Тил – миллатнинг қалби, тафаккурнинг жонли ифодаси
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилЎзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов ўзидан бетакрор маънавий мерос – бир-биридан ёқимли ва дилтортар куй ва ашулалар қолдирган. Шунингдек, унинг шеърий асарлари ҳам адабий жиҳатдан муносиб баҳоланган.
Ҳофизнинг қўшиқлари соф миллий колоритга эгалиги билан аҳамият касб этади. Битта рубоб, танбур ва доирада ижро қилинган ашулалар ҳануз мухлисларни ўзига оҳанрабодек тортиб келмоқда.
Кейинги 25-30 йил ичида Комилжон Отаниёзов меросига марказий телеканаллар эътибори бироз сусайгандек назаримда. «Комилжон Отаниёзов куйлайди» фильм-концерти нима сабабдандир давлат телевидениеларида деярли тўлиқ ҳолда берилмасдан келинмоқда. Бироқ кўнгилни тўлдирадиган жиҳати шундаки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Комилжон Отаниёзов номини абадийлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Давлат раҳбарининг шахсан ташаббуси билан бундан беш йил илгари Урганчда Комилжон Отаниёзов номидаги ижодиёт маркази ташкил қилинган эди. Яқинда хоразмлик сайловчилар билан учрашувда маъруза қилар экан, Шавкат Мирзиёев Комилжон Отаниёзов номидаги Урганч Маданият ва санъат институти ташкил қилинажагини шараф билан таъкидлаб ўтди. Бундан халқимиз бағоят мамнун бўлгани рост.
Дарҳақиқат, Комилжон Отаниёзов абадийликка дахлдор сиймо. Унинг босиб ўтган ҳаёт йўли, санъатимиз равнақи йўлидаги фидокорона меҳнатлари ёш авлодга қанчалик яқиндан ўргатиб борилса, шунчалик оз. Чунки ҳофиз денгиз мисоли яшаб, жўшқин ижод қилиб ўтган забардаст шахс саналади. Унинг умр йўллари қанчалик тадқиқ қилинса, шунчалик очилмаган қирралари маълум бўлаверади. Шу сабаб бўлса керак, санъаткор тўғрисида ўз даврида ҳам, бугунги кунда ҳам кўплаб китоблар нашр қилинган. Бу китоблардан айримларига муҳаррирлик қилган чоғимда буюк ҳофиз фаолиятини бир-икки китобга сиғдириб бўлмаслигини англадим. Ачинарли жиҳати шуки, бу китоблар қанчалик аҳамиятли бўлмасин, атиги 100 нусхада чоп қилинган. Ҳомийлар излаб сарсон бўлган муаллиф учун бу ҳам катта ютуқ.
Юртбошимиз ташаббуси билан Комилжон Отаниёзов номидаги Урганч Маданият ва санъат институти ташкил қилинса, бу илм даргоҳида жуда катта тадқиқот ишлари олиб боришга имконият яратилади. Бугунги кунда деярли таназзулга юз тутаётган қадимий мумтоз ва халқ қўшиқлари, дилтортар мусиқалар, албатта, санъатшунослик жиҳатидан тадқиқотга жуда муҳтож. Негаки, Хоразм суворалари ва мақомлари билимдонлари воҳада жуда озчиликни ташкил қилади. Уларни тадқиқ қилиб, назарий ва амалий жиҳатдан ёшларга ўргатиш – миллий санъатимиз ранг-баранглигини сақлаб қолишнинг бош омили ҳисобланади. Шунингдек, ҳофизнинг кўпчиликка номаълум истеъдод қирралари: драматургия, рақс санъати ва шеърияти ҳам чуқур ўрганилиши лозим. Эслатиб ўтиш жоиз, Комилжон ака Комий тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзган.
Комилжон Отаниёзов Огаҳий номидаги Хоразм вилоят театрида фаолият юритган даврларида ўзи пьесалар ёзиб, режиссёрлик иқтидорини ишга солиб, уни саҳналаштирган ва бир-биридан ажойиб ролларни ҳам ижро қилган. Буни ўша вақтда олинган фотосуратлар ҳам тасдиқлаб турибди.
Агар Хоразмда санъат институти ўз фаолиятини бошласа, санъатшунослик ва санъат тарихнавислиги ҳам кенг ривожланишига имконият яратилиши шубҳасиз. Чунки санъатшунослик ва санъат тарихнавислиги ҳозирда оқсаётган соҳалардан бири бўлиб қолмоқда.
Элимизда комилжоншунос номи билан танилган Эркин ота Олломов асли буюк ҳофиз туғилиб-ўсган қишлоқдан. Болалигидан Комилжон Отаниёзов гурунгларини олган, гап-гаштакларда хизматда белни боғлаб, қойим турган инсонлардан бири. Эркин ота узоқ йиллар халқ таълими соҳасида фидокорона меҳнат қилиб, юртимизга минглаб шогирдларни тарбиялаб, камолга етказган.
