Бу воқеани Бухорога хизмат сафарига кетаётиб, поездда ҳамроҳ бўлган бир йўловчи йигитдан эшитган эдим. Купега чиққанимда икки киши — чўзинчоқ юзли, қорачадан келган, соч-соқоли ўсган, сертук бир одам, унинг ёнида, қаҳратон бўлишига қарамай, юпунгина кийинган, мушаклари бўртиб чиққан, қорамағиз ўша йигит бор эди.

САБОҚ

Улар билан гурунг қилиб кетдик. Йигит соқолли одам — устози иккимизга иссиқ чой узатди. Сўнг у, эсласам, ҳозир ҳам юрагимни жиз эттирадиган ҳикояни — ўз бошидан ўтказган воқеани айта бошлади.

— Ўшанда тўққиз ё ўн ёшда эдим, — дея хотирлади йигит. — Йил қурғоқчил келиб, ғалла ҳам, экин-тикин ҳам унмаган, бутун қишлоқнинг силласи қуриган эди. Аксига олиб, отам ҳам ишдан бўшаган, қўли калта бўлиб турган эди. Буям етмагандай, укаси — Маъруф амаким билан «сен-мен»га бориб, аразлашиб қолган, оқибатда, ҳовлимиз ўртасидан девор кўтарилиб, бир-биримизникига қадамимиз қирқилган эди. Амаким қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлар, даромади тузуккина, унча-мунча нарса оғзининг ели эди.

Кунларнинг бирида у ҳовлисига бир тележка пиёз тўкди. Трактор овозини эшитиб, онам девор оша қаради. Кейин уйга кириб, отамга: «Укангиз бир трактор пиёз опкелди. Уришмаганингизда, бизгаям бир қоп — ярим қоп берарди»,  деди. Отам индамади. Бир хўрсиниб қўйди. Мен жим туриб эшитдим. Билардимки, бугун ҳам онам кечки овқатга тузукроқ егулик қилолмаган. Чунки уйимизда на картошка, на пиёз бор эди. Оғзимиз тўлиб гўшт чайнамаганимизга ҳам анча замон бўлган эди. Ҳали куз келмасдан, томорқамиз шипшийдам бўлиб ётар, бозордан у-бу олишга ҳам отамнинг пули йўқ, боя айтганимдек, ишлари юришмай, қўли калталикдан ноилож қолган пайти эди. Рўзғорда ун қопимиз ҳам, картошка-пиёз тўрваларимиз ҳам бўшаб қолганди.

— Нега индамайсиз? — деди онам куюниб. Онамнинг овозида аламзадалик бор эди. Отам яна ўйчан хўрсинди. Сўнг бир оғиз:

— Нима қилай? — деди. — Туширган экан, ҳалоли бўлсин. Сенга нима?

Онам жим бўлди. Бошқа гапирмади. Фақат бир фурсатдан сўнг изидан ошхонага кирганимда, кўзи жиққа ёш, қўллари титраб, асабийлашиб, чўмични тақ-тўқ қилиб, қозонга уннаб ётган экан. Раҳмим келиб кетди.

— Она, нега йиғлаяпсиз? Йиғламанг, — дедим. Онам кўз ёшини артди.

— Йиғламаяпман, болам, — деди. — Пиёз аччиқ экан...

Сезиб турардим, онам ёлғон гапиряпти. Ахир тухум қовуряпти-ку. Қолаверса, уйда пиёз йўқ эди... Мен эса сир бой бермадим, индамай қўя қолдим. Уйга кирсам, отам молларга сомон соламан, деб чиқиб кетди. Ўзи боягина молларга емиш бериб, оғилхонага қамаб келган эди... 

Мен отамнинг ҳам, онамнинг ҳам ичини емираётган туйғуни яхши ҳис қилиб турардим... У маҳаллар қийналаётган фақат биз эмас эдик. Амакимга ўхшаган бир ҳовуч ўзига тўқлар ҳисобмас, албатта. Ана шулар бошқача яшарди, холос.

Амакимнинг мен тенги ўғиллари билан ҳар куни бирга ўйнардик. Ҳовлимиз ўртасига девор тушгандан сўнг тез-тез девор бўйлаб, бир-биримизга қараймизу бирга ўйнай олмаймиз. Катталар кўрса, уришарди. Ахир, оталаримиз — жон жигарлар гинадор, манави девор бекор кўтарилмаган-да... Шу боис ўйинга маҳтал бўлиб кетган маҳаллар фақат девордан ҳовлимизга мўралаймиз.

Кўрдим, уч-тўрт кун мобайнида амакимнинг пиёзи ташқарида ётди. Янгам ҳар замон — ҳар замонда саралаб, қопга жойлаб, омборхонасига киритиб қўярди. Бир неча кундан сўнг, девордан бир қараганимда, пиёз уюми худди ёмғирга чўккан гўрдай, пасайиб, ерга сингиб, бир қисмигина қолган, пиёзпўсти ҳамма ёққа қўқиб ётар, янгам товуқ, куркаларини катакдан бўшатиб юборар, улар эса югура солиб уюм атрофини титар эди.

Ўша оқшом кун жуда совуқ бўлди. Қоронғи тушган, онам яна тухум қовураётган эди. «Отангга нима бўлди, билмайман, — деди онам хуноби ошиб. — Амакинг ҳам чориғини унутди. Акам, жигарим-да шуям, деб бир қопгина бўлсаям бермади-я. Девордан ошириб ташласаям бўларди. Бир тележка пиёзнинг ярмини товуғига едириб ўтирибди, устимиздан кулгандай. Отангнинг ҳам ҳақи бор эди-ку унда...»

Чидаб туролмадим. Ўпкам тўлиб кетди...

...Кекса тутимиз шохига чиқиб, совуқда қалт-қалт этганча, амакимнинг ҳовлисини кузатдим. Шартта челакни кўтариб, девор ёнига боришга бордиму ошиб ўтишга иккиланиб қолдим. Ахир ҳеч қачон бировдан сўрамай, нарса олмаганман. Лекин онамнинг ўша кунги ҳолати, мунғайиб ўтириши кўз олдимга келди, боя айтган гапи қулоғимдан кетмаяпти. Номард амаким... Отам авваллари уйимизга бирор нимани дўржироқ олиб келса, албатта, амакимга ҳам мендан бериб юборар, болаларининг ҳам оғзи тегсин, дерди. Амаким эса мана шу девор тиклангандан бери роса бемеҳр бўлди. Ичимда уни роса сўкдим. Сўнг кўзимни чирт юмдиму дадилландим. Алам билан бир сакраб, деворга чиқдим. Амакимнинг деразасига мўраласам, ҳаммаси телевизор кўриб ўтирибди. Девордан ошиб тушишим билан кучуги думини ликиллатиб келди. Нон-пон беришимни кутди. «Бобик, тур, йўқол!», дегандим, индамай кетди. Бу кучукни амакимнинг ўғлига ўзим олиб берганман, уни яхши кўрардим, доим нон берганим учун менга ўрганиб қолганди. Ҳовлимизга девор тушгандан бери у ҳам мени соғинган, шекилли, эркалангиси келди, «йўқол», деганимга хафа бўлиб кетди.

Амакимнинг уйидан ҳеч ким чиқиб қолмаслигига ишонч ҳосил қилгач, пиёз уюми томон оёғимнинг учида юриб бордим. Сўнг уюм орасидан апил-тапил қўлга илашган пиёзни челакка сола бошладим. Қоронғида ҳеч нима кўринмасди. Фақат пайпаслаб, пўстлоқлар орасини ғижимлаб кўриб, иримаган, бўшаб қолмаганларини солавердим.

Идиш ярим бўлмасидан, нимадир шақирлаб кетди. Дарҳол пиёз уюми устига пусиб ётиб олдим. Уй эшиги очилиб, кимдир чиқди. Қарасам, амаким. Устида чопон, қулоқчинли телпак кийган, қўлида фонари бор. Бу манзара деразадан тушиб турган ёруғда жуда ваҳимали кўринди.

Биласизми, ўша дамда кўнглимдан нима ўтди? Амаким ҳозир келади-ю, ўғирлик устида ушлаб олади. Ўз жигарим бўла туриб, ўғирлик қилдингми, дея ўласи қилиб калтаклайди, кейин судраб, отамнинг оёғи остига отиб юборади, деб ўйладим. Урса, чидарман, лекин бу гап ҳамма ёққа тарқалса, эртага ким деган одам бўламан? Мен ўғри бўламанми? Мен-а? Мактабда доим «беш» олаётган одам-а?

Тақдирга тан бериб, сасимни чиқармай, кўзимни чирт юмиб олдим. Қадам товуши тобора яқинлашиб келар, юрагим така-пука бўла бошлади. Жуда қаттиқ қўрқдим. Лекин, хайрият, оёқ товуши узоқлашиб, эшитилмай қолди. Қулоқ солиб турдим, амаким молхонасининг тунука эшигини тарақлатиб очди. Фонарини ёқиб, мол-ҳолини кўздан кечирди. Сўнг ортга қайтди. Мен яна бояги алфозда, бу сафар фонарнинг ёруғи шундоқ ёнгинамни ёритиб ўтганини сезиб, баттар ваҳимага тушдим. Бироқ амаким яна мени кўрмади. Ана, ҳуштак чалиб, паст овозда қўшиқ ҳиргойи қилганча уйига киряпти. Эшик ёпилгунча адойи тамом бўлдим. Янаям тезроқ ҳаракат қилиб, пиёзни танламасдан челакка солавердим. Ҳарна, тезроқ бу ердан кетай.

Челак тўлгач, шиддат билан девордан ошиб ўтдиму елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Пиёзни шу туришда ошхонамизга киритиб қўйдиму қўлимни ювиб, уйга кирдим. Онам чой ичиб ўтирган экан. Отам ҳалиям уйга келмаган, укам ва сингилларим ухлаб қолган.

— Қаерда юрибсан? — деди онам.

— Ҳеч қаерда... — дедим мен. Бутун вужудим титроқда, қўлим қалт-қалт этарди.

Онам менга емак сузиб бергани ошхонага кетди. Зум ўтмай, қайтиб келди. Кўзи тўла ёш эди.

— Қаердан олдинг? — деди овози титраб.

Мен бош эгиб туравердим. Бир маҳал қулоқ-чаккам чарсиллаб кетди. Кейин юзим ловуллаб ёна бошлади. 

— Ҳа, ўғирлаган қўлгинанг синсин сенинг! Тез кўзимдан йўқот уни! — дея бақирди онам.

Тик турганча унсиз йиғлаб юбордим. Онам қарғади. Алам билан пиёзни девордан қайтариб отмоқчи бўлиб ўрнимдан туриб кетаётгандим, йўлимни тўсди. Мени бағрига босиб йиғлади. Онамнинг халатидан ўтин иси келар, бошимга кўз ёши томиб, юрагимни баттар эзди.

— Илойим, бу кунларни кўрмагандай бўлиб кетайлик, болам, — деди. Кейин сал юмшади: — Қилғилиқни қилиб бўлибсан, энди эртага чуқурга тўкиб юборасан!

Мен анча вақтгача карахт ҳолда, ўзимни кечиролмай юрдим. Амаким тарафга қарашга юрагим бетламади. Деворга яқин йўлай олмадим. 

Орадан йиллар ўтди. Бир куни амакимнинг бошига кулфат тушиб, ўзи келди. Отам унинг ҳолини кўриб, араз-гинани унутди. Ярашди. Ўртамиздаги девор ҳам бузилди. Ҳовлимиз яна кенг бўлди. Ана шундай кунларнинг бирида, кенжа амакимнинг уйланиш тўйида Маъруф амаким маст бўлиб қолди. Ташқарига тоза ҳаво олгани чиққанида мени ёнига чақирди.

— Муроджон, айланай сендан, ўқишларинг яхшими? — деб сўради тили зўрға айланиб.

Амакимнинг меҳри товланиб турганди. «Ҳа», дедим.

— Сен яхши ўқишинг керак, — деди у яна. — Одам бўлишинг керак. Бизлардан ҳам яхши одам чиқсин-да.

— Хўп, амаки, ўқийман, — дедим.

— Йўқ, биламан, сен яхши ўқийсан, лекин... — деди амаким чайналиб. — Ҳаётда яхши одам бўлиш учун... ҳалол яшаш керак. Ўғирлик қилмаслик керак-да...

Уҳ! Мен шунча вақт ҳадиксираб юрганим… Онамдан ўзга ҳеч ким билмади, деган сирим. Кўрган экан-да... Умримда бир марта қилган ўғирлигим ҳам ошкор бўлди. Шунча чеккан виждон азобим бир тараф, амакимнинг оғзидан эшитган бу гапим бир тараф бўлди.

Мана, қарийб, йигирма бешга кир­япман. Шу пайтгача амаким бу ҳақда бошқа гапирмади. Лекин ўша воқеани эсласам, этим жимирлайди. Ҳар гал амакимнинг кўзига кўзим тушса, уялиб кетаман. У худди «Сен ўғрисан! Пиёз ўғирлагансан», дегандай туюлаверади...

Купедаги ҳаммамиз бу йигитнинг ҳикоясини мутаассир бўлиб тингладик. Бу воқеа унга бир умрлик сабоқ бўлгани, шундан бери бировнинг ҳақига хиёнат қилмай яшаётгани, энг муҳими, обрўли бир идорада ишлаётганини эшитиб, унга ҳурматим ошди.

Жасур КЕНГБОЕВ




Ўхшаш мақолалар

Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

🕔09:19, 23.10.2025 ✔6

Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

Батафсил
Беҳбудийнинг сўнгги васияти

Беҳбудийнинг сўнгги васияти

🕔15:48, 03.10.2025 ✔59

Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

Батафсил
Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

Она мушук ва меҳр мўъжизаси

🕔15:48, 26.06.2025 ✔204

Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

    Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

    Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

    ✔ 6    🕔 09:19, 23.10.2025
  • Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

    ✔ 59    🕔 15:48, 03.10.2025
  • Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

    Она мушук ва меҳр мўъжизаси

    Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

    ✔ 204    🕔 15:48, 26.06.2025
  • Тинчлик қадри  «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.

    ✔ 261    🕔 15:27, 08.05.2025
  • Оилани  камбағалликдан  эркак  қутқаради

    Оилани камбағалликдан эркак қутқаради

    • Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.

    ✔ 269    🕔 16:16, 17.04.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар