Фарғона, Қўқон, Самарқанд, Марғилон ва ҳатто Тошкент шаҳрининг жаннатмонанд боғлари алоҳида қарорлар, буйруқлар билан тақир чўлга айлантирилганига ҳали кўп бўлмади.
Айниқса, пойтахтимизнинг қоқ марказида жойлашган сўлим боғлар, ўн йил нари-берисида Фағонани машҳур қилган азим чинорлар, Тошкентдаги мўътадил иқлим кафолати бўлиб турган минглаб дарахтлар бор-йўғи бир-икки йил ичида кесилиб, йўқ қилиб юборилди. Ўша пайтларда на кимдир буни суриштирди, на нега кесилганини тушунтириб берди.
«Яшил иқтисодиёт» ўзи нима?
«Яшил иқтисодиёт» деб кўп ўқияпмиз, кўп эшитяпмиз, аслида ўзи бу нима эканлигини ҳаммамиз ҳам билавермаймиз. Шу ўринда бу иборага тушунтириш бериб ўтсак.
«Яшил иқтисодиёт» (green economy) – бу инсоннинг Ер ресурсларига масъулиятли муносабатини ўз ичига олган ва фаровонликнинг ўсиши ва табиий ресурсларни тежаш ўртасида оқилона муросани топишга қаратилган иқтисодий ривожланиш модели.
Ҳар йили дунёда инсон фаолияти натижасида атмосферага 20 миллиард тонна карбонат ангидрид гази чиқарилади ва 300 миллион тоннадан ортиқ пластик чиқиндилар ҳосил бўлади.
«Яшил иқтисодиёт» тамойилларидан бири барқарор ишлаб чиқариш ва истеъмолни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, кам углеродли, ресурсларни тежовчи технологияларни жорий этишдан иборат. Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги иқтисодий моделга ўтиш босқичма-босқич ёндашувни талаб қилади. Ўтишнинг асосий босқичларини Европа Иттифоқи томонидан жорий этилаётган экологик ташаббуслар мисолида кўриш мумкин.
Биринчи босқичда атроф муҳитга зарар етказувчи ишлаб чиқаришга инвестицияларни камайтириш керак. Шундай қилиб, Европадаги кўплаб банклар 2022 йилдан бошлаб газ лойиҳаларига кредит беришни тўхтатмоқда. Бу нафақат саноатни имтиёзли давлат кредитларидан маҳрум қилади, балки хусусий инвесторлар учун унинг жозибадорлигини ҳам камайтиради. «Яшил иқтисодиёт»га ўтишнинг муҳим босқичи транспортдан чиқадиган чиқиндиларни қисқартириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва органик қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдир.
Вақтида тўхтай олдик, акс ҳолда...
Шукрки, кейинги йилларда йўл қўйилган хатоларни тўғрилашга ирода топа олдик. Ҳар ҳолда, йўқ қилинган боғлар ўрнини қоплашга уриняпмиз. Баъзан буни уддалаган жойларимиз ҳам бор. Айрим ҳолларда эса ташаббусларимиз зое кетаётгани ҳам рост.
Айниқса, Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бу борада янги даврни бошлаб берди. Ушбу лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар дарахт экиш давлат сиёсати эканини аҳоли томонидан англанишига хизмат қилмоқда. Маҳаллий мансабдорлар илгаригидек очиқчасига дарахткушлик қилмай қўйишган. Кесиш олдидан минг ўйлаб, минг яширинишга уринаётганлар ҳам талайгина. Ҳаттоки бу ишни тун қоронғусига бекитмоқчи бўлганлар ҳам кўп.
Куни кеча Президентимиз имзолаган «2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг «яшил иқтисодиёт»га ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор эришилган ютуқлар, аниқланган камчиликларга қарамай, юртимизни жаннатмонанд боғларга айлантириш ғоясида собит эканимизни кўрсатмоқда.
– Қарорга кўра, иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 35 фоизга қисқартириш кўзда тутилган, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Севара Файзиева. – Қайта тикланувчи энергия манбаларининг ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВт.га ошириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 30 фоизидан кўпроғига етказиш, саноат соҳасида энергия самарадорлигини камида 20 фоизга ошириш, ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган энергия сарфи ҳажмини 30 фоизга камайтириш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, 1 миллион гектаргача майдонда сув тежовчи суғориш технологиясини жорий этиш ҳам қарорнинг асосий талабларидан ҳисобланади. Тўғриси, бу каби ҳаракатлар биз, экология фаоллари томонидан анчадан буён кутилаётган эди. Зеро, кескин чораларсиз вужудга келган вазиятни юмшатишнинг имкони мавжуд эмас.
Шунингдек, қарор йилига 200 миллион туп кўчат экиш ва кўчатларнинг умумий сонини 1 миллиарддан ошириш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни 30 фоиздан ортиқроққа кенгайтиришни назарда тутади. Республика ўрмон фонди захиралари кўрсаткичини 90 миллион куб метрдан ортиқроққа етказиш орқали экологик мувозанатга эришилади.
Ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 65 фоиздан ошириш, 2023 йил 1 июндан маҳсулотларни ишлаб чиқаришда экология ва атроф муҳитга таъсирни чеклаш бўйича қўйилаётган талаблар асосида «яшил сертификатлар» тизими жорий этилади.
2024 йил 1 январдан бошлаб, барча иссиқхона газларини қамраб олувчи Иқлим ўзгариши соҳасида мониторинг, ҳисобот бериш ва текширишнинг замонавий тизими (MRV) йўлга қўйилади. Янги қуриладиган, қуввати 1 МВт.дан юқори бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳалари доирасида ушбу станцияларнинг ўрнатилган қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими мажбурий тартибда жорий этилади. 2023 йил 1 майгача «Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Хулоса ўрнида
Ўзбекистон қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш бўйича юқори техник салоҳиятга эга бўлиб, унинг қарийб 97 фоизи қуёш энергиясига тўғри келади. Қуёш энергиясини генерациялаш салоҳияти – 525 дан 760 миллиард кВт / соатгача. Бунинг сабаби, йилига қуёшли кунлар сони 320 кун ва фаол қуёш соатлари сони ўртача 3000 соатни ташкил қилишидир.
2026 йилга бориб «яшил» энергия улушини 8 минг МВтгача ошириш режалаштирилган, бу эса карбонат ангидрид чиқиндиларини 5 миллион тоннага камайтириш имконини беради. 2030 йилга келиб иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини икки баравар ошириш, қайта тикланадиган энергия улушини эса камида 25 фоизга етказиш режалаштирилган. Бугун биз атмосферага чиқиндиларни камайтириш динамикаси ҳақида гапиришимиз мумкин. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, агар 2014 йилда Ўзбекистонда атмосферага зарарли моддалар чиқариш ҳажми 1162 минг тоннадан ошган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 909 тоннани ташкил этган.
Давлат яратиладиган талабни тартибга солувчи, яъни аҳолини экологик тоза товарлар сотиб олишга ундаш, яшил технологияларга таянувчи тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш вазифасини бажариши мумкин ва керак. Ўзгаришларни муваффақиятли амалга ошириш учун иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар, жумладан қайта тикланадиган энергия манбаларини (ТЭМ) кенг миқёсда ривожлантириш ҳамда қурилишда ва биноларда энергияни кўп талаб қилувчи тармоқларда энергия самарали технологияларни жорий этиш талаб этилади.
Албатта, юқорида саналган вазифалар мамлакатимиз табиатини асраш, келажак авлодга яхши экошароитлар қолдириш ниятида амалга оширилади. Қарор ижроси эса ташаббусларни аҳоли томонидан қўллаб-қувватланиши ва маҳаллий раҳбарларнинг масъулиятига боғлиқ.
Саида РУСТАМ қизи.