Бутун ер юзасини қоплаб турган гидросфера таркибидаги чучук сув захираси ҳар хил минтақаларда, турлича жойлашганлиги боис 20-25 миллиард кишини сувга бўлган эҳтиёжини таъминлашга етарли миқдорда бўлса-да, афсуски дунёнинг кўплаб минтақаларида чучук сув етишмовчилиги кузатилмоқда.
Бунга асосий сабаб эса қуруқликда чучук сув ресурсларининг бир текис тақсимланмаганлиги ва демографик кўрсаткичи кун сайин кўтарилиб бораётган аҳолининг саноат ва қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларига бўлган талабининг ортишидир.
Бугунги глобал иқлим ўзгариши шароитида ҳудудларнинг сув билан таъминланганлигини ҳисобга олган ҳолда сувни тежашнинг бир қатор самарали усулларини қўллаш талаб этилади. Биринчидан, экин турларини танлаш ва уларни етиштиришда ер усти ва ер ости суви ифлосланишига йўл қўймаслик мақсадида ўғитлар ва пестицидларни қўллашни меъёрга солиш. Иккинчидан, суғориш жараёнларини тартибга солиб, унинг ерларга шимилиши, ҳавога парланиши туфайли йўқотилишларни ва самарасиз суғориш учун сарф-ҳаражатларни камайтириш. Учинчидан, тупроқ намлигини сақлашнинг энг илғор усулларини қўллаш, кичик дарёларнинг оқавалар билан ифлосланишидан муҳофаза қилиш. Тўртинчидан, суғоришнинг сувни тежовчи технологияларини, яъни импулсли, аэрозолли тупроқ ости, томчилатиш ва бошқа усулларини амалиётга кенг жорий этиш. Айни шу усуллар орқали суғориш тизимларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25-30 фоизга ошириш ва сувнинг йўқолиши, тозалигини сақлаб қолиш мумкин бўлади.
Сув Марказий Осиё халқларининг ҳам тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаб турувчи муҳим экологик омил ҳисобланади. Ушбу минтақада яшовчи халқлар қадим замонлардан буён ҳаёт неъмати ҳисобланмиш чучук сувни исроф қилмай, ундан оқилона фойдаланган ҳолда ҳамжиҳатликда фаравон ҳаёт кечириб келишган.
Халқимиз ўзлари маскан қурган жойлардаги дарё ва сойларнинг ўзанларини бошқариб сувсиз жойларга сув чиқаришган ва бу ерларга сара экинларни экиб ободонлаштириш ишларини олиб боришган. Мамлакатимизда деҳқончилик, ўсимликшунослик, қишлоқ хўжалик экинларини суғориш, ер ости ва ер усти сувларидан фойдаланишда қурилмаларни жойлаштириш ва ирригация иншоотларини барпо этиш илми қадимдан шаклланган ҳамда ҳозирги кунга қадар бободеҳқонларимиз ва соҳанинг тажрибали илмий ходимлари томонидан такомиллаштириб келинмоқда.
Мутахассисларнинг берган маълумотларига кўра, сўнги 40 йил ичида мавжуд музликларнинг Тожикистонда 30 фоизи, Қирғизистонда 16 фоизи эриб кетганлиги аниқланган. Сўнги 20-30 йилда ёғингарчилик миқдорининг камайиши ҳам сув ресурслари ҳажмига салбий таъсир этмоқда.
Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда умумий сув захираларидан мукаммал режа асосида оқилона фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга. Чунки бугунги кунга келиб минтақада аҳоли сонининг икки баробар ўсиши, саноатнинг ривожланиши, аҳоли турмуш тарзининг ўзгариши табиийки сувга бўлган эҳтиёжни ҳам оширди.
Ана шундай бир шароитда мамлакатимизда сув тақчиллиги юзага келишининг олдини олиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, сувни бошқаришда замонавий технологиялардан фойдаланиш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сувни тежовчи технологияларнинг жорий этилиши натижасида яхшигина иқтисодий самарадорликка ҳам эришилмоқда.
Мисол учун, эгат усулида ғўза майдонларини бир марта суғоришга 1100-1500 м3 сув сарфланаётган бўлса, томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган майдонларни суғориш учун гектарига 250-300 м3 сувнинг ўзи етарли бўлмоқда. Боғдорчилик, сабзовотчилик ва иссиқхоналарда ҳам ушбу қурилмалардан фойдаланиш орқали ҳаёт неъмати бўлмиш чучук сувни тежаб қолиш чоралари кўрилмоқда.
Аммо яна бир жиҳат борки, бугун бу масалада жиддий бош қотириш талаб этилади. Яъни аҳолининг сувдан унумли ва оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш.
Хизмат сафари билан водий вилоятларининг бирида юрганимда ўрта ёшли бир юртдошимизнинг тарвузни совитиш учун тоза ичимлик сувни исроф қилаётганига кўзим тушди. Олдига бориб, биргина тарвузни совитиш учун ичимлик сувни исроф қилмаслик кераклиги тушунтиришга уриндим. Аммо у менга «пулини тўлаб қўйган бўлсам, сизга нима», қабилида эътироз билдирди.
Азиз юртдошлар! Бир нарсани унутмаслигимиз керак, тугамайдиган ресурснинг ўзи йўқ. Сизу биз исроф қилаётган тоза ичимлик сув қайсидир ҳудуддаги аҳолини сув билан таъминланишига хизмат қилиши мумкин. Сўнги йилларда сув тақчиллиги билан боғлиқ масалалар кўплаб учрамоқда. Аввало ўзимиз сувдан тежаб, оқилона фойдаланмас эканмиз, сув билан боғлиқ муаммолар катталашиб бораверади.
Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
Ўзбекистон Экологик партияси
Марказий кенгаши Ижроия
қўмитаси раиси
Мансаб ёки обрўни эмас, халқ манфаатларини маҳкам тутган депутат
🕔16:35, 11.12.2025
✔8
Айжамал опага фидойилик аждодоларидан ўтган. Отаси Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳамиша ўз фарзандларини халқпарвар, меҳрибон ва жонкуяр қилиб тарбиялашга интилган.
Батафсил
Ҳаво ифлосланишида инверсия таъсири, у нима дегани?
🕔16:33, 11.12.2025
✔10
Тошкентда кузатилаётган ҳаво сифатининг ёмонлашиши бир вақтнинг ўзида намоён бўлиб, бир-бирини кучайтирган бир нечта табиий-иқлимий ва антропоген омиллар йиғиндиси билан боғлиқ. Табиий-иқлимий омиллар орасида кучли инверсия ҳодисаси ҳаво сифатининг бузилишига энг катта таъсир кўрсатмоқда.
Батафсил
Автомашинамиздан воз кечолмасак, тоза ҳаво исташда мантиқ борми?
🕔11:00, 04.12.2025
✔49
Тоза ҳаво бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун дунё мамлакатларининг оғриқли муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир давлатда демографик кўрсаткичлар ўсиб боргани сайин тоза ҳаво масаласи ҳам кўндаланг муаммога айланмоқда.
Батафсил