– Комилжон Отаниёзовдек улуғ инсонга ука-дўст бўлишдек бахт насиб қилганидан минг чандон фахрланаман, – дейди Эркин Олломов биз билан суҳбатда. – Мен умр бўйи устоз санъаткор ҳаётини ўрганиб, одамлардан унинг билан боғлиқ хотираларни ёзиб олиб келаман. Шунингдек, менинг бисотимда ҳофиз сиймоси акс этган 500 дан ортиқ ноёб фотосуратлар, қўлёзмалар нусхалари бор. Энг аҳамиятлиси, ҳофизнинг дастлаб чалган мусиқа асбоби – тор ҳам менда сақланмоқда. Комилжон ака ва унинг отаси Отаниёз охундан мерос қумғон, жойнамоз, кат, хуржун, тегирмон каби ноёб буюмларни ҳам кўз қорачиғидек асраб келаман.
Кейинги пайтларда Эркин ота ҳофиздан қолган бошқа моддий меросларни йиққач, янада ҳаловатини йўқотди. Уларни келажак авлодга бус-бутун қолдириш ва халқимизга уларни таништириш мақсади унга тинчлик бермаяпти.
– Бугунги кунда Комилжон Отаниёзов, шунингдек, бошқа машҳур санъаткорларнинг мероси халқимиз орасида тарқоқ ҳолда сочилиб ётибди. Уларни яхлит бир жойда тўплашни кўпдан буён орзу қиламан. Бунинг учун эса обрў-эътиборли музей керак, – дейди куюнчаклик билан Эркин Олломов.
Дарҳақиқат, юртимизда музейлар оз эмас. Бироқ улар фаолиятини кўнгилдагидек деб бўлмайди. Кўпгина музейлардаги кўргазма ашёларининг асл нусхалари йил сайин камайиб бораётганидан ҳам хулоса чиқариш мумкин.
Кўпчиликнинг фикрига кўра, Комилжон Отаниёзов мероси ўзи туғилиб-ўсган Шовот туманида сақлангани дуруст. Туман марказида ҳофиз номи билан аталувчи ҳайҳотдек истироҳат боғи мавжуд. Бу ерда ҳар йили турли хил санъат фестиваллари ва кўрик-танловлар ўтказиб келинади. Вақти-соати келиб Комилжон Отаниёзов қўшиқлари кўрик-танлови халқаро миқёсда ўтказилиши ҳам мумкин, чунки бу борада талаб ва таклифлар ўрганилмоқда. Агар мазкур кўрик-танлов халқаро миқёсда ўтказилса, истироҳат боғида қилиниши лозим бўлган ишлар салмоғи ортиши шубҳасиз. Замонавий кўринишда амфитеатрдан ташқари боғнинг бир четида Комилжон Отаниёзов номидаги санъат музейи қад ростласа, нур устига нур бўлар эди. Ана шу музейга ҳофизнинг моддий ва маънавий мероси, фотосуратлар, видео ва аудиотасмалар мухлислардан йиғилиб жойлаштирилганида, унинг қийматини таърифлаб адо қилиб бўлмайди.
Комилжон Отаниёзовнинг падари Отаниёз охун Хива мадрасасида мударрислик қилган, Хива жадидчилик ҳаракатида фаол иштирок қилган ҳур фикрли шоир ва уламо бўлган. Ундан «Ниёзий» тахаллуси билан ёзган нодир девон ҳам мерос қолган. Эркин Олломовнинг таъкидлашича, Отаниёз охун билан боғлиқ вақф ва шунга ўхшаш ҳужжатлар ҳам ҳозиргача ҳофизнинг қариндошларида сақланади.
Хайрли ишлар билан бугунги ва келажак авлодлар камолоти йўлида хизмат қилинади. Комилжон Отаниёзов номидаги Маданият ва санъат институти ҳам, агар ташкил қилинса, Шовот марказий истироҳат боғидаги музей ҳам ёшларимизни маънавий-эстетик жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшади, деб ўйлаймиз. Зеро, маданиятлар, қараш ва урф-одатлар тобора қоришиб бораётган бугунги глобаллашув даврида ўзликни асраб қолишнинг ягона йўли ҳам аслликни тарғиб қилишдадир.
Эрпўлат БАХТ
Ботирали ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси:
БатафсилЖадид бобомиз Беҳбудий бир неча мамлакатларнинг таълим тизимидан хабардор инсон сифатида миллатнинг юксалиши, юрт тараққиёти ва равнақи, инсон камолоти учун асосий жиҳат маориф эканини чуқур мулоҳаза қилган эди.
БатафсилҲар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.
Батафсил