Тозалик ва озодалик ойлиги Поклик – иймондандир
Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.
БатафсилТўрақўрғон иссиқлик электр станцияси иш бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ.
Янги Ўзбекистоннинг улкан стратегик лойиҳаларидан бири бўлган ушбу мажмуа бугунги кунда Фарғона водийси вилоятларининг электр таъминоти бўйича асосий манба ҳисобланиб, ҳар суткада қарийб 20 млн. кВт/с электр энергияси ишлаб чиқармоқда. Ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган иккита замонавий ва самарали буғ-газ қурилмаларига эга бўлган Тўрақўрғон ИЭС бугун чинакамига Фарғона водийсининг энергетика марваридига айланган.
Мақсад – инсон ва халқ манфаати
Ушбу янги замонавий иншоотнинг қурилиши ва фойдаланишга топширилиши натижасида водий минтақасида жами энергетик қувватлар миқдори 313 МВт дан 1212 МВт га ошди. Мана шу рақамларнинг ўзиёқ Ўзбекистон электроэнергетик хавфсизлиги сезиларли даражада мустаҳкамланганидан далолат беради.
Мажмуа Ўзбекистон ягона электр энергетика тизимининг хавфсиз ва ишончли ишлаши учун муносиб ҳисса қўшяпти. Электр энергияси истеъмолчилари эҳтиёжининг барқарор таъминланиши натижасида нафақат ушбу ҳудудда, умуман мамлакат миқёсида иқтисодий ўсиш, шунингдек ижтимоий ривожланишнинг ўзига хос генераторига айланмоқда. Ёқилғи-энергетика захираларидан самарали ва рационал фойдаланиш даражаси эса кескин ошди.
Маълумки, сув электр энергияси ишлаб чиқаришнинг асосий манбаи ҳисобланади. Станциянинг кимё цехидаги сув тайёрлаш қурилмаси сувни дастлабки тозалаш, тайёрлаш ҳамда деминерализация қилиш ишларини бажаради. Мазкур цех станция умумий майдонининг қарийб 50 фоизини эгаллайди. Сув тайёрлаш қурилмаларининг самарали ишлаши учун Катта Наманган каналидан олинадиган бирламчи сувни дастлабки тозалаш талаб этилади. Канал суви таркиби, унинг бошланиши ва оқимининг географик жойлашуви сабабли, туз ва минералларга бой ҳисобланади, шу сабабли уни тоза ва оқ кўринишга келтириш бир неча технологик босқичлардан ўтказишни тақозо қилади. Биринчи босқич – сувни қум, лой ва ўсимлик қолдиқларидан тозалаш. Иккинчи босқич – махсус воситаларни қўллаган ҳолда коогуляция усулида сувни оқартириш. Учинчи босқич – оқартирилган сувни механик фильтрлардан ўтказиш. Кейинги босқичда эса замонавий модуллардаги микрофильтрлар ёрдамида тозалашнинг технологик схемаларини қўллаган ҳолда сувни жуда ҳам майда элементлардан тозалаш амалга оширилади.
Бу технологик жараёнларнинг барчаси замонавий экологик стандартларга мувофиқ тарзда ўтказилиши атмосферага ҳамда сув ҳавзаларига чиқадиган заҳарли моддаларни минимал миқдорга тушириш, атроф муҳит мусаффолигига зарар етказмаслик имконини беради.
«Яшил белбоғ» эҳтиёжи
Технологик жараёнларда сув қанчалик муҳим бўлса, тоза ҳаво – кислород ҳам ана шундай улкан аҳамият касб этади. Сув ва ҳавони тозалаб берадиган замонавий фильтрлар ишлаб чиқаришни узлуксиз таъминлашда, мажмуа барқарор ишлашида энг зарур омиллардан ҳисобланади.
– Электростанция тўла қувват билан ишлай бошлагач, бизни бир муаммо ўйлантира бошлади. Яъни мажмуага ўрнатилган ҳаво фильтрларининг жуда тез тўлиб қолиши, муддатидан аввал уларни алмаштиришга тўғри келаётгани бизни ташвишга соларди, – дейди Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси бош директори Баҳром СОБИРОВ. – Чунки бу станциянинг барқарор ишлашига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Электр энергиясининг озгина муддат ўчиши қанчалик муаммоларга олиб келиши бугун ҳеч биримизга сир эмас. Қолаверса, замонавий фильтрлар ҳам арзон турадиган буюм эмас, миллионлаб маблағ эвазига хориждан келтирилади.
