун эса улардан чиқаётган заҳарли моддалар атмосферани қанчалик зарарлаётгани, табиатимиз учун қимматга тушаётгани, аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Туркияда бунинг мутлақо тескариси – саноат корхоналари аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудлардан анча узоқ мақсофада қурилган. Табиий муҳитга зарар етказадиган ҳар қандай ҳолатларга тезкор барҳам бериш учун қатъий тартиб ва қоидалар ишлашини кўриб, очиғи, ҳайратландик.
Мерсин тажрибаси: чиқиндидан электр олиш
Мамлакатнинг Мерсин шаҳри билан танишиш давомида чиқиндиларни қайта ишлаш борасида «қармоққа илинадиган» тажрибалар гувоҳи бўлдик. Масалан, шаҳарда чиқиндиларни тўплаб, қайта ишлаш майдонларига олиб боришда чиқиндилар ҳажмини сиқиб (пресслаб) ташувчи юк машиналарига ортилади. Бу жараёнда эса махсус технологиялардан фойдаланилади.
Бундан ташқари жойлардан йиғиб келинаётган чиқиндиларни қайта юклаш ва уни тўплаш учун катта майдон керак бўлмас экан. Сабаби, бу жараённи амалга ошириш учун замонавий махсус техникалардан фойдаланилади. Ушбу техникалар чиқиндиларни турган жойида «пресслаб», чиқиндиларни қайта ишлаш ҳудудига олиб борувчи махсус юк машиналарига автоматик равишда юклаб беради. Ва, энг асосийси, бунда ҳеч қандай ишчи кучи талаб қилинмайди. Афсуски, бизнинг шароитда чиқиндиларни йиғиш, териш учун аҳоли турар жойига яқин гектарлаб ерлар ажратилади. Устига устак, чиқинди йиғиш жараёнларида бевосита ишчи кучига таянилади.
Мерсиндаги бу технологик жараён аввало чиқинди машиналаридан фойдаланиш самарадорлигини оширади, ёқилғи ва бошқа транспорт харажатларини камайтиради. Йўлларда ҳам тирбандлик юзага келишига сабаб бўлмайди.
Шу ўринда таклиф сифатида айтиш жоизки, мана шундай махсус техникаларни мамлакатимизга ҳам олиб келиш, йирик шаҳарларимизда улардан фойдаланишни йўлга қўйиш, чиқинди билан боғлиқ бир қатор муаммоларга самарали ечим бўлади. Шу билан бирга, бу чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимига ҳам сезиларли ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
Иккинчи бир асосий ва эътиборга лойиқ жараён ҳам борки, Туркияда сараланишдан қолган, органик чиқиндилардан электр энергияси ишлаб чиқарувчи технологиянинг мавжудлигидир. Бунда махсус чуқур (ўралар, траншеялар) қазилиб, у ерга органик маиший чиқиндилар махсус технология асосида ғарамланади ва усти технологик ускуналар ёрдамида ёпилади. Натижада чириндиларнинг чиришидан газ ҳосил бўлиб, ажралиб чиқа бошлайди. Юзага келган метан газини сўриб олувчи махсус қурилма-ускуналар ёрдамида газ олиш жараёни амалга оширилади. Сўнгида совитиб тозаланган газ турбиналарда ёқилиб, электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Ушбу жараённи ҳам Ўзбекистон шароитида татбиқ қилиш ҳозирги электр энергияси ва газ тақчиллиги шароитида истеъмолчиларни электр манбалари билан таъминлашда яхши натижа беради.
Чиқиндидан фойдали маҳсулот
Бурса шаҳрида кўплаб ишлаб чиқарувчи заводлар фаолият юритади. Улардан бири эко жараёнларни бажарувчи техникалар ишлаб чиқарувчи «Оракчи» – ширкатидир. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни таҳлил қилиш техникалари мамлакатимизга синов тариқасида олиб келиниб, амалиётга жорий қилинса нур устига нур бўлар эди. Шунингдек, бу ердаги маиший ва қаттиқ чиқиндилардан «Органоминерал» ўғитлар ишлаб чиқарувчи «Презер», «Биосун Биледжик ИСВМ», «Одемаш» заводларининг технологик жараёнларини ўрганиш ва уларни юртимиз шароитига жорий қилиш келажакда катта имкониятлар эшигини очиб беради.
Дарвоқе, маълумот ўрнида, ушбу заводлар иш фаолиятини тадқиқ қилиш бўйича Наманган вилоятининг Чуст туманида чиқиндилардан «органоминерал» ўғитлар ишлаб чиқарувчи дастлабки завод қурилиши бошланган. Бу завод чиқиндилардан хомашё сифатида фойдаланиб, ишлаб чиқарилган маҳсулот – «органоминерал» ўғитининг нархини арзонлаштиради, натижада қишлоқ хўжалигининг органик ва минерал ўғитларга бўлган эҳтиёжини қисман бўлса-да қондиради. Пиравордида қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг таннархини пасайишига хизмат қилади.
Туркияда амалга оширилган ушбу тажриба алмашиш жараёнлари мамлакатимизда татбиқ этиш мумкин бўлган бир қатор иш режаларига асос бўлди, десам муболаға бўлмайди. Зеро бу каби тажриба алмашиш ва ўрганиш ишлари нафақат Туркия, балки дунёнинг бошқа ривожланган мамлакатлари билан ҳам амалга оширилса, жараён ва технологиялар Ўзбекистонда ҳам жорий этилса ҳар томонлама фойдали бўлади.
Жамшид ЖАЛИЛОВ,
Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш
Республика маркази бош мутахассиси,
эколог-муҳандис
Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.
БатафсилМамлакатимизда жорий йилнинг июнь-июль ойларида учта веб-платформа ва бир нечта ижтимоий тармоқ ўрганилганда 17 турдаги – жами 1300 дан ортиқ ҳайвонлар таклиф қилинган 544 та онлайн эълон қайд этилган.
БатафсилМамлакатимиздаги ҳар бир идора ва ташкилот фаолиятига баҳо берганда биринчи галда унинг халқ билан мулоқоти, муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф қилишдаги саъй-ҳаракатига эътибор қаратилади.
Батафсил