Бир дона бўлса ҳам кўчатни жазирамада қуриб қолишидан асрай оласизми?
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда дунё бўйича 3 трлн. атрофида дарахт мавжуд. Бироқ ҳар дақиқада уларнинг 27 та футбол майдонига тенг қисми кесилмоқда.
Дарахтлар ҳаводаги зарарли карбонат ангидридни ютиб, ўрнига кислород ишлаб чиқаради ва бизнинг нафас олишимизга ёрдам беради. Улар иссиқда салқинлик бериб, атроф муҳитни шовқинлардан ҳимоя қилади.
Бугунги кунда асосий муаммолар сифатида антропоген омиллар таъсири ва қурғоқчилик туфайли углерод газини ютувчи ўрмон майдонлари кескин қисқариб кетаётганини қайд этиш зарур. Бунга эса озон қатламининг емирилиши, ёввойи табиат майдонларининг қисқариб бораётгани ҳам қўшилиб, бу муаммоларнинг ҳаммаси глобал иқлим ўзгаришларига сабаб бўлмоқда. Иқлим ўзгариши муаммоси сув ресурслари тақчиллигининг кучайиши, ердаги ўртача ҳароратнинг ошиши, чўлланиш жараёнларининг кучайиши, қишлоқ хўжалигида етиштириш учун мақбул экинлар таркиби бутунлай ўзгариши, булар эса бевосита аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши билан аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Муаммолар ечими кўзланган лойиҳа
Юқорида санаб ўтилган муаммоларнинг асосий ечими сифатида ер юзида яшил ҳудудларни, турли дарахт ва ўсимликларни кўпайтириш лозимлигини бугунги кун амалиёти исботлаб бермоқда. Ана шу мақсадда 2021 йил 2 ноябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 млн. туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланганди. Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида шаҳарларимиздаги яшил майдонлар ҳудуди ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга оширилиши кўзланган.
Айтиш жоиз, бу кенг кўламли ва натижаси ҳар бир соҳага, юртимизда яшаётган ҳар бир инсон ҳаётига бевосита дахлдор бўлган улкан лойиҳани амалга оширишда барча бирдек камарбаста бўлишга киришди. Барча ташкилот ва идоралар томонидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, куз ва жорий йилги баҳор мавсумида ҳудудларда кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришга доир кенг кўламли тадбирлар, ҳашарлар ўтказилди.
Халқимизда «Кўчат эк, боғ ярат» деган нақл бор. Чунки экилган кўчатлар униб-ўсиб чиройли манзара ҳосил қилса, ҳам кишининг дилини яйратиб, кўзларни қувонтиради, ҳам ҳавонинг софлигини таъминлайди. Ҳаётимизда дарахтларнинг аҳамияти катта бўлиб, улар карбонат ангидридни кислородга айлантириб беради, чанг-тўзонни камайтиради, иссиқ кунда ҳароратни мўтадиллаштиради. Ўсимликлар ўзидан зарарли микробларни ўлдирувчи фитонсидлар ишлаб чиқариб, атрофнинг санитария-гигиена ҳолатини яхшилайди. Дарахтларнинг яна бошқа фойдали хусусиятлари, афзалликлари жуда кўп. Бир сўз билан айтганда, дарахтларнинг ижтимоий, иқтисодий ва экологик аҳамияти мамлакат ҳаёти билан чамбарчас боғлиқдир.
Демак, бу хайрли ишни амалга ошириш ва мунтазам уни назорат қилиш, дарахтларни сақлаш келажак учун муҳим омил ҳисобланади. Бу борада муҳтарам Президентимизнинг «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси – бу бир йиллик тадбир эмас», деган сўзлари ушбу савобли ишларни доимий тарзда, узлуксиз давом эттиришимиз кераклигидан далолат.
Кўчатлар тақдири
Энди масаланинг асосий жиҳатига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Биз юқорида «Яшил макон», дарахтлар ва уларнинг аҳамияти, иқлим ўзгариши ва унинг оқибатида юзага келадиган экологик муаммоларнинг ечими сифатида яшил ҳудудларни кўпайтириш масаласи ҳамда бу борада қабул қилинган қарор ва фармонлар тўғрисида тўхталдик. Бугун ана шу экилган ёки мавжуд дарахтларнинг тақдири нима бўлмоқда?
Бу шунчаки савол эмас. Масаланинг асосий томони шундаки, баъзи жойларда дарахтлар номига экилганлигини (буни оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлардаги янгиликларда ҳам кўришимиз мумкин), экилган дарахтлар қаровсиз ва назоратсиз қолиб кетганлигини кўриш мумкин. Бундан ташқари ҳудудларда қурилиш ишларининг кенг ва жадал олиб борилиши яшил ҳудудларнинг камайиши ҳамда кўпгина дарахтларнинг кесилишига сабаб бўлмоқда. Ёки айрим инсонлар томонидан дарахтлар тагини бетонлаштирилиши, бир дона бўлса ҳам дарахтни асраб-авайлашга ҳали-ҳануз бефарқ эканлигимиздан далолат беради.
Масаланинг асосий жиҳати, сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши, ҳаво ҳароратининг йилдан-йилга кўтарилиб бориши, иссиқ кунларнинг кўпайиши дарахтларга бўлган эътиборни янада кучайтиришни талаб қилади. Айниқса, ёз ойларида кузатилаётган аномал иссиқлик дарахтлар тақдирини сўроқ остига қўймоқда. Бу ҳолатга инсон томонидан бошқарилмайдиган иқлим омиллари сабаб бўлса-да, аммо турли амалий чоралар ва технологияларни жорий қилиш орқали вазиятни яхшилаш, экологик муаммоларни бартараф этиш мумкин.
Қандай экиш керак?
Бу борада мутахассислар, аввало, яшил ҳудудларни жорий қилишда ҳар бир жойнинг ўзига хос, яъни шу ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитига мос дарахтларни экишни тавсия қилишади. Кўкаламзорлаштиришда биринчи навбатда маҳаллий дарахт ва бута навларига таяниш, улар бўлмаган тақдирдагина хориждан бошқа турларни келтириш мумкин.
Республиканинг иқлими илиқ ва шўрланган тупроқларида бутасимон ўсимликларни ҳамда павловния, қарағай, тол, терак, тут ва шунга ўхшаш дарахтларни, сернам муҳитли ҳудудларга эса чинор, садақайрағоч, заранг, катальпа ва гледичия каби дарахтларни экиш тавсия қилинади. Мазкур дарахт турлари қурғоқчиликка чидамли бўлиб, дарҳол тутиб кетиш эҳтимоли юқори ҳисобланади.
Дарахтларнинг чидамли ва кенг япроқли турларидан кўпроқ фойдаланиш ва мажбурий томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш зарур.
Айрим ҳудудларда ҳар бир дарахтга томчилатиб суғориш усулини олиб келиш қийинлигини инобатга олган ҳолда экиш пайтида кўчат чуқурига сув сақловчи полимер наномоддалар (гидрогел) ётқизиш керак. Мазкур услуб суғоришлар миқдорини сезиларли даражада камайтириш ва сувни тежаш имконини беради. Бундан ташқари тупроқда чиринди миқдорини ошириш (органик ўғитлар) ва мулчалаш орқали намликни ушлаш билан дарахтларни сув билан таъминлашни бироз вақтга узайтириш мумкин.
Дарахтларни экишда агротехник парваришлаш, биринчи навбатда минерал ва органик ўғитлар беришга эҳтиёж сезилади. Кўчалар, шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктлари бўйлаб мавжуд барча кўчатларнинг энтомологик ва фитопатологик жиҳатларини ўрганиш, зараркунанда ва касаллик турлари аниқланганда уларга қарши курашиш чораларини зудлик билан бошлаш лозим.
Аслида масъулиятсизлик – энг катта муаммо
Шу ўринда таъкидлаш керакки, бугунги кунда экилган дарахтларни кўпчилигининг қуриб ёки нобуд бўлишига сабаб, аввало сўнги йилларда кузатилаётган аномал ҳароратнинг кўтарилиб бориши, соҳада кўп йиллик тажрибага эга мутахассислар тавсияларига амал қилмаслик, дарахтларни экишда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олмаслик, уларни суғориш билан боғлиқ муаммолар (томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинмагани ёки тупроқда нам сақловчи гидрогеллардан вақтида фойдаланмаслик) ҳисобланади. Дарахтларга нисбатан мулк сифатида қарамаслик, экилган кўчатларнинг қаровчиси ҳам, парвариши учун масъул ҳам йўқлиги, бир сўз билан айтганда, аксарият дарахтларнинг эгасиз эканини кўряпмиз. Бу ҳам ўша ҳудуд масъуллари, ҳокимларининг бундай масалаларга паст назар билан қарашининг бир ифодаси дейиш мумкин.
Белгиланган вазифаларни (яъни дарахтларни суғориш ишларини ташкил этиш, парваришлаш, озиқлантириш, зараркунанда ва касалликлардан ҳимоялаш каби ишларни) ўз вақтида, муттасил давом эттирмас эканмиз, бу лойиҳага сарфланган меҳнат ва миллиардлаб харажатлар ўзини оқламайди. Энг аянчлиси келгусида содир бўлиши мумкин бўлган экологик фожеаларни қанча маблағ ва куч сарфламайлик бартараф этиш қийин бўлади. Минг афсуски, шу кунларда юз бераётган аномал жазирама ҳам экологияга, айниқса дарахтлар ва яшил масканларни кўпайтириш масаласига нисбатан ана шундай эътиборсизликларнинг бир кўриниши дейиш мумкин.
Шундай экан, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси, шу Ватанни севувчи ҳар бир фидойи инсон мазкур жараёнда янада фаол бўлишлари, дарахтлар тақдири ҳал бўлаётган даврда кимнингдир масъуллигини кутиб ўтирмасдан унинг парваришига эътибор қаратиши, бир дона бўлса ҳам кўчатни жазирамадан эсон-омон олиб чиқишга ўз ҳиссасини қўшиши зарур.
Адамбой МАШАРИПОВ,
Урганч давлат
университети доценти