Трансчегаравий дарёлардан фойдаланувчи мамлакатларга ҳар доим ҳам осон бўлмаган. Тириклик манбаи бўлган сувдан ўзаро ҳамжиҳатликда, расамади билан фойдаланиш, ҳеч кимнинг табиатнинг бу неъматидан фойдаланиш ҳуқуқи бузилишига йўл қўймаслик қадим-қадимдан энг эътиборталаб масала бўлиб келган.
Барча минтақаларда глобал қурғоқчилик, чўлланиш кескин тус олаётган ҳозирги вақтда бу янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Асосан трансчегаравий сув манбаларидан фойдаланадиган Ўзбекистон шароитида қўшни мамлакатлар билан ўзаро келишув ҳамда ҳамжиҳатлик билан иш олиб бориш, таъбир жоиз бўлса сув ва ҳаводек зарур. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида бу масалага алоҳида тўхталар экан, «Ишончим комил, сув муаммосини ҳал қилишнинг минтақа мамлакатлари ва халқлари манфаатларни тенг ҳисобга олишдан бошқа оқилона йўли йўқ», деган эди.
Дарҳақиқат, яқин-яқингача, яъни 2017 йилгача бўлган бир неча ўн йил давомида минтақада сув ресурсларидан баҳамжиҳат фойдаланиш борасида муаммолар тўпланиб қолди. Бунинг ечими эса ўзаро муносабатларда оқилона ва ҳамжиҳатлик билан йўл тутиш, ақлли дипломатия ва томонларнинг тенг манфаатларини эътиборга олиш билан бевосита боғлиқ эди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қўшни мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик ва қўшничилик алоқалари ўрнатилиши туфайли трансчегаравий сув манбаларидан фойдаланишда оқилона ечимларга эришилмоқда.
– Инсоният тараққиётнинг энг юқори чўққиларига кўтарилган бугунги кунда обиҳаётга эҳтиёж муттасил ортиб боряпти. Шу билан бирга, Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатларнинг сув йўллари ва сув олиш манбалари бир-бири билан узвий боғлиқки, қўшни давлатлар билан доимий тарзда «сув дипломатияси»ни юритмасликнинг иложи йўқ, – дейди Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Шавкат ҲАМРОЕВ. – Мисол учун, Сирдарё ҳавзасига Қирғизистондан Норин ва Сўх дарёлари, Оқбўрасой, Аравонсой, Мойлисой, Шоҳимардонсой, Исфайрамсой каби ўнлаб сойлардан сув кириб келади. Ўзбекистондан Ўнгқирғоқ, Савай, Жанубий Фарғона, Каркидон тўйинтирувчи каналларидан қардош давлат ҳудудига сув етказиб берилади.
Тожикистонга Катта Фарғона ва Шимолий Фарғона каналлари орқали сув берилади. Шу билан бирга, Тожикистоннинг Баҳри тожик сув омборига Ўзбекистон ҳудуди орқали Сирдарё дарёсидан вегетация даврида ўртача 300 метр куб/сония миқдорида сув қуйилади.
Чорвоқ сув омборидан чиқарилган сув Зах, Хонум ва Катта Келес каналлари орқали Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариоғоч, Қазиғурт туманлари ҳамда Тошкент вилоятининг Келес, Тошкент, Зангиота, Қибрай ва Чиноз туманлари ҳудудидаги экин майдонларини суғоришга хизмат қилади.
Қозоғистон ҳудудидаги Чордара сув омборидан Ўзбекистон ҳудудидаги Арнасой сув омборига сув олиш имконияти мавжуд.
Амударёдан Сурхондарё вилоятида Аму-Занг, Қашқадарё вилоятида Қарши магистрал канали насос станциялари каскадининг 6 та насос станцияси Туркманистон ҳудудида жойлашган бўлиб, ўзбекистонлик сувчилар қўшни давлат ҳудудига ўтиб, уларни ишлатади.
Маълумотларга қараганда, глобал иқлим ўзгариши натижасида сўнгги 50-60 йил давомида Марказий Осиёда музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. 2050 йилгача трансчегаравий дарёлар – Сирдарё ҳавзасида сув ресурслари 5 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. Бу дегани трансчегаравий сув манбаларидан фойдаланишда ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, бунда сув дипломатияси механизмларидан самарали фойдаланиш долзарб аҳамият касб этади. Бунда икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларни, хусусан парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш зарур.
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида муҳокама этилиб, қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари ҳам айни мақсадларга хизмат қилади.
Мазкур қонун лойиҳалари дастлаб сиёсий партияларнинг парламентдаги барча фракциялари йиғилишларида атрофлича муҳокамалардан ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов бошчилигида ҳукумат аъзолари иштирок этиб, қонун лойиҳалари юзасидан ахборот бердилар. Фракциялар аъзолари ўзларини қизиқтирган барча саволларга тегишли ҳукумат аъзоларидан аниқ жавоблар олишди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида самарали халқаро ҳамкорлик ўрнатишга, бунда энг аввало миллий манфаатларимиз, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва доимий қўллаб-қувватлаши туфайли қисқа вақт ичида мамлакатимиз ва қўшни давлатлар чегара чизиқларининг энг мураккаб ҳудудлари бўйича ўзаро мақбул ечимлар топишга эришилмоқда.
Хусусан, мамлакатларимизни боғлаб турган муҳим транспорт йўлаклари қайта тикланди, янги автомобиль ва ҳаво йўллари очилди, чегараларимиздаги ўтказиш пунктлари фаолияти қайта йўлга қўйилди. Бу, албатта, кўп асрлик тарихи, маданияти ва маънавий қадриятлари бир-бирига чамбарчас боғланган минтақа халқларининг абадий дўстлиги ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳалари билан ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг 35 та участкасини ўз ичига олган умумий узунлиги 302,29 километрдан иборат чегара чизиғини делимитация қилиш ишларини якунига етказиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартнома»ни ратификация қилиш белгиланмоқда.
Депутатлар таъкидлаганидек, ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши Ўзбекистон билан Қирғизистон давлатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга, ўзбек-қирғиз Давлат чегарасини белгилаш борасидаги масалалар тўлиқ ўз ечимини топишга хизмат қилади. Шунингдек, мамлакатларимизнинг савдо, сармоявий, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, қурилиш, экология, туризм, маданий-гуманитар соҳаларда мавжуд улкан салоҳиятдан фойдаланиш имконини беради.
Бундан ташқари, чегара савдо-саноат зоналарини ташкил этиш, кичик ва ўрта бизнесни жонлантириш, ҳудудлараро ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва иқтисодий ҳамкорликнинг бошқа янги йўналишларини шакллантириш учун катта имкониятлар очилади.
Бир сўз билан айтганда, Марказий Осиё минтақасида сув ресурсларидан оқилона ва расамади билан фойдаланиш, бунда ҳар бир мамлакат манфаатларини ҳисобга олиш табиатнинг бу неъмати бутун минтақа ривожига хизмат қилиши шубҳасиз.