Хуллас, мутахассислар масаланинг моҳиятини ўрганиб ҳамда мажмуада ўрнатилган метеопостлар узатган маълумотлар таҳлил қилиниб, шу нарса аниқландики, мажмуа жойлашган ҳудудда чанг-тўзон миқдори меъёридан ошган. Қолаверса, унча узоқ бўлмаган масофадаги чиқинди полигонидан атмосфера ҳавосига кўтарилаётган турли зарарли моддалар ўша фильтрларга келиб ўрнашмоқда.
Ҳамма ҳар хил таклифларни билдирди. Катта маблағ эвазига ҳаво тозаловчи қиммат усукуналар ўрнатиш ҳақида ҳам айтилди. Аммо мажмуа раҳбари Баҳром Собиров кўпчилик кутмаган таклифни илгари сурди:
«Атрофни дарахтзор қиламиз, яшилликка буркаймиз. Мана шунинг ўзи табиий фильтр бўлади. Мажмуага кирадиган ва бу ердан чиқадиган ҳавони бирдек тозалаб туради.
Атроф яшил бўлса баҳри-дилимиз очилади. Ахир ота-боболаримиз «Яхшидан боғ қолади» дея бежиз айтишмаган-ку».
Бир йилдан зиёдроқ вақт олдин айтилган ва атрофга дарахт экишга киришилган мана шу хайрли иш Президентимиз ташаббуси билан бошланган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига уланиб кетди.
Бугунги кунда мажмуа атрофида дастлаб экилган дарахтлар бир ёшдан ошди. Ҳавонинг табиий фильтрлари бўлган арча, павловния ва бошқа манзарали дарахт кўчатлари атрофга кўрк бағишлаб турибди.
«Ҳавога чиқаётган заҳарли моддАлар миқдори қанча? Қабул...»
Тўрақўрғон ИЭСнинг республикадаги ўхшаш станциялардан устунлиги унинг замонавий автоматлаштириш стандартларига ҳамда экологик талабларга тўлақонли мувофиқлигида яққол кўринади. Энг муҳими, мажмуа атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбаларидан намуналар олиш ва таҳлил қилиш бўйича автомат станциялар билан жиҳозланган.
– Тўрақўрғон ИЭС ҳудудида ва аҳолига туташ пунктларда атроф муҳит ҳавоси ва метеорологияни кузатиш мақсадида иккита «экопост» ўрнатилган, – дейди мажмуанинг муҳандис-экологи Ҳусниддин ИСОМИДДИНОВ. – Ушбу кузатув тизимлари станция ҳудуди ва аҳоли пунктларига туташ жойларда атмосфера ҳавоси сифатини узлуксиз назорат қилиб туради. Ушбу станциялар автоматлаштирилган ўлчов ускуналари (газоанализаторлар) билан жиҳозланган бўлиб, азот оксиди, азот диоксиди, углерод оксиди, углерод диоксиди, кислород, озон ва бошқа майда заррачалар миқдорини аниқлайди. Бундан ташқари ушбу метеостанциялар атроф муҳит ҳарорати, атосфера босими, ҳавонинг намлигини ва иқлимнинг бошқа параметрларини ҳам узлуксиз ўлчаб туради.
Мана шу имкониятлар орқали атроф муҳит барқарорлигини таъминлаш, атмосфера ҳавоси меъёридан ортиқ ифлосланишининг олдини олишга киришилган. Атрофни «яшил белбоғ» билан ўрашга эҳтиёж пайдо бўлгани сигналини айни шу метеопостлар узатгани таҳсинга сазовордир.
Сув бериш биздан, эгалик қилиш сиздан
Мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш бўйича ўтказилаётган «Долзарб 40 кунлик» Тўрақўрғон ИЭС атрофида бу йил жуда кўтаринки руҳда, уюшқоқлик билан ўтмоқда. Гап шундаки, ҳавони тозалаш мақсадида мажмуа атрофини дарахтзор қилиш билан бошланган хайрли иш кўлами кенгайиб, эндиликда тадбиркор боғбонлар, яқин атрофдаги маҳаллалар фаоллари ҳам келиб турли мевали ва манзарали дарахтлар, минглаб бодом кўчатлари ўтқазишга киришиб кетди. Айни вақтда бу ерда улкан токзор ҳам барпо этиляпти.
Умуммиллий лойиҳа доирасида мажмуа атрофида ҳозиргача жами 3910 туп ўрик, бодом, қарағай, павловния каби дарахт ниҳоллари экилди. Бундан ташқари, электр станциясига кириш жойларини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш мақсадида 1100 туп турли гуллар экиб чиқилди.
– Меҳнат жамоамиз барча аъзоларининг умумхалқ тадбирида фаол иштироки натижасида жорий йил эрта баҳорда ҳамда ўтган йили кеч куз ойларида 8 гектар майдонга экилган манзарали ва мевали кўчатлар сони 8770 тага етди, – дейди Тўрақўрғон ИЭС бош директори Баҳром Собиров. – Эндиги вазифамиз – агротехник талабларга мувофиқ равишда ушбу ўсимликларни лозим даражада парваришлаш ишларини ташкил этишдир. Муҳими, мана шу сув чиқмайдиган қир ва жарликларда кўчатларни кўкартиришга эришяпмиз. Дарахт экилган ҳудудга тўлиқ томчилатиб суғориш тизими ўтказилди.
Яқинда Тўрақўрғон ИЭС ходимлари Косонсой-Чуст автомагистралидан станцияга кириш томонида ястаниб ётган қарийб 1,5 гектар бўш қир-адир жойларга терраса шаклида улкан бодомзор ташкил этишга киришди. Махсус тайёрланган ерларга 1360 туп бодом ҳамда 200 туп ўрик кўчатлари ўтқазилди. Булар ҳам тўлиқ томчилатиб суғориш орқали парваришланади.
– Бўш турган мана шу атрофдаги 34 гектар ерда катта умидлар билан боғ яратишга киришдим, – дейди тадбиркор-деҳқон Абдулғани ҚОЗОҚОВ. – Айни вақтда бир гектардан зиёдроқ майдонни узум-ток экиш учун тўлиқ тайёрлаб қўйдим, 1250 туп ток қаламчаларини ерга қадамоқчимиз. Бундан ташқари ўрик, олма, шафтоли майдонлари яратиш учун кўчатлар экишни баҳорда бошлаганмиз. Тўғри, бу ерларда кўчатларнинг тутиб кетиши осон эмас, сабаби сув чиқмайди, тупроғи шўр ва умуман озуқасиз аҳволда. Аммо сабр билан меҳнат қилсак, кун келиб албатта мевасидан баҳраманд бўламиз. Дарахтзорларни суғориш учун Катта Наманган каналидан 2200 метр масофага қувур тортиб келдик. Қолаверса, Тўрақўрғон ИЭС томонидан ҳам томчилатиб суғориш тармоқлари ўтказиб берилмоқда.
«Умид билан суқилган таёқ – бир кун келиб берар меваю япроқ» дейди дона халқимиз. Мана шу пурмаъно ҳикмат моҳиятини «Яшил макон» учун ўз ҳиссасини қўшаётган ҳар бир инсон англамоқда. Тўрақўрғон ИЭС атрофида бунёд бўлаётган «яшил белбоғ» ҳам яқин йиллар ичида ўзининг натижасини беришига шак-шубҳа йўқ. Зотан, водийнинг марваридига айланган бу мажмуа мана шу «белбоғи» билан халқимизга хизмат қилишда давом этади.
Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.
БатафсилМамлакатимизда жорий йилнинг июнь-июль ойларида учта веб-платформа ва бир нечта ижтимоий тармоқ ўрганилганда 17 турдаги – жами 1300 дан ортиқ ҳайвонлар таклиф қилинган 544 та онлайн эълон қайд этилган.
БатафсилМамлакатимиздаги ҳар бир идора ва ташкилот фаолиятига баҳо берганда биринчи галда унинг халқ билан мулоқоти, муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф қилишдаги саъй-ҳаракатига эътибор қаратилади.
Батафсил