Экоолам      Бош саҳифа

Чиқинди қутиларини қандай фарқлаймиз ва бу нима учун керак?

Кўчада кетаётганда қўлингиздаги чиқиндини қаерга ташлайсиз? Махсус чиқинди қутисигами ёки дуч келган ерга ирғитиб кетаверасизми?

Чиқинди қутиларини  қандай фарқлаймиз ва  бу нима учун керак?

Жавоб ҳаммада ҳам бир хил бўлмаслиги табиий, боиси чиқинди фақат белгиланган жойга ташлаганида эди шаҳримиз, кўчаларимиз анчайин тоза бўлар, дарахтлар ости, зовурлар ичида чиқинди уюлиб ётмасди. Афсуски маиший чиқиндилар билан боғлиқ муаммо инсон қадами етган ҳар қарич ерда учрамоқда. Аммо ҳамма ерда ҳам биздаги каби уюлиб ётмайди. Бунга мавжуд қонунлар ва инсонларнинг экологик маданияти йўл қўймайди.

Пойтахт кўчаларидан юрар эканмиз ён-атрофга, кўчаларга, автобус тўхташ жойларига ўрнатилган чиқинди қутиларини кўриб, яхшиям бор деймиз. Бироқ одамларнинг қоғоз, баклажка ва бошқа маиший чиқиндиларни белгиланган жойга ташламаслиги, ташласа ҳам ранглар ва ёзув билан ажратилгани каби сараламасдан дуч келганига улоқтириб кетиши яна ва яна хўрсинишга сабаб бўлади. «Қачон бизда экологик маданият шаклланар экан а?..» дея ўз-ўзимизга савол берамиз.

Аслида чиқиндиларни саралашни, қутининг рангига қараб фарқлашни болаларга мактабгача таълим муассасасида таҳсил олаётганиданоқ ўргатиш лозим. Бундай билимларни эса қайсидир боғчада беришади, қайсинисидадир йўқ. «Майли, мактабда ўрганиб олади» дерсиз. Ҳақиқатдан ҳам бу мавзу мактабда ҳам бевосита ўқитилиши зарур, ўқитилар ҳам, аммо негадир натижаси ҳамон кўзга ташланмаётгани алам қилади. Айбни кимдан қидирайлик? «Яхши ўқитмаган» дея устозлардан ўпкалайликми, ёки «ўрганмади» деб фарзандларимиздан нолиймизми?

Чалкашликми ёки хатолик?

Ҳақиқий муаммо эса ташқарида, чиқинди қутиларини ўрнатиб, қайси ранг қандай чиқинди учун эканлигини ўзи ҳам фарқлай олмаган ва ўрнини алмаштириб қўйганларда. Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги Миробод деҳқон бозори ёнидан ўтган кўча, тўғри биринчи нотариал идорагача олиб боради. Бу катта йўл ёқаси дарахтлар ва гуллар билан ўзига хос тароватга эга. Пиёдалар учун махсус йўлак, ўриндиқ ҳам бор. Бироқ ўрнатилган чиқинди қутилари ранги ва асл саралаш тартиби бутунлай ўзгариб, чалкашиб қолган. Жумладан, қизил қутига – қоғоз, сариқ ранглисига – пластик, яшилига эса – бошқа турдаги деб ёзиб қўйилган. Боз устига ўша ёзувлар ҳам инглиз тилида «paper», «plastic», «other» кўринишида берилган бўлса, саралашдан умид қилиб, одамларни айблашга ҳаққимиз йўқ.

Аввало ранг ва чиқинди туридаги чалкашликка тўхталсак. Боғчада болага яшил қутига қоғоз ташлайсан деб ўргатганда, бола кўчада ўша яшил қутига қоғозни ташлайди. Ваҳоланки бу ёшда рангларни эндигина фарқлаган бола ҳали ёзувларни ўқий олмайди. Бу саралаш эмас аралаш чиқиндилар йиғилишига олиб келади. Катталар эса ўқий олишади, бироқ ҳамма ҳам инглиз тилини тушунмайди-да. Улар нима қилсин? Қутими тамом, дуч келганига чиқинди ташлаб кетаверишдан ўзга чораси йўқ. Дарвоқе, Конституциянинг тегишли моддаларида ҳам ўзбек тил давлат тили эканлиги, ҳужжатлар айнан шу тилда юритилиши ҳақида сўз боради. Аммо тил мавзуси ҳам, ўзбеклигимиз ҳам фақат 21 октабрь яқинлашганда эсга тушадию, кейин унут бўлади. Нима учун оддий чиқинди қутисидаги ёзувни ҳам ўзбек тилида ёзмаймиз?..

Пойтахт аҳолисининг асосий қисми ўзбек ва рус тилида мулоқот қилади. Нега энди қутига ёзилган ёзув шу икки тилда эмас, инглиз тилида бўлиши керак? Бу қайси мантиққа мос келади?

Бордию пойтахтни туристик маскан деб билсак ҳам, аввало ўзбек, сўнг бошқа тиллардаги маъносини бериш тўғри бўлмайдими?

Майли, бу бошқа бир долзарб мавзу. Хўш, аслида чиқинди қутиларининг ранги қандай бўлиши керак? Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октабрдаги «Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қаттиқ маиший чиқиндиларни алоҳида тўплаш ва олиб чиқиб кетиш учун тўрт турдаги контейнерлар ўрнатилади:

• қайта ишланадиган қаттиқ маиший чиқиндилар учун – кўк ранг;

• органик қаттиқ маиший чиқиндилар (озиқ-овқат ва бошқа биологик чирийдиган чиқиндилар) учун – жигарранг;

• қайта ишланмайдиган қаттиқ маиший чиқиндилар учун – кулранг;

• хавфли маиший чиқиндилар учун – тўқ сариқ ранг.

Дунёда қандай сараланади?

Чиқиндиларни саралаш талаблари турли мамлакатларда ҳар хил бўлиб, ташлашдан олдин қутининг устки қисмига ёзилган ёзувга диққатни қаратиш тавсия этилади. Буни қуйидаги давлатлар мисолида таққослаш мумкин.

Малайзия

Бу мамлакатда қайта ишлаш қутилари тўқ сариқ, кўк ва жигарранг каби нейтрал ранглардан иборат. Тўқ сариқ рангли қути пластик идишлар ва алюминий чиқиндилар учун мўлжалланган бўлса, кўк қути қоғоз ташлашга хизмат қилади. Шиша буюм ва идишлар эса жигарранг қутига жойланади.

Сингапур

Сингапурда ҳам қайта ишлаш қутилари биздаги сингари табиий сариқ, қизил ва кўк рангларни ўз ичига олади. Сариқ қути алюминий учун, қизили эса шиша ва пластик бутилкаларга мўлжалланган, кўк қутига бўлса қоғозли чиқиндилар ташланади.

Буюк Британия

Британияда чиқинди қутиларининг қопқоғига қайси турдаги чиқиндига мослангани катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилади. Асосан ранг фарқи қути қоп­қоғида бўлади. Кулранг қути озиқ-овқат ва алюминий чиқиндиларга, кўк қути газета, журнал ва бошқа қоғоз материалларига, қизил қути эса пластик буюмларга мўлжалланган.

АҚШ

Америкада саралаш қутиларининг ранги нисбатан кўпроқ. Биринчиси, қоғоз ва қоғоз материаллари ташланадиган кўк рангли қути. Иккинчиси, органик материалларни йиғиш учун мўлжалланган яшил қутилар. Учинчиси, юпқа пластик қопламали материалларни йиғишга хизмат қиладиган қизил қути бўлиб, асосан полигон чиқиндиларини йиғиш учун ишлатилади. Тўртинчиси, сариқ ранглиси қайта ишлаш қутиси ҳисобланади ва турли хил чиқиндиларни ўз ичига олади. Масалан, шиша идишлар, картон, газета, пластмасса, алюминий қутилар, шарбат ва сут идишлари, офис қоғозлари, бир марталик кофе стаканларини ташлаш мумкин. Бешинчи тур эса юмшоқ пластмассаларни йиғиш учун мўлжалланган оқ қути ҳисобланади. Полиэтилен пакетлар, ўрамлар, қандолат пакетлари ва бошқаларни ташласа бўлади.

Саралашнинг афзалликлари

Чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш атроф муҳитни янада тозароқ бўлишига ёрдам беради. Бу орқали кун сайин юқорилаб бораётган чиқинди уюмлари, атрофимизни эгаллаётган аралаш чиқиндилар, табиатга ва экологияга салбий таъсир этиб, оқибатда инсонларнинг ўзига жабр бўлаётган салбий ҳолатларни оз бўлса-да камайтириш мумкин бўлади.

Аввало, қайта ишлаш ресурсларни тежайди. Худди шундай, саралаш қутилари ҳам одамларга кераксиз, чиқинди деб ҳисоблаган нарсаларни ташлаб юбориш имкониятини беради. Бу чиқиндилар ерни булғаш ўрнига қайта ишлаш йўли билан янги маҳсулотга айлантирилади. Бундан ташқари, инсонлар табиатни асрашга ҳам ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Масалан, эски журналларнинг бир нечта тўпламини қайта ишлаш ва саралаш қутисига қўйиш орқали билвосита дарахтларни кесишга бўлган талабни камайтирган бўласиз. Қанчалик кўп кераксиз қоғозни ёқиб юбормасдан шу ерга тўплаш билан эса маълум миқдордаги дарахтлар кесилишдан асраб қолинади.

Саралаш ва қайта ишлаш энергия тежашга хизмат қилади. Янги маҳсулотни ишлаб чиқариш учун кўп миқдорда энергия сарфланади, бу эса экология ва атмосферага зарарли таъсир кўрсатади. Аммо қайта ишлаш билан сарфланаётган энергия ҳажмини камайтириш мумкин. Мисол учун, мутахассислар алюминий маҳсулотларини қайта ишлашда энергияни тўқсон фоизгача тежашни тахмин қилишмоқда.

Шундай қилиб, қайта ишлаш кўп жиҳатдан табиатни ҳимоя қилишга ёрдам беради. Агар биргина пластик чиқиндини тегишли қутига эмас кўчага ёки сувга ташласангиз ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини юз йиллаб чиримайдиган чиқинди билан зарарлаган бўласиз.

Агар дунёда чиқиндиларни қайта ишлаш технологиясидан фойдаланилмаганда чиқинди полигонларининг етишмаслиги, тўлиб бориши ҳар бир мамлакатнинг жиддий муаммосига айланиб, кун келиб ерда чиқиндисиз макон қолмаган бўларди. Бироқ ҳамон саралаш ва қайта ишлаш қутисига ташланмаган чиқиндилар полигонларга олиб кетилиб, у ернинг янада тезроқ тўлишига, чиқиндиларнинг кўпайиб боришига сабаб бўлмоқда. Шундай экан, оз бўлсада чиқинди муаммосига жиддийроқ қараб, экологик маданиятни шакллантиришга, чиқиндиларни саралаш одатини уйғотишга ҳаракат қилмоғимиз зарур. Зеро, ҳар қарич ер бугун бизники, эртага эса фарзандларимиз яшайдиган макон ҳисобланади. Келажак авлодлар учун ортимиздан экологик тоза ва озода маскан қолдиришга ҳаракат қилайлик!

 

Ноилахон АҲАДОВА,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Тозалик ва  озодалик ойлиги Поклик –  иймондандир

Тозалик ва озодалик ойлиги Поклик – иймондандир

🕔09:21, 23.10.2025 ✔11

Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.

Батафсил
Ҳашамат ва экзотика  қурбонига  айланаётган ҳайвонлар

Ҳашамат ва экзотика қурбонига айланаётган ҳайвонлар

🕔15:33, 16.10.2025 ✔33

Мамлакатимизда жорий йилнинг июнь-июль ойларида учта веб-платформа ва бир нечта ижтимоий тармоқ ўрганилганда 17 турдаги – жами 1300 дан ортиқ ҳайвонлар таклиф қилинган 544 та онлайн эълон қайд этилган.

Батафсил
Хўжайлида Экопартияга  ишонч  ошмоқда

Хўжайлида Экопартияга ишонч ошмоқда

🕔15:30, 16.10.2025 ✔33

Мамлакатимиздаги ҳар бир идора ва ташкилот фаолиятига баҳо берганда биринчи галда унинг халқ билан мулоқоти, муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф қилишдаги саъй-ҳаракатига эътибор қаратилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Тозалик ва  озодалик ойлиги Поклик –  иймондандир

    Тозалик ва озодалик ойлиги Поклик – иймондандир

    Бугун кўчаларимизда, боғ ва маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари авжида. Бу манзара ўтмишдаги гўзал анъаналарни ёдга солади.

    ✔ 11    🕔 09:21, 23.10.2025
  • Ҳашамат ва экзотика  қурбонига  айланаётган ҳайвонлар

    Ҳашамат ва экзотика қурбонига айланаётган ҳайвонлар

    Мамлакатимизда жорий йилнинг июнь-июль ойларида учта веб-платформа ва бир нечта ижтимоий тармоқ ўрганилганда 17 турдаги – жами 1300 дан ортиқ ҳайвонлар таклиф қилинган 544 та онлайн эълон қайд этилган.

    ✔ 33    🕔 15:33, 16.10.2025
  • Хўжайлида Экопартияга  ишонч  ошмоқда

    Хўжайлида Экопартияга ишонч ошмоқда

    Мамлакатимиздаги ҳар бир идора ва ташкилот фаолиятига баҳо берганда биринчи галда унинг халқ билан мулоқоти, муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф қилишдаги саъй-ҳаракатига эътибор қаратилади.

    ✔ 33    🕔 15:30, 16.10.2025
  • Экорейд  Ваҳшиёна  балиқ  ови  зарар 100 миллион сўмдан ортиқ

    Экорейд Ваҳшиёна балиқ ови зарар 100 миллион сўмдан ортиқ

    Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги табиий, ресурслар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш борасида доимий назорат олиб бормоқда. Назорат қанчалик кучли йўлга қўйилганига қарамасдан, соҳага оид ҳуқуқбузарликлар ҳалигача тугагани йўқ.

    ✔ 35    🕔 15:29, 16.10.2025
  • Сув бошидаги  тежамкорлар

    Сув бошидаги тежамкорлар

    Ҳазорасп Хоразм вилоятининг кунчиқар дарвозасидаги туманлардан бири саналади. Айнан бу ердан воҳанинг барча туманларига оқиб борувчи сув тармоқлари бошланади. Шу боисдан бўлса керак ушбу ҳудудда ҳеч қачон сув танқислиги кузатилган эмас. Гарчи шундай бўлса-да ҳазораспликлар сувдан тежаб, оқилона фойдаланишга жиддий эътибор қаратиб келадилар.

    ✔ 44    🕔 14:54, 09.10.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар