Инсон ўзинг      Бош саҳифа

НАДОМАТ

Жума тегирмончининг уйқуси қочди. Тун чекиниб, кунчиқар оқариб  келаётган пайтда бироз кўзи илинди. Ёмон туш кўриб, сапчиб уйғонди.

НАДОМАТ

…Турди ўғли катта тезликда асфальт йўлдан кетаётган эди. Бир каптар учиб келиб, машинанинг олд ойнасига урилиб, патлари тўзиб кетди. Жума тегирмончи ўғли билан бирга эди. Мошиндан тушиб, каптарни кўтариб кўрди, жони йўқ, ўлибди…

Бироз нафасини ростлаб, ёнида ётган кенжа ўғлини туртиб уйғотди.

— Кеча бедани ўрдик-ку, ота, — ғудранди ўғли. — Қўймайсиз-э, ётгани.

— Турди акангни айтиб кел. Унга айтадиган гапим бор.

— Ҳали тонг отгани йўқ. Акамга нима гапингиз бор, ота, — кийимларини кия туриб отасидан нолиди кенжа ўғил. — Туш кўрганингиз йўқми?

— Ёмон туш кўрдим, — шикаста овозда деди Жума тегирмончи. — Ишқилиб,  тушим ўнгидан келсин-да.

Турди ўғли  келди. Салом-алик йўқ, отасидан сўради.

— Тинчликми, ота? Эрталабдан йўқлатибсиз. Қариндош-уруғлардан бирор нохуш хабар келдими?

Жума тегирмончи бошини кўтариб, овоз келган томонга ўгирилди.

— Турдимисан? Келдингми?

— Ҳа, менман, ота, — бир парда овозини баландлатиб, отасига келганини билдирди Турди. — Нима гапингиз бор?

— Анови... Ҳалиги... Ёмон туш кўрдим. Бугун йўлга чиқма демоқчи эдим, ўғлим.

— Э-э... — қўлини силтади Турди ва изига бурилди. — Туш, ирим-сиримларга ишонмаслигимни биласиз... Сизни қаранг-эй...

— Турди ўғлим! Ҳой, Турдижон!..

Отасининг «ҳай-ҳай»лашига қулоқ солмади. Жума тегирмончи қўлларини олдинга чўзганча, ўтирган ўрнида серрайиб қолди.

Турди кўп кутмади. Тўрт йўловчи машина кутиб турган экан.

— Туман марказигача... — ҳайдовчининг ёнида ўтиргани йўл бошлади. — Ҳайданг! Ҳар биримизни уй-уйимизгача элтиб қўясиз.

— Гап йўқ! — Турди машинасини ўт олдирди. — Пулидан қочмасаларинг бўлди.

Уч йўловчини уйига туширган Турди охиргисининг манзили томон йўл олди.

Эрталабдан ови бароридан келганидан кайфияти чоғ эди. Яна беш марта бориб келса, бир даста пул нақд чўнтагида бўлади. Изига бурилди. Катта йўлга чиқиб, машинанинг тезлигини оширди.

Мактабга бораётган ўқувчи болаларни демаса, кўчада қатнов сийрак. Чорраҳага етганида бир тўда ўқувчи қизлар йўлни кесиб ўтаётган эди. Тўхтади, йўл берди. Эътибори чап томондаги йўлни кесиб ўтган қизларда бўлиб, ўнг томондан югуриб келаётган қизни пайқамай қолди. У ҳойнаҳой дугоналаридан орқада қолиб, шошилаётган эди.

...Турди кучининг борича тормозни босди, шиналар бир неча бор жойида айланиб, тагидан кўкиш ранг тутун чиқариб, олдинга қараб шиддат билан тойиб кетаверди. «Тўқ!» этган овоз эшитилди. Машина қизни уриб, уч-тўрт метрга улоқтириб юборган эди. Турди кутилмаган фалокатдан довдираб, қотиб қолди. Сўнгра, беҳуш, оғиз, бурун, қулоқларидан қон келаётган қизни ердан кўтариб олди. Кўз олдида отаси гавдаланиб, зорланиб айтган гаплари қулоғига чалингандай бўлди.

Қизни шошилинч шифохонага элтганида, аҳволи жуда оғир эди.

— Ёрдам  беринглар! — ёлворди дўхтирларга Турди. — Қизчани уриб юбордим. 

Ёрдам беришга шошилдилар. Аммо қизнинг қорачиқларидаги нур сўниб бормоқда эди.

— Манови дориларни зудлик билан топиб келинг, — Турдининг қўлига дорилар рўйхати ёзилган қоғозни тутқазди дўхтир. — Вақтни ўтказмай, тезроқ келинг.

Турдини чиқариб юборгач, дўхтир ҳамширага буюрди.

— Сен бориб хирургни топиб кел, югур. Навбатчиликда эди, кетиб қолмасин. Аҳволни тушунтир.

Ҳамшира анча ҳаяллаб кириб келди.

— Жарроҳ уйига кетибди.

— Бекорларни айтибсан! — ўшқирди дўхтир. — Ҳали уйига кетадиган вақт бўлгани йўқ. Сен бориб аҳволни тушунтир, чоп.

— Бугун набирасининг туғилган куни экан, — жўнатилган иккинчи ҳамшира ҳакимга ахборот берди. — Бошқа жарроҳга телефон қилиб, чақиртириб олсин, деди.

— Ҳали кетгани йўқми? — тутоқди дўхтир. — Ҳозир ўзим бораман унинг олдига. Нега у бағритошлик қилади.

Ҳамшира гуноҳкорона бошини эгди:

— Кийимларини кийиб, чиқиб кетди.

Дўхтир «уф-ф» деб юборди ва катта жарроҳнинг телефон рақамларини тера бошлади.

Дорихона ҳам узоқ эмас экан. Ҳаллослаб кириб борган Турди бўлган воқеани тушунтириб, сотувчилардан ёрдам сўради.

— Мана ҳужжатларим. Пулимнинг бори шу. Жон укалар, сингилжонлар. Манави ёзилган дориларни бериб туринглар.

— Ялиниб ўтирманг, ака. Насияга дори беролмаймиз, — эшиги очиқ хонага ишора қилди сотувчилардан бири. — Ана, дорихонанинг бошлиғи ўтирибди, сўранг, зора рухсат берса.

Турдининг ёлворишлари дорихона бошлиғининг кўнглини юмшатолмади.

— Тушунаяпсизми, ўзбек тилида гапиряпман сизга. Насияга дори беролмайман!

Турди учинчи дорихонадан ишини битказди. У қанот чиқариб бўлимга кириб келди. Орадан анча вақт ўтган, у кечиккан эди...

Совуқ хабар тез тарқалади. Ана-мана дегунча қизнинг орқасидан ўттиз чоғли одам келди. Отаси, онаси, боболари, ўқитувчилари...

— Жарроҳ келди! Жарроҳ келди!

 Жарроҳ  ҳеч кимга эътибор бермай, бўлимга кириб борди. Дўхтир «Нима иш қилиб қўйдингиз?» маъносида жон таслим қилган қизнинг юзини очиб, унга кўрсатди. Жарроҳ жасадни кўрди-ю, ўкириб юборди.

— Зилолагинам! Набирам. Кечир, мендек бағритош бобонгни, — иссиқ юзини набирасининг совуқ манглайига босди. — Бугун туғилган кунингда ўйнайман, деб сенга сўз берган эдим-а...

Қизнинг отаси, амаки, тоғалари кириб келишди. Уларнинг важоҳати жарроҳникидан сира қолишмас эди.

— Қани қотил?! Аблаҳ қонхўрни топиб беринглар. Ўлдираман уни. Қани қотил, деяпман?

Турди катта қоғоз қутида олиб келган дориларини чеккага қўйиб, бир қадам олдинга чиқди.

— Менман қотил. Уринглар. Ўлдиринглар мени.

Кўзи қонга тўлган йигитлар Турдини ўртага олишди. Кекса бир киши орага кириб, йигитларни инсофга чақирди.

— Тўхта! Тўхтанглар деяпман, сенларга. Қолу бало, дейдилар  буни. Ҳамманг машина миниб юрибсанлар. Эртага нима кутаётганини биласанларми? Зилоланинг ўлимида менинг ҳам айбим бор. Биз — боболари қотиллик қилдик. Ҳа,  қотиллик қилдик.

— Нега қайсарлик қилдим? Ҳайдовчининг зорлангани кўнглимни юмшата олмади, — надомат  қилди  ўзига-ўзи  ҳалиги  кекса  одам. — Мени шайтон йўлдан оздирди, катта хато қилдим. Эҳ, хом сут эмган банда. Бугун набирагинам жасади устида, худо олдида гуноҳкор бўлиб ўтирибман-а? Набирагинам! Зилолагинам! Кечира оласанми боболарингни?..

Надомат чекаётган бу иккинчи кекса одам дориларни қарзга бермаган дорихона бошлиғи эди.

Турсунбой БОЙМИРОВ




Ўхшаш мақолалар

Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

🕔09:19, 23.10.2025 ✔6

Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

Батафсил
Беҳбудийнинг сўнгги васияти

Беҳбудийнинг сўнгги васияти

🕔15:48, 03.10.2025 ✔59

Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

Батафсил
Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

Она мушук ва меҳр мўъжизаси

🕔15:48, 26.06.2025 ✔204

Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тил –  миллатнинг қалби,  тафаккурнинг жонли ифодаси

    Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси

    Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:

    ✔ 6    🕔 09:19, 23.10.2025
  • Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Беҳбудийнинг сўнгги васияти

    Жадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.

    ✔ 59    🕔 15:48, 03.10.2025
  • Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

    Она мушук ва меҳр мўъжизаси

    Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

    ✔ 204    🕔 15:48, 26.06.2025
  • Тинчлик қадри  «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.

    ✔ 261    🕔 15:27, 08.05.2025
  • Оилани  камбағалликдан  эркак  қутқаради

    Оилани камбағалликдан эркак қутқаради

    • Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.

    ✔ 269    🕔 16:16, 17.04.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар