Ўтган йилнинг ноябрь ойида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимизда йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди.
Мазкур улкан лойиҳа ортидан ёшу қари бирлашиб, бу хайрли ва эзгу ташаббусга ўз ҳиссасини қўшишга киришди. Юртимизнинг ҳар бир гўшасида миллионлаб дарахт ниҳоллари ерга қадалди.
Хўш, ушбу ниҳолларнинг қанча фоизи бугунги кунгача етиб кела олди, уларни сақлаб қолиш учун нима ишлар, чоралар кўрилди? Бу борада Ўзбекистон Экологик партиясининг ҳиссаси қандай бўлмоқда?..
Айтиш жоизки, мана шу саволлар бугун ҳар бир партия ташкилотимиз ва фаолларининг, депутатларининг қалб тубида янграмоқда. Бор эътиборни «Яшил макон» лойиҳаси доирасида экилган кўчатлар парваришига, уларни жазирама кунлардан эсон-омон олиб чиқишга қаратишган.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини татбиқ этиш, дарахтлар экиш, парваришлаш ва кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш юзасидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари юртимизнинг ҳар бир ҳудудларида жамоатчилик назоратини олиб бормоқда. Лойиҳа доирасида дарахт, бута кўчатлари экиш ва парваришлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар жараёни ўрганиляпти ва керакли тавсиялар, йўл-йўриқлар билан ўртоқлашиб бориляпти.
Мисол учун, «Долзарб 40 кунлик» доирасидаги вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси қошида марказий ва 14 та ҳудудий штаб ташкил қилинди. Аҳолини дарахт экиш тадбирларига жалб қилиш бўйича Қорақолпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг барча туман партия ташкилотларига топшириқлар берилди.
«Долзарб 40 кунлик» доирасида ҳудудларда жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳудудлардаги вилоят, туман (шаҳар) партия ташкилотлари ходимлари, партиядан сайланган маҳаллий кенгаш депутатлари, вилоятлардаги экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар жараёнида эса дарахт, бута кўчатлари экиш ва парваришлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг бориши, экилаётган кўчатлар ва ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитига мос экилаётгани, дарахтларни суғориш тизимларини яхшилаш чоралари кўрилаётганига алоҳида эътибор қаратилди.
Шуниси қувонарлики, Ўзбекистон Экологик партияси марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан бугунги кунгача жойларга 20 млн. 190 минг дона турли хилдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатлари беғараз етказиб берилди.
Аммо партия томонидан «Яшил макон» лойиҳаси доирасидаги амалга оширилаётган ишлар шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Партия ташкилотлари вакиллари томонидан ҳаттоки чекка ҳудудлардаги экилган ниҳолларнинг ҳам парвариши, суғорилиши каби ишлар ўрганилиб, керакли жойларда тавсия ва маслаҳатлар ҳамда амалий кўмак бериб келинмоқда.
Қолаверса, республикамизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан, хусусан ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида ҳам Ўзбекистон Экологик партияси томонидан тизимли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, сўнгги 4 йилда қўшимча 1,7 миллион гектар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этилиб, уларнинг майдони қарийб 2 баробарга кўпайди.
«Яшил Орол денгизи» дастури доирасида 742 минг гектар ерда яшил қопламали ўрмонзор, Нукус, Урганч ва Хива шаҳарлари атрофида 30 километр дарахтзорлардан иборат «яшил белбоғ» барпо этилди. Оролнинг қуриган тубида 1,5 миллион гектарда шўр ва қурғоқчиликка чидамли кўчатлар экилди. Бу амалга оширилган ҳар бир ишда партиямизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор десак хато бўлмайди.
Мамлакатимизда бунёдкорлик ишлари қаторида замонавий маданият ва истироҳат боғларини барпо этиш масаласи ҳам жудаям долзарбдир. Чунки бундай боғларга аҳолимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳтож. Партия вакиллари томонидан мамлакатимизда мавжуд 247 та маданият ва истироҳат боғларида ҳам алоҳида ўрганишлар ўтказилиб, ушбу истироҳат боғларидаги мавжуд муаммолар ўрганилди ва тегишли ташкилотларга тавсиялар берилди.
Яқин йилларда Наманганда «Афсоналар боғи», Тошкентда «Ашхобод», «Наврўз», «Tashkent City Park», Андижонда «Олтинсой», Нукусда «Амир Темур боғи» ҳамда кўплаб туман ва шаҳарларимизда замон талабларига мос равишда маданият ва истироҳат боғлари барпо этилди. Булар ичида энг диққатга сазовор боғ бу албатта «Янги Ўзбекистон боғи» ҳисобланади. Унинг ўзи жойлашган ҳудуд иқлимига аллақачон ижобий таъсир қилаётгани олимлар томонидан ҳам таъкидланмоқда.
Шуниндек, партиянинг Марказий Кенгаши ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Биз келажак учун жавобгармиз!» шиори остида «Аҳолини экологик маданиятини юксалтириш» мавзусида «Долзарб 15 кунлик» тарғибот тадбирларини ўтказиш тўғрисида партия раҳбариятининг махсус буйруғи қабул қилиниб, ушбу ҳудудларда кенг кўламли тарғибот тадбирлари олиб борилди.
Бундан ташқари, «Долзарб 15 кунлик» тарғибот тадбирлари давомида партиянинг жойлардаги туман(шаҳар) партия ташкилотлари томонидан 180 дан ортиқ туман ва шаҳарлардаги аҳоли пунктларида маҳаллий чиқиндилар аниқланиб, ушбу муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида тегишли соҳа ташкилотлар жалб қилинди. Атроф муҳит ободонлаштирилиб, ўша ҳудудлар аҳолиси учун қулайликлар яратилди. Қайд этиш жоиз, мана шу ишлар замирида ҳам инсон қадри учун тамойили мужассам экани шубҳасиз.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши томонидан жорий йилнинг 5-6 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида «Парламентнинг Оролга нигоҳи» мавзусида экологик акцияси тадбирлари ўтказилди. Акция иштирокчилари томонидан жойларда йиғилган 1 тоннадан ортиқ саксовул уруғлари Мўйноқ туманида ташкил этилган Марказий штабга топширилди.
Бундан ташқари Ўзбекистон Экологик партияси томонидан «Оролга мадад» мавзусида экологик акция ташкил этилиб, унда Орол денгизининг қуриган тубидаги Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси штаби ҳудудида саксовул уруғини экиш бўйича хайрия уюштирилди.
Ҳа, мамлакатимизнинг том маънода яшил масканга айлантириш йўлидаги улкан саъй-ҳаракатларда Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари ҳам муносиб иштирок этмоқда. Амалга оширилаётган бу ишлар шунчаки қоғоздаги ҳисоботлар эмас, кўп ўтмай табиатимизда бўй кўрсатадиган ҳаётий ҳаракат эканини қайд этишимиз лозим. Зеро, ушбу қилинаётган, бажарилаётган вазифалар тез орада ўз натижаларини кўрсатиши аниқ. Комил ишонч билан айта оламизки, Экопартия ўз вазифасини астойдил уддалашга жонкуярлик билан ҳаракат қилмоқда.
Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
Ўзбекистон Экологик партияси марказий Кенгаши раиси ўринбосари