Озиқ-овқат хавфсизлиги тушунчаси аҳоли эҳтиёжини физиологик меъёрларга мос равишда истеъмол товарлари билан таъминлашни назарда тутади.
Лекин кейинги йилларда жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ва эҳтиёжларининг ортишидан ортда қолмоқда.
Хусусан, қишлоқ хўжалиги ҳамда қайта ишлаш саноати ривожи учун етарли шароит мавжуд бўлмаган иқлим ўзгариши шароитларида айрим давлатларда муаммо тобора кескинлашиб бормоқда.
Жаҳонда юз бераётган ушбу мураккаб бир шароитда Ўзбекистонда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби тўлиқ қондирилибгина қолмай, балки катта миқдорда экспорт қилинаётгани мамлакат иқтисодий салоҳиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Аммо глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сони ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши туфайли минтақа давлатлари қаторида мамлакатимизда ҳам сув ресурсларининг тақчиллиги кузатилмоқда. Шу сабабли сув ресурсларини самарали бошқариш, улардан оқилона фойдаланиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Кейинги 15 йил ичида аҳоли жон бошига сув таъминоти 3 минг 48 куб метрдан 1 минг 589 куб метрга қисқарди. Жаҳон сув ресурслари институти томонидан эълон қилинган сув стрессидан азият чекаётган давлатлар рейтингида Ўзбекистон 164 та мамлакат орасида 25-ўринни эгаллайди.
Дунё аҳолиси сони кўпайиб борар экан, табиий ресурсларга, биринчи навбатда, сув ресурсларига эҳтиёж тобора ортмоқда. Мамлакатимизда мавжуд сув ресурсларининг 91 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади. Бу эса сув танқислигининг олдини олиш учун энг мақбул чора сифатида қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежовчи технологияларга ўтишни тақозо этмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш ва уларни муҳофаза қилиш борасида мукаммал ташкилий-ҳуқуқий асослар шакллантирилиб, сувга оид халқаро ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, соҳага оид қабул қилинган Президент фармон ва қарорлари мамлакатда сув ресурсларидан самарали фойдаланишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясининг ижроси бугунги кунда мамлакатда сув ресурсларига бўлган муносабатни ижобий томонга ўзгартишга замин яратди.
Тараққиёт стратегиясининг 31-мақсадида сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш вазифаси белгиланган бўлиб, унга асосан сув тежовчи технологияларни 2022 йилда 260 минг гектар жорий этиш ҳисобига 534 млн. куб метр сувни иқтисод қилиш мақсад қилинган.
Сув хўжалигида янги йўналиш – давлат-хусусий шериклик ва аутсорсингни жорий этиш, алоҳида сув хўжалиги объектларини фермер, кластер ва бошқа ташкилотларга фойдаланиш учун бериш, тежалган маблағларни сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ҳамда ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Мамлакатда сувни тежайдиган суғориш технологиялари ускуналари ва бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича 2019 йилгача 3 та корхона фаолият олиб борган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 40 тага етди.
Бу ўз навбатида, маҳсулот таннархини бошқа давлатдан ташиш харажатларини тежаш ҳисобига 15-20 фоизгача пасайтириш ёки гектарига 5 млн. сўмга арзонлаштириш имконини берган.
Бугунги кунда мамлакатимизда экин ерларидан самарали фойдаланиш, фермер, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг хуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқда фуқароларнинг бандлиги ва фаровонлигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда энг асосийси ҳудудларда сув таъминотини яхшилаш ишлари давлат сиёсати даражасига олиб чиқилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида куни кеча экин ерлари ва томорқадан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат етиштиришни ва аҳоли даромадларини кўпайтириш борасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида сув таъминоти оғир маҳаллаларда катта қудуқ қазиш харажатлари учун ажратиладиган субсидия миқдори 150 миллион сўмгача оширилиши белгиланди. Кичик қудуқлар учун Қорақалпоғистонда 5 метрдан, қолган ҳудудларда 10 метрдан ортиқ чуқурликнинг ҳар бир метрига 100 минг сўмдан субсидия берилиши ҳамда қудуқ қазишга гидрогеологик хулосалар 2025 йилга қадар бепул берилиши кўрсатиб ўтилди.
Сув тежовчи технологиялар жорий этиш бўйича бериладиган субсидиялар деҳқон хўжаликлари учун ҳам татбиқ этилади. Бунга жорий йилда қўшимча 65 млрд. сўм йўналтирилади. Ушбу имкониятлардан фойдаланиб, йил якунигача 400 та маҳаллада сув қудуқларини ишга тушириш ва 19 минг оила томорқасида сув таъминотини яхшилаш топшириғи берилди.
Хулоса ўрнида айтганда, бугунги кунда мамлакатимизда сув ресурсларини самарали бошқариш, улардан оқилона фойдаланиш борасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳужжатлар доирасида қабул қилган мажбуриятларини тўлиқ амалга ошириш билан бирга, халқнинг фаровонлиги ва юртнинг барқарор ривожланишига замин яратади.
Ислом ХУШВАҚТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси
Сессия қарори асосида «Навоийазот» АЖ атрофида атмосфера мониторинг қилинади
🕔09:23, 23.10.2025
✔6
Саноат корхоналари мамлакатда иқтисодий тараққиётнинг бош омили саналади. Уларда минглаб элдошларимиз меҳнат қилар экан, биринчи навбатда ўз оиласи фаровонлигини таъминлаётганидан мамнун, албатта.
Батафсил
Кўринмас сув нима?
🕔09:11, 23.10.2025
✔6
Виртуал сув маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнида ишлатилган, лекин кўзга кўринмайдиган сув миқдоридир.
Батафсил
Сирдарёда сувдан фойдаланиш қандай кечмоқда?
🕔15:32, 16.10.2025
✔26
Сирдарёда экологик ислоҳотлар бўйича эшитувда сув ресурсларини тежаш ва амалий натижалар босқичи бошлангани муҳокама қилинди.
Батафсил