Экоолам      Бош саҳифа

Марказий Осиё табиий мувозанати трансчегаравий биохилма-хиллик муҳофазасига боғлиқ

Экологик муаммолар чегара билмайди. Шу нуқтаи назардан муайян бир экологик муаммони аниқ бир ҳудуд миқёсида, чегара доирасида ҳал этишнинг имкони йўқ. Шунинг учун ҳам бугун экологик муаммоларга қарши курашиш, оқибатларини юмшатиш фақат ўзаро ҳамкорлик, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш орқалигина аниқ натижаларга эришишимиз мумкин.

Марказий Осиё табиий мувозанати трансчегаравий биохилма-хиллик муҳофазасига боғлиқ

Ўзбекистон Экологик партиясининг Сайловолди дастурида илгари сурилаётган муҳим таклифлардан бири – минтақадаги йирик нодавлат ташкилотлардан бири сифатида «Марказий Осиё экологик иттифоқи»ни ташкил этиш орқали табиий ресурслар, биохилма-хилликни сақлаб қолишга эришиш ташаббуси эътиборимни тортди. Очиғи, бу ташаббуснинг нечоғли долзарб ва аҳамиятли эканини бугун минтақамиздаги экологик вазият, ўзаро ҳамкорлик эҳтиёжи, барча табиий жараёнлар минтақада яхлит бир тизим, ягона организм эканининг ўзи ҳам яққол намоён этиб турибди.
Биз чегаралар, мамлакатлар, маданиятлар ва халқларни ажратиб турадиган дунёда яшасак-да, бу сунъий тўсиқларни тан олмайдиган куч бор. Бу – табиат. Дарёлар чегаралар бўйлаб оқиши, қушлар қитъадан қитъага кўчиб ўтиши ва ўсимликлар паспорт талаб қилмайдиган уруғлар билан кўпайиши табиатнинг чегара билмас қонуниятларидир. Биз яшайдиган минтақа – Марказий Осиё ҳам бир-бирига ўзаро боғланиб кетган тоғлари, дашту чўллари ва улар бағридаги биохилма-хиллик деб аталадиган ноёб экотизими билан яхлит табиий мувозанатга эга ҳудуд ҳисобланади.
Бугун бу ноёб экотизимга қай бир томондан таҳдид кузатилмасин, бу унинг бошқа томонига ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Иқлим ўзгариши, ресурсларнинг ҳаддан ташқари эксплуатацияси ва бошқа омиллар туфайли Марказий Осиёнинг ноёб биохилма-хиллигига бўлаётган салбий таъсир ҳолатлари чегара билмайди ва ўз навбатида бу муаммоларга қарши курашиш ҳам ўзаро ҳамкорликни ва кучларни бирлаштиришни тақозо этади.
Шунинг учун ҳам минтақада биохилма-хилликни сақлаш энг долзарб вазифалардан бирига айланди. Трансчегаравий биохилма-хилликка, яъни бир неча мамлакатлар ҳудудида яшовчи ўсимлик ва ҳайвон турларига эътибор бериш айниқса долзарб аҳамият касб этмоқда.

Трансчегаравий биохилма-хиллик нима? 

Трансчегаравий биохилма-хиллик – бу минтақа мамлакатларининг давлат чегараларини кесиб ўтадиган барча тирик организмлар ва экотизимларнинг йиғиндиси. Ушбу концепция чегаралари тоғлар, дарёлар ва чўллар каби табиий ландшафтлар орқали ўтадиган Марказий Осиёдаги табиий ресурслар ва экологик жараёнларнинг ўзаро боғлиқлигига асосланади. Марказий Осиёдаги қор қоплони ёки сайғоқ каби ноёб ҳайвон турларини, фақат маълум тоғли ҳудудларда ўсадиган ноёб ўсимликларни муайян бир мамлакатгагина тегишли, деб бўлмайди. Худди дарёлар каби бошқа табиий ресурслар ва ноёб биохилма-хиллик ҳам транчегаравий аҳамиятга эга.
Бугун Марказий Осиёда транс­чегаравий биохилма-хилликни сақлаш ниҳоятда долзарб ва муҳим масаладир. Минтақадаги кўплаб экотизимлар бир неча давлатлар чегаралари бўйлаб чўзилган (масалан, Орол денгизи, Тянь-Шань, Помир). Бундай экотизимнинг бир қисмидаги ўзгаришлар муқаррар равишда бошқаларга таъсир қилади. Минтақа ноёб ўсимлик ва ҳайвон турларига бой, уларнинг аксарияти йўқолиб кетиш хавфи остида. Ушбу турларни ва уларнинг яшаш жойларини ҳимоя қилиш учун эса трансчегаравий ҳамкорлик зарур. Шунингдек, иқлим ўзгариши табиий экотизимларга босимни оширмоқда. Минтақа давлатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари янги шароитларга мослашиш ва уларнинг салбий оқибатларини юмшатишга ёрдам беради.

Оқибати жиддий бўлган муаммо 

Биологик хилма-хилликни сақлаш экотуризм, барқарор қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини ривожлантиришга ёрдам беради. Демак, биологик хилма-хиллик сув ва ҳавони тозалаш, иқлимни тартибга солиш, тупроқни сақлаш, қишлоқ ва ўрмон хўжалигини ресурслар билан таъминлаш каби турли хил экологик хизматларни тақдим этади. Биологик хилма-хилликни йўқотиш жиддий ижтимоий-иқтисодий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Айтиш керакки, маҳаллий аҳоли орасида камёб, эндем ва миллий қизил китобларга киритилган турлар борасидаги оммабоп ахборотларнинг танқислиги атроф-муҳитга кўрсатилаётган таъсирлар салбий динамикаси ортиб боришига олиб келмоқда. Минтақанинг айрим ҳудудларида, жумладан, аҳоли сони ва зичлиги, трансчегаравий муамммоларнинг кўлами бўйича Марказий Осиёда алоҳида ажралиб турадиган Фарғона водийсида табиий ландшафтларни асраш, улардан оқилона фойдаланишнинг иқтисодий (табиий ресурсларга юқори талаб) ва ижтимоий (сақлаб қолиш) жиҳатлари анча мураккаб тус олган. Бу ҳолат трансчегаравий ҳудудларда ўзига хос тарзда намоён бўлмоқда. Чунки «ички ҳудудлар»дан фарқли ўлароқ, трансчегаравий ҳудудлардаги биохилма-хиллик объектларининг таксономик таркибини аниқлаш, улар муҳофазаси ва мониторинги­ни ташкил этиш борасидаги илмий ва амалий тадқиқотларнинг кўлами етарли даражада эмас. Марказий Осиёдаги умумий трансчегаравий йўлакларда экологик ва иқтисодий манфаатлар мувозанатини тўғри белгилаш, табиатга боғлиқ туризмни ривож­лантиришда биохилмахиллик тўғрисидаги мавжуд билимларнинг кўлами катта аҳамиятга эга.
Шунингдек, Марказий Осиё тоғли минтақаларидаги транс­чегаравий ҳудудларда биохилма-хилликни ўрганиш, даврий равишдаги инвентаризациясини амалга ошириш ва камёб ва эндем турларнинг трансчегаравий муҳофазасини ташкил этиш энг оғриқли масалалардан бири бўлиб келмоқда. Ўзбекистон Республикасининг ғарбий Тянь-Шанда Қозоғистон ва Қирғизистон Респуб­ликалари билан чегарадош ҳудудлари 4000 дан ортиқ ўсимлик турлари ва улардан 600 га яқин эндемлар учун ўсиш ҳудуди ҳисобланади. Уларнинг таксономик таркиби аниқланган бўлса-да, камёб­ ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар популяцияларининг ҳозирги ҳолати, виталитети баҳоланмаган. Помир-Олой тизмалари бўйлаб Тожикистон ва Туркманис­тон ҳудудлари билан чегарадош ҳудудларидаги биохилма-хиллик марказлари бўйича маълумотлар кўлами эса қониқарли даражада эмас.
Бундан келиб чиқадиган ке­йинги долзарб масала – трансчегаравий муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МЭТҲ) умумий кўламининг етарли даражада эмаслиги ва мавжудлари бўйича ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг йўқлиги. Бу эса ареаллари трансчегаравий характерга эга бўлган турларнинг сақланиб қолишига хавф солаётган энг муҳим салбий омиллардан бири ҳисобланади.
Маълумки, қор қоплони сайёрадаги ҳайвонот оламининг камёб турларидан бири бўлиб, Ўзбекистоннинг юқори қор тизмаларида яшовчи жонивордир. У ўз ҳаётининг турли босқичларида қўшни давлат чегара ҳудудларида яшаш жойини алмаштириб туради, яъни асосан трансчегаравий ҳудудларда (12 мамлакат ҳудудида) кўп учрайди. Йиртқич жонивор яшайдиган ҳудудларни сақлаш, муҳофаза қилиш, тиклаш, унинг сонини, популяциясини ўрганиш – халқаро ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларидан бири.
Ҳозирги кунда жаҳон тажрибасида трансчегаравий биохилма-хиллик марказларини ўрганиш ва олинган натижалар асосида минтақавий муҳофаза чораларини белгилаш, трансчегаравий янги МЭТҲ ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Ҳамкорликнинг илк қадамлари 

Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси (2019-2028 йиллар даврида) доирасида ғарбий Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмаларида ўсимлик дунёси ва ҳайвонларнинг барқарор иқтисодий ривожланиши учун рағбатлар яратиш, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган. Ўзбекистон Респуб­ликаси ва БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг ҳамкорлиги аллақачон ўз натижаларини бермоқда. Жумладан, мамлакатимиз 2016-2017 йиларда Марказий Осиё мамлакатлари учун трансчегаравий аҳамиятга молик атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш бўйича қайта кўриб чиқилган кўрсатмаларни тайёрлашда фаол иштирок этди.

Ўтган йиллар давомида БМТ Европа иқтисодий комиссияси, ЕХҲТ ва бошқа қатор нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида «Ўзбекистон Республикасини Атроф муҳитга таъсирни трансчегаравий нуқтаи назардан баҳолаш тўғрисидаги конвенция ва Стратегик экологик баҳолаш ҳақидаги протоколга мувофиқ экологик баҳолаш тизимларини ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси, «Марказий Осиёда атроф-муҳит мониторингини ўтказишга кўмаклашиш учун маълумот ва ахборотларни тайёрлаш ҳамда фойдаланишни яхшилаш учун салоҳиятни ривожлантириш ва технологияларни узатиш» лойиҳаси амалга оширилди. 


Ўтган йили эса Тошкентда Марказий Осиёда трансчегаравий табиатни муҳофаза қилиш бўйича Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлат ташкилотлари, маҳаллий ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида минтақавий мулоқот бўлиб ўтди.
Албатта, бу йўналишдаги ҳамкорлик қамрови босқичма-босқич кенгайиб бормоқда. Табиатни транс­чегаравий муҳофаза қилиш томонлар ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш орқали ушбу фарқларни бартараф этишнинг бир усули ҳисобланади. Мулоқот ёввойи табиатнинг гуллаб-яшнаши ва экотизим хизматларининг кўпайиши каби экологиядан тортиб, сиёсий ҳамкорлик, умумий чегарага эга мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш, иқтисодий ҳамкорлик ва ижтимоий ривожланишга қадар кўплаб афзалликларни яратди.
Жорий йилнинг 9 август куни Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида бир қатор масалалар билан бирга, Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш бўйича комплекс дастур ва Трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий стратегияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифи билдирилди. Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус Марказий Осиёнинг ҳам иқтисодий, ҳам маданият, ҳам экологик жиҳатдан ягона минтақа сифатида кўраётганимизнинг ифодасидир. Бу Марказий Осиёда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамланишига, минтақа халқлари фаровонлиги йўлида амалий ҳамкорлик кенгайишига хизмат қилади.

Минтақадаги экологик вазият тақозоси 

Осиё қитъасида трансчегаравий биохилма-хилик марказларининг 80 фоиздан ортиғи турли даражадаги хавф остида ҳисобланади. Шундай бўлса-да, уларнинг жуда кам қисми етарли даражада тадқиқ этилган ёки муҳофаза қилинадиган ҳудудлар тасарруфига ўтказилган. Уларнинг маълум бир қисми глобал биохилма-хилликнинг қайноқ марказларидан бири ҳисобланган Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғларидаги трансчегаравий ҳудудларга тўғри келади. Бир қатор олимларнинг фикрича, Марказий Осиё, жумладан, унинг таркибий қисми бўлган Ўзбекистон флора ва фауна турларини таксономик, биогеографик ва номенклатуравий жиҳатдан ўрганилиши жуда паст даражада қолиб кетаётган ҳудудлардан ҳисобланади. Мавжуд маълумотларнинг аксарият қисми ўтган асрнинг 60-80 йиллар ҳиссасига тўғри келади.
Охирги 20 йиллар давомида чегара режимининг қаттиқлашиши трансчегаравий ҳудудларнинг биохилма-хиллигини ўрганиш учун катта тўсиқ бўлган. Ҳозирги кундаги ижобий ўзгаришлар бу масалага катта аҳамият бериш ва Марказий Осиёда илк бор Ўзбекистоннинг тоғли трансчегаравий ҳудудларидаги флора ва фауна объектларининг таксономик таркибини аниқлаш, хариталаш, геобоғланган маълумотлар базасини яратиш, модель турлар мисолида популяцияларнинг фрагментацияси ва экологик занжирни заифлашувига олиб келаётган омиллар таҳлили, муҳофазага муҳтож турлар популяцияларининг ҳозирги ҳолати ва муҳофаза чораларининг самарадорлиги аниқлаш борасидаги муаммоли илмий вазифани ҳал этиш имкони юзага келди.
Хулоса қилиб айтганда, Марказий Осиёда трансчегаравий биохилма-хилликни сақлаш қийин, аммо эришиш мумкин бўлган вазифадир. Трансчегаравий биохилма-хиллик Марказий Осиё мамлакатларининг умумий бойлигидир, уни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг вазифамиз ҳисобланади. 

Ўзбекистон Экологик партияси Сайловолди дастури муҳокамаларида, жамоатчилик эшитувларида иштирок этиб, Марказий Осиё Экологик иттифоқини нодавлат-нотижорат ташкилоти сифатида ташкил этиш ташаббуси айни бугунги куннинг, мавжуд экологик вазиятнинг тақозоси эканини яна бир бор таъкидламоқчиман.

Бинобарин, бугун Марказий Осиё минтақаси юзма-юз келаётган Орол денгизи, ерларнинг деградацияси, иқлим ўзгариши, трансчегаравий дарёларнинг ифлосланиши ва бошқа шу сингари кўплаб муаммолар биргаликдаги саъй-ҳаракатни, уларга қарши ҳамкорликда курашишни талаб этади. Марказий Осиёнинг экологик муаммолари нафақат минтақавий, балки глобал аҳамиятга ҳам эга. Келажакда Марказий Осиё Экологик иттифоқи халқаро майдонда минтақанинг овозига айланиши мумкин. Бу лойиҳа умумий экологик муаммоларни ҳал қилиш учун давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, олимлар ва жамоатчиликнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга имкон беради.
Комилжон ТОЖИБОЕВ,
ЎзР ФА Ботаника институти директори, академик,
Нодира РАҲИМОВА,
катта илмий ходим, биология фанлари номзоди
 




Ўхшаш мақолалар

Тозалик ва  озодалик ойлиги Поклик –  иймондандир

Тозалик ва озодалик ойлиги Поклик – иймондандир

🕔09:21, 23.10.2025 ✔9

Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.

Батафсил
Ҳашамат ва экзотика  қурбонига  айланаётган ҳайвонлар

Ҳашамат ва экзотика қурбонига айланаётган ҳайвонлар

🕔15:33, 16.10.2025 ✔32

Мамлакатимизда жорий йилнинг июнь-июль ойларида учта веб-платформа ва бир нечта ижтимоий тармоқ ўрганилганда 17 турдаги – жами 1300 дан ортиқ ҳайвонлар таклиф қилинган 544 та онлайн эълон қайд этилган.

Батафсил
Хўжайлида Экопартияга  ишонч  ошмоқда

Хўжайлида Экопартияга ишонч ошмоқда

🕔15:30, 16.10.2025 ✔32

Мамлакатимиздаги ҳар бир идора ва ташкилот фаолиятига баҳо берганда биринчи галда унинг халқ билан мулоқоти, муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф қилишдаги саъй-ҳаракатига эътибор қаратилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тозалик ва  озодалик ойлиги Поклик –  иймондандир

    Тозалик ва озодалик ойлиги Поклик – иймондандир

    Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.

    ✔ 9    🕔 09:21, 23.10.2025
  • Ҳашамат ва экзотика  қурбонига  айланаётган ҳайвонлар

    Ҳашамат ва экзотика қурбонига айланаётган ҳайвонлар

    Мамлакатимизда жорий йилнинг июнь-июль ойларида учта веб-платформа ва бир нечта ижтимоий тармоқ ўрганилганда 17 турдаги – жами 1300 дан ортиқ ҳайвонлар таклиф қилинган 544 та онлайн эълон қайд этилган.

    ✔ 32    🕔 15:33, 16.10.2025
  • Хўжайлида Экопартияга  ишонч  ошмоқда

    Хўжайлида Экопартияга ишонч ошмоқда

    Мамлакатимиздаги ҳар бир идора ва ташкилот фаолиятига баҳо берганда биринчи галда унинг халқ билан мулоқоти, муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф қилишдаги саъй-ҳаракатига эътибор қаратилади.

    ✔ 32    🕔 15:30, 16.10.2025
  • Экорейд  Ваҳшиёна  балиқ  ови  зарар 100 миллион сўмдан ортиқ

    Экорейд Ваҳшиёна балиқ ови зарар 100 миллион сўмдан ортиқ

    Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги табиий, ресурслар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш борасида доимий назорат олиб бормоқда. Назорат қанчалик кучли йўлга қўйилганига қарамасдан, соҳага оид ҳуқуқбузарликлар ҳалигача тугагани йўқ.

    ✔ 34    🕔 15:29, 16.10.2025
  • Сув бошидаги  тежамкорлар

    Сув бошидаги тежамкорлар

    Ҳазорасп Хоразм вилоятининг кунчиқар дарвозасидаги туманлардан бири саналади. Айнан бу ердан воҳанинг барча туманларига оқиб борувчи сув тармоқлари бошланади. Шу боисдан бўлса керак ушбу ҳудудда ҳеч қачон сув танқислиги кузатилган эмас. Гарчи шундай бўлса-да ҳазораспликлар сувдан тежаб, оқилона фойдаланишга жиддий эътибор қаратиб келадилар.

    ✔ 43    🕔 14:54, 09.10.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар