Иқлим      Бош саҳифа

Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишда тарихий қадам

Иқлим ўзгариши инсо­ният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири экани ҳозирги кунда ҳеч кимга сир эмас.

Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишда тарихий қадам

Ўз вақтида бу борада чоралар қабул қилмаслик ва атмосферада иссиқхона газлари миқдорини бундан кейин ҳам кўпайиши олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида мутахассислар бот-бот огоҳлантирмоқда.
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс жавоб қайтариш мақсадида Париж битими (Париж, 2015 йил 12 декабрь) қабул қилинган. Париж битими – БМТ Доиравий конвенцияси доирасида қабул қилинган иқлим ўзгаришлари тўғрисидаги ҳужжат бўлиб, 2020 йилдан иссиқхона газлари чиқаришни камайтириш орқали глобал исиш суръатларини қисқартириш бўйича чора-тадбирларни назоратга олади. Бу келишувнинг асосий қирраларидан бири ривожланган давлатлар билан бир қаторда, ривожланаётган давлатлар ҳам ташланмалар миқдорини камайтириш мажбуриятини олиши белгилаб қўйилган.
Мамлакатимиз томонидан БМТ Иқлим ўзгаришлари бўйича доиравий Конвенция­нинг Париж Битими 2018 йили 3 октябрда ратификация қилинди. Ўзбекистон Респуб­ликаси иқлим ўзгаришига қарши кураш чора ва ҳаракатларни кучайтиришни – 2030 йилга келиб иссиқхона газлари солиштирма ташланмаларини 2010 йилдаги даражага нисбатан ялпи ички маҳсулот бирлигига 35 фоизга қисқартиришни белгилаб олди.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 23 июль куни имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Иқлим кенгашини ташкил этиш тўғрисида»даги Фармони иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва унинг ижросини таъминлаш, Париж битими доирасида мамлакатимиз томонидан қабул қилинган мажбуриятларни амалга оширишда муҳим тарихий ҳужжат бўлди.
Зеро, мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш масалалари бўйича энг юқори маслаҳат органи – Иқлим кенгаши ташкил этилди.
Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича миллий стратегияни ҳамда ушбу йўналишда ягона давлат сиё­сатини шакллантириш, уни самарали амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш, Париж битимидан келиб чиқадиган Ўзбекистон Респуб­ликасининг мажбурият­лари бажарилиши мониторингини юритиш, бу борада устувор йўналишларни белгилаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини такомиллаштириш ҳамда «яшил» технологиялар, инвестицияларни жалб этишга кўмаклашиш масалалари Иқлим кенгашининг асосий вазифалари сифатида белгилаб берилди.

Шунингдек, мазкур ҳужжат билан Иқлим кенгаши тўғрисидаги низом, Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича миллий стратегияни ҳамда ушбу йўналишда ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.

«Йўл харитаси»да 10 та устувор йўналиш бўйича 30 банддан иборат иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича вазифалар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимлик­лар томонидан амалга оширилиши белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Иқлим кенгашининг ташкил этилгани Ўзбекистон Экологик партия­си дастурида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, партиямиз олдига қўйган мақсадлар мамлакатимиз бақарор ривожланишининг устувор йўналишига айланиб бораётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди дейишимиз мумкин. Иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар, уларга қарши курашиш бўйича партиямиз доимий равишда амалий таклиф ва ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Иқлим ўзгаришига яққол мисол бўлмиш Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорларни 2,3 миллион гектарга етказиш, барча аҳоли пунктлари ҳамда маҳаллаларда яшил майдонларни кўпайтириш ишида партия бор куч ва имкониятларини ишга солиб, депутатлар, олимлар корпуси билан биргаликда фаол иштирок этмоқда.
Мухтасар айтганда, мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар ижроси нафақат мамлакатимизнинг экологик хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, балки минтақанинг иқлим ўзгариш­ларига мослашиш имконини бериш билан бир қаторда, иқтисодиёт тармоқлари ривож­ланишига, бу эса халқимиз фаровонлиги янада ошишига хизмат қилади.

Янги тузилма вазифалари нималардан иборат?
Фармонга кўра, қуйидагилар Иқлим кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
– иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича миллий стратегияни шакл­лантириш;
– вазирлик ва идораларнинг иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;
– БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенция­си ва Париж битимидан келиб чиқадиган Ўзбекистон Республикаси мажбуриятлари бажарилиши мониторингини юритиш;
– иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш бўйича ташқи сиёсатни амалга оширишнинг йиллик устувор йўналишларини белгилаш;
– айни масалаларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини такомиллаштириш;
– «яшил» технологиялар, илмий изланишлар ва инновацияларни ўз ичига олган иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашишга йўналтирилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ресурслар билан таъминлашга кўмаклашиш.
Шунингдек, Экология вазирлиги ҳузуридаги Яшил трансформация ва иқлим ўзгаришига мослашиш миллий маркази Иқлим ўзгариши миллий маркази деб қайта номланди.
Қолаверса, Илмий ва академик салоҳиятни ошириш ҳамда фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида Иқлим илмий форуми ташкил этилади.

Хайрулло ҒАФФОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари




Ўхшаш мақолалар

Ердаги музликлар хавотирли суръатда  қисқаряпти

Ердаги музликлар хавотирли суръатда қисқаряпти

🕔08:55, 23.04.2026 ✔50

Ер музликлари хавотирли суръатларда қисқариб бормоқда. Бу ҳақда Бутунжаҳон музликлар мониторинги хизмати (WGMS) тадқиқотида келтирилган.

Батафсил
Эсдан чиқарманг,  сув  текин эмас!

Эсдан чиқарманг, сув текин эмас!

🕔17:57, 16.04.2026 ✔64

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига оид масалалар қаторида сув муаммосига алоҳида тўхталган эди.

Батафсил
2025 йил музликлар  учун энг  вайронкор  йил бўлди

2025 йил музликлар учун энг вайронкор йил бўлди

🕔17:52, 16.04.2026 ✔71

WMO маълумотларига кўра, 2024/2025 гидрологик йили бутун кузатувлар тарихидаги музликлар учун энг вайронкор йиллардан бири бўлди. Уларнинг ҳажм йўқотиши 1950 йилдан бери энг ёмон бешталикка кирди, рекорд даражадаги салбий кўрсаткичларнинг аксарияти 2016 йилдан кейин қайд этилган.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Ердаги музликлар хавотирли суръатда  қисқаряпти

    Ердаги музликлар хавотирли суръатда қисқаряпти

    Ер музликлари хавотирли суръатларда қисқариб бормоқда. Бу ҳақда Бутунжаҳон музликлар мониторинги хизмати (WGMS) тадқиқотида келтирилган.

    ✔ 50    🕔 08:55, 23.04.2026
  • Эсдан чиқарманг,  сув  текин эмас!

    Эсдан чиқарманг, сув текин эмас!

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига оид масалалар қаторида сув муаммосига алоҳида тўхталган эди.

    ✔ 64    🕔 17:57, 16.04.2026
  • 2025 йил музликлар  учун энг  вайронкор  йил бўлди

    2025 йил музликлар учун энг вайронкор йил бўлди

    WMO маълумотларига кўра, 2024/2025 гидрологик йили бутун кузатувлар тарихидаги музликлар учун энг вайронкор йиллардан бири бўлди. Уларнинг ҳажм йўқотиши 1950 йилдан бери энг ёмон бешталикка кирди, рекорд даражадаги салбий кўрсаткичларнинг аксарияти 2016 йилдан кейин қайд этилган.

    ✔ 71    🕔 17:52, 16.04.2026
  • Дунёнинг тинчлиги ҳам,  эртаси ҳам обиҳаётга  боғлиқ

    Дунёнинг тинчлиги ҳам, эртаси ҳам обиҳаётга боғлиқ

    Сайёрамиздаги 2,1 миллиард инсон сувдан фойдаланиш имкони бўлмаган уйларда яшайди. Дунёдаги мактабларнинг чоракдан бир қисми тоза ичимлик сув манбаига уланмаган ва болалар хавфсиз сувдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум ҳолда таълим олмоқда.

    ✔ 72    🕔 15:44, 13.04.2026
  • Ёмғир суви – экологик барқарорлик манбаи

    Ёмғир суви – экологик барқарорлик манбаи

    Сув ресурсларининг тақчиллиги кузатилаётган бугунги даврда ҳар бир томчи обиҳаётдан оқилона фойдаланиш ҳаётий заруратдир.

    ✔ 73    🕔 15:58, 02.04.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар