Экоолам      Бош саҳифа

Ўзбекистон Экологик партияси: Бизнинг мақсад – «яшил» иқтисодиёт учун яшил чироқни ёқиш

Иқтисодиётни «яшиллаштириш», йилдан йилга муттасил ўсиб бораётган энергияга эҳтиёжни «яшил» энергия ва бошқа муқобил энергия турларига ўтиш асосида таъминлаш тобора долзарб вазифага айланиб бормоқда.

Ўзбекистон  Экологик партияси: Бизнинг мақсад –  «яшил» иқтисодиёт учун яшил чироқни ёқиш

Глобал тус олаётган иқлим ўзгаришининг олдини олиш, оқибатларини бартараф этиш ривожланиш йўлидаги муҳим қадам экани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Бутун дунёда бошланган бу саъй-ҳаракатларга Ўзбекистон ҳам фаол қўшилмоқда.

«Яшил» иқтисодиётга ўтишдаги илк одим энергетика соҳасини, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривож­лантиришдир. Бу эса табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни тежаш билан бирга экологик мувозанат барқарорлигини ҳам таъминлайди.

Бугун мамлакатимизда энергетик барқарорликни таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-­қувватлаш механизмларини такомиллаштириш борасида дадил қадамлар ташланиб, салмоқли натижаларга эришилмоқда. Сўнгги етти йилда соҳада, аввало, ҳуқуқий база мустаҳкамланди, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш мақсадида мамлакатимизда «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси қабул қилинди.

Мамлакатимизда саноатнинг тез суръатда ривожланиши, аҳоли сони ва турмуш даражасининг ошишига мутаносиб равишда энергияга талаб ҳам муттасил ўсмоқда. Бу энергия ишлаб чиқариш қувватларини янада кенгайтиришни талаб этади.

Бугун Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида умумий қуввати 2,4 гигаватт бўлган 9 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси «яшил» энергия ишлаб чиқармоқда. Келгусида Қорақалпоғистонда умумий қуввати 8300 мегаватт, Навоий вилоятида 1200 мегаватт, Самарқанд вилоя­тида 1000 мегаватт, Сурхондарё вилоятида умумий қуввати 2017 мегаватт бўлган, шунингдек, бошқа вилоятларда ҳам қуёш, шамол ва гибрид электр станцияларини ишга тушириш режалаштирилган.

Соҳадаги тизимли ишлар натижасида 2026 йилга бориб, Ўзбекистонда умумий қуввати 5000 мегаватт, 2030 йилда эса 18000 мегаваттдан ортиқ бўлган қуёш ва шамол электр станциялари иш бошлайди. Мазкур «яшил» лойиҳалар ишга туширилгач, 2030 йилда йилига 50 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Аҳоли ва ижтимоий объектлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжини қоп­лаш учун кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини барпо этиш лойи­ҳалари ҳам фаол қўллаб­-қувватланмоқда. Хусусан, жисмоний шахсларга тегишли қуёш панеллари ишлаб чиқарган ва истеъмолдан ортган электр энергиясини давлат томонидан сотиб олиш амалиёти йўлга қўйилди.

Табиий ресурсларда келажак авлодларнинг ҳам биз билан бирдек ҳаққи борлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Экологик партияси 2024­ — 2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида электр энергетикаси соҳасини «яшиллаштириш» борасида аниқ ташаббус ва тавсияларни таклиф этмоқда.

Биринчидан, «яшил» иқтисодиётга ўтиш жараёнида аҳоли ва иқтисодиётнинг барча тармоқларини хавфсиз ҳамда барқарор энергия билан таъминлаш.

Бугун энергетика тармоғидаги кўплаб асосий ва тақсимловчи тармоқ подстанция­лари ҳамда трансформатор станциялари маънан эскиргани ва тизимда янгиланиш­лар жараёни нисбатан суст бораётгани оқибатида соҳада технологик йўқотишлар юқорилигича қолмоқда. Мисол учун, мавжуд магистраль тармоқларда электр энергиясининг технологик йўқотиши ўртача 2,7 фоиздан, тақсимловчи тармоқларда 12,4 фоиздан ортиқни ташкил этиб, бу хорижий мамлакатлардаги кўрсаткичдан юқори ҳисобланади.

Мана шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Экологик партияси саноатда энергиятежамкор технологияларни жорий этиш орқали энергия сарфини 50 фоизга қисқартириш, 2030 йилгача энергия балансида экологик тоза ва қайта тикланувчи энергия манбалари улушини камида икки карра оширишни мақсад қилган.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган жами электр энергиясининг 40 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалари ҳиссасига етказиш натижасида йилига қарийб 15 миллиард куб метр табиий газ тежалишига эришилади ва атмосферага чиқариладиган зарарли газ миқдори 21 миллион тоннага камаяди.

Ўзбекистон «Адолат» социал ­демократик партиясининг сайловолди дастурида «келгуси 5 йилликда мавжуд энергия қувватларининг камида 30 фоизини муқобил энергия манбалари ташкил этишига эришиш» ғояси илгари сурилмоқда.

Эътибор қаратсак, «Адолат» СДПнинг Сайловолди дастурида илгари сурилган ушбу ғоя «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида қайта тикланувчи энергия манбаларини 25 минг мегаватт ҳамда жами истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказиш бўйича белгиланган кўрсаткичга нисбатан 10 фоиз пастдир.

Қайта тикланувчи энергияни ривож­лантиришга эҳтиёж юқори бўлган бир вақтда партиянинг бундай позицияси турли талқин ва тушунмовчиликларга сабаб бўлиши мумкин деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, ЎзЛиДеП Сайловолди дастурида кўмир, мазут каби энергия манбалари атроф-­муҳитга кучли зарар етказаётгани, улар ўрнига босқичма-­босқич экологик тоза геотермал ва бошқа қайта тикланувчи энергия турларини кенг йўлга қўйиш талаб этилиши таъкидланмоқда.

Қайд этиш жоизки, геотермал ресурслар одатда вулқон ва сейсмик фаоллик кучайган зоналарда тўпланиб, ер остидан ёки ерда сақланган иссиқликдан олинадиган (буғ ёки иссиқ сув шаклида) энергия ҳисоб­ланади.

Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиш мумкин бўлган ер қаърида жойлашган геотермал ресурслар захираси 5­6 километр­гача чуқурликда жойлашгани, ишлаб чиқариш таннархи қимматга тушиши ҳисобга олинса, яқин келажакда геотермал ресурслардан фақат иссиқлик энергияси (коммунал соҳада уйларни иситиш ва иссиқ сув билан таъминлаш) сифатида фойдаланиш мумкин.

Шу туфайли ЎзЛиДеП Сайловолди дас­туридаги бу ғояни ҳам келгуси 5 йилда амалга ошириш имконияти чекланган деб ҳисоблаймиз.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида электр жамоат транспорти воситалари улушини кўпайтириш, бепул электр қувватлаш станцияларини ўрнатишни ташкил этиш устида фаол иш олиб бориш таклиф этилмоқда.

Халқ демократик партияси бепул электр қувватлаш станцияларини ўрнатишни ташкил этиш таклифини илгари суришдан аввал бепул бериладиган электр энергияси харажати ким томонидан ва қайси маб­лағлар ҳисобидан қопланишини таҳлил қилмаган бўлса керак.

Бугун мамлакатимиздаги электромобиллар сони 35 мингдан ошгани, битта электромобилга бир ҳафта юриши ўртача 45 киловатт электр энергияси сарфланиши ва 1 киловатти ўртача 2700 сўм туриши ҳисобга олинса, айни пайтда мамлакатимиздаги электромобилларнинг бир йиллик харажати қарийб 230 миллиард сўмга етиши ойдинлашади.

Электромобиллар сонининг ҳар йили ўртача 50 минг донадан кўпайиб бориши, бепул электр энергияси сарфи ошиши ва кейинги 5 йилдан кейин уларнинг сони қарийб 300 мингга бориши мумкинлиги тахмин қилинса, бу сумма 10 триллион сўмдан ошиб кетади. Бу ўз ўрнида «харажатлар солиқ тўловчилар зиммасига тушиб, давлат бюджетидан қопланадими?» деган табиий савол туғдирмайдими?

Партиямиз мамлакатимизда истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлашнинг асосий замини қуйидагилар бўлиши керак деб ҳисоблайди:

– иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда энергия тежовчи технология­ларни жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш, истеъмолчиларнинг электр энергиясидан оқилона фойдаланишини рағбатлантиришга қаратилган иқтисодий механизмларни жорий этиш;

– энергияга ортиб бораётган талабни қондириш мақсадида электр энергиясини ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва тақсимлашда энергия йўқотишларини камайтириш орқали самарадорликка эришиш;

– электр ускуналари ва тармоқларини босқичма-босқич реконструкция қилиш ва янгилаш ҳисобига электр ускуналаридаги йўқотишларнинг олдини олиш;

– қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни янада ривожлантириш, кенгайтириш ва уларни ягона электр тизимига интеграциялаш;

– электр энергетика бозорининг самарали моделини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Партиямиз Сайловолди дастуридан ўрин олган йирик саноат корхоналарида микро­энергетика ишлаб чиқариш манбаларини жорий этиш, 2050 йилгача 60 — 80 фоиз уйларнинг иситиш тизимини қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан қоплаш бўйича дастур қабул қилишга оид муҳим таклифлар мамлакатимизда энергия самарадорлигини оширишда, шубҳасиз, катта қадам бўлади.

Иқтисодиётнинг барча соҳасида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга ўтиш ва бу жараённи рағбатлантиришнинг узвий механизмларини яратиш таклифи ҳам сайловолди дастуридан ўрин олган.

Жумладан, аҳоли хонадонларида кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш тизимини жорий этиш соҳага инвестиция­ларни кенг жалб қилиш, аҳоли орасида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни янада кенг оммалаштиришга хизмат қилади.

Аввало, чекка ва олис ҳудудларда қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланувчиларни фаол қўллаб­қувватлаш, улар учун жозибадор лойиҳаларни таклиф этиш зарур деб ҳисоблаймиз.

Мисол учун, партиямиз қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини харид қилган ва ундан фойдаланишни йўлга қўйган барча турдаги истеъмолчилар учун мазкур қурилма харид қийматининг 50 фоизини давлат томонидан субсидиялаш тизимини жорий этишни таклиф этмоқда. Бундан ташқари, энергия тежовчи арзон уй-жойлар қуриш бўйича лойиҳаларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш бўйича таклифимиз ҳам айни бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.

Иккинчидан, қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш орқали табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бугуннинг энг долзарб масаласига айланмоқда. Париж битими доирасида Ўзбекистон 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона гази ташланишини 35 фоиз камайтириш мажбуриятини олган. Партиямиз томонидан илгари сурилаётган қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш эвазига қазиб олинадиган ёнилғи ресурсларини келгуси авлод учун захира сифатида сақлашга эришишга оид таклифлар карбонат ангид­рид газини 5 миллион тоннага камайтириш имконини ҳам беради.

Тадқиқотларга кўра, Ўзбекистон углеводород энергияси – нефть, газ, кўмирдан фойдаланиш ҳисобига ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг камида 4,5 фоизини йўқотмоқда. Шу боис, мамлакатимизда ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан самарали ҳисобланган «яшил» энергетикага ўтиш ҳар жиҳатдан афзал.

Сайловолди дастурида белгиланган водород энергетикасини ривожлантириш ва ундан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш ҳам бугунги кун учун янги ва истиқболли йўналишлардан биридир. Қатор ривожланган мамлакатларда углеводород ресурслари ўрнини бошқа манбалар ҳисобига қоплаш, жумладан, «яшил» водород энергетикасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Учинчидан, партия глобал иқлим ўзгаришлари шароитида мамлакат экологик хавфсизлигини таъминлаш ва барқарор экологик ривожланишга асосланган иқтисодиётни барпо этиш тарафдоридир.

Ушбу ғояни амалга ошириш учун Ўзбекистон Экологик партияси сайловолди дас­турида қатор вазифалар белгиланганини қайд этишимиз лозим. Жумладан:

– экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини қўшилган қиймат солиғидан озод этиш;

– иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатишга қаратилган иқлимий молиялаштириш тизимини жорий этиш;

– «яшил» инновацияларни жорий этишда хусусий инвесторларни қўллаб­қувватлаш, давлат­хусусий шерикликни ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш;

– тижорат банклари томонидан юридик ва жисмоний шахслар учун «яшил» депозит хизматлар кўрсатиш тизимини жорий этиш ва бундай мижозлар учун алоҳида имтиёзли банк тарифларини қўллаш, «яшил» ва рақамли иқтисодиётни ривож­лантириш учун инвестиция фондини ташкил қилиш.

«Яшил» иқтисодиётга ўтиш бирдан амалга ошадиган жараён эмас, албатта. Бу борада қандай молиявий дастаклардан фойдаланиш муҳимлигини эътибордан четда қолдирмаслигимиз зарур. Айниқса, бу жараёнда давлатнинг ўрни, бозор механизмлари учун яратилаётган шарт­-шароит соҳанинг ривожланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Экологик партияси «яшил» иқтисодиётни ривожлантиришнинг молия­вий асосларини тўлиқ давлат бюджетига юклаш тарафдори эмас. Айни вақтда ҳар қандай тадбиркорлар ва бизнес юритувчиларга «яшиллик» учун қулай шарт-шароитлар яратиш, «яшил» лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этувчиларга имтиёзлар бериш, «яшил» иқтисодиёт тамойиллари асосида фаолият юритиши учун рағбатлантириш ва мотивация уйғотиш биз кўзлаётган мақсадларга эришишнинг устувор йўналишига айланади.

Бугун мамлакатимизда корхона ва ташкилотларга, аҳолининг турли қатламларига муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, кам углеродли иқтисодиётга ўтишда ишлаб чиқариш жараёнида углерод сарфини камайтириш, «яшил» технологияларни қўллаш ва тегишли ускуналар харид қилиш учун имтиёзли ёки фоизсиз кредитлар берилмоқда, субсидия ҳамда грантлар, солиқ имтиёзлари таклиф этиляпти.

Бизнинг фикримизча, бу жараёнларни янада кенгайтириш, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда «яшил» ишлаб чиқарувчи» ва «яшил» истеъмолчи»ларнинг намуна сифатида алоҳида ажралиб туришига эришишимиз зарур. Бошқача айтганда, «яшил» иқтисодиётга камарбаста бўлаётганларга яшил чироқ доим ёниқ бўлиши шарт.

Тўртинчидан, партиямизнинг диққат марказида бўлган вазифалардан яна бири – атмосфера ҳавосига чиқарилаётган заҳарли газ миқдорини камайтириш ва экологик хавфсизликни таъминлашдир.

«Яшил» иқтисодиётнинг асосий талаби, аввало, умумий иқтисодиётни табиат ва атроф-муҳитга зарар етказмасдан ривож­лантиришдан иборат.

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда атмосфера ҳавосига ташланмалар миқдори йилига 2 миллион тоннадан ошаётган бўлса, шундан 63 фоизи транспорт воситалари, 37 фоизи саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳиссасига тўғри келди.

Сайловолди дастуримиздан атмосфера ҳавоси ифлосланиши муаммосига ечим бўладиган қатор таклифлар ўрин олган.

Биз бу муаммога ечим бўладиган – жамоат транспортини электробуслар ҳисобидан ривожлантириш, электробусларни зарядлаш станцияларини қуриш учун тадбиркорларга ер майдонлари ажратиш ҳамда 2050 йилга қадар углерод нейтраллиги ва ноль эмиссияга эришиш каби муҳим ташаб­бусларни илгари сурмоқдамиз.

Партия бугун автомобилсозлик саноати жадал суръатда ривожланиб бораётгани, анъанавий ёнилғи билан ишлайдиган автомобиллар экологик ва иқтисодий жиҳатдан самара бермаслиги ҳамда дунё миқёсида автомобилсозликда экологик тоза электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтиш жараёни шиддат билан ривожланаётганини ҳисобга олиб, 2035 йилгача автомобилсозлик саноатини тўлиқ электромобиль ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш ташаббуси билан чиқмоқда.

Бугун Хитой, Европа Иттифоқи, АҚШ каби йирик автомобиль ишлаб чиқарувчилар электромобиль ишлаб чиқаришни қўллаб­-қувватлаш мақсадида кўплаб молиявий ва инфратузилмавий дастурларни амалга оширмоқда. Йирик автомобиль компаниялари ўз стратегияларини қайта кўриб чиқиб, электромобиль ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратмоқда.

Мамлакатимизда автомобилсозлик йўналишини электромобилларга ихтисослаштиришда улар учун зарур қувватлантириш станцияларини ташкил этиш ва техник хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривож­лантириш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Дунёда инсон фаолияти натижасида ҳар йили атмосферага 20 миллиард тонна карбонат ангидрид гази чиқарилади ва 300 миллион тоннадан ортиқ пластик чиқинди ҳосил бўлади. Партия «яшил» иқтисодиёт тамойилларини изчил амалга оширишда барқарор ишлаб чиқариш ва истеъмолнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, шунингдек, кам углеродли, ресурс­ларни тежовчи технологияларни жорий қилиш зарур, деб ҳисоблайди.

Умуман олганда, Ўзбекистон Экологик партияси Сайловолди дастурида белгиланган стратегик вазифаларни амалга ошириш партиямизнинг бош мақсади, яъни мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига, экологик хавфсизлигига эришиш ҳозирги ва келажак авлод учун қулай муҳитни яратиш ҳамда табиий ресурс­лардан оқилона фойдаланишга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқариш билан бир қаторда, иқтисодиётнинг барча тармоқлари ўсиши ва юксалишига, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Халқимизни, экологияга бефарқ бўлмаган барча фуқароларни дастуримизда белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бебаҳо табиий бойликларни асраб-авайлашдек муҳим мақсадларга эришишда биргаликда фаол иштирок этишга чақирамиз.

Она табиатимизни асраш масаласига бефарқ бўлманг!

 

Баҳриддин ҲОФИЗОВ,

ЎЭП МК Ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари в.б.,

Моҳира ХОДЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати




Ўхшаш мақолалар

Тозалик ва  озодалик ойлиги Поклик –  иймондандир

Тозалик ва озодалик ойлиги Поклик – иймондандир

🕔09:21, 23.10.2025 ✔9

Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.

Батафсил
Ҳашамат ва экзотика  қурбонига  айланаётган ҳайвонлар

Ҳашамат ва экзотика қурбонига айланаётган ҳайвонлар

🕔15:33, 16.10.2025 ✔32

Мамлакатимизда жорий йилнинг июнь-июль ойларида учта веб-платформа ва бир нечта ижтимоий тармоқ ўрганилганда 17 турдаги – жами 1300 дан ортиқ ҳайвонлар таклиф қилинган 544 та онлайн эълон қайд этилган.

Батафсил
Хўжайлида Экопартияга  ишонч  ошмоқда

Хўжайлида Экопартияга ишонч ошмоқда

🕔15:30, 16.10.2025 ✔32

Мамлакатимиздаги ҳар бир идора ва ташкилот фаолиятига баҳо берганда биринчи галда унинг халқ билан мулоқоти, муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф қилишдаги саъй-ҳаракатига эътибор қаратилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тозалик ва  озодалик ойлиги Поклик –  иймондандир

    Тозалик ва озодалик ойлиги Поклик – иймондандир

    Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.

    ✔ 9    🕔 09:21, 23.10.2025
  • Ҳашамат ва экзотика  қурбонига  айланаётган ҳайвонлар

    Ҳашамат ва экзотика қурбонига айланаётган ҳайвонлар

    Мамлакатимизда жорий йилнинг июнь-июль ойларида учта веб-платформа ва бир нечта ижтимоий тармоқ ўрганилганда 17 турдаги – жами 1300 дан ортиқ ҳайвонлар таклиф қилинган 544 та онлайн эълон қайд этилган.

    ✔ 32    🕔 15:33, 16.10.2025
  • Хўжайлида Экопартияга  ишонч  ошмоқда

    Хўжайлида Экопартияга ишонч ошмоқда

    Мамлакатимиздаги ҳар бир идора ва ташкилот фаолиятига баҳо берганда биринчи галда унинг халқ билан мулоқоти, муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф қилишдаги саъй-ҳаракатига эътибор қаратилади.

    ✔ 32    🕔 15:30, 16.10.2025
  • Экорейд  Ваҳшиёна  балиқ  ови  зарар 100 миллион сўмдан ортиқ

    Экорейд Ваҳшиёна балиқ ови зарар 100 миллион сўмдан ортиқ

    Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги табиий, ресурслар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш борасида доимий назорат олиб бормоқда. Назорат қанчалик кучли йўлга қўйилганига қарамасдан, соҳага оид ҳуқуқбузарликлар ҳалигача тугагани йўқ.

    ✔ 34    🕔 15:29, 16.10.2025
  • Сув бошидаги  тежамкорлар

    Сув бошидаги тежамкорлар

    Ҳазорасп Хоразм вилоятининг кунчиқар дарвозасидаги туманлардан бири саналади. Айнан бу ердан воҳанинг барча туманларига оқиб борувчи сув тармоқлари бошланади. Шу боисдан бўлса керак ушбу ҳудудда ҳеч қачон сув танқислиги кузатилган эмас. Гарчи шундай бўлса-да ҳазораспликлар сувдан тежаб, оқилона фойдаланишга жиддий эътибор қаратиб келадилар.

    ✔ 43    🕔 14:54, 09.10.